Юз нерви


Нерв ҳақида қисқача маълумот. Юз нерви (n.facialis, VII нерв) ҳаракат нерви ҳисобланади. Бу нервнинг асосий вазифаси – мимик мускулларни иннервация қилиш. Унинг ядроси Варолий кўпригида ётади. Ядронинг устки қисми юқори мимик мускулларни, пастки қисми эса пастки мимик мускулларни иннервация қилади. Ядронинг юқори қисми икки томонлама, пастки қисми қарама-қарши томондан бир томонлама кортико-нуклеар иннервацияга эга (27-расм).

27-расм. Юз нерви (VII нерв). 1 – Фаллопий канали; 2 – юз нерви ядросининг пастки қисми; 3 – кортиконуклеар йўл; 4 – олдинги марказий пушта; 5 – юз нерви ядросининг устки қисми. Ядронинг устки қисми икки томонлама иннервация олишига эътибор қаратинг.

 

Шу боис кортико-нуклеар йўллар зарарланганда юқори мимик мускуллар фалажланмай қолади. Юз нерви Фаллопий канали орқали краниал бўшлиқдан ташқарига чиқиб иккита йирик шохга бўлинади ва мимик мускулларга боради. Фаллопий канали ичида юз нервига n. intermedii Wrisbergii (XIII нерв) йўлдош бўлади. Унинг таркибида кўз ёши безига (gl. lacrimalis), узангисимон мускулга (m.stapedius), ноғора пардага (chorda tympani), тилнинг олдинги 3/2 қисмига (таъм сезиш) ва сўлак безларига борувчи толалар мавжуд.

 

Текшириш усуллари

   

1.Умумий кўрик. Дастлаб юзнинг симметрик тузилишига эътибор қаратилади. Нормада юз ва кўз ёриқлари, лаб бурчаклари симметрик бўлади. Бироқ юзнинг симметриклиги ҳақида дарров хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Чунки юз мускулларининг енгил фалажлиги мимик синамаларни бажарган пайтда маълум бўлади. Шунингдек, турли хил гиперкинезлар (масалан, тиклар) бор-йўқлигига ҳам эътибор қаратиш лозим.

  1. Мимик синамалар. Мимик синамалар – юз нерви фалажлигини аниқлаб берувчи асосий синамалардир. Юқори ва пастки мимик синамалар фарқланади (28-расм).

 
 

28-расм. Юз нерви функциясини текшириш учун мимик синамалар

 

Юқори мимик синамалар – булар пешонани тириштириш, қошларни чимириш ва кўзларни чирт юмиш. Пастки мимик синамалар – булар лунжни ҳавога тўлдириш, лабларни чўччайтириш ва тишларни кўрсатиш. Нормада мимик синамалар симметрик бажарилади.

  1. Мимик мускуллар кучини текшириш. Бунинг учун бемордан галма-гал бир нечта мимик ҳаракатларни бажариш сўралади. Масалан, беморнинг чирт юмилган кўзларини врач бармоқлари билан очишга ҳаракат қилади, лунжини ҳавога тўлдириб шиширганда унинг иккала томонидан бармоқлар билан босиб ҳавони чиқаришга уринади ва ҳ.к. Мускуллар кучи иккала томонда бир хил бўлса, яъни пастки мимик мускулларда фалажлик бўлмаса, бемор рўпарада турган шаҳамни тўғри пуфлаб ўчира олади.
  2. Таъм билишни текшириш. Таъкидлаб ўтилганидек, тилнинг олдинги 3/2 қисмида таъм билишни V ва VII нервларнинг парасимпатик ядролари таъминлайди. Таъм билишни текшириш усули юқорида ёритилган.
  3. Рефлексларни текшириш. Айтиб ўтганимиздек, корнеал рефлекс билан қош усти рефлексининг эфферент (ҳаракат) қисмини VII нерв таъминлайди. Шу боис бу рефлекслар V нерв зарарланганда ҳам, VII нерв зарарланганда ҳам йўқолади. Эслатиб ўтамиз мандибуляр рефлекснинг VII нервга алоқаси йўқ. Бу рефлексларни текшириш усуллари юқорида ёритилган.

Юз нерви патологияси

  • Юз нервининг марказий фалажлиги VII нерв ядросига келувчи кортико-нуклеар йўллар зарарланганда кузатилади. Бунда юқори мимик синамалар сақланиб қолади, пастки синамалар бир томонда, яъни қарама-қарши томонда бажарилмайди. Бу ҳолатни Сиз инсулт ўтказган беморларда кўп кўргансиз. Уларнинг оғиз атрофи мускуллари бир томонда фалажланган бўлади.
  • Юз нервининг периферик фалажлиги VII нерв ядроси ва ундан чиқувчи толалар зарарланганда рўй беради. Бунда ҳам юқори, ҳам пастки мимик синамалар бажарилмайди, яъни бир томонда (ўчоқ томонда) мимик мускуллар тўла фалажланади, юз қийшайиб қолади. Бу ҳолатни Сиз юз нерви невропатиясида кўп кўргансиз (29-расм).

 

 

29-расм. Юз нервининг марказий ва периферик иннервацияси ва патологияси

Эслаб қолинг. Уч шохли нерв (V нерв) зарарланиши учун кучли санчувчи оғриқлар хос бўлса, юз нерви (VII нерв) зарарланиши учун мимик мускуллар фалажлиги, яъни юзнинг қийшайиб қолиши хос.



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича