Гемодинамик инсульт


Гемодинамик инсульт – АҚБ ва мия томирларида перфузион босимнинг кескин тушиб кетиши сабабли ривожланадиган ишемик инсультнинг асосий сабаблари – миокард инфаркти, ятроген артериал гипотензия ва гиповолемиядир. Гемодинамик инсульт ривожланишида экстра- ва интракраниал артерияларнинг стенотик зарарланишлари ўрни ҳам катта. Бундай ҳолатларда мия томирларида перфузион босим паст бўлади ва АҚБ тушиб кетиши мия ауторегуляциясини издан чиқариб, гемодинамик инсульт ривожланишига туртки бўлади. Миокард инфарктида юракнинг зарбали ҳажми (ЮЗХ) камайиши ҳисобига юракнинг дақиқали ҳажми (ЮДХ) ҳам камаяди ва АҚБ кескин пасаяди. Бу эса экстра- ва интракраниал томирларда стенотик ўзгаришлар бўлган беморларда дарров гемодинамик инсульт ривожланишига сабабчи бўлади. Миокард инфактида ҳар доим ҳам гемодинамик инсульт ривожланавермайди. Бунинг асосий сабабларидан бири – мияни қон билан таъминловчи артерияларда атеросклетик ўзгаришларнинг бўлмаслигидир.

Экстракраниал томирларнинг кинг-кинг, койлинг ва ҳалқали буралишлари типидаги аномалиялар, Виллизий айланаси ёпилмай қолиши ва артериялар гипоплазияси ҳам гемодинамик инсульт ривожланиши сабабчисидир. Шу боис, АҚБ, ЮДХ ва ЮЗХ каби гемодинамик кўрсаткичлар кескин пасайиб ёки камайиб кетиши гемодинамик инсульт ривожланишига туртки бўлади. Гемодинамик инсульт, шунингдек, АҚБ нинг физиологик пасайиб кетишларида ҳам ривожланади. Бу ҳолат кўпинча уйқу пайтида, иссиқ ванна қабул қилганда, тўйиб овқатланганда ва шу каби бошқа ҳолатларда рўй беради. Бундай беморларда кўпинча мияда қон айланишнинг сурункали ишемияси ва мия ауторегуляцияси сустлиги аниқланади. Демак, тунда рўй берган ва эрталаб уйғонганда бир томони фалажланиб қолган беморда, одатда, гемодинамик инсульт ривожланган бўлади. Стеноз қайси томонда кўпроқ ривожланган бўлса, гемодинамик инсульт ҳам ўша томонда рўй беради ва ишемик жараён артерияларнинг терминал қисмларидан бошланади. Чунки перфузион босимнинг тушиб кетиши дастлаб артерияларнинг чекка қисмларида акс этади. Бу соҳалар миянинг олдинги, ўрта ва орқа артериялари тармоқлари туташадиган жойлар, яъни ушбу артериялар ҳамкорликда қон билан таъминлайдиган соҳалардир.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Insult va koma. Qo`llanma. Toshkent, 2013., 193 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича