Гемореологик инсульт
Гемореологик инсульт – қоннинг реологик хусусиятлари бузилиши сабабли ривожланадиган ишемик инсульт. Унинг асосий сабаблари – полицитемия, тромбоцитоз, фибринолиз, диспротеинемия, антифосфолипид синдром, аёлларда узоқ давом этувчи дисгормонал қон йўқотишлар. Гемореологик инсульт ривожланишида АС (атеросклероз), АГ (артериал гипертензиа), ҚД (қандли диабет) ва аритмия каби касалликлар аҳамиятли эмас. Гематологик бузилишлар, айниқса, коагулопатиялар гемореологик инсульт ривожланиш хавфини бир неча баробарга оширади. Полицитемия (гематокрит кўрсаткичи 0,47-0,5 дан ошса) қоннинг ёпишқоқлиги ошиши ва тромбоцитлар агрегацияси билан намоён бўлади. Антифосфолипид синдром ҳам гемореологик инсульт ривожланишида этиологик омиллардан бири саналади. Бу синдром, айниқса, иммун система бузилиши билан кечадиган касалликлар ва патологик ҳолатларда кўп аниқланади. Булар ревматоид артрит, Шегрен синдроми, Такаясу артериити ва ҳ.к. Антифосфолипид синдром тромбоцитопения, гемолитик анемия ва шу каби бошқа коагулопатиялар билан кечади.
Гемореологик инсультда қон ёпишқоқлиги ва фибриноген миқдори ошади, тромбоцитлар агрегацияси кузатилади, эритремия пайдо бўлади, гомеостаз системаси издан чиқади. Гемореологик инсульт мияда кичик ишемик ўчоқлар билан намоён бўлади, яъни бу инсульт учун катта ўчоқли ишемиялар хос эмас. Нейровизуализация текширувларига қараганда, лаборатор текширувлар гемореологик инсульт этиологиясини аниқлашда кўпроқ ёрдам беради.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича