Гипертим шахс
Бу тоифага кирувчи одамлар ҳаракатчанлиги, сўзамоллиги, мимикаларга бой хатти-ҳаракатлари, дилкашлиги билан ажралиб туришади. Улар ҳар қандай одамлар билан тезда мулоқотга кириб кета олади, улфатчиликни хуш кўришади, шум ва шўх бўлишади. Суҳбат чоғида дастлабки мавзудан тезда четга чиқиб кетиши мумкин, буни ўзи ҳам сезмай қолади. Ўз тенгдошлари орасида эътиборда бўлишни, иложи бўлса, уларга йўлбошчи бўлишни ва шовқин-суронли ҳаётни хуш қўришади. Деярли доимо яхши кайфиятда бўлишади, ўзларини яхши ҳис қилишади, юқори ҳаётий қувватга ва иштаҳага эга бўлишади, юз-кўзи кулиб туради, ҳаётдан қувониб яшашади. Улар ўзига юқори баҳо беришади, чаққон ва енгилтак бўлишади, қувноқ ҳаётни ёқтиришади, ишбилармонлиги билан ажралиб туришади, ишларни зудлик билан бажариб ташлашади. Улар жуда ажойиб суҳбатдош бўлиб, атрофдагиларни кўнглини чоғ қилиб ўтиришни хуш қўришади, қўнгилочар ишларга йўлбошчилик қилишади, керак бўлса, турли хурсандчиликларни ўйлаб топишади ва бошқаларни бунга жалб қилишади. Бу ишларга керагидан ортиқча берилиш жанжалли вазиятларнинг келиб чиқишига туртки бўлади. Агар улар қилаётган ишларига очиқ тўсқинликни сезишса ёки бу ишларни амалга ошираётганда муваффақиятсизликка учраса, асабийлашиб кетишади, ғазаби қўзғайди. Баъзан ўз мажбуриятларига юзаки қарашади, қаттиқ тартиб-интизомга уларнинг тоқати йўқ. Ҳаёт тарзида бир хилликни ва ёлғизликни ёқтиришмайди, баъзан ахлоқсиз ишларга қўл уриб қўйишади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Асаб ва руҳият. Тошкент., 2019., 312 б
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича