ҚИБЛАГОҲИМ ОТАМ
Кўпчилик мендан отангиз ҳақида нега ёзмайсиз, деб сўрашади. Отам – менинг қиблагоҳим! Бор меҳру-муҳаббатимни отамга ҳар қанча бағишласам ҳам оз. Отамни таърифлаш учун дунёдаги барча гўзал сўзлару иборалар етармикан?! Албатта, отам ҳақида ёзмоқчи бўлиб бир неча бор қоғоз қоралаганман. Аммо қанча ёзмай, уларнинг бирор бир сифатларини тўла-тўкис, батафсил ёритолмаётгандек, ёзганларимдан кўнглим тўлмаган. Кейинроқ ёзарман, деб кўнглимга тугиб қўйгандим. Чунки мен ҳаётим давомида отамни ҳар куни кашф қиламан.
Отамга бағишлаб мақола ёзишга журъат қилмаган бўлсам-да, уларнинг ўгитлари ва уйимизда отам яратган шароит ҳақида мақолаларимда бот-бот эслатиб ўтганман. Ҳозир отам ҳақида қисқа маълумот бериб ўтишни жоиз деб топдим.
Отам жуда оилапарвар инсон эдилар! То умрларининг охиригача онамга бўлган меҳр-муҳаббатларини дилдан сезиб яшаганмиз. Бирор маротаба на мен, на ака-укаларим ота-онам орасидаги жанжални кўрган эмасмиз. Қизиқ, ўша пайтлари биз фарзандлар ҳамма ота-оналар шундай яшайди, деб ўйлаганмиз. Онам ёки саккизта ўғил-қиздан бирортамиз касал бўлсак, отам ўзларини қўярга жой топа олмасдилар. Ҳатто ҳозир мен оғриб қолсам, албатта, безовта бўлиб тушимга кирадилар, қаерга борсам ёнимда ҳозиру-нозирлар, гўёки мени ҳимоя қилиб юрадилар! Оиламда қувончли кун бўлса ёки қандайдир бир яхши тадбир режалаштирсам, ўша куниёқ чиройли кийинган отам тушимга кирадилар, ёнимда юрадилар. Мана улар вафот этганларига деярли 20 йил бўлди, бироқ қиблагоҳим руҳлари ҳануз мен билан. Шунинг учун айтишса керак, руҳ – тирик деб.
Отам ўта содда ва софдил инсон бўлганлар. Отамнинг қалбини оппоқ дафтарга ўхшатардим. Мактабда тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлган отам шу қадар иқтидорли эдилар-ки, бу донишманд инсоннинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш учун қишлоғимиздагилар уларга интиларди. Хоразмга борсам, шогирдлари ҳанузгача отам ҳақида тўлқинланиб гапиришади.
Эсимда, бир куни отамни излаб мактабга бордим. Қарасам, скамейкада йиғлаб ўтирган битта бола билан нималарнидир ёзиб ўтирибдилар. Кейин билсам, бу болакай отамга умуман алоқаси бўлмаган фандан икки баҳо олган, яъни математика ўқитувчиси уни ҳамманинг олдида изза қилган. Отам унга уй вазифасини ечишга ёрдам бераётган эканлар.
Отам ёзда дам олмаганлар. Ҳар йили ёзги таътил пайтида отам, акам ва мен мактаб деворларини оқлар эдик, ром ва полларни бўярдик. Бунинг учун отамга маош ҳам бериларди. Бунинг натижасида ёз ойларида оиламиз қўшимча маблағ билан таъминланар эди.
1982 йил. Мактабни тугатган йилим. Тошкентга ўқишга ҳужжат топширишим керак эди. Оиламиз моддий томондан жуда қийналиб қолди. Мактаб тугаган заҳоти отам бир-икки қариндошлар билан қўшни республикага ишлагани кетганлар. Мен отам келгунларича колхозда ишлашни давом эттиравердим. Отам бир ойча ишлаб пул топиб қайтганлар. Ушбу пулларнинг ярмини уйга харажат қилдик. Сўнгра эртаси куниёқ институтга ҳужжат топширишга кеч қолмайлик, деб шоша-пиша поездга чиққанмиз.
Оилага ёрдам бўлади деб акам, опам ва саккизинчи синфдан бошлаб мен мактабдан кейин колхозда ишлар эдик. Отамнинг дам олиб ётганларини сира кўрмаганман. Умрлари мактаб ва меҳнатда ўтди.
Отам маҳаллада қисқа муддат раис бўлганлар. “Қани домла, бугунги тўйни очиб беринг”, деб отамга сўз беришса, тўй бўлаётган йигит-қизнинг исм-шарифини ўша заҳоти билиб олиб, ҳаммани ҳайратлантириб тўрт қатор шеър тўқиб ташлардилар. Баъзида бу тўртликлар узун шеърга айланиб кетарди. Ҳамма гулдурос қарсак чалиб юборарди. Минг афсуски, мен ёки акам уларни ёзиб юрмаганмиз. Отамнинг маҳаллий газеталарда шеърлари, ҳикоялари чоп этиб туриларди. Кичкинагина ён дафтарчаларига ҳам шеърларини ёзиб юрганларини кўп кўрганман. Бироқ улар сақланиб қолмаган.
Уйимизда катта кутубхона бор эди. Отам деярли барча газета ва журналларга обуна бўлганлар. Оиламизда иқтисодий жиҳатдан етишмовчилик бўлса-да, уйга янги китоб келмаган кун йўқ эди. Отам ўзларига ёққан китобни албатта сотиб олардилар. Қизиқарли мақола ўқиб қолсалар, бизни ёнларига чақириб, узоқ суҳбат қурардилар . Ўзимиз ҳам журнал ва китобларни талашиб-тортишиб ўқирдик. Масалан, ўша пайтлари “Диёнат” ва “Гирдоб” романлари “Шарқ юлдузи” журналида бирин-кетин чоп этиларди. Унинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутардик. Почталоннинг халтаси уйимизга келиб бўшаб қоларди. Почталон “Ражаббой ака бор экан, мен ишсиз қолмайман” деб ҳазиллашарди.
Эсимда, ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб барча газета ва журналлар уйимизда бўлар, сарғайиб кетган 30-40 йиллик газеталар тахламини ҳам сақлаб қўярдик. Отам Навоий ғазалларини ва жуда кўп шеърларни ёд билардилар.
Отам бизни меҳр билан тарбиялаганлар. Бироқ менга меҳрлари ўзгача бўлган ва мендан умидлари ката эканини доим сезиб турардим…
Тошкентда яшаётганимга 40 йил бўлиб қолган бўлса-да, Хоразмда қолган ака-укаларим билан деярли суҳбатлашмаган кун ёки ҳафта йўқ. Биз бир-биримизга жуда меҳрибонмиз, бунга эса фақат ота-онам сабабчи.
Аввал опам, сўнгра укамнинг узоқ давом этган оғир дардлари отамнинг руҳини чўктириб, белини букиб қўйди. Оллоҳнинг синовлари шу экан, деб тақдирга тан берган отам охир-оқибат ўзлари оғир дардга йўлиқдилар. Тинмай даволанишлар натижа бермади…
Бу дунёда нимагаки эришган бўлсам ва мендаги бор яхши хислатлар учун Отам ва Онамдан миннатдорман! Жойлари жаннатда бўлсин!
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича