ҚИЗАМИҚДА ЭНЦЕФАЛИТ
Қизамиқ – эрта ёшдаги болаларда учрайдиган ўткир вирусли юқумли касаллик. Қизамиқ билан, асосан, 6 ёшгача бўлган болалар касалланишади. Қизамиқнинг энг оғир асорати – бу қизамиқ энцефалити.
Этиологияси ва патогенези. Ҳаво-томчи йўли орқали организмга тушган вирус гематоген ва лимфоген йўллар билан МНС га етиб боради ва ГЕБ дан ўтиб, мия тўқималарини зарарлайди. Демак, қизамиқ вируси ҳам нейротроп хусусиятга эга, бироқ унинг нейротроплик даражаси кучли эмас. Шунинг учун ҳам қизамиқ билан касалланган беморларнинг ҳаммасида энцефалит ривожланавермайди. Қизамиқ энцефалити, асосан, иммунитети паст болаларда учрайди. Статистик маълумотларга кўра, қизамиқ билан касалланган 1000 нафар боланинг биттасида энцефалит ривожланади.
Қизамиқ энцефалитида бош мия тўқималарида нуқтасимон қон қуйилишлар, нейронларда деструктив ўзгаришлар, глиал тўқима гипертрофияси, бош миянинг оқ моддасида демиелинизация ўчоқлари пайдо бўлади. Агар яллиғланиш реакциялари мия пардаларига ўтса – менингоэнцефалит, орқа мияга тарқаса – энцефаломиелит авж олиши мумкин. Кам ҳолларда миелит ёки полирадикулоневрит ривожланади.
Клиникаси. Энцефалитнинг клиник белгилари, кўпинча, тошмалар тошгандан 4–5 кун ўтгач, ўткир бошланади. Бироқ энцефалит қизамиқ белгилари ўтиб бўлгандан кейин ҳам ривожлана бошлаши мумкин. Бундай пайтларда бироз тушган тана ҳарорати қайтадан яна кўтарилади, кучли бош оғриқ ва психомотор қўзғалишлар вужудга келади. Бемор алаҳсираб ҳушидан кетади. Сопор ва кома тез ривожланади.
Дастлаб менингеал симптомлар пайдо бўлади ва кетма-кет тутқаноқ хуружлари рўй беради. Шу боис касалликнинг бошланғич даврида кўпинча менингоэнцефалит ташхиси қўйилади. Орадан 4–5 кун ўтгач, менингеал симптомлар орқага чекиниб, энцефалитик белгилар устунлик қила бошлайди, яъни фалажликлар, гиперкинезлар, сезги бузилишлари, афазиялар ва агнозиялар пайдо бўлади. Баъзида чуқур гемипарезлар бир куннинг ўзидаёқ юзага келади. Агар патологик жараён иккала ярим шарга ҳам тарқаса, тетрапарез ва тетранестезия ривожланади, псевдобулбар симптомлар вужудга келади.
Патологик жараён мияча ва мия устунига ўтса, оғир вестибуло-координатор бузилишлар ва краниал невропатиялар пайдо бўлади. Бульбар синдромнинг учраши эса ўта хавфли вазиятни юзага келтиради. Шунингдек, амблиопия ёки амавроз, ғилайлик, кўз ҳаракатлари чегараланиши, диплопия, птоз, аккомадация ва конвергенция бузилишлари ҳам кўп учрайди. Аксарият энцефалитлардаги каби қизамиқ энцефалитида ҳам эшитув нервлари зарарланади, яъни кохлеар неврит ривожланади. Баъзида бемор тузалганидан кейин ҳам кохлеар неврит белгилари сақланиб қолади.
Агар патологик жараён орқа миянинг бўйин соҳасига ўта бошласа, марказий тетрапарез, ўтказувчи типда сезги бузилишлари ва тос аъзолари функциясининг марказий типда бузилишлари кузатилади. Бу ҳолат энцефаломиелит деб баҳоланади.
Ташхис. Қизамиқ энцефалитида МНС зарарланиши турли клиник синдромлар, яъни менингоэнцефалит, энцефалит ва энцефаломиелит кўринишида намоён бўлишини эсда тутиш лозим. Касалликнинг ушбу нозологик турларини тўғри аниқлаш учун беморнинг неврологик статуси мукаммал текширилиши керак. Клиник текширувлардан ташқари эпидемиологик анамнез, лаборатор ва инструментал текширувлар ҳам катта аҳамиятга эга. Қонда лимфопения ва нейтропения аниқланади. Ликворда эса лимфоцитар плеоцитоз кузатилади ва оқсил миқдори бироз ошади. Серологик текширувлар, айниқса, ПЗР ва ИФА усуллари жуда аҳамиятлидир. Бу текширувлар ёрдамида қон ва ликворда қизамиқ антитаначасининг юқори титри аниқланади.
Даволаш. Қизамиқ ва унинг неврологик асоратларини даволашнинг махсус усуллари йўқ. Қизамиққа қарши иммуноглобулин фақат инкубация даврида қилинади. Даволаш, асосан, гормонотерапия, дезинтоксикация, дегидратация ва десенсибилизация усулларидан иборат. Метилпреднизолон дастлабки 3 кун мобайнида кунига 5–10 мг/кг дан вена ичига томчилатиб юборилади. Агар боланинг тана вазни 20 кг бўлса, дорининг кундалик дозаси 100–200 мг ни ташкил қилади. Гормонотерапия беморнинг аҳволига қараб, 10–15 кун давом эттирилади. Агар бактериал инфекция қўшилса, антибиотиклар ҳам берилади.
Прогноз. Қизамиқ энцефалити оғир кечади, бироқ 70–80% ҳолатларда беморнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Ҳаёти сақлаб қолинган беморда фалажликлар, гиперкинезлар, эпилептик хуружлар, ақлий ривожланишдан орқада қолиш каби асоратлар ривожланиши мумкин.
Профилактикаси. Профилактика мақсадида қизамиқ билан контактда бўлган болаларга мушак ичига гамма-глобулин қилинади.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича