Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Экстрапирамидал соҳа ўсмалари

Экстрапирамидал соҳа ўсмалари


Бу соҳа ўсмалари нисбатан кам учрайди. Бош миянинг оқ моддасида ўсувчи бу ўсмалар (асосан, глиомалар) экстрапирамидал тузилмаларни зарарлаб, стриопаллидар синдромни юзага келтиради.

Паллидар ядролар зарарланса – паркинсонизм, стриар ядролар зарарланса – гиперкинетик синдром ривожланади. Паркинсонизм синдроми гипомимия, брадикинезия, олигокинезия, мускуллар тонусининг пластик тарзда ошиши, бош ва қўлларда тремор билан намоён бўлади. Гиперкинетик синдром эса хорея, атетоз, миоклония, баъзида гемибаллизм ва гемитремор каби симптомлар билан кечади. Табиийки, бу симптомлар кучайиб борувчи хусусиятга эга. Бундай пайтда паркинсонизм ёки гиперкинезларни бартараф этишга оид дорилар ёрдам бермайди. Клиник ташхис қўйишда симптомларнинг бир томонлама пайдо бўлиши, яъни гемипаркинсонизм ёки гемигиперкинезлар типида юзага келишига эътибор қаратиш лозим.

Экстрапирамидал соҳа ўсмасида капсуляр гемисиндром ҳам ривожланади. Бу синдром гемипарез, гемигипестезия ва гемианопсия (ёки гемиатаксия) билан намоён бўлади. Ўсма пешона бўлаги томон ўса бошласа – пешона зарарланиши учун хос бўлган, чакка бўлаги томон ўсса – чакка бўлаги зарарланиши учун хос симптомлар вужудга келади. Айниқса, мультиформ спонгиобластомалар инфильтратив тарзда тез ўсади, мия шиши, бўкиши ва перифокал шиш тез ривожланади. ИКГ ва дислокацион синдром ҳам тез шаклланади. Баъзида бехосдан қўшилган респиратор инфекциялар сабабли тана ҳарорати кескин кўтарилади, ўткир тарзда психик бузилишлар пайдо бўлади ва касаллик клиникаси худди пўстлоғости менингоэнцефалитига ўхшаб кечади. Бундай пайтда ўтказилган МРТ текшируви ташхисни тўла аниқлаш имконини беради.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi
              ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича