ЭНУРЕЗ


Сийдикни ушлаб тура олмасликка энурез деб айтилади (юн. enureo – сиймоқ). Кундузги ва тунги энурезлар фарқланади. Тунги энурез жуда кўп учрайди ва асосан, болалик даврида кузатилади. Уйқу пайтида 2–3 ёшга тўлмаган болалар ухлаб ётганда тагига сийиб қўйиши нормал ҳолат. Чунки уларда сийишни назорат қилувчи церебрал марказлар ҳали ривожланмаган бўлади. 3 ёшдан кейин қовуқ фаолияти бош мия томондан назоратга олинади ва уйқу пайтида энурез кузатилмайди. Уйқу пайтида қовуқ сийдикка тўлганлиги ҳақида пайдо бўлган сигналлар бош мияга етиб боргандан сўнг 3 ёшга етган бола уйғониши керак. Албатта, болани 2 ёшлигиданоқ шунга ўргатиб бориш ҳам катта аҳамиятга эга. Энурезнинг 3 ёшдан сўнг кузатилиши патологик ҳолат ҳисобланади. Бундай болалар қотиб ухлашади. Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг деярли 20% и тунги энурездан азият чекишади.

Этиологияси. Энурезнинг асосий сабаби – нерв системасининг (шу жумладан, ВНС) функционал жиҳатдан ривожланишдан орқада қолиши. Бундай болаларда баъзида спинал аномалиялар аниқланади. Шунингдек, 3 ёшгача турли касалликлар билан оғриган ва кейин тузалиб кетган болаларда ҳам энурез балоғат ёшигача давом этиши мумкин. Сурункали ЛОР инфекциялар ҳам энурез сабабчисидир. Жисмоний жиҳатдан нимжон болалар энурезга мойил бўлишади. Энурезга наслий мойиллик борлиги ҳам инкор этилмайди. Чунки энурез кўпинча оилавий бўлиб учрайди ва боланинг отаси ёки онаси болалик даврида энурездан азият чеккан бўлади. Айниқса, балоғат ёшигача давом этган энурезда наслий мойилликка катта урғу берилади. Нотўғри тарбия, оиладаги доимий уришжанжаллар бола руҳияти ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай болалар ўта инжиқ, йиғлоқи, қайсар ёки одамови бўлиб қолишади. Улар кечаси қотиб ухлашади ва сийғоқ бўлишади.

Клиникаси. Энурез кузатиладиган болаларнинг деярли 90% ида невротик бузилишлар аниқланади. Шунинг учун ҳам тунги энурезни неврознинг тунги клиник симптоми деб аташ мумкин. Ҳақиқатан ҳам невротик бузилишларни бартараф этиш энурезни даволашда катта самара беради. Кундузги энурез кундуз кунлари иштонига, тунги энурез тунда ухлаб ётганда тагига сийиб қўйиш билан намоён бўлади. 

Эслатма. Энурез билан касалланган ҳар қандай бола тунда қотиб ухлайдиган бўлади.
Баъзи болаларда тунги энурез балоғат ёшигача тўхтовсиз давом этади. Баъзида эса, яъни 2,5–3 ёшдан сўнг сиймай қўйган бола, 5–7 ёшлардан сўнг яна сия бошлайди. Бунга қаттиқ стресс ёки ўткир инфекциялар сабаб бўлиши мумкин. Тунги энурез турли ёш, яъни 4–6, 7–10, 11–15, 16–19 ёшгача давом этади. Каттароқ ёшдаги болаларда энурез кам учрайди. Масалан, 10 ёшгача бўлган болаларда энурез 5 ёшгача бўлган болаларга қараганда 2 баробар кам учрайди. 20 ёшдан кейин энурез деярли учрамайди.

Ташхис ва қиёсий ташхис. Энурез ташхисини қўйиш, авваламбор, уни невроген қовуқ синдромидан фарқлашдан бошланади. Невроген қовуқ синдроми органик неврологик бузилишлар сабабли ривожланса, энурез – функционал неврологик бузилишлар сабабли ривожланади. Невроген қовуқ синдроми турли ёшда (эрта ёшдан то умрининг охиригача) кузатилса, энурез 20 ёшгача бўлган даврда кузатилади. Энурез кўпинча тунда учраса, невроген қовуқ синдроми кундузи ҳам, тунда ҳам кузатилаверади. Невроген қовуқ синдроми сийдик пуфагининг турли хил дисфункцияси билан кечса, энурез фақат сийдик ушлаб тура олмаслик билан намоён бўлади.

Давоси ва профилактикаси. Бола невропатолог назоратида даволаниши керак. Даволаш жараёнида психологик ёрдамнинг ўрни катта. Шунинг учун даволаш жараёнида тиббий психолог ҳам иштирок этиши зарур. Даволаш боланинг ота-онаси билан ишлашдан бошланади. Оилада соғлом психологик муҳит яратиш ўта муҳим. Тагига сийиб қўйган болани ҳеч қачон қаттиқ уришмаслик ва уни ака ёки опалари олдида масхара қилмаслик керак. Бундай муносабатлар энурезни кучайтиради, холос. Баъзида энурезни бартараф этиш ёки унинг олдини олиш учун болани тўғри тарбиялашнинг ўзи кифоя.

Биринчи бор энурез кузатилганда нима қилиш керак? Дейлик, тагига сиймай юрган 4 яшар болада биринчи бор тунги энурез кузатилди. Дастлаб боланинг ота-онаси бунинг сабабини аниқлаб олиши лозим. Бола кечаси совқотган бўлиши ёки кечқурун газли ичимликларни (кола, фанта, спрайт) кўп истеъмол қилган бўлиши мумкин. Болага бу ҳақда тушунтириш ишларини олиб бориш, кечки соат 18.00 дан сўнг кўп суюқлик ичмаслик кераклиги, акс ҳолда ётган жойига сийиб қўйиб, уятга қолиши мумкинлиги тушунтирилади. Болага бир хил пайтда ётиш ва ухлашдан олдин ҳожатхонага бориб келиш тайинланади. Бола ётган жой иссиқ бўлиши ва эшик ойналар очиқ қолиб, елвизак эсиб турмаслигига эътибор қаратилади.

Жисмонан нимжон ва иммунитети паст болалар тез-тез шамоллаб туришади. Бу эса уларда энурез ривожланишига туртки бўлади. Шунинг учун уларнинг ота-онасига боласи доимий тарзда спорт билан шуғулланиб организмни чиниқтириб бориши зарурлиги тушунтирилади. Болани спорт тўгаракларига бериш энурезни даволашда ҳам, унинг олдини олишда ҳам катта аҳамият касб этади. Айниқса, кечаси велотренажёр билан шуғулланиш жуда фойдалидир. Велотренажёр организмга умумий таъсир қилишдан ташқари, кичик тос аъзолари мускуллари (шу жумладан, қовуқнинг) тонусини кучайтиради, кўп терлатади, яъни ортиқча суюқлик тери орқали чиқиб кетади.

Овқатланишни ҳам тўғри ташкил қилиш керак. Кечқурун бола суюқликни кам ичиши ва иложи борича қуюқроқ овқатларни истеъмол қилиши лозим. Масалан, колбаса, пишлоқ, ош, қовурилган балиқ, гўшт, картошка ва ҳ.к. Аммо бу овқатларни ҳам меъёрда тановвул қилиш уқтирилади. Улардан сўнг бола сув ичмаслиги керак ёки 50–100 мл сув ичиши мумкин, холос. Айниқса, ётишдан олдин сузмадан қилинган қурут сўриб ётиш ҳам фойдалидир. Аксарият ҳолларда жисмоний тарбия билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш ва ухлаш қоидаларига амал қилиш орқали энурезни бартараф этиш мумкин. Болани кечаси уйғотиб сийдириб туриш фойдадан холи эмас. Параллел тарзда бошқа даволаш муолажалари олиб борилади.

Мураккаб вазиятларда дорилар билан даволаш қўлланилади. Дорилардан амитриптилин кунига 25–50 мг, мелипрамин (имипрамин) 5–10 мг ётишдан 1–2 соат олдин тавсия этилади. Мелипрамин дозасини аста-секин 50 мг га етказиш мумкин. Спазмекс 15 мг 2–3 маҳал, пантокалсин 250 мг 3– 4 маҳал, сиднокарб ва кофеин буюрилади. Бу дорилар куннинг 2-ярмида тавсия этилади. Айниқса, психостимуляторларни кечқурун тавсия этиш қотиб ухлашнинг олдини олади. Сийиш рефлекси қўзғалганда улар тезроқ уйғонишади.

АДГ дорилари (адиуретин, минирин) тунги энурезда кўп қўлланилади. Чунки бу дорилар тунда сийдик кўп ишлаб чиқарилишининг олдини олади. Адиуретин 1–2 томчидан (5–10 мкг) уйқуга ётишдан олдин бурунга томизилади. Мактаб ёшигача бўлган болаларга 6 томчи (30 мкг), ўсмир ёшидаги болаларга 8 томчи (40 мкг) томизилади.

Минирин 100-200 мкг дан уйқуга ётишдан олдин ичилади. Бу дорининг дозасини 1–2 ҳафта мобайнида 300–400 мкг га етказиш мумкин. Ёши каттароқ болаларда эса дорининг дозаси аста-секин 400–600 мкг га етказилади. Кундузги энурезда қўшимча равишда холинолитиклар тавсия этилади. Дриптан (оксибутинин) 2,5–5 мг дан кунига 3 маҳал, толтеродин 1 мг дан 2 маҳал ичилади. Хулқ-атвор бузилишларида карбамазепин 100–200 мг, пантокалцин ва фенибут буюрилади.

Энурез билан касалланган болаларни даволашда психоаналитик терапия ва Эриксон гипнози ҳам самаралидир. Ҳар қандай усуллар билан даволаш камида 4–8 ҳафта давом эттирилиши керак.

Прогноз. Ҳар доим яхши.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича