Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Энцефалит ўтказганларда хулқ-атвор бузилишлари

Энцефалит ўтказганларда хулқ-атвор бузилишлари


Энцефалит – бош мия тўқимаси яллиғланиши. Агар патологик жараён пўстлоғости тузилмаларида жойлашса, унда паллидар (паркинсонизм) ёки стриар (гиперкинезлар) синдром ривожланади. Бу ҳолат пўтлоғости энцефалити учун хос. Пўстлоғости тузилмалари ҳиссиёт шалланишида муҳим аҳамиятга эга. Бу соҳа патологияси, албатта, ҳиссиёт бузилишлари билан намоён бўлади. Масалан, боланинг бурун бўшлиқларида узоқ давом этувчи яллиғланиш жараёнлари кузатилса ва шу сабабли ҳидлов функцияси издан чиқса, боланинг хулқ-атвори бузилади, яъни унда гиперактив синдром шаклланади. Чунки ҳидлов нерви орқали пўстлоғости тузилмаларига келувчи импулслар ҳиссий реакциялар учун масъул бўлган Папес айланаси фаолияти учун ўта муҳим. Ҳушбўй ҳид кайфиятни кўтаришининг сабаби ҳам ана шунда. 
Паллидар синдром билан намоён бўлувчи энцефалитда боланинг барча ихтиёрий ҳаракатлари сустлашади. Бундай беморлар секин гапиради (монотон нутқ), секин ҳаракатланади (брадикинезия), мимик мушаклар ҳаракати ҳам суст бўлиб (амимия, гипомимия), уларнинг ташқи қўриниши юзига ниқоб кийган одамни эслатади. Хатто кўз мушаклари ҳаракатлари ҳам сустлашади. Шу боис бундай беморлар бир нуқтага тикилиб туришади. Юзда ифодаланган бундай патологик белгилар болалар ва ўсмирлар учун хос бўлган қувноқлик ва шўхлик аломатларини бутунлай йўққа чиқаради, ҳиссий реакцияларни акс эттириб турувчи юз ва кўзлар гўёки қотиб қолади. Бундай болаларнинг ташқи кўриниши ва ҳаракатлари ёши катта одамни эслатади. Улар кам кулишади, кулсаям очилиб кулолмайди. Бунга қотиб қолган мимик мушаклар йўл қўймайди ва натижада кулмоқчи бўлган болада оғиз кўндалангига чўзилади холос. Буни “кўндаланг кулги” деб аташади.
Паллидар синдром учун ипохондрик бузилишлар жуда хос. Бемор сал нарсага хафа бўлаверади, сабабсиз йиғлаб юборади, ҳеч кимга ишонмайди, бир гапни ҳадеб такрорлайверади, қайсар бўлади. Беморнинг уйқуси ҳам бузилади, кечалари ухламай чиқади ёки тез-тез уйғонаверади. Кундузи эса уйқу босади. Шунингдек, хотира бузилиши, фикрлар карахтлиги, ҳиссий тўмтоқлик каби ҳолатлар кузатилади. Одатда, бундай беморларни даволаш бир неча ойга чўзилади. Ижобий натижа кузатилавермагач, беморда даволанишга бўлган ишонч йўқолади. Бундай пайтларда нейропсихолог (тиббий психолог) индивидуал психореабилитация дастури асосида беморни тинчлантириб, даволаш жараёни узоқ давом этиши мумкинлигини, бунинг учун сабр-тоқат ва иродали бўлиш кераклигини тушунтиради. 
Пўстлоғости энцефалити гиперкинезлар билан ҳам намоён бўлади. Гиперкинезлар – тананинг турли жойларида кузатиладиган ихтиёрсиз ҳаракатлар. Булар ичида хорея алоҳида ўрин тутади. Хорея юз мушакларида кўп кузатилади. Бироқ хореик гиперкинезлар тез орада бўйин мушаклари ва қўл бармоқларига ҳам ўтиши мумкин. Хореик гиперкинезлар болаларда кўп учрайди ва бунинг сабаби ЛОР аъзолари инфекциялари, айниқса тонзиллитдир. Тонзиллит сабабли пайдо бўлган хореик гиперкинезлар, одатда, касаллик сабаби йўқотилгандан кейин ўтиб кетади. Пўстлоғости энцефалитида эса ижобий натижага эришиш анча қийин.
Хореик гиперкинезлар бошланишидан бир неча ой илгари боланинг хулқ-атвори ўзгара бошлайди. Ота-она, ҳатто врачлар ҳам болада жиддий  касаллик бошланаётганлигини дарров пайқашмайди ва унга “Гипердинамик синдром” деб ташхис қўйишади. Боланинг хулқ-атвори шу даражада ўзгарадики, уни мактабда ҳам, уйда ҳам тартибга чақиришаверади. Аммо танбеҳлар ёрдам бермайди. Бирон ойлардан кейин боланинг кўз атрофи мушакларида гиперкинезлар пайдо бўлади, бола кўзини юмиб очаверади, қошини қоқаверади. Кўзни юмиб-очувчи мушакларда бўладиган бундай гиперкинезлар блефароспазм деб аталади. Бундай болалар жойида ҳам тинч ўтира олмайди, овқатланаётган пайтда чойни ёки қошиқдаги овқатни тўкиб юборади, шошиб овқатланади. Шу сабабли улар ота-онасидан тез-тез дакки еб туришади. Юздаги гиперкинезлар ҳаяжонланганда кучаяди, тинчланганда камаяди, уйқу пайтида эса тўхтайди.
Гиперкинез кузатиладиган болалар нафақат уйда, балки кўчада ҳам доимо дакки эшитишлари мумкин. Тошкент метросида шундай қизиқ бир воқеа рўй берган. Юзида хореик гиперкинезлар бор Н. исмли 15 яшар йигит эрталаб метрога тушади. Вагонда унинг рўпарасига худди шу ёшлардаги хушрўй қиз онаси билан ўтириб қолади. Қиз ўта чиройли бўлганлиги боис Н. унга тикилиб қарайверади. Қиз ҳам унга кулиб қарайди. Ҳаяжонланганидан Н. нинг кўз атрофи мушакларида гиперкинезлар бошланади, яъни у қошини қоқиб, кўзини пирпиратаверади. Иккала ёш орасидаги бундай ғалати муносабатан жаҳли чиққан ва атрофдагилардан уялган она “Ёшгина бўлиб уялмайсанми?!” деб йигитнинг юзига бир шапалоқ туширади. Бола қаттиқ уялганидан кейинги бекатда вагондан тушиб кетади ва уйига келиб “Мени докторга олиб боринг”, деб жанжал кўтаради. Шу куни ушбу йигит онаси билан бизнинг қабулимизга келди. Кулгили бу вазиятнинг юзага келишига сабаб гиперкинезларнинг битта, яъни фақат ўнг кўзда бўлаётгани эди.
Шундай қилиб, бош мия ва унинг пардалари яллиғланиши касалликларида кузатиладиган психоемоционал бузилишлар даволаш жараёнида нейропсихолог, яъни тиббий психологнинг доимий иштироки зарурлигини кўрсатади. 


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича