ЭНЦЕФАЛИТЛАР


Бош миянинг яллиғланишига энцефалит деб айтилади. Энцефалитни нафақат вируслар ёки микроблар юзага келтиради, балки унинг алллергик ва токсик этиологияли турлари ҳам мавжуд. Бундай пайтларда аллергик ва токсик энцефалитлар ҳақида сўз боради. Демак, энцефалит – бу бош миянинг инфекцион, инфекцион-аллергик, аллергик ва токсик зарарланишлари сабабли юзага келадиган касаллик.
Энцефалитнинг умум қабул қилинган таснифи йўқ. Клиник амалиётда бирламчи ва иккиламчи энцефалитлар фарқланади. Патоген омил (вирус ёки бактерия) бевосита бош мияни зарарласа – бирламчи, энцефалит организмдаги бошқа касалликлар сабабли ривожланса – иккиламчи энцефалит дейилади. Яллиғланиш жараёни бош миянинг барча қисмини эгалласа – диффуз энцефалит, унинг маълум бир соҳасини эгалласа – ўчоқли энцефалит деб айтилади. Ўчоқли энцефалитда патологик жараён кўпроқ пўстлоғости тугунлари, мезенцефал соҳа, диэнцефал соҳа, мия устуни ва миячада жойлашади.
Яллиғланиш жараёни бош миянинг ҳам оқ, ҳам кулранг моддасини эгалласа, бунга панэнцефалит деб айтилади. Яллиғланиш жараёни кўпроқ бош миянинг оқ моддасида кечса – лейкоэнцефалит, бош миянинг кулранг моддасида кечса – полиоэнцефалит деб аталади. Яллиғланиш жараёни бош мия ва унинг пардаларида намоён бўлса – менингоэнцефалит, бош мия ва орқа мия биргаликда яллиғланса – энцефаломиелит, бош мия, орқа мия ва уларнинг пардалари яллиғланса – менингоэнцефаломиелит деб номланади. Шунингдек, экссудат хусусиятига қараб йирингли (бактериялар, вируслар) ва йирингсиз (токсинлар ва ҳ.к.) энцефалитлар фарқланади.
Этиологияси. Энцефалитни жуда кўп нейротроп вируслар ва микроорганизмлар чақиради. Нейротроп вируслар сабабли ривожланадиган энцефалитлар учун юқори даражада юқувчанлик, мавсумийлик, тез тарқалиш ва об-ҳаво шароитларига қараб ўзгарувчанлик хос. Энцефалит ёш болаларда кўп учрайди.
    Бирламчи энцефалит этиологияси
  • Кўп мавсумли вируслар: герпес, энтеровируслар (Коксаки, ЕСНО), цитомегаловируслар, қутуриш ва б.қ.
  • Арбовируслар (трансмиссив): кана, чивин (япон), Австралия вируси, Американинг Сент-Луис вируси.
  • Номаълум табиатга эга вируслар: Экономо вируси ва б.қ.
  • Микроблар ва риккетсиялар: заҳм, бореллиоз, тошмали тифда ва б.қ.
   Иккиламчи энцефалит этиологияси
  • Постэкзантем омиллар: қизамиқ, қизилча, сувчечак.
  • Ўтказилган эмлашлар: қизамиқ, қизилча, тепки ва бошқа эмлашлардан сўнг.
  • Турли бактерия ва паразитлар сабабли, яъни стафилококк, стрептококк, сил, токсоплазмоз, хламидия, безгак ва б.қ.
Патогенези. Энцефалит кўп этиологияли бўлгани учун унинг патогенези ҳам турличадир. Энцефалитни юзага келтирган инфекциянинг тури, юқиш йўллари ва беморнинг иммунитети касаллик патогенезининг қай йўсинда ривожланишига таъсир кўрсатади.
Энцефалитни чақирувчи вируслар МНС га қуйидаги йўллар билан етиб келади: юқори нафас йўллари, тери, кўз шиллиқ пардаси, ошқозон-ичак системаси, урогенитал аъзолар, йўлдош ва бошқа йўллар. Вирус организмга тушганидан сўнг кўпая бошлайди ва гематоген, лимфоген ҳамда периневрал бўшлиқлар орқали МНС га етиб олади. Лимфоген йўллар деганда, краниал нервларнинг лимфатик томирлари кўзда тутилади. Вирус организмга тушди дегани, албатта, энцефалит ривожланади, дегани эмас. Уларнинг баъзилари организм­да аввалдан мавжуд бўлади. Энцефалит ривожланиши учун иммунитет суст ва ГЭБ ўтказувчанлиги юқори бўлиши керак.
Арбовируслар чақирадиган энцефалитлар ҳашоратлар чақиши сабабли трансмиссив йўл орқали юқади, масалан, чивин ва кана энцефалитлари. Улар чаққанидан сўнг вируслар тери остида кўпая бошлайди ва локал яллиғланиш реакциясини юзага келтиради. Кўпайиб ривожланган вируслар қонга ва лимфа йўлларига тушади. Вирусларнинг қонга ўтиши учун бир неча дақиқанинг ўзи етарли холос. Буни бирламчи вирусемия босқичи деб аташади. Вируслар қон бўйлаб барча аъзоларга тарқай бошлайди, улар жигар, талоқ ва мушакларга ўтади. Вируслар ушбу аъзоларда яна кўпайиб “янги организмда” яшашга мослашиб олади. Ўзгариб янги тусга кирган вируслар яна қон томирлар томон интилади ва қон оқими бўйлаб бошқа тўқималарга тарқала бошлайди. Бу иккиламчи вирусемия босқичидир. Вируслар қон томирлар орқали тарқалаётиб уларни ҳам зарарлаб боради. Бунинг оқибатида қон томир деворлари мўртлашади, эндотелия қавати шишади. Шу билан инкубация даври тугайди.
Вируслар гематоген ва лимфоген йўллар орқали МНС томон йўналади ва гематоэнцефалик баръердан ўтиб, бош мия тўқималарида кўпая бошлайди. Бу даврда неврологик белгилар вужудга келади. Баъзи вируслар МНС нинг барча тўқималарига ўта олса (панэнцефалит), бошқа бирлари ўтолмай қолади. Вируслар бош миянинг қайси тўқимасида қўним топса, ўша тўқимани зарарлайди. Энцефалитнинг локал турлари ана шундай тарзда юзага келади. Масалан, пўстлоғости энцефалити, мия устуни энцефалити ва ҳ.к. Баъзи вируслар фақат бир хил нейронларни зарарлайди. Масалан, полиомиелит вируси асосан орқа миянинг мотор нейронларини зарарласа, қутуриш вируси лимбик системага кирувчи тузилмаларни зарарлайди.
Патоморфологияси. Энцефалитнинг деярли барча турида бош мияда яллиғланиш-дегенератив жараёнлари кузатилади. Нейронлар атрофияга учраб, йўқола бошлайди, уларнинг ўрнини астроцитлардан иборат тугунлар эгаллайди. Шунингдек, глиал тўқима пролиферацияси, васкулитлар, микрогеморрагиялар, периневрал ва периваскуляр шишлар вужудга келади. Мия пардаларида эса фиброз чандиқлар шаклланади. Кейинчалик ушбу патологик жараёнлар мия тўқималарида турли хил ишемик, микрогеморрагик  ва  дегенератив ўчоқлар ҳамда кисталар пайдо бўлишига олиб келади. Шунинг учун бош мияни МРТ қилганда бир қатор бошқа касалликларга хос, хусусан, лакунар инсулт, стриопаллидар дегенерация, токсик энцефалопатия ва паразитар касалликларга хос белгиларни кўриш мумкин.
Клиникаси. Бирламчи ва иккиламчи энцефалитлар бир-бирига ўхшаш клиникага эга. Энцефалит, одатда, ўткир бошланади, яъни беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, боши қаттиқ оғрийди, кўнгли айнийди ва қусади. Кўнгил айниш ва қусиш кетма-кет рўй беради. Буни церебрал қусиш деб аташади. Беморнинг танаси қақшаб оғрийди, бўйин соҳаси, бели ва оёқ-қўлларида кучли оғриқлар пайдо бўлади ва у ҳолсиз бўлиб қолади. Бу симптомларнинг пайдо бўлиши бевосита нерв тузилмаларининг зарарланиши билан ҳам, умумий интоксикация билан ҳам боғлиқ. Беморда турли даражада ифодаланган эс-ҳуш бузилишлари, яъни сомноленция, делирия ва сопор ҳолатлари кузатилади. Менингеал симптомлар, эпилептик хуружлар ва руҳий бузилишлар пайдо бўлади. Руҳий бузилишлар кучли психомотор қўзғалишлар ва делирия билан намоён бўлади. Беморни бошқариб бўлмай қолади, у оёқ-қўлларини ҳар томонга ёзиб бақираверади, ўз яқинларини танимайди, алаҳсирайди, саволларга тушунар-тушунмас жавоб қайтаради.
Касалликнинг дастлабки кунлари оёқ-қўлларда фалажлик кузатилмайди. Аммо бир ҳафта ўтиб-ўтмай монопарез, гемипарез ва тетрапарезлар пайдо бўлиши мумкин. Фалажликларнинг қай тарзда вужудга келиши энцефалит турига боғлиқ. Масалан, баъзи энцефалитлар учун гемипарез, Экономо энцефалити учун паллидар фалажликлар, кана энцефалити учун бўйин ва елка мушаклари фалажлиги хос. Даволаш зудлик билан бошланмаган ҳолатларда фалажликлар кучайиб, плегияга ўтади. Шунингдек, энцефалитнинг ўткир даври учун сезги бузилишлари, краниал нервлар патологияси ва вегетатив бузилишлар ҳам хос. Аксарият энцефалитларда пўстлоғости тузилмалари зарарланиб экстрапирамидал симптомлар шаклланади.
Кечиши. Энцефалитларнинг 5 хил кечиши фарқланади: 1) яшин тезликда; 2) ўткир; 3) нимўткир; 4) сурункали; 5) қайталанувчи. Энцефалитнинг қай даражада оғир кечишига қараб 3 хил тури фарқланади: 1) ўртача; 2) оғир; 3) жуда оғир.
Клиник симптомлар шаклланишига қараб, энцефалитнинг қуйидаги босқичлари фарқланади: 1) умуминфекцион белгилар, яъни субклиник давр; 2) неврологик симптомлар шаклланиши; 3) касалликнинг ривожланишдан тўхташи; 4) реконваленценсия; 5) асоратлар даври.
Энцефалитнинг қай тарзда кечиши ва оғирлик даражаси касаллик этиологияси, беморнинг ёши, умумий аҳволи, иммунитети ва йўлдош касалликлар бор-йўқлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Баъзи энцефалитлар (арбовирусли, герпетик) жуда оғир, бошқа бирлари эса (тепки, энтеровирусли) бироз енгил кечади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi 
              ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича