Эпилепсияда беморлар психологияси
Эпилепсияда бемор хулқ-атвори турли даражада ўзгаради. Ушбу касалликда шахс ўзгаришлари ўзига хослиги билан ажралиб турадики, бунинг натижасида тиббий амалиётда эпилептик характер деган ибора пайдо бўлди. Бундай беморлар жуда эзма, қайсар, бесабр, тез хафа бўладиган, кайфияти ўзгарувчан, арзимаган майда ишларга ўралашиб юрадиган, ўта жиззаки ва жанжалкаш бўлишади. Албатта, бу белгилар турли даражада ифодаланган бўлиши мумкин. Уларнинг қай даражада намоён бўлиши эпилептик хуружларнинг тури, сабаблари, қанчалик кўп кузатилиши ва беморнинг даволаниш тарзига боғлиқ.
Эпилепсия билан касалланган аксарият беморларнинг характери беқарор бўлади. Яхши кайфиятда юрган бемор бирдан ўзгариб қолиши ва қўпол сўзлар билан яқинларини ҳақорат қила бошлаши мумкин. Бундай ҳолат ҳар қандай вазиятда рўй бериши мумкин. Масалан, у бирор нарсасини топа олмаса, қилаётган ишига кимдир аралашиб хатосини кўрсатса, унга зид фикр билдирилса, тезда жанжал кўтаради. Баъзан арзимаган нарсадан кўтарилган жанжал аффект даражасигача етади ва бемор ўзига ёки атрофдагиларга тан жароҳати етказиб қўяди. Шу боис бундай беморни даволаётган врач уни психиатрга албатта кўрсатиши керак.
Беморда хулқ-атвор ўзгаришлари яққол намоён бўлиб, аффектив бузилишлар тез-тез рўй бераверса, бу беморни даволашни психиатр давом эттиради. Эпилепсия билан касалланган “мулойим” беморнинг ҳам жаҳлини чиқариш жуда осон. Агар унинг кўнглига ёқмайдиган сўз айтилса ёки танбеҳ берилса, бемор ўзгариб, қайсар ва ўжар бўлиб қолади. Бемор бирор одамдан қаттиқ ранжиса, у билан мутлақо гаплашмай қўйиши мумкин.
Хулқ-атвор ўзгаришлари баъзида “ижобий” тус олади. Масалан, бемор бегона одамларга ўта меҳрибон, мулойим ва ҳар қандай ишга бел боғлаб киришиб кетадиган шахсга айланади. Шундай бўлса-да, бундай меҳрибонлик ўз яқинларига кўрсатилмайди, яъни бемор ўз яқинлари билан доимо жанжаллашиб, ота-онасининг айтганини қилмайди. Шундай ҳолат шизофренияда ҳам учрайди. Шизофренияда беморнинг бутун қаҳр-ғазаби оила аъзоларига қаратилган бўлади, бегоналар билан тезда тил топишиб олади, ҳатто дўст тутинади.
Фикрлар карахтлиги беморнинг нутқида ҳам акс этади. Бемор берилган саволларга лўнда жавоб бера олмайди, бир айтган гапини бир неча бор такрорлайверади ёки суҳбат бошида тушунарли бўлиб қолган воқеани яна сўзлаб беради. Улар, одатда, ҳиссиётга берилиб сўзлашади, гоҳ камгап, гоҳ сергап бўлиб қолишади. Баъзида асоссиз кўтаринки кайфият, яъни эйфория кузатилади. Бемор бегона одам билан ҳам бўлар-бўлмасга ҳазиллашаверади, масхарабозлик қилади, кулгили воқеа, уятсиз латифалар ўйлаб топади, гап орасида ҳадеб кечирим сўрайверади. Бемор танишини учратиб қолса, унга дардини айтиб йиғлаб ҳам олади. Баъзи беморларда, айниқса, префронтал эпилепсияда жинсий фаоллик ошиб кетади, яъни гиперсексуал ҳолат вужудга келади.
Баъзи беморлар ёлғонга жуда ўч бўлишади. Бундай беморларни псевдолог деб аташади. Бошқа бирлари эса жуда ҳақиқатпарвар бўлиб, адолатсизликка чидай олмайди. Унинг учун бегона бўлган одам ноҳақликдан азият чекса, узоқ вақт у ҳақида гапириб юради, қўлидан келса ёрдамга шошади. Баъзи беморлар уйи ва ишхонасини жуда саранжом ва саришта тутишади, озода юришади, чиройли кийинишади, яъни улар тартибга қаттиқ риоя қилишади.
Эпилепсияда клептомания ҳам учраб туради, яъни бундай беморлар кераксиз нарсаларни ўғирлаб яшириб юришади. Масалан, бемор унга керак бўлмаса-да, докторнинг болғачасини унга билдирмасдан уйига олиб кетиши мумкин. Ўша кечаси бу қилган ишидан “виждони қийналиб” эртаси куни врачга олиб келиб беради ҳам. Француз қироли Людовик ХIV ҳам клептомания билан касалланган. Қирол сарой мулозимлари ва ўзига тегишли нарсаларни турли жойларга яшириб қўяр ва уларни излаб юрганларга қараб лаззатланар эди.
Эпилепсияда кузатиладиган шахс бузилишлари даражаси касалликнинг қайси ёшда бошлангани, бош миянинг қайси соҳаси зарарланганлиги, хуружлар сони ва тури, ўтказилаётган даволаш муолажалари қандай олиб борилаётганига узвий боғлиқ. Касаллик қанчалик эрта ёшда бошланса ва хуружлар кўп такрорланаверса (айниқса, ҳушнинг йўқолиши билан), бемор шахсидаги патологик ўзгаришлар шунчалик тез ривожланади ва оғир кечади.
Баъзи ёши катта беморларда, айниқса аёлларда, пуэрилизм, яъни болаларга хос хулқ-атвор кузатилади. Уларнинг нафақат хатти-ҳаракатлари, балки фикрлаш доираси ҳам ёшига мос келмайди. Баъзан эса 5–7 яшар болада катталарга хос ақл-заковат хислатларини кўриш мумкин. Улар худди катталардек фикр юритишади, фойдали маслаҳатлар беришади. Боланинг ота-онаси бундай “қобилият”дан қўрқиб кетиб, уни психиатрга кўрсатишади. Баъзилари эса боласидаги бу “ноёб қобилият”дан фахрланиб юришади. Шунга оид битта воқеани келтириб ўтаман. Мен эпилепсия билан касалланган 3 ёшга тўлган болани кўрикдан ўтказиб, унинг отасига зарур дорини ёзиб бердим. Бола дори ёзилган қоғозни қўлига олиб, унга тикилиб қаради-да, мендан сўради: “Доктор бу дориларни овқатдан олдин ичайми ёки кейинми?” Албатта, 3 яшар боланинг бу сўзлари мени ҳайратда қолдирди. Мен унга: “Болам, ўқишни биласанми?” дедим. У “Йўқ” деб жавоб берди. “Ахир ҳозир ўзинг қараган қоғозда дорини қачон ичиш ёзилган-ку”, дедим. Шунда у
“Мен ўқишни билмасам ҳам, дорини қачон ичишни биламан”, деб жавоб берди. Кейинчалик мен боланинг тафаккур даражасини баҳоловчи бир қатор нейропсихологик тестлар ўтказиб кўрдим. Унинг фикрлаш қобилияти камида 7 яшар боланикидек эди.
Эпилепсия билан касалланган беморнинг тафаккур доираси йиллар давомида торайиб боради ва фикрлаш карахтлиги ривожланади. Бемор диққатини бир жойга жамлай олмайди, фикрлар теранлиги бузилади ва бунинг оқибатида диққат-эътибор талаб қилувчи ишларни бажара олмайди. Бемор бир ишни бошласа, уни охирига етказмай ташлаб қўяди. Фикрлар карахтлиги ва хулқ-атвор беқарорлиги сабабли бемор биринчи ва иккинчи даражали ишларни ажрата олмайди. Улар кераксиз ишлар билан ўралашиб юришади.
Эпилепсияда тафаккур бузилиши баъзида оғир даражага етади ва эпилептик деменция ривожланади. Айниқса, органик этиологияли ва кичик ёшда бошланган тоник-клоник хуружларда ақлий заифлик тез шаклланади. Узоқ йиллар мобайнида бензонал ичиб юриш ҳам боланинг ақлий ривожланишдан орқада қолишига сабаб бўлади. Болаларда эпилептик хуружларнинг ақлий ривожланишга таъсир қилиши, ҳали уларда олий руҳий функцияларнинг тўла шаклланмаганлиги билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам, болалик даврида ривожланган бош миянинг ҳар қандай оғир касаллиги олий руҳий функцияларнинг у ёки бу даражада бузилишлари билан кечади. Кейинчалик бош миянинг турли касалликлари (бош мия жароҳати, менингит, қон томир касалликлари, ичкиликбозлик) ривожланса, тутқаноқ хуружлари қайта қўзғаб, руҳий бузилишлар янада кучаяди. Аввалги бўлимларда таъкидлаб ўтилганидек, идиопатик эпилепсияда когнитив бузилишлар кузатилмайди.
Эпилепсияда руҳият бузилишлари яққол ифодаланган синдромлар билан намоён бўлади. Булар дисфория, делирия, онейроид, галлюцинация, эпилептик ступор, амнезия, патологик уйқу ва ҳ.к. Буларнинг ичида энг кўп учрайдигани дисфория бўлиб, у беморда арзимаган бир сабаб туфайли пайдо бўлади. Дисфория нафақат кайфият бузилиши, балки сабабсиз хавотир, сиқилиш, қўрқув, гумонсираш, мияга турли фикрларнинг ёғилиб келиши: суитсидал, бировни ўлдириш, ўғриликка интилиш каби аломатлар билан ҳам намоён бўлади.
Эпилепсияда ступор ҳам кузатилади. У турли даражада ифодаланади: оддий кам ҳаракатликдан тортиб, то қотиб қолишгача. Қотиб қолган беморда мутизм пайдо бўлади, бироқ у бировнинг сўзи ва ҳаракатини такрорлайверади. Одатда, ступор бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Ступор тўсатдан барҳам топиб, фаол ҳаракатлар яна пайдо бўлиши ҳам кузатилиб туради. Бундай пайтда бемор атрофдаги нарсаларни отиб юбориб, ёнидагилар билан уришиб кетиши мумкин. Ступор, одатда, баъзи эпилептик хуружлардан сўнг вужудга келади. Бунда тўла ва қисман амнезия кузатилади.
Эпилепсияда тўсатдан пайдо бўлувчи деперсонализация, дереализация, катаплексия ва анозогнозиялар ҳам кузатилади. Алаҳсираш билан кечувчи руҳий бузилишлар, одатда, ўткир ва сурункали кўринишда намоён бўлади. Ўткир психотик бузилишларда беморни биров таъқиб қилаётгандек, заҳарламоқчидек, оғир тан жароҳати етказмоқчидек туюлади. Бу ҳолат эпилептик паранойя деб аталади. Эпилептик паранойя бир неча кундан бир неча ойгача чўзилади. Одатда, дисфория билан пайдо бўлган ўткир руҳий бузилишлар қисқа вақт давом этади. Бу бузилишлар тўсатдан рўй бериши, йўқолиб кетиши, пасайиши ва бир неча кунлардан сўнг яна пайдо бўлиши мумкин.
Сурункали психотик бузилишлар кўпинча параноид ва парафреник белгилар билан намоён бўлади ва улар эпилептик онейроид, делирий ёки бошқа психопатологик ҳолатлардан сўнг ривожланади. Сурункали психотик бузилишлар клиникасида алаҳсираш асосий белгилардан биридир ва у тез-тез такрорланиб туради.
Эпилептик хуружлар бутунлай тўхтаган тақдирда ҳам юқорида кўрсатилган барча аломатлардан иборат эпилептик характер бемор ҳаётининг охиригача сақланиб қолиши мумкин. Эпилептик деменция ривожланган беморларда хуружлар сони кескин камаяди ёки бутунлай тўхтайди. Бунинг асосий сабаби пўстлоқнинг кучли атрофиясидир. Бундай беморларни тиббий психолог ёки психиатр назоратга олиши керак.
Бемор ва унинг яқинларига бериладиган тавсиялар. Эпилепсия билан касалланган беморни соғлом турмуш тарзига ўргатиш даволовчи врачнинг бевосита вазифасидир. Бу қоидага амал қилмаган врач даволаш қоидаларини қанчалик тўғри олиб бормасин, у самарасиз тугайверади. Даволаш муолажалари узоқ йиллар давом этгани учун ҳам, беморни битта врач даволагани маъқул. Бу врач учун ҳам яхши (чунки унинг малакаси ошади), бемор учун ҳам яхши (даволашда узилишлар бўлмайди). Шу ўринда буюк Гуфелянднинг қуйидаги сўзлари жуда ўринлидир. “Беморни битта врач даволаса яхши, иккитасига ҳам чидаса бўлади, бироқ учта врач даволаши – бу даҳшат”. Деярли 300 йил олдин айтилган бу доно фикр ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Тўғри, врач ташхис қўйишда қийналиши мумкин. Қийинчилик ва хатолар ҳатто катта тажрибага эга врачларда ҳам рўй бериб туради. Бундай пайтларда ҳамкасблар билан консилиум ўтказиш лозим. Аммо муолажани даволовчи врачнинг ўзи олиб боргани маъқул. Ҳамкасблар билан маслаҳатлашиб туриш врачнинг малакаси ошиб боришига туртки бўлади. Албатта, даволовчи врачни беморнинг ўзи танлайди. Бунинг учун беморнинг ишончини қозониш ҳам ўта муҳим.
Телевизор ва компьютер. Ҳозирги кунда аҳолининг аксарият қисми телевизор ва компютер монитори олдида кунини ўтказади. Эпилепсия билан касалланган беморлар бундай электрон узатгич воситаларидан иложи борича камроқ фойдаланишлари керак. Телевизорни қоронғи хонада эмас, балки ёруғ хонада кўриш тавсия этилади. Унгача бўлган масофа 2 м дан ортиқ бўлиши лозим, телекўрсатувларни томоша қилиш давомийлиги 2 соатдан ошмаслиги керак. Фотосенситив эпилепсияда телевизор кўриш ёки компютер монитори олдида ўтириш ман этилади.
Мактаб ва боғча. Эпилепсия билан касалланган болаларнинг деярли барчаси бошқа болалар сингари, мактаб ва боғчаларга қатнашлари мумкин. Айниқса, идиопатик эпилепсияда боланинг интеллекти сақланган бўлганлиги учун улар умумтаълим мактабларида ўқишади. Бола умумтаълим мактабида ўқиши керакми ёки махсус мактабдами? Бу масалани фақат нейропсихологик тестлар ёрдамида боланинг олий руҳий фаолиятини ўргангач, болалар психологи ёки тиббий психолог ҳал қилиши лозим. Баъзида мактабда эпилептик хуружлар кузатилган болани мактаб ўқитувчилари ўқитишдан воз кечишади. Ҳеч қачон эпилептик хуружнинг кузатилиши болани махсус мактабга ўтказишга асос бўла олмайди. Психолог хулосаси асосида руҳий ўзгаришлар аниқланган тақдирдагина бола махсус мактабларга ўтказилиши мумкин. Агар эпилептик хуружлар олигофрения, болалар церебрал фалажлиги, ўтказилган менингоэнцефалитлар ва шу каби бош миянинг органик касалликлари сабабли ривожланган бўлса, бола махсус мактабда таълим олиши керак.
Спорт ва жамият. Беморни фақат тутқаноқ хуружи борлиги сабабли жамиятдан ажратиб қўйиш ёки алоҳида тарбиялаш нотўғри. Аксинча, бундай беморларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларига имконият яратиб бериш лозим. Агар бемор (бола) тил ўрганмоқчи, спорт билан жиддий шуғулланмоқчи ва жисмоний машқларга қатнашмоқчи бўлса, бунга рухсат бериш керак. Бироқ тренерни огоҳлантириб қўйиш зарур. Беморнинг бундай тадбирларда қатнашиш ёки қатнашмаслиги индивидуал тарзда даволовчи врач томонидан ҳал қилинади. Хуруж тез-тез кузатиладиган ҳолатларда бемор даволаш муолажаларини олиши лозим. Хуруж кам кузатиладиган ҳолатларда бемор спортнинг енгил турларига (бадантарбия, стол тенниси, секин югуриш ва ҳ.к.) қатнашиши мумкин. Спортнинг баъзи турлари, яъни бокс, штанга кўтариш, кураш, сузиш ва тез югуриш мумкин эмас. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, режали тарзда спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш фойдалидир. Чунки сўнгги пайтларда мутахассислар ўсмирларда кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг компютер монитори олдида узоқ ўтиришлари оқибатида кучайиб кетаётганлигини таъкидлашмоқда.
Фаол ҳаёт ва жисмоний меҳнат. Йирик америкалик эпилептолог В. Леннокснинг “Фаол ҳаёт – хуружлар антагонистидир” деган гапини юқорида келтирган эдик. Эпилептологларнинг эътироф этишларича, эпилепсия касаллигида хуружлар пассив ҳаёт кечирувчи беморларда кўп такрорланади. Фаол ақлий ва жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи беморларда эса бу ҳолат кам кузатилади. Шу боис беморларни, айниқса, болалар ва ўсмирларни жисмоний ишлардан, ўқишдан чегаралаб қўйиш ва уларнинг кўз ўнгида оила даврасида касалини муҳокама қилавериш оғир руҳий жароҳатларни юзага келтиради. Бундай болаларда меланхоликларга хос бўлган хулқ-атвор шаклланади, улар руҳий жиҳатдан ногирон бўлиб ўсишади. Бироқ ортиқча руҳий ва жисмоний зўриқишлар хуружлар сонини кўпайтиришини ҳам унутмаслик керак. Кучли стресс хуружларни қўзғаб юбориши мумкин. Беморнинг ҳаёт учун хавфли, яъни ҳайдовчилик, ўт ўчириш, милиция, соқчилик ва қутқарувчилик касбларида ишлашларига йўл қўйилмайди. Шунингдек, кимёвий воситалар мавжуд жойларда ёки баланд биноларда, жароҳатланиш хавфи юқори бўлган завод ва фабрикаларда ишлаш ман этилади. Тунда ишлаш умуман мумкин эмас. Чунки тунда уйқуга тўймаслик хуружлар такрорланиши ёки кўпайиб кетишига олиб келади.
Уй-рўзғор юмушлари ва бошқа тадбирлар. Бемор душ қабул қилганида эшикни ичкаридан бекитмаслиги, иссиқ ёки ўта совуқ душ қабул қилмаслиги, сауналарга бормаслиги, ваннада узоқ вақт қолиб кетмаслиги зарур. Тандирда нон ёпиш, олов ёнида катта қозонларда овқат тайёрлаш, доимо ўткир нарсалар билан ишлашдан эҳтиёт бўлиш лозим. Беморга физиотерапевтик муолажалар ҳам ман этилади. Ишхонада доимий ишловчилардан бир-иккитаси касалликдан воқиф бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бемор узоқ сафарга бир ўзи бормаслиги ва меҳмонхонада ёлғиз қолмаслигига эътибор бериш зарур.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича