Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЭПИЛЕПСИЯ – ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

ЭПИЛЕПСИЯ – ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?


Эпилепсия қандай касаллик?
Эпилепсия – турли хил хуружлар ва ҳушдан кетишлар билан намоён бўлувчи бош миянинг сурункали касаллиги. Ҳар 1000 кишидан 5-10 та одамда эпилепсия касаллиги аниқланади. Эпилепсиянинг 70 фоизи 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади. Касалланиш даражаси эркак ва аёлларда деярли бир хил. 
Эпилепсия буюк шахсларда ҳам учрайдими?
Тарихдан маълумки, Суқрот, Платон, Юлий Цезар, Жанна Дарк, Ван Гог, Наполеон, Ф. Достоевский каби буюк шахслар эпилепсия билан оғриган. Шу сабабдан баъзи мутахассислар фақат кучли тафаккур эгалари эпилепсия билан оғришади дейишса, бошқа бирлари тутқаноқ хуружлари одамда иқтидор куртакларини қўзғаб юборади деб ҳисоблашади. Бу фикрларга тўла қўшилиш қийин. Лекин эпилепсия билан оғрийдиган баъзи беморларда кучли иқтидор аломатларини мен ҳам кузатганман. 
Клиникамизга даволанишга келган беморлар орасида кучли рассом, шоир ва математиклар бўлган. Бундай беморлар ичида инсон ҳайратда қоладиган ҳикматли иборалар ўйлаб топувчилар, ҳикматларга бой бўлган тўртликлар битувчилар кўп. Доимо хуруж кузатиладиган бир бемор қизда сезги ва идрок қобилиятининг кучайганини гувоҳи бўлганман. Бироқ эпилепсия касаллиги билан оғрийдиган аксарият беморларда тутқаноқ хуружлари вақтида тўхтатилмаса, оғир руҳий бузилишларга олиб келади, уларнинг ақли заифлашиб боради. Тутқаноқ хуружлари қанчалик эрта ёшда бошланса, руҳий бузилишлар шунча эрта ривожланиши мумкин. Шундай бўлса-да, оғир руҳий бузилишлар эпилепсиянинг барча турида ҳам кузатилавермайди. 
Эпилепсия наслий касалликми? 
Худди бошқа асаб касалликларидаги каби эпилепсияда наслий омилнинг ҳам аҳамияти бор. Ўтган асрнинг 50-йил­ларигача аксарият давлатларда эпилепсияда наслий омилнинг аҳамияти жуда бўрттириб кўрсатилган. Кейинчалик илм-фан ютуқлари бундай фаразни йўққа чиқарди. Ҳозирги даврнинг статистик маълумотларига кўра, ота-оналардан бири эпилепсия билан оғриса, улардан касал бола туғилиши хавфи 10 фоиздан ошмайди. 
Эпилепсиянинг нечта тури бор?
Эпилепсиянинг тури жуда кўп. Бироқ тиббий амалиётда эпилепсиянинг барча турларини 3 гуруҳга ажратиб ўрганишади. Булар: 
  1. Симптоматик эпилепсия – бош миянинг бирор-бир касаллиги сабабли (ўсма, менингит, лептоменингит, бош мия жароҳатлари ва бошқа омиллар) ривож­ланган эпилепсия.
  2. Идиопатик эпилепсия – келиб чиқишида наслий омил аҳамиятли бўлган эпилепсия. Уларда бош мия касалликлари аниқланмайди.
  3. Криптоген эпилепсия – сабаби топилмаган эпилепсия. Бундай беморларда эпилепсия аниқланади, бироқ унинг сабабларини аниқлаб бўлмайди.

Ёши
Эпилепсиянинг асосий сабаблари
2 ёшгача
Ҳомиладор она касалликлари. 
Туғиш пайтидаги мия жароҳатлари. 
Ўткир инфекциялар.
Минерал моддалар, витаминлар ва аминокислоталар етишмовчилиги (калций, магний, В6 витамини, глутамин кислотаси, фолат кислота етишмовчилиги).
Генетик бузилишлар
2-12 ёш
Наслий омиллар.
Ўткир инфекциялар.
Бош мия жароҳатлари.
Фебрил тутқаноқлар (тана ҳарорати ошганда учрайдиган хуружлар).
12-18
Ёш
Наслий омиллар.
Ўткир инфекциялар.
Бош мия жароҳатлари.
Мия томирлари аневризмалари.
18-35
ёш
Бош мия жароҳатлари.
Бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари.
Алкоголизм.
Бош мия ўсмалари.
35 ёшдан сўнг
Бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари.
Бош мия жароҳатлари.
Бош мия ўсмалари.
Алкоголизм.
Бош мия қон томир касалликлари.

Изоҳ: Эпилепсия сабаблари ичида бош мия жароҳатларининг кўп учрашига эътибор беринг.



Эпилепсия сабаблари жуда кўпми?
Ҳа, кўп. Уларнинг қисқартирилган кўриниши ушбу жадвалда келтирилган.

Эпилепсия сабаблари
(Харрисон маълумотлари, 2000 й.)

Аура нима ёки эпилепсия хуружи бошланишини олдиндан билиш мумкинми?
Аура – бу эпилепсия хабарчиси. Хуружлар бошланишига бир неча соат қолганда, баъзан эса бир-икки кун олдин беморнинг уйқуси қочади, хавотир пайдо бўлади, жаҳлдор бўлиб қолади, юзи ёки танасининг баъзи жойларида увишишлар пайдо бўлади, лаб бурчаклари титрай бошлайди. Одатда, мана шу белгилардан сўнг катта тутқаноқ хуружлари бошланади. Тутқаноқ хуружларидан олдин аураларнинг келиши бу яхши. Чунки бундай пайтда бемор ўзини хавфсиз жойга олади, ота-онасисиз ёки ўзи уйдан чиқиб кетмайди, хавфли жойларда юрган бўлса, хавфсиз жойга ўтади ва ҳ.к. Бироқ эпилепсиянинг баъзи турларида ауралар кузатилмайди. Аурасиз учрайдиган катта тутқаноқ хуружлари ҳаёт учун хавфлидир. Бундай беморлар бош мия ва тан жароҳатларига кўп дучор бўлишади. Чунки хуружлар бўлиш пайтини бемор билмайди ва ўзини хавфсиз жойга ололмайди. 
Тутқаноқ хуружи қандай бошланади?
Тутқаноқ хуружи тўсатдан бошланади. Хуруж бошланганда беморнинг юзи ва оёқ қўллари бир томондан тортиша бошлайди ва бемор ғужанак бўлиб ётиб олади. Нафас олиш қисқа вақтга тўхтайди ва беморнинг ранги кўкариб кетади. Бу пайтда у қичқириб юборади, тилини тишлаб олади. Беморнинг барча мускуллари қотиб қолади (тоник босқич). Бу давр ўртача 1 дақиқа давом этади. Баъзида 30 сониядан ошмайди.
Кейин хуружларнинг титроқли даври (клоник босқичи) бошланади. Бунда бош ва оёқ-қўллар титрай бошлайди. Бош орқа ва ён томонларга буралади, кўз олмаси юқори ва ён томонга қараб оғади. Шу ҳолатда титрашлар давом этиб туради. Титроқлар 2-3 дақиқа давом этади, бу пайтда бемор сийиб ҳам юборади. Тоник-клоник хуружларнинг умумий давомийлиги 3-5 дақиқага тенг. Хуружлардан сўнг бемор 2 соат мобайнида қаттиқ уйқуга кетади. Уни уйғотмаслик керак. Уйқудан тургандан сўнг бош оғриғи кузатилади.
Тунги хуружлар қандай рўй беради?
Тунда бўладиган хуружлар турли-туман бўлади. Хуружларнинг баъзилари қуйидагича кечиши мумкин. Бемор бирдан уйғониб кетади, боши қаттиқ оғриётган бўлади, қайт қилади ва аста-секин кўзи ва боши ён томонга қайрилган ҳолда тутқаноқ хуружлари бошланиб кетади. Юзи қийшайиб қолади, оғзидан сўлак оқади ва дудуқлана бошлайди. Баъзан ётган жойидан тўсатдан туриб ўтириб олади, оёқлари билан велосипед ҳайдаётгандек ҳаракатлар қилади ёки ғужанак бўлиб ётиб олади. Гоҳида ўрнидан туриб юриб кетади ва бир оздан сўнг тўхтайди, баъзан уйдан чиқиб кетади. Бу хуружлар, одатда, 30 сониядан 2-3 дақиқагача давом этади. Кейин бемор ўзига келади, нималар қилганини эслай олмайди, баъзан қилиқларини чала бўлса-да, айтиб беради. Тунда бўладиган хуружларда бемор тилини тишлаб олиши, оғзидан қон аралаш кўпик чиқиши, тагига сийиб юбориши мумкин. 
Эпилепсия ва уйқу
Эпилепсия билан оғриган беморлар учун кеч уйқуга кетиш ва мажбуран эрта уйғониш хавфлидир! Уйқунинг давомийлиги 6-8 соатдан кам бўлмаслиги керак. Эрталаб уйғонгандан сўнг мажбуран кўп ухлайвериш ҳам мумкин эмас. Бундай беморларда баъзан кундуз куни тўсатдан ухлаб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади ва бу ҳолат нарколепсия деб аталади. 
Фокал хуруж нима?
Бош миянинг бирор-бир маркази қўзғалиши ҳисобига рўй берадиган тутқаноқ хуружига фокал, яъни ўчоқли хуруж деб айтилади. Фокал хуружлар тананинг маълум бир соҳасида титрашлар, бошнинг титраши, кўзга ҳар хил нарсаларнинг кўриниши, қулоққа турли овозларнинг эшитилиши, тўсатдан келадиган қўрқув ва қоринда кузатиладиган оғриқ хуружлари кўринишида рўй беради. Уларнинг давомийлиги 30 сониядан ошмайди. 
«Аввал кўрган» ёки «ҳеч қачон кўрмаган» феномени ҳам фокал хуружлар учун хосдир, яъни бемор ҳеч қачон кўрмаган жойни худди аввал кўргандек ёки ўзига аввал жуда таниш бўлган ёки аввал яшаган жойларини энди биринчи марта кўриб тургандек туюлади. 
Оддий ва мураккаб фокал хуружлар фарқланади. Оддий фокал хуружларда бемор ҳушини йўқотмайди. Мураккаб фокал хуружларда эса бемор ҳушини йўқотади. Мураккаб фокал хуружларда ҳушсиз ётган беморда ютиниш, чайнаш, бирор жойини силаш, чапак чалиш каби автоматик ҳаракатлар кузатилади. Мураккаб фокал хуружларнинг давомийлиги ҳам 30 сония атрофида. Бемор ўзига келганидан сўнг бир оз карахт ҳолатда бўлади. 
Фокал хуружларда бош мия касалликларини топиш учун чуқур неврологик текширувлар ўтказиш лозим. Деярли 60 % эпилепсия фокал хуружлар билан кечувчи эпилепсиядир.
Эпилепсия руҳий касалликми?
Эпилепсия руҳий касаллик эмас. Бироқ эпилепсия билан касалланганларнинг деярли ярмида кейинчалик руҳий бузилишлар ривожланади. Аксарият ҳолларда руҳий бузилишлар даражаси хуружлар сонига боғлиқ. Хуружлар кўпайган сайин беморнинг шахси ўзгариб, руҳий бузилишлар кучайиб ва кўпайиб бораверади. Эпилепсияда бемор шахсининг ўзгариши ўзига хослиги билан ажралиб турадики, бунинг натижасида тиббий амалиётда «эпилептик характер» деган ибора пайдо бўлди. Бундай беморлар жуда эзма, қайсар, бесабр, тез хафа бўладиган, кайфияти тез ўзгариб турадиган, арзимаган майда ишларга ўралашиб юрадиган, тез жанжал кўтарадиган, майдагап ва жаҳлдор бўлиб қолишади. Албатта, беморда бу белгилар турли даражада ифодаланган бўлиши мумкин ва уларнинг қанчалик яққол намоён бўлиши тутқаноқ хуружларининг нақадар кўп кузатилиши, эпилепсия тури ва беморнинг даволаниш тарзига боғлиқ. 
Яхши кайфиятда юрган бемор бирдан ўзгариб қолиши ва қўпол сўзлар билан яқинларини ҳақорат қила бошлаши мумкин. Бундай ҳолат у бирор нарсасини топа олмаса, унинг қилаётган ишига четдан кимдир аралашиб, хатосини кўрсатса, унинг фикрига зид фикр билдирса рўй беради. Бундай пайтларда бемор тезда жанжал кўтариб, уришиб кетади. Баъзан арзимаган нарсадан кўтарилган жанжал аффект даражасига етиб, бемор ўзи ёки атрофдагиларга тан жароҳати етказиб қўяди. Шунинг учун ҳам бундай беморни даволаётган врач уни психиатр назоратига юбориши керак. 
Хулқ-атвор ва кайфият нега ўзгаради?
Эпилепсияда кузатиладиган шахсият ўзгаришлари касалликнинг қайси ёшда бошлангани, хуружлар сони ва тури, ўтказилаётган муолажаларнинг қандай олиб борилаётганига узвий боғлиқ. Касаллик қанчалик эрта ёшда бошланса ва хуружлар ҳадеб такрорланаверса (айниқса, ҳушнинг йўқолиши билан кечувчи), шахс ўзгаришлари шунчалик тез ривожланади ва оғир кечади. Бош миянинг чакка бўлаги зарарланиши сабабли юзага келган эпилепсияда шахс бузилишлари кучли ифодаланган бўлади.
Эпилепсияда хулқ-атвор ўзгаришлари баъзан «ижобий» тус олади. Масалан, улар бировларга керагидан ортиқча меҳрибон, бош ёрдамчи, кулиб турадиган, мулойим, ҳар қандай ишга бел боғлаб киришиб кетадиган шахслардир. 
Бу меҳрибонлик баъзи ҳолларда оила аъзоларига эмас, бегоналарга кўрсатилади. Шундай бўлса-да, унинг жаҳлини чиқариш осон, қилаётган ишларига мос эътиборни сезмаса ёки танбеҳ олса, бемор яна ўзгариб, қайсар ва ўжар бўлиб қолади. Бемор бирорта одамдан қаттиқ ранжиса, у билан сира мулоқотга киришмайди.
Эпилепсия билан касалланган баъзи беморлар ёлғонга ўч бўлса, бошқа бирлари ҳақиқатпарвар бўлишади, адолатсизликка чидай олишмайди. Унинг учун бегона бўлган одам ноҳақликдан азият чекса, узоқ вақт у ҳақида гапириб юради, қўлидан келса, ёрдамга шошади. Баъзи беморлар уйни ва ишхонасини жуда саранжом ва саришта тутишади, озода юришади, чиройли кийинишади, яъни улар тартибга қаттиқ риоя қилишади. 
Эпилепсия учун клептомания (керакмас нарсаларни ўғирлаб қўйиш) ҳам хос. Жуда кам ҳолатларда яхши кайфиятда юришади. Улар бегона одам билан ҳам ҳазиллашаверади, бирор-бир кулгили воқеа ўйлаб топиб гаплашиб кетаверишади, масхарабоз бўлишади, пардасиз латифалар ўйлаб топишади, гап орасида ҳадеб кечирим сўрайверишади. Таниш одамларни учратиб қолишса, йиғлаб ҳам олишади (айниқса, аёллар). Баъзи беморларда жинсий фаолликнинг ошиб кетиши кузатилади.
Эпилепсия ақлий заифликка олиб келадими?
Эпилепсиянинг баъзи турлари бора-бора ақлий заифликка олиб келиши мумкин. Баъзи беморларнинг хотираси пасайиб, тафаккур доираси торайиб боради. Бироқ бу бузилишлар дарров пайдо бўлмайди, секин-аста вужудга келади. Йиллар ўтиб, диққат тарқоқлиги ривожланади, фикрлар теранлиги сусаяди. 
Бемор диққат-эътиборни талаб қилувчи ақлий машқларни бажаришда қийналади ёки уддасидан чиқа олмайди. Улар учун бир ишга киришиб кетиб, охиригача етказа олмай ташлаб қўйиш, асосий иш билан иккинчи даражали ишни чалкаштириш, кераксиз ишларга ўралашиб юриши мумкин.
Фикрлар карахтлиги беморнинг нутқида ҳам акс этади. Берилган саволларга лўнда қилиб жавоб бера олмайди, бир айтган гапини яна бир неча бор такрорлайверади ёки суҳбат бошида тушунарли бўлиб қолган воқеани яна сўзлаб беради. Улар ҳиссиётга берилиб сўзлашади, баъзан камгап, баъзан сергап бўлишади. Бу беморнинг кайфиятига боғлиқ. 
Ёши катта беморларда, айниқса, аёлларда, пуерилизм, яъни болаларга хос хулқ-атвор кузатилади. Уларнинг нафақат хатти-ҳаракатлари, балки фикрлаш доираси ҳам ёшидан орқада қолиши мумкин. Баъзан эса, 5-7 яшар болалар ўз ёшига мос келмайдиган ақл-заковатни кўрсатишади. Улар худди катталардек фикр юритишади, фойдали маслаҳатлар бериб қўйишади. 
Баъзи ота-оналар боладаги бундай қобилиятдан қўрқиб кетиб, болани психиатрга ҳам кўрсатишади ёки бўлмаса фахрланиб юришади ва боладаги ноёб қобилиятни эпилепсия билан боғлашмайди. Демак, бошқа руҳий касалликлардан фарқли ўлароқ, эпилепсия бир-бирига зид бўлган руҳий ўзгаришлар билан кечувчи касалликдир. 
Эрта ривожланган эпилепсияларда ақли заифлик кўп кузатилади. Бу ҳолат болаларда олий руҳий функциялар ҳали тўла шаклланмаганлиги билан боғлиқ. Шу боис болалик даврида кузатиладиган бош миянинг ҳар қандай оғир касаллиги руҳият ва тафаккурнинг у ёки бу даражада бузилишлари билан кечади.
Эпилепсия билан касалланган беморда кейинчалик бош миянинг турли касалликлари кузатилса, масалан, бош мия жароҳати, менингит, қон томир касалликлари, алкоголизм, руҳий бузилишлар кучаяди. Руҳий бузилишлар яққол ифодаланган беморда кейинчалик тутқаноқ хуружлари бутунлай тўхташи мумкин. Шунинг учун ҳам психиатрлар ва тиббий психологлар эпилепсиянинг сўнгги босқичларида тутқаноқ хуружлари ўрнини руҳият бузилишлари эгаллайди, деб айтишади.
Эслатма. Эпилепсиянинг 3-5 йил ичида бутунлай тузалиб кетадиган, ақлий ва руҳий бузилишлар умуман бўлмайдиган турлари ҳам кўп.
Эпилепсия ва ступор (қотиб қолиш)
Эпилепсияда ступор турли даражада, яъни оддий камҳаракатликдан тортиб, қотиб қолишгача кузатилади. Қотиб қолган беморда мутизм (гапирмай қўйиш) пайдо бўлади, бироқ у бировнинг сўзи ва ҳаракатини такрорлаши мумкин. 
Одатда, ступор бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Ступор пайтида тўсатдан фаол ҳаракатлар пайдо бўлиши ва бемор атрофдаги нарсаларни отиб юбориб, ёнидагилар билан уришиб кетиши мумкин. 
Ступор, одатда, хуружлардан сўнг кузатилади, бунда тўла ва қисман амнезия (хотира йўқолиши) ҳам вужудга келади.
Эпилепсия билан касалланган беморни даволаса бўладими?
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, эпилепсия билан касалланган беморни даволаш қанча эрта бошланса, тўла тузалиб кетиш имконияти шунча юқори бўлади. Тутқаноқ хуружлари кузатилган бемор врач назоратига олиниши ва барча текширувлардан ўтказилиши лозим. Шунингдек, даволашни энди бошлаган даврда айнан қайси дори эпилепсиянинг қайси турига фойда қилишини билиб олиш керак. 
Антиконвульсантлар қандай буюрилади?
Эпилептик хуружларни бартараф этиш учун бериладиган дориларни антиконвульсантлар деб аташади. Масалан, финлепсин, депакин, конвулекс каби дорилар антиконвульсант ҳисобланади. Даволашнинг муваффақиятли кечиши тўғри аниқланган ташхис ва тўғри танланган дори турига боғлиқ. 
Даволашда қуйидаги қоидаларга амал қилиш зарур:
Даставвал эпилепсия тури, беморнинг ёши, қандай касалликлар билан оғриганлиги, дориларга аллергияси бор-йўқлиги ва руҳий ҳолати аниқланади.
Электроэнцефалография (ЭЭГ) албатта қилиниши ва даволовчи врач ЭЭГ хулосаларини ўқий олиши керак. Бу текширув эпилепсия ташхисини қўйиш ва унинг турини аниқлаш учун энг асосий текширув усулидир. Уни заруратга қараб ҳар 3-6 ойда ўтказиб туриш мумкин. Ташхис қўйиш мушкул ҳолатларда ЭЭГ видеомониторинг қилинади. Бунда беморнинг бошига тақиб қўйилган электродлар орқали бош мия биотоклари 12-24 соат мобайнида ёзиб турилади. Бу ёзувлар компютер мониторида акс этиб туради ва биратўла видеога ёзиб борилади. Хулоса беморнинг қариндошларига CD дискда ёзиб берилади. Видеомониторинг, айниқса, абсанслар билан кечувчи эпилепсияда кўп қўлланилади. Бу усул билан бир кунда беморда неча маротаба абсанс рўй берганини аниқлаб олиш мумкин. Баъзида абсанслар бир кунда 50-100 марта ҳам кузатилади.
Даволаш учун дастлаб битта дори танланади ва у кам дозада бериб борилади. Дорининг дозаси ҳар 3-5 кунда ошириб борилади. Бунда тана вазни, хуружлар сони, беморнинг умумий аҳволи эътиборга олинади. Танланган дорининг бемор учун зарур дозаси аниқлаб олиниши ўта муҳим. Бу врачдан катта маҳорат ва тажрибани талаб қилади. 
Антиконвульсантларнинг қандай берилиши индивидуал тарзда ҳал қилиниши ва буни фақат даволовчи врач ҳал қилиши керак. Даволаш режасини тузишда Халқаро стандартларга таяниб иш кўриш лозим.
Бемор тузалгандан сўнг эпилепсия хуружлари яна қайта қўзғамайдими?
Агар даволаш тўхтатилгандан сўнг, яъни эпилепсияга қарши дориларни қабул қилиш поёнига етгач, хуружлар 5 йил мобайнида кузатилмаса, бемор тузалди деб хулоса қилинади. Бироқ Халқаро эпилептологлар ассоциацияси маълумотларига кўра, 20 % беморда тўла тузалиш кузатилмайди. Бундай беморлар операция йўли билан даволаниши керак. Бироқ операция ҳам ёрдам бермаслиги мумкин. 
Эпилепсия ва тутқаноқ хуружларининг 80 фоизини терапевтик йўл билан, яъни дори-дармонлар билан даволаш мумкин. Айниқса, болалик даври эпилепсиялари, кам хуружлар билан кечувчи эпилепсия турларини самарали даволаш имкони бор. 
Агар тутқаноқ хуружлари бош мия жароҳатлари, бош мия қон томир касалликлари (энцефалопатиялар), бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари (менингит, энцефалит, лептоменингит), турли интоксикациялар (алкоголизм, болалар ва ўсмирларда гижжа) сабабли ривожланган бўлса, тутқаноқ хуружларини тўхтатиш учун касалликни келтириб чиқарувчи сабабни бартараф этиш лозим. 
Статистик маълумотларга кўра, даволаш курсини тўғри ўтаган беморларнинг 50 фоизида кейинчалик хуружлар сира кузатилмайди, 30 фоизида хуружлар кам бўлса-да, қайталаниши мумкин, 20 фоизида даволаш қандай олиб борилишидан қатъи назар хуружлар қайталайверади, яъни ижобий натижа бўлмайди.
Даволаш натижа бермаслигининг сабаблари нимада?
Бунинг сабаблари бир қанча бўлиб, унинг асосийлари қуйидагилар: 
  • эпилепсия тури нотўғри аниқланган, яъни ташхис нотўғри қўйилган; 
  • дори ёки унинг дозаси нотўғри танланган ва кам дозада берилаяпти; 
  • дори қабул қилиш режими тез-тез бузилган; 
  • кечқурун тўйиб ухламаган ёки тунда ишлайди.
Дори ичишни қачон тўхтатиш мумкин?
Тўғри даволаш бошланганидан сўнг 2-3 йил мобайнида хуружлар кузатилмаса, аста-кекинлик билан дорилар қабул қилиш тўхтатиб борилади. 
Эпилепсиянинг баъзи турларида бу муддат 5 йилгача чўзилади. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, деярли 30 фоиз беморда хуружлар яна қайталаниши мумкин. Бундай ҳолатларда даволанишни яна давом эттириш керак бўлади. 
Эпилептик хуружларни батамом тўхтатувчи дорилар борми?
Эпилепсиянинг барча турларига зўр таъсир қилувчи универсал дори ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Масалан, карбамазепин тутқаноқ хуружларини яхши бартараф этса, бироқ абсанслар билан кечувчи эпилепсияда ёрдам бермайди. Этосуксимид, депакин, конвулекс абсансларни тўхтатишда жуда фойдали, аммо тоник ва клоник титрашлар билан намоён бўлувчи тутқаноқ хуружларини тўхтата олмайди. Бензонални қабул қилиб юриш эса бора-бора ақлий заифликка олиб келади.
Агар ичиб юрган дори фойда қилмаса, уни бошқа дорига ўзгартириш тартиби қандай?
Фойда қилмаган дорини бирдан тўхтатиш асло мумкин эмас! Бу хавфли! Шунинг учун бир дорини иккинчи дорига ўзгартириш схемасини келтириб ўтаман. Дейлик, бемор А дорини 1 таблеткадан 3 маҳал қабул қилиб юрибди. Уни қандай қилиб Б дорига ўзгартириш мумкин? Ушбу схема қуйидаги жадвалда келтирилган (Бу жадвал врачлар фойдаланиши учун мўлжалланган).


Дорилар
Аввал ичиб юрган дориси
A
A
A
1–3 кун
A
A
B
4–6 кун
A
B
B
7 кундан кейин
B
B
B

    


Демак, А дорининг дозасини ҳар 3 кунда камайтириб, Б дорига ўтиб бориш мумкин. Буни врач назоратида амалга ошириш керак. Врач хоҳишига кўра бир доридан иккинчи дорига ўтиш тартибини 3 кун эмас, балки 5 кун қилиб белгилаш мумкин. Бир доридан иккинчи дорига ўтишни ЭЭГ назоратида амалга оширса, самараси яхши бўлади. 
Нима учун эпилепсияда доимо ЭЭГ текшируви ўтказиш тавсия этилади?
Чунки ЭЭГ эпилепсия турини тўғри аниқловчи ягона текшириш усулидир. Янги дорининг фойда бериш ёки бермаслигини даставвал ушбу текширув орқали билиб олиш мумкин. Чунки хуружлар камайишидан олдин ўзгаришлар аввал ЭЭГда кўзга ташланади. ЭЭГни эпилепсияни яхши тушунадиган мутахассис невропатолог ўтказиши керак. ЭЭГ қилаётганда, албатта, фотостимуляция синовини ўтказиш лозим. Фотостимуляция – иккала кўзга махсус мослама ёрдамида ёруғлик нурлари орқали таъсир ўтказиш.
Ана шунда кўринмас тўлқинлар юзага чиқиб, эпилепсиянинг турини аниқлаш осон кечади. Гипервентиляция, яъни ЭЭГ олаётганда чуқур-чуқур нафас олиш ҳам эпилептик хуружлар, айниқса, абсансларни тез аниқлашга ёрдам беради. Баъзида абсансни юзага келтириш учун гипервентиляция ёки фотостимуляциянинг ўзи етарли. Хуружлар энди бошланган беморда эпилепсиянинг турини аниқлаш қийин кечади. Бунинг учун камида ҳар ойда бир марта ЭЭГ қилиб, беморни назоратга олиб, хуруж турларини аниқлаш ўта муҳимдир.
Қандай дориларни эпилепсияда бериб бўлмайди? Витаминлар тутқаноқ хуружларини кучайтирадими?
Тутқаноқ хуружларини кучайтириш мумкин бўлган дорилар бир қанча бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида маълумот бериб ўтамиз. 
Охирги пайтларда баъзи беморлар ёки уларнинг қариндошлари интернет орқали ёки бошқа бир беморнинг тавсиясига кўра дори танлайдиган бўлиб қолишган. Бу ўта хавфли! Фақат врач тавсиясига кўра иш қилиш керак. Таркибида кофеин сақловчи дориларни (кофеин бензоат натрий), психостимуляторлар, антихолинэстеразлар (прозерин, нивалин, нейромидин), биостимуляторлар, церебрал метаболиклар ва таркибида женшен миқдори кўп бўлган дорилар эпилепсия касаллигида тавсия этилмайди. Витаминлардан В1 витамини хуружларни кучайтириши мумкин, қолган витаминларнинг хавфи йўқ. Масалан, В6 витамини (пиридоксин) эпилепсияда жуда фойдалидир. Айниқса, эрта ёшдаги болаларда кузатиладиган эпилепсиянинг баъзи турлари пиридоксин, яъни В6 витамини етишмаслиги сабабли рўй беради. 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, поливитаминларнинг ҳам зиёни йўқ. Уларни беморлар врач белгилаган миқдорда қабул қилишлари мумкин. Шунингдек, баъзи аминокислоталар, яъни лецитин, метионин, глутамин кислотаси, фолат кислотаси тутқаноқ хуружларини тўхтатишга ёрдам беради. Чунки ҳар бир хуружда мия тўқималарида уларнинг миқдори камая боради. Эпилепсия билан касалланган беморларни, айниқса, болаларни даволашда ушбу аминокислоталарни режали тарзда бир неча ойлаб бериб туришларини тавсия қилган бўлардим. Бу дорилар эпилепсияга қарши бериладиган дориларнинг жигарга зарарли таъсирини камайтиради.
Беморни даволаш учун 2-3 хил дорини биргаликда берса бўладими?
Эпилепсия тури аниқлангандан сўнг касалликнинг айнан ўша турига самарали таъсир кўрсатувчи дориларнинг биттаси танлаб олинади. Дори кам дозада бериб бошланади ва секин-аста ошириб борилади. Ҳар бир дорининг дозаси ва унинг қай тарзда берилиши беморнинг ёши, хуружлар сони, касаллик сабаби, йўлдош касалликлар бор-йўқлиги, монелик қилувчи ҳолатлар ва шу каби бошқа вазиятларга қараб врач томонидан белгиланади. Агар дори кўрсатилган муддатгача тавсия қилинган тақдирда ҳам фойда бермаса, врач уни бошқа дорига ўзгартиради. Одатда, дорининг таъсир қилиш-қилмаслиги 1 ҳафтадан сўнг билинади. Агар хуружлар сони камайса-ю, бутунлай тўхтамаса, қўшимча равишда иккинчи дори тавсия қилинади. Лекин иккинчи дорини тавсия қилишга ҳеч вақт шошмаслик керак. 
Баъзида врачлар «Мен ҳаммасини тўғри ёзганман, бироқ бемор дори ичиш режимини доимо бузиб юради» деб бемордан арз қилишади. Ҳатто Европа мамлакатларида ҳам деярли 30 % бемор дори ичиш режимига амал қилмайди. Бунинг асл сабабини ўрганиш учун беморлар орасида сўровнома ҳам ўтказилган. Сўровномада биттагина савол қўйилган. “Сиз дори ичиш режимини нега бузаяпсиз?”. Жавоблар қуйидагича бўлган: “Дори ножўя таъсир кўрсатгани учун (масалан, бош айланиш, ҳолсизлик)”, “Тузалиб кетишимга ишонмаяпман”, “Дори ичиш тез-тез эсимдан чиқиб қолаяпти”, “Дори ичавериш жонимга тегди” ва ҳ.к. 
Дори ичиш режими бузилишининг асосий сабабларидан бири – бу эпилепсиянинг сурункали кечиши ва дорини йиллаб ичиш кераклигидир. Беморнинг тузалиши ундан сабр-тоқатни, даволовчи врачдан эса иродани талаб қилади. 
Дори ичиш режимини бузмаслик учун уни 2 маҳал, яъни эрталаб ва кечқурун тавсия қилган маъқул. Чунки эрталаб ҳам, кечаси ҳам беморнинг дори ичаётганлигини назорат қилувчилар ёки дори ичишни эслатиб турувчилар кўп бўлади (масалан, эрталабки нонушта ва кечқурунги овқатланиш пайти). Бунинг учун таъсири 12 соат давом этувчи дориларни танлаб олиш зарур. Кундуз куни эса бемор дори ичишни унутиб қўйиши ёки ичмаслиги мумкин. Бироқ хуружлар тез-тез бўладиган ҳолатларда кунига 4 маҳал дори ичишга тўғри келади. Бундай бемор, албатта, кимнингдир назоратида дори ичиши лозим.
Эпилепсия касаллигида дорини йиллаб ичиш тавсия қилинади. Бу жигарга зиён эмасми?
Олимлар сурункали касалликларда доимий равишда қабул қилинадиган дориларни ишлаб чиқишда уларнинг организм, шу жумладан, жигарга зарарли таъсирини ҳам албатта ўрганишади. Бундай дорилар узоқ муддат қабул қилишга мўлжалланган. Шундай бўлса-да, даволашни бошлашдан олдин ва кейинчалик (ҳар йили 1-2 марта) жигар ферментларини текшириб туриш зарур. Айниқса, валпроатларни (депакин, конвулекс) тавсия қилганда, жигар ферментларини текшириб бориш тавсия этилади. Агар бемор қўшимча равишда аминокислоталар, яъни глутамин кислотаси, лецитин, метионин, фолат кислотаси ичиб юрса, дорининг жигарга зарарли таъсири пасаяди.
Беморни даволаш учун берилаётган дорилар хотира ва ақлий ривожланишга зиён қилмайдими?
Айтиб ўтганимиздек, хуружлар тез-тез кузатилса, беморнинг нафақат хотираси бузилади, балки унинг ақлий ривожланиши ҳам орқада қолади. Масалан, бензонални йиллаб қабул қилиш ақлий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам бензонал кўп мамлакатларда қўлланилмайди. Бироқ финлепсин (карбамазепин), конвулекс, депакин, топирамат (топамакс) каби дорилар хуружларни тўхтатиш билан бирга, беморнинг хулқ-атвори ва ақлий ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Эпилепсия билан касалланган беморни жарроҳлик йўли билан даволаш мумкинми?
Ҳа! Бундай беморларни жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин. Бунинг учун бош миянинг эпилептик хуружлар келтириб чиқарувчи қисмига махсус жарроҳлик йўли билан таъсир кўрсатилади. Бундай операцияларнинг ижобий таъсири жуда юқори. Одатда, дорилар билан даволаш қийин бўлган беморга жарроҳлик усули тавсия қилинади. Бироқ бемор хоҳишига кўра эпилепсиянинг дори билан даволаса бўладиган турларини ҳам операция йўли билан даволаш мумкин. 
Авваллари операция йўли билан даволаш фақат катталарда ўтказилган бўлса, ҳозирги кунда болалар ва ўсмирларни ҳам операция билан даволаш қўлланилмоқда. Таъкидлаш лозимки, тутқаноқ хуружлари бош мия ўсмалари ёки унда мавжуд бўлган йирик чандиқлар ҳисобига ривожланса, бундай беморларни албатта операция қилиш керак. Бироқ хирургик усуллар эпилепсиянинг барча турига ҳам ёрдам беравермайди.
Беморлар ва уларнинг ота-оналарига маслаҳатлар
  1. Телевизор ва компютерга ўч бўлманг. Эпилепсия билан касалланган беморни назоратга олган врач унинг ҳаёт тарзини чуқур ўрганиб, соғлом турмуш тарзига ўргатиши лозим. Масалан, ҳозирги кунда аҳолининг аксарият қисми телевизор ва компютер монитори олдида вақт ўтказади. Баъзи болаларнинг қўлидан телефон тушмайди. Бемор бундай воситалардан ўзини чеклаши лозим. Телевизорни қоронғи хонада эмас, ёруғ хонада кўриш керак ва телевизоргача бўлган масофа 2 м дан ортиқ бўлиши зарур. Телекўрсатувларни томоша қилиш давомийлиги 2 соатдан ошмаслиги керак. Фотосенситив эпилепсияда телевизор кўриш ёки компютер монитори олдида ўтириш ман этилади. Қулоққа тақиладиган мослама орқали доимо мусиқа эшитиб юриш ҳам эпилеп­сиянинг баъзи турлари учун хавфли.
  2. Мактаб ва боғчага бориш мумкин. Эпилепсия билан касалланган болаларнинг деярли барчаси соғлом болалар каби мактаб ва боғчаларга қатнашлари мумкин. Бундай пайтларда таълим муассасасидаги врачлар хабардор қилинади. Бироқ олигофрения, болалар церебрал фалажлиги каби бош миянинг органик касалликларида кузатиладиган тутқаноқ хуружларида болалар, албатта, махсус мактабларда таълим олишлари керак. Бемор болаларни фақат тутқаноқ хуружи борлиги сабабли жамиятдан ажратиб тарбиялаш нотўғри. Аксинча, уларга тўлақонли ҳаёт кечиришга имконият яратиб бериш лозим. Улар тил ўрганмоқчи, спорт ва жисмоний тарбия машқларига қатнашмоқчи бўлса, рухсат бериш керак, бироқ мураббий бундан хабардор бўлиши зарур.
  3. Спорт ва жисмоний машқлар хуруж тез-тез кузатиладиган ҳолатларда мумкин эмас. Хуруж кам бўладиган ҳолатларда бемор спортнинг енгил турларига қатнашиши мумкин. Спортнинг баъзи турлари, яъни бокс, тош кўтариш, кураш, сузиш, тез югуриш асло мумкин эмас. Таъкидлаш лозимки, режали тарзда спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш фойдалидир. Чунки сўнгги пайтларда мутахассислар ўсмирларда кузатиладиган тутқаноқ хуружларининг компютер монитори олдида узоқ ўтиришдан кучайиб кетаётганлигини таъкидлашмоқда. 
  1. Пассив ҳаёт ва эпилепсия. Йирик америкалик эпилептолог В.Леннокс “Фаол ҳаёт – хуружлар антагонистидир” деган эди. Мутахассислар эпилепсия касаллигида хуружларнинг пассив ҳаёт кечирувчи беморларда кўп, фаол ақлий ва жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи беморларда эса кам кузатилишини айтишади. Беморлар, айниқса, болалар ва ўсмирларни жисмоний хатти-ҳаракатлардан, ўқишдан чегаралаб қўйиш ва
уларнинг кўз ўнгида касаллигини муҳокама қилавериш оғир руҳий асоратлар қолдиради. Бундай болаларда меланхоликларга хос бўлган хулқ-атвор шаклланади, улар руҳий ногирон бўлиб ўсади. Лекин ортиқча руҳий ва жисмоний зўриқишлар хуружлар сонини кўпайтиришини ҳам унутмаслик керак. 
  1. Бемор учун хавфли ишлар. Беморга унинг ҳаёти учун хавфли ишлар, яъни ҳайдовчилик қилиш, ўт ўчириш, милисия, соқчилик ва қутқарувчилик касбларини эгаллаш, шунингдек, кимёвий воситалар билан ёки баланд биноларда, жароҳатланиш хавфи юқори бўлган завод ва фабрикаларда ишлаш мумкин эмас. Тунги ишларда ишлаш умуман ман этилади. Чунки тунда уйқуга тўймаслик хуружлар такрорланишига ёки кўпайиб кетишига туртки бўлади.
  2. Душ қабул қилиш қоидалари. Бемор душ ёки ванна қабул қилганида эшикни ичкаридан беркитмаслиги, иссиқ ёки ўта совуқ душ қабул қилмаслиги керак, сауналарга қатнамаслиги ва узоқ вақт ваннада қолиб кетмаслиги зарур.
  3. Оловга яқин юрманг. Тандирда нон ёпиш, олов ёнида катта қозонларда овқат тайёрлаш, иссиқ жойларда ишлаш мумкин эмас.
  4. Физиотерапия мумкин эмас. Физиотерапевтик муолажалар (электрофорез, магнитотерапия, электротерапия, дорсанвал) қўллаш мумкин эмас.
  5. Ишхонадагилар хабардор бўлсин. Ишхонада доимий ишловчилардан бир-иккитаси касалликдан хабардор бўлиши керак, узоқ сафарларга ёлғиз ва меҳмонхоналарда ёлғиз бўлмаган маъқул.

Тутқаноқ хуружи пайтида қандай тез ёрдам кўрсатиш керак?
Дастлаб беморга жароҳат етказиши мумкин бўлган хавфли нарсалар зудлик билан четга олинади. Бемор хавфсиз ва юмшоқ жойга ўтказилади ва унинг ёқаси очилади. Агар бемор ётган жой хавфсиз бўлса, уни бошқа жойга кўчириш шарт эмас. Агар хуруж ёпиқ жойда кузатилса, деразаларни очиб, беморга тоза ҳаво келишини таъминлаш зарур. Беморнинг бошини куч ишлатмасдан ён томонга оғдириб ушлаш лозим, ана шунда беморнинг тили томоғига тиқилиб қолмайди. Бунинг учун беморнинг ёнига ён томондан эмас, балки бош учидан бориш керак. Чунки хуруж пайтида бемор сизни қўли билан қаттиқ уриб юбориши мумкин. 
Агар тутқаноқ хуружларида беморнинг боши ва танаси чап томонга қайрилган бўлса, уни чапга, ўнгга қайрилган бўлса, ўнгга бурган ҳолда ушлаш зарур. Бироқ куч ишлатиш мумкин эмас. Бемор тилини тишлаб олмаслиги учун шпател ёки қошиқни докага ўраб, ён томондан тишлари орасига қўйиш лозим. Бу беморнинг равон нафас олиб кетишига ҳам ёрдам беради. Бироқ беморнинг жағини зўрлаб очиш мумкин эмас. Хуруж бўлаётган пайтда беморнинг оёқ-қўлларини зўрлаб ушламаслик, юзига сув сепмаслик, новшадил ва пиёз ҳидлатмаслик керак. Аксарият тутқаноқ хуружлари 3-5 дақиқа давом этади ва беморга ёрдам кўрсатгунча ўтиб кетади. Кўпинча, тоник-клоник хуружлар билан кечувчи эпилепсияда беморга тез ёрдам кўрсатишга тўғри келади. Чунки эпилепсиянинг бу турида жароҳатланишлар кўп кузатилади.
Эпилептолог – неврология, тиббий психология ва Электроэнцефалографияни мукаммал биладиган мутахассис. Улар орасида ушбу касалликни нейрохирургик усуллар билан даволовчи мутахассислар ҳам бор. 

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc

Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича