Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ЭШИТУВ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ

ЭШИТУВ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ


VIII нерв (n.vestibulocochlearis) функционал жиҳатдан 2 хил вазифани бажарувчи, яъни эшитув (pars cochlearis) ва вестибуляр қисмлар (pars vestibularis) дан иборат. Аксарият касалликларда фақат эшитиш функцияси бузилади. Эшитиш функцияси бузилишига сабаб бўладиган касалликларни шартли равишда, туғма (наслий) ва орттирилган турларга ажратиш мумкин. Уларнинг аксарияти, айниқса, туғма карлик билан намоён бўлувчи касалликлар оториноларингология дарсликларида батафсил баён қилинган. Биз эшитув нерви невропатиясига олиб келувчи баъзи касалликлар (асосан, орттирилган) ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Эшитув нерви невропатияси вирусли инфекция, айниқса, герпетик инфекциялар (herpes zoster oticus), паротит, сувчечак, инфекцион мононуклеаз, бактериал менингит, ўрта йирингли отит, холестеатома, заҳм, боррелиоз, Рефсум касаллиги, эшитув нерви невриномаси, паранеопластик синдромлар, лабиринт артерияси зарарланиши, мигрен, отосклероз, коллагенозлар, чакка суяги пирамидаси жароҳатлари, акустик травма, токсик зарарланишлар (аминогликозидлар, цитостатиклар, салицилатлар, хинин, кимё саноатида ишлатиладиган воситалар), артериал гипертония, атеросклероз, қандли диабет сабабли ривожланади.
Вестибуляр нейронит. Вестибуляр нервнинг зарарланишига вестибуляр нейронит ёки вестибуляр неврит деб айтилади. Касаллик турли ёшда учрайди. Бироқ у, асосан, ёши катталарда кузатилади. Вестибуляр нейронит ўткир вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Кўп ҳолларда унинг сабаби аниқланмай қолади. Вестибуляр нейронит учун систем бош айланиши, атаксия ва нистагм жуда хосдир. Бош айланиши кўпинча кўнгил айниш, қусиш ва кўз олди қоронғилашиб кетиши билан намоён бўлади. Бош айланиши, асосан, хуружсимон тарзда кечади ва тўсатдан пайдо бўлади. Беморга гўё унинг атрофидаги барча буюмлар муайян йўналишда соат стрелкасига қарши ёки соат стрелкаси бўйича айланаётгандек, ер чайқалаётгандек туюлади. Бундай бош айланиши систем бош айланиши деб айтилади. Бош айланиш юқорига қараганда ёки бошни ён томонга бурганда кучаяди. Горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтганда ҳам бош айланиши кучайиб кетади. Шунинг учун ҳам систем бош айланишларда бемор тик тура олмайди ёки бирор нарсага суяниб туради. Баъзида бошни ён томонга сал бурса ҳам бош айланиши кучайиб кетади, бемор ўқчиб қусади. Бундай беморлар иложи борича бошини ён томонларга бурмаслик ва ўрнидан турмасликка ҳаракат қилишади. Кучли шовқин ҳам вестибуляр бош айланишни кучайтиради. Уни камайтириш учун бемор қулоқларини кафтлари билан ёпиб олади ва бошини қимирлатмай ушлаб ётади.
Вестибуляр нейронитда доимо нистагм кузатилади ва у фақат бир томонга қараганда вужудга келади. Бир томонлама горизонтал нистагм ротатор компонент билан намоён бўлади. Горизонтал нистагм зарарланган томондан қарама-қарши томонга қараганда кузатилади: вестибуляр нерв чап томонда зарарланса – горизонтал нистагм ўнг томонга қараганда, ўнг томонда зарарланса – чап томонга қараганда рўй беради. Вестибуляр нерв таъсирланишларида эса (бу кўпинча ўсмаларда кузатилади) горизонтал нистагм таъсирланган томонга қараганда рўй беради.

Эслатма. Икки томонлама нистагм вестибуляр нейронит учун хос эмас, унинг мавжудлиги ушбу ташхисни инкор қилади.

Бош айланиш хуружи кучайганда, кўзни юмганда ва бош ҳолатини ўзгартирганда, нистагм кучаяди. Бемор бир нуқтага қараб турса, нистагм йўқолади. Бош айланиши пасая борган сайин горизонтал нистагм ҳам сустлашиб боради. Бемор тузалиб кетса, нистагм йўқолади.
Вестибуляр нейронитда эшитиш функцияси пасаймайди, аудиометрик текширувлар натижаси ҳам ўзгармай қолади. Агарда эшитиш функцияси пасайган бўлса, демак, параллел тарзда эшитув нерви ҳам зарарланган. Вестибуляр нейронит учун бошқа неврологик симптомлар хос эмас, уларнинг мавжудлиги бу ташхисни инкор қилади.
Вестибуляр нейронитда координатор бузилишлар яққол кўзга ташланади. Вестибуляр атаксия, асосан, бир томонлама, яъни зарарланган томонда кузатилади. Ромберг синамасида бемор зарарланган томонга оғади, ўша томонда бармоқ-бурун синамасини интенсия билан, товон-тизза синамасини атаксия билан бажаради. Атаксия бош ва тана ҳолатини ўзгартирганда ва ҳатто кўзни ён томонга бурса ҳам кучаяди. Кўзни юмганда кучаядиган атаксия сенситив атаксия даражасида бўлмайди. Мушаклар тонуси ўзгармайди.
Ташхис ва қиёсий ташхис. Вестибуляр бош айланиш вестибуляр аппаратнинг периферик қисми (ички қулоқдаги ярим айлана каналлар ва вестибуляр нерв) ва унинг марказий қисми (мия устунидаги вестибуляр нерв ядроси ва унинг йўллари) зарарланганда ривожланади. 
Периферик вестибулопатия, асосан, лабиринтит, вестибуляр нейронит ва Менъер синдромида кузатилади. Шунингдек, бир қатор бошқа касалликлар ҳам вестибуляр аппаратнинг периферик қисмини зарарлаши мумкин.
Марказий вестибулопатия эса мия устунида ривожланган ишемик инсулт, ўсма, базиляр мигрен ва тарқоқ склерозда ривожланади. Демак, марказий вестибулопатия ривожланиши учун патологик жараён вестибуляр нерв ядроси ва унинг марказий йўлларини зарарлаши керак (1-жадвал).

1-жадвал
Марказий ва периферик вестибулопатияларнинг қиёсий белгилари
Белгилар    
Марказий вестибулопатия
Периферик вестибулопатия
Асосий сабаблари

Вертебробазиляр системада қон айланишнинг сурункали етишмовчилиги. Мия устуни инфаркти ва ўсмалари. Базиляр мигрен. Тарқоқ склероз. Сирингобулбия. Киари аномалияси
Меньер касаллиги. Вестибуляр нейронит. Лабиринтит. Мияча-кўприк бурчаги касалликлари ва жароҳатлари. Антиконвулсантлар, антибиотиклар, диуретиклар қабул қилиш
Бош айланиши
Одатда, енгил, бироқ доимо
Жуда кучли ва ўтиб кетувчи хусусиятга эга

Кўнгил айниш ва қусиш
Кам кузатилади
Кўп кузатилади
Нистагм
Асосан, вертикал-ротатор, кам ҳолларда горизонтал. Нистагм йўналиши нигоҳ йўналишига боғлиқ. Зарарланган томонга қараганда кучаяди
Горизонтал-ротатор. Зарарланган томондан қарама-қарши томонга, яъни соғлом томонга қараганда кучаяди
Мия устуни белгилари
Кўп аниқланади
Кузатилмайди
Қулоқда шовқин
Бўлмайди
Кўп кузатилади
Координатор бузилишлар
Асимметрик тарзда иккала томонда ҳам намоён бўлади
Зарарланган томонда кузатилади


Кечиши. Вестибуляр нейронит, одатда, ўткир ривожланади. Тўсатдан пайдо бўлган систем бош айланиш бир неча соатдан сўнг ўзи ўтиб кетади. Бироқ юрганда чайқалиш белгилари оз бўлса-да, сақланиб қолади. Баъзида касаллик бир неча ой ёки йилдан сўнг яна қўзғайди.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © asab.cc





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича