D-пеницилламин сабабли ривожланган миастеник синдром
D-пеницилламин (купренил) мис, қўрғошин, симоб каби оғир металлар билан ўткир ва сурункали заҳарланишларда қўлланилади. D-пеницилламин организмга тушгач, ушбу моддалар билан боғланади ва уларни сийдик чиқариш аъзолари орқали организмдан чиқариб ташлайди. D-пеницилламин организмдан мисни ҳам чиқариш хусусиятига эга бўлганлиги боис у Вильсон касаллигида ҳам ишлатилади. Ушбу дори ревматоид артрит ва систем склеродермияни даволашда ҳам кенг қўлланилади.
D-пеницилламиннинг ножўя таъсири – бу унинг миастеник синдромни юзага келтириши. Ушбу дорини узоқ вақт ёки катта дозада қабул қилган беморда ацетилхолин рецепторларига нисбатан антитаначалар пайдо бўлади ва бунинг натижасида миастеник синдром ривожланади. Қўл-оёқ мускуллари билан биргаликда булбар мускуллар ҳам зарарланади. ЭМГ да миастенияга хос белгилар юзага келади. D-пеницилламинни ичиш тўхтатилгандан сўнг ижобий натижа дарров билинмайди. Чунки қонда пайдо бўлган антитаначалар миқдори бир неча ой ичида аста-секин камайиб боради ва параллел тарзда миастения белгилари ҳам камая бошлайди.
Антибиотиклар сабабли ривожланадиган миастеник синдром баъзи антибиотиклар, яъни аминогликозидлар (неомицин, канамицин, гентамицин, стрептомицин, тобрамицин, амикацин) ва полипептид антибиотиклар (коллистин, полимикцин) нерв-мускул ўтказувчанлигини қамалга олиш каби ножўя таъсирга эга. Улар синапсларга токсик таъсир кўрсатади, импульслар ўтказувчанлигини бузади ва миастеник симптомни юзага келтиради. Айниқса, неомицин ва коллистин нерв-мускул синапсларини кучли қамалга олади. Ушбу дориларнинг дозаси қанча кўп бўлса, нерв-мускул ўтказувчанлиги шунча кўп пасаяди ва миастения белгилари ривожланади. Бироқ канамицин, гентамицин, тобрамицин, стрептомицин ва амикациннинг синапсларга зарарли таъсири паст. Ушбу антибиотикларни қабул қилиш тўхтатилгандан сўнг миастения белгилари пасаяди ва бутунлай йўқолади. Шунингдек, қўшимча равишда дезинтоксикасия муолажаси ўтказилади, витаминлар ва калий препаратлари тавсия этилади
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича