Динамик афазия
Нутқ бузилишининг бу тури 1934 йили К. Клейст томонидан ўрганилган. Олим уни «нутқ ташаббусининг етишмовчилиги» деб атаган. Баъзи тадқиқотчилар (И.М. Тонконогий, 1973, 2007) динамик афазияни «нутқ акинезияси» деб атаган. ДА хусусияти шундан иборатки, унда нутқ хотираси, артикуляция ва фонематик эшитув сақланиб қолади. Бемор товуш, сўз, жумла ва нарсаларнинг номини жуда яхши такрорлайди. Бемор на тўсатдан, на мустақил равишда гапира олади, бирон-бир тушунарли сўз ёки гапни равон айта олмайди. ДА да ўқиш ва ёзиш бузилмайди.
Маълумки, нутқ фақат сўздан эмас, балки гаплардан ҳам тузилган. Одамлар бир-бири билан сўзлардан тузилган гаплар орқали мулоқотда бўлишади, фикрларини баён қилишади. Ҳар қандай фикрни баён қилиш ички (импрессив) нутқ ёрдамида яратилган динамик жараён бўлиб, ўзининг предикативлиги билан таърифланади. Предикативлик деганда, ҳаракатни ифодаловчи гаплар тушунилади. Масалан, «мен кинога бормоқчиман», «мен китоб ўқимоқчиман» ва ҳоказо. Бу ерда «бормоқчиман» ва «ўқимоқчиман» сўзлари предикат ҳисобланади.
Демак, ДА нинг марказий механизмлари – бу ички нутқ етишмовчилиги, предикативлиги ва нутқ фаоллигининг бузилишидир. Бу беморларда нафақат нутқ фаоллиги пасайиши, балки динамик апраксия, умумий ҳаракат фаолияти сустлиги, гипомимия ва ҳиссий карахтлик ҳам кузатилади. Бироқ ўз аҳволига танқидий муносабат сақланиб қолади.
Шундай қилиб, ДА – афазиянинг алоҳида бир тури бўлиб, унда нутқнинг сенсор ва мотор механизмлари сақланиб қолади, лекин сўзлашга қобилият йўқолади ёки кескин пасаяди.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича