ДЕПРЕССИЯДА ПСИХОТЕРАПИЯ УСУЛЛАРИ
Даволашни бошлашдан олдин беморни депрессияга олиб келган сабабни аниқлаш зарур. Акс ҳолда даволаш самарасиз бўлади. Битта психологик суҳбат ёрдамида бунга эришиб бўлмайди. Шунингдек, бемор учун стандарт бўлиб қолган гиподинамик турмуш тарзини фаол ҳаёт тарзига ўзгартириш ҳам муҳим. Бу қанчалик қийин бўлмасин, уни амалга ошириш тиббий психологнинг бевосита вазифасидир.
Депрессия жиддий касаллик бўлиб, беморни даволаш фақатгина психотерапия ва антидепрессив терапиядан иборат бўлмаслиги керак. Афсуски, аксарият ҳолатларда врачлар мана шу усуллар билан чегараланиб қолади ва кутилган натижага эришмайди. Даволаш жараёнида психотерапия, фармакотерапия, мусиқатерапия, физиотерапия, рефлексотерапия, логотерапия, гелиотерапия, талассотерапия, социал терапия, спорт ёки жисмоний терапия каби даволаш-реабилитация усулларидан унумли фойдаланиш зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда қуйидаги 4 хил даволаш усулини албатта қўллаш зарур: 1) психотерапия; 2) фармакотерапия; 3) мусиқатерапия; 4) спорт ёки жисмоний терапия.
Энди депрессияда беморни даволашга оид клиник стандартда кўрсатилган талаб ва қоидалар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Депрессиянинг енгил ва ўрта даражадаги турларида беморни даволаш амбулатор шароитда олиб борилади. Оғир даражали депрессия, суицид ва психотик бузилишлар билан намоён бўлаётган ҳолатларда бемор, албатта, стационарга ётқизилиши лозим. Бундай беморлар психиатр назоратида даволанади. Бироқ депрессия тури қандай бўлишидан ва бемор қаерда даволанишидан қатъи назар ушбу жараёнда тиббий ва социал психолог иштироки талаб этилади. Социал психолог беморнинг социал адаптацияси билан шуғулланади ва унинг ишга лаёқатлилик даражасини аниқлайди. Суицид яққол намоён бўлган ҳолатларда суицидолог ёрдами зарур бўлади.
Соматик касалликлар негизида ривожланган депрессияда даставвал ёки параллел тарзда ушбу касалликларни даволашни бошлаш зарур. Масалан, гипотиреоз аниқланса, уни даволашни зудлик билан бошлаш керак. Депрессия бош миянинг диффуз патологияси (энцефалопатия, паркинсонизм, эпилепсия) ёки локал зарарланишлари (инсульт, мия эзилишлари, гематома) сабабли ривожланган бўлса, бу ҳолатларни ҳам бартараф этиш лозим бўлади. Бирор бир касаллик туфайли бемор қабул қилиб юрган дорилар депрессияни келтириб чиқариш хусусиятига эга бўлса, уларни ҳам ўрганиш зарур бўлади.
Психотерапия. Ҳар қандай депрессияда даволаш жараёни психотерапия билан бошланиши ва психотерапия билан тугалланиши керак. Фармакотерапиядан олдин ўтказилган психотерапия даволаниш жараёнини енгиллаштирса, ундан кейин ўтказилган психотерапия депрессия қайталанишининг олдини олади. Психотерапия, айниқса, депрессиянинг енгил ва ўрта даражадаги турларида жуда самаралидир. Тўғри танланган психотерапия ёрдамида аксарият ҳолларда беморга антидепрессант тавсия этмасдан туриб, уни депрессиядан чиқариш мумкин. Шунингдек, антидепрессантнинг ножўя таъсири кўп бўлган ҳолатларда ёки уларни белгиланган терапевтик дозада қабул қила олмаса ҳам психотерапияни босқичма-босқич ва давомли ўтказиш орқали беморни депрессиядан холос қилиш мумкин. Айниқса, депрессиядаги хавотирли бузилишлар ва характердаги ўзгаришлар психотерапия ёрдамида самарали бартараф этилади. Ҳар қандай психотерапиянинг асосий мақсади – беморнинг соғлом психологик портретини қайта тиклашдан иборат бўлмоғи керак.
Бугунги кунда беморларни даволаш жараёнида қўлланиладиган психотерапевтик усуллар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Психоанализ (психодинамик терапия). Психодинамик назарияга мувофиқ психоэмоционал бузилишлар негизида болалик даврида олинган кучли психологик зарбалар ётади. Улар онг остида йиллар мобайнида тўпланиб яшириниб ётади ва кучли зиддиятлар ўчоғини яратади. Бунинг оқибатида невротик шахс шаклланади ва бундай одамлар истерия, депрессия ва психосоматик бузилишларга мойил бўлишади. Шахс бир томондан, бировларга қарам бўлишни хоҳламайди, иккинчи томондан, бошқалар уни эътироф этиши ва қўллаб-қувватлашини истайди. Албатта, бунинг ҳар доим ҳам иложи бўлавермайди. Натижада бир-бирига зид бўлган ушбу ҳолатлар доимий қониқмаслик ҳиссини юзага келтиради, яъни бошқаларга нисбатан қаҳр-ғазаб ва нафрат шахснинг ички дунёсини қамраб олади. Шу аснода у бошқалар наздида меҳрибон, одамови ва ажойиб инсон сифатида тан олинишни хоҳлайди. Психоаналитиклар фикрича, мана шу истакларнинг рўёбга чиқмаслиги невротик шахс ва кейинчалик депрессия шаклланишига туртки бўлади. Йиллар мобайнида онг остида қўним топиб эътироф этилмаган ҳар бир хоҳиш ва истак бора-бора ички зиддиятларни кучайтириб, одамларга нисбатан ишончсизликка, ёмон кўришга олиб келади. Шу сабабли улар ўзини ҳам кечирмайди ва суицидга қўл уради. Бундай шахсларда депрессия ривожланиши учун кучли стресс ёки ёқимсиз муносабатларнинг ўзи кифоя. Албатта, бу ерда доимий психоэмоционал зўриқишларнинг аҳамияти катта.
Психодинамик терапиянинг асосий мақсади – беморда катарсис, яъни руҳий покланишга эришишни юзага келтириш. Бунинг учун болалик даврида бошидан кечирган руҳий жароҳатлар ва кечинмалар мукаммал ўрганилади, уларнинг ҳозирги даврда рўй бераётган невротик бузилишлар, шу жумладан, депрессия билан боғлиқлик томонлари ёритилади. Психоаналитик олдида бемор албатта барча сир-асрор ва азобли кечинмаларни яширмасдан очиб ташлаши керак. Бу услуб тўла катарсис рўй бергунча олиб борилади. Ижобий натижага бир неча сеанс ичида эришилади.
Когнитив психотерапия ёки когнитив терапия (ингл. . cognitive therapy), Бу йўналиш асосчиси – америкалик машҳур психотерапевт Аарон Бек (1921 туғилган). А.Бек психоаналитик терапия мактабларида тахсил олади ва психоанализга асосланиб, когнитив психотерапия йўналишини ишлаб чиқади. Бу усулни Бек депрессияни даволашда кенг қўллайди ва юқори самарага эришади.
Когнитив психотерапевтлар фикрича, невроз, депрессия ва фобия негизида мияга ўрнашиб олган хато фикрлар ва уларга ишониш ётади. Ўзига, бошқаларга ва жамиятда бўлаётган воқеаларга ёмон муносабатни шакллантирган ушбу стереотип ғоялар беморнинг хулқ-атворини, турмуш тарзини, одамларга ва жамиятга бўлган муносабатини ўзгартириб юборади. Беморга азоб бераётган касаллик аломатларидан халос бўлиш учун мияга ўрнашиб олган азобли ғоя ва фикрлардан халос бўлиши керак. Ушбу вазифани когнитив психотерапевт амалга оширади.
Когнитив психотерапевт бемор билан ишлаш жараёнида уни айни пайтда қийнаётган азобли фикрлари, ҳис-туйғулари, фантазиялари, истаклари ва амалга ошмаётган орзу-умидларини билиб, нотўғри қарашларини шу кундан бошлаб енгиш ва ўзига ишонч туйғусини беморнинг миясига сингдириб боради. Психотерапевтик суҳбатлар орасида эришилган ютуқлар муҳокама қилинади ва ҳали мияни тарк этмаётган азобли фикрлардан тозалаб, уларнинг ўрни янада янги ният ва ғоялар билан тўлдириб борилади.
Психоанализда даволаш услуби беморга ўтмишни, айниқса, болалик даврини эслатишдан бошланса, когнитив психотерапевт бугунги кун, яъни ҳозирги пайт билан ишлайди. А. Бек психоанализни танқид қила туриб шундай деган эди: “Касал одамга ўтмишдаги дардларини эслатишга не ҳожат, ахир бугунги кун билан ишлаб юқори натижага эришса бўлади-ку!”. Шундай бўлди ҳам. Ўз натижаларидан завқланган А. Бек 1965 йили шундай қоидани ўртага ташлайди: “Шу ерда ва ҳозир”. Бу иборалар кейинчалик когнитив психотерапия шиорига айланади.
Бихевиорал терапия (ингл. behaviour – “хулқ-атвор”). 1913 йили америкалик психолог Джон Уотсон (1878–1958) бихевиоризм ҳақида ўзининг дастлабки мақоласини чоп эттиради. У шундай деб ёзган эди: “Одамнинг фикрини ва руҳиятини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, авваламбор унинг хулқ-атворини ўзгартиринг”. Ушбу ғоя асосида бихевиорал психотерапия шаклланди ва ХХ асрнинг 50–60-йиллари ўсмирлардаги хулқ-атвор бузилишларини коррекция қилишда кенг қўллана бошланди ва эътироф этилди. Ушбу терапия хулқ-атвори ўзгарган ўсмирларда юқори натижа беради, бироқ катта ёшдагиларда таъсири кам. Бихевиорал терапия невроз, истерия ва депрессия туфайли ўзгарган хулқ-атворни коррекция қилиш ҳамда бунга мувофиқ уқув ва кўникмаларни шакллантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бихевиорал терапия ўтказилаётганда ўсмирдаги хулқ-атворнинг ҳар бир кўриниши таҳлил этилиб, коррекция қилиб борилади.
Босқичма-босқич ўтказилаётган психотерапевтик муолажалар пайтида хулқ-атвордаги патологик ўзгаришлар соғлом хулқ-атвор сифатлари билан “алмаштирилади”. Демак, бихевиорал терапия депрессияга олиб келган сабаблар устида эмас, балки шу сабабли юзага келган патологик хулқ-атворни ўзгартириш билан ишлайди. Соғлом хулқ-атвор ҳамда ўзини ўзи бошқариш уқувлари шаклланган сайин ўсмирдаги депрессия ва хавотир белгилари орқага чекинади, ундаги фикр ўзгаради, ўзига ишонч пайдо бўлади ва турмуш тарзи ўзгариб социал адаптацияга эришади.
Когнитив-бихевориал психотерапия. ХХ асрнинг 60-йилларида когнитив ва бихевиорал терапия негизида когнитив-бихевиорал психотерапия йўналиши пайдо бўлди. Ушбу методларнинг учта ўхшаш ва фарқ қилувчи томонлари нималардан иборат?
- иккала метод ҳам ўргатиш ва ўзгартиришга асосланган. Когнитив психотерапия фикрни, бихевиорал психотерапия эса хулқ-атворни ўзгартиришни мақсад қилиб қўяди.
- иккала метод ҳам касалликни келтириб чиқарган сабаблар билан қизиқса-да, ўтмишни эслатиб ўтирмасдан ҳозирги пайтдаги муаммо билан курашади: когнитив психотерапевт – касалликни юзага келтирган фикрларни ўзгартириш устида ишласа, бихевиорал психотерапевт – касаллик туфайли ўзгарган хулқ-атворни бартараф этишга ҳаракат қилади.
- иккала метод ҳам ўз мижозларига уйга вазифа беради, унинг бажарилишини кузатиб боради ва рағбатлантиради. Когнитив-бихевиорал психотерапияни ҳар қандай ёшда қўлласа бўлади.
Рационал-эмотив терапия. 1955 йили Альберт Эллис рационал-эмотив терапия назариясини илгари сурди. Бу назариянинг асосий моҳияти ҳам кишининг ўзи, ўзгалар ва жамият ҳақидаги фикрларини ўзгартиришга қаратилган. Бу назарияга биноан депрессия, хавотир, айбдорлик ҳисси ва шу каби бошқа психологик муаммолар руҳий жароҳат етказувчи омиллар ва вазиятлар сабабли эмас, балки кишининг ушбу омиллар ва вазиятларга нисбатан шахсий муносабати ва қарашлари сабабли юзага келади. Масалан, сизни кимдир қаттиқ ҳафа қилди ва бундан кайфиятингиз тушиб кетди. Бу вазиятда сиз у одамни эмас, балки ўзингизни айбдор деб ҳисоблайсиз. Демак, сиз танқидга лойиқсизки, у сизни шу кўйга солди. Аслида айб сизда эмас, балки сизни танқид қилган одамда ёки танқид муҳити яратилган ўша вазиятда. А.Эллис шундай деб ёзади: “Инсонда ўзи ҳақидаги бундай нотўғри тасаввурлар узоқ давом этаверса, унда турли хил руҳий-ҳиссий бузилишлар, шу жумладан, депрессия ривожланади”. Эллис шундай қоидани ўртага ташлайди: “Айбдор сен эмас, балки бошқалар”.
Эллис ишларидан баъзи парчаларни келтириб ўтамиз. “Атроф-муҳитда рўй бераётган асабингни бузадиган ва ҳиссий зўриқишга мажбур қиладиган воқеа-ҳодисалар сенга қаратилмаган, улар доимо рўй бераверади. Ким томонидан кўрсатилишидан қатъи назар сенга нисбатан билдирилаётган айблов ва камситишлар аслида сенинг ҳақиқий шахсингни ифодаламайди. Бу ўша одамнинг шахсий фикри. У ўз дунёқариши ва сенга бўлган муносабатидан келиб чиқиб шу фикрда. Аслида эса ундай эмас!
Эллиснинг фикрича, қуйидаги 3 қоидага қатъиян амал қилишга уриниш кишини ҳар доим хавотирда ушлайди: 1) ўзига ҳадеб талаб қўявериш (“мен ундай бўлишим керак, бундай бўлишим керак”); 2) бошқаларнинг унга ҳадеб талаб қўявериши (“сен ундай бўлишинг керак, бундай бўлишинг керак”); 3) унинг бошқаларга ҳадеб талаб қўявериши (“одамлар ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак”). Мана шу уч “керак” тамойили – хавотир ва депрессия манбаидир.
Учта “керак” қоидасига амал қилавериш одамда қуйидаги фикрларни шакллантиради ва хавотирга мезон яратади:
- Мен шундай ҳаракатлар қилишим керакки, мени бошқалар тан олсин! Акс ҳолда мен ҳеч кимман!
- Мен қандай хоҳласам, атрофдагилар мени шундайлигимча қабул қилиши керак! Акс ҳолда улар ёмон одам ва ҳар қандай жазога маҳкум!
- Мен нимани, қачон ва қаерда хоҳласам, шунга эга бўлишим керак! Менга керак бўлмаган нарсаларга тоқатим йўқ!
Шахслараро (интерперсонал) психотерапия инсоннинг кайфияти билан уни ўраб турган ижтимоий муҳит орасида боғлиқлик излайди. Шахслар орасидаги келишмовчиликлар, шахснинг ижтимоий муҳитга кўникиб кетишига тўсқинлик қилаётган, уни хавотирга солаётган, кайфиятини бузаётган ва салбий ҳиссий кечинмалар келтириб чиқараётган вазиятлар биргаликда ўрганиб таҳлил қилинади. Психотерапевтик муолажалар пайтида шахс ўзини жамиятда қандай тутиши, кимлар билан қандай муносабатда бўлиши, қандай вазиятлар ва одамлардан йироқ юриши йўллари тушунтирилади, ўргатилади. Айниқса, бу услуб невротик типдаги шахслар билан ишлаганда ва дистимияда кенг қўлланилади.
Оилавий психотерапия авваламбор оила аъзолари билан психологик муҳитни яхшилашга қаратилган. Бунда мижознинг ҳар бир оила аъзоси билан бўладиган муносабатлари ўрганиб таҳлил қилинади. Оиладаги келишмовчиликлар қандай пайтларда юзага келади, нима учун келиб чиқади, қайси вазиятларда у ўзини қандай тутади каби саволларга ойдинлик киритилади, жавоб изланади ва ушбу вазиятлардан чиқиш бўйича машқлар ўтказилади. Бу мақсадда оила аъзолари билан ҳам суҳбатлар қурилади. Чунки психологга мурожаат қилиб келган бемор деярли ҳар доим ўзини вазият қурбони деб билади. Аслида эса ундай бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун бемор ҳақида оила аъзоларининг фикрини билиш ҳам ўта муҳим.
Оилавий психотерапевт мижознинг яқинларига унинг олдида ўзларини қандай тутиш лозимлигини тушунтиради. Бу ўта муҳим. Чунки баъзан оилада шундай мотамсаро муҳит яратиладики, бу фақат невроз ёки депрессиядан азият чекаётган одамнинг аҳволини оғирлаштиради ва суицидал уринишларни кучайтиради холос.
Ҳар қандай психотерапевтик муолажада мижозга ҳадеб ёнбосавериш ҳам, унинг хулқ-атворини танқид қилавериш ҳам мумкин эмас. Ундаги ёмон фикрлар депрессия белгиси, бу белгилар вақт келиб албатта ўтиб кетади, каби сўзлар билан таскин берилади. Суицидал фикрлар ва уринишлар аниқланган ҳолатда уни ёлғиз қолдирмаслик керак. Оила аъзолари томонидан назорат шундай ташкил этилиши керакки, беморнинг ўзи буни билмасин. Чунки ҳадеб беморни қўриқлайвериш унинг жонига тегади. Беморнинг ишончини қозонган оила аъзолари билан кўчага чиқиб айланиб келиш ва сайр пайтида, асосан, уни сўзлатиш ва ҳис-туйғуларига ҳамдард бўлиш ўта муҳим.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 312 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича