Диссоциатив невроз


 «Истерия» – yun. histeria – бачадон дегани. Бу касаллик белгилари ҳақида қадимги рисолаларда кўп ёзилган ва уни дастлаб бачадон функцияси билан боғлашган. Чунки истерия, асосан, аёлларда кузатилган. Кейинчалик истерик бузилишлар эркакларда ҳам аниқланган бўлса-да, унинг аввалги номи сақланиб қолган. Истерик невроз, асосан, ёшлик даврида, кўпроқ аёлларда кузатилади. Ушбу касалликнинг келиб чиқишида хулқ-атворнинг болаликдан истерик тарзда шаклланишига катта урғу берилади.
         Клиникаси. Ортиқча таъсирланиш, ҳар нарсага ҳаддан ташқари эътибор бериш, мустақил фикрлай олмаслик, ортиқча ишонувчанлик, ҳис-туйғуларга берилиш истерия учун жуда хос. Улар руҳан ва жисмонан заиф кишилардир. Кўпчилик истерик беморлар феъл-атвори болалар феъл-атворига ўхшаб кетади. Бундай беморлар учун атрофдагилар диққатини ўзига жалб этиш хос. Истерик бузилишлар фақат неврозда эмас, балки психопатияда ҳам кузатилади. Истерик невроз симптомлари аксарият ҳолларда хилма-хил касалликлар аломатларини эслатади. Шу боис ҳам истерияни «катта муғомбир» деб аташади. Истерия аниқланган беморда барча соматик касалликларга хос белгиларни кузатиш мумкин, бироқ аслида улар мавжуд эмас.
        КХТ-10 да истерик невроз Ф44 коди остида “Диссоциатив (конверцион) бузилишлар” номи билан келтирилган. Унинг бир нечта турлари мавжуд (юқоридаги жадвалга қаранг). Истерик симптомлар негизида ички низони ташқарига йўналтириш ётади.  Сонверто – лотинчадан бошқа томонга йўналтириш деган маънони англатади. Истерик (конверцион) бузилишлар доимо бошқалар олдида кузатилади ва ёлғиз қолганда ҳеч қачон рўй бермайди. 
    Энди истерик бузилишлар турлари билан танишиб чиқамиз.
       Пуэрилизм – катта ёшдагиларда учрайдиган болалар хатти-ҳаракатини эслатувчи ҳолат.  Болаларга хос бўлган қилиқлар, боладек ингичка товуш чиқариб гапириш, кўзларни катта-катта қилиб очиш, киприкларни пирпиратиш, биров гапирганда, оғзини очиб туриш пуэрилизм учун жуда хос. Бемор шу қилиғи билан бошқаларнинг диққатини ўзига жалб этади. 
       Истерик бузилишларнинг яна бир тури – бу истерик депрессия. Бунда бемор ўта тушкун кайфиятда бўлади ва бу қилиғи билан атрофдагилар диққатини ўзига жалб этишга интилади, уларни ўзига раҳмдил бўлишини хоҳлайди. У нақадар оғир аҳволда эканлигини, бошқалар унга ачинишини истайди.
       Истерик алгиялар (яъни оғриқлар) энг кўп тарқалган бузилишлардан бўлиб, деярли барча истерик синдромларда турли кўринишларда намоён бўлади. Бемор танасининг турли жойлари, яъни орқа, қорин, юрак ва бош соҳаларида ҳар доим оғриқ бўлиб туришидан шикоят қилади. Оғриқ, шунингдек, бўғимларда, қўл ёки оёқда, тилда, хуллас, тананинг барча жойида пайдо бўлади. Айни пайтда, бундай оғриқдан шикоят қилувчи бемор турли хил докторларга мурожаат қилиб юришади. Баъзан бемор ўзида жарроҳлик операциясини ўтказишни талаб қилади.
       Истерияда юқорида айтиб ўтганимиздек, турли хил сезги бузилишлари ҳам кузатилади. Органик ва функционал сезги бузилишлари орасидаги фарқни фақат махсус неврологик текширувлардан сўнг аниқлаш мумкин. Ҳар бир нерв танадаги муайян соҳанинг сезгиси ва ҳаракати учун жавоб беради. Истерик анестезияда бу қоида сақланмайди, яъни пай рефлекслари патологик тарзда ўзгармайди ва сезги бузилишини изоҳлаб берадиган ҳеч қандай органик касаллик топилмайди.
      Эс-ҳушнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши. Бирдан бошланадиган ва аксарият ҳолларда тез тугалланадиган ҳолат бўлиб, бунда бемор атрофдагиларга бефарқ бўлади, қаерда эканлигини фаҳмлай олмайди, ҳозир соат нечалиги, ўзи нима қилаётганини билмайди. Бу ҳолат бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Бемор атрофда содир бўлаётган воқеалардан қисман воқиф бўлса-да, ҳозир бўлиб ўтган воқеаларни эслаб қола олмайди.
       Истерик амнезия. Ҳақиқий амнезиядан фарқли ўлароқ, истерик амнезияда хотира беморнинг ўзига тааллуқли воқеа ва ҳодисаларга нисбатан йўқолади, бошқа нарсаларга эса сақланиб қолади. 
      Истерик фуга (лот. fuga – қочиш). Бунда бемор жанжал ёки бошқа бир руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан уй, ишхона ёки бошқа жойдан қочиб чиқиб кетади, унинг хатти-ҳаракатлари мақсадсиз бўлади, вазиятни тушунмайди ва атрофда нималар содир бўлаётганини фаҳмламайди. Аммо, четдан қараганда, бошқа бировларга унинг юриш-туриши мақсадга мувофиқдек туюлади. Арзимаган уруш-жанжалдан сўнг бундай шахслар ҳатто бошқа шаҳарга ҳам анча вақтга кетиб қолишади. Кейинчалик бемор ўзи билан нималар содир бўлганини эслай олмайди ёки қисман эслайди. Аммо гипноз ҳолатида содир бўлган воқеаларнинг барчасини эслатиш мумкин.
      Ганзер синдроми – ақл бовар қилмайдиган тутуруқсиз ҳаракатлар билан намоён бўладиган белгилар мажмуаси. Руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан пайдо бўлади. Бемор энг оддий саволга ҳам тутуруқсиз жавоб беради. Масалан, “Икки карра икки неча бўлади”, деб сўралса, бемор олий маълумотли бўлса-да, “5” деб жавоб беради ёки қўлда нечта бармоқ бор деса, хоҳлаган сонни айтади. Унинг белгилари деменцияни эслатади. Бироқ бу ҳолат псевдодеменция бўлиб, бир-икки кун ичида ўтиб кетади.
       Истерик ступор – руҳий сиқилишдан сўнг турган жойда қотиб қолиш синдроми. Бундай пайтда бемор тамомила ҳаракатсиз бўлиб қолади, индамайди, бир нуқтага тикилиб тураверади, юз-кўзида азият чеккан ифода пайдо бўлади. Бу ҳолат бир неча соат ичида ўтиб кетади, баъзан бир-икки кун сақланиб туради. Даволаш  муолажалари ўтказилмаса, тузалиб кетиши қийинлашади.
        Тутқаноқ хуружлари кенг тарқалган истерик симптомлар сирасига киради. Истерик тутқаноқлар турли-туман бўлиб, уларнинг эпилептик хуружлардан фарқ қиладиган томонлари кўп. Истерик тутқаноқ ҳеч қачон бемор ёлғиз қолганда рўй бермайди, чунки унга ҳар доим томошабин керак. Истерик хуруж тутганда, бемор бирдан ерга йиқилади, мушаклари тортишади ва талпина бошлайди, лекин боши билан қаттиқ нарсаларга урилмайди. Бемор истерик хуруж пайтида ўзига қулай жой топиб, бирор жойига қаттиқ шикаст етказмасдан йиқилишга ҳаракат қилади. Хуруж  пайтида унинг гавдаси ёй цингари эгилади. Бу ҳолат истерик ёй деб аталади. Бундай феъл-атвор кўпгина инжиқ ва эрка болаларга хос. Масалан, онаси янги ўйинчоқ олиб бермаганда, бола дўконда унинг оёғи тагига йиқилиб, қўл-оёқларини тапиллатаверади, гоҳо бошини  ерга уриб қаттиқ чинқираб йиғлайди. Агар қўрқиб кетган она боласи сўраган ўйинчоқни олиб берса, у шу заҳоти тинчланади. Бу одат кейинчалик вояга етган ёшда ҳам намоён бўлиши мумкин.
       Истерик хуружда мушаклар тортишиши (буни халқ орасида томир тортишиши деб аташади) ҳар доим ҳам кузатилавермайди ва хилма-хил бўлади. Уларда сохталик ва атайинлик сезилади. Масалан, бемор гўё уни кимдир урмоқчи бўлгандек юзини қўли билан беркитади, қичқириб юборади, хўрсиниб йиғлайди ва ҳоказо. Истерик тутқаноқда беморнинг эс-ҳуши жойида ва теварак-атрофга идроки сақланган бўлади. Масалан, хуруж тутганини биров мазах ёки калака қилгудек бўлса, бемор дарҳол хуружни тўхтатиб, ўрнидан туриб кетади. Хуруж пайтида бемор эпилепсияда бўлгани каби тилини тишлаб олмайди ва бехосдан сийиб юбормайди.
Хафақон касаллиги хуружи ёки юрак хуружини эслатувчи истерик тутқаноқлар ҳам кўп кузатилади. Юракнинг тез-тез уриши, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳушни йўқотиш билан кечадиган вегетатив хуружлар ана шулар жумласидан. Хуруж пайтида бемор бошдан-оёқ титрайди ва «ҳамма ерим қақшаб оғрияпти», деб нолийди. Меъда спазми билан кечувчи хуружларда қоринда кучли оғриқ пайдо бўлади, бемор тўлғаниб ётиб олади ва қайт қилади.
       Истерик фалажликлар – оёқ қўлларнинг ишламай қолиши. Бундай фалажликлар монопарез, парапарез ёки гемипарез шаклида намоён бўлиши мумкин. Мия инсультидан кейинги ҳолатни эслатадиган ушбу фалажликлар мутахассис бўлмаган кишини чалғитиши мумкин. Истерик фалажликларда рефлекслар ва мушаклар тонуси ўзгармайди, патологик рефлекслар кузатилмайди. Тананинг қоқ ўрта чизиғи бўйлаб фалажланган томонда сезги  бузилади. Мушаклар атрофияси бўлмайди, мушаклар кучи пасаймайди ёки ёлғондан пасаяди.  
       Истерик гиперкинезлар – руҳий сиқилишдан пайдо бўладиган тартибсиз ҳаракатлар. Истерик гиперкинезлар гавда силкиниши, юз, кўз, бош ва оёқлар титраши, айрим мушаклар учиши, қўллар билан ғайритабиий ҳаракат қилиш билан кечади. Ҳақиқий гиперкинезлардан фарқли ўлароқ, улар беморнинг ҳиссий ҳолатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу симптомлар бир йўқолиб, бир пайдо бўлиши ва оилавий аразлашлар сабабли кучайиб кетиши мумкин.
      Истерик астазия-абазия – тик тура олмаслик ва юра олмаслик. Бош миянинг пешона бўлаги зарарланишларида кузатиладиган астазия-абазиядан фарқли ўлароқ, истерияда кузатиладиган бу синдромда бемор ерга эмас, балки уни ушлаб турган одам устига ағанайди. Уларда ҳам мушаклар гипотонияси кузатилади, лекин бошқа органик неврологик симптомлар аниқланмайди.
       Классик адабиётларда «сеҳрли шифолар» ҳақида турли маълумотларни учратиш мумкин: бемор сеҳрли туморгача эмаклаб бориб, унга қўл теккизган заҳоти бирдан шифо топган, ўрнидан туриб юриб кетган. Истерияда «сохта ўлим» ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бундай беморга табиб «сеҳрли» қўлини тегизса ёки оғзига сеҳрли гиёҳ эритмасини томизса, у «тирилган».
         Аксарият ҳолларда истерик невроз симптомлари хилма-хил бўлиб, унинг кечиши кўп тарқалган касалликларни эслатади: инсульт, менингит, энцефалит, тарқоқ склероз, ўсма касалликлари ва ҳоказо. Баъзи ҳолларда истерик бемордаги касаллик белгилари унинг бошқа кишиларда кузатган ёки тиббий адабиётларда ўқиб олган касалликларига ўхшаб кетади. 
        Истерия ҳақида нафақат невропатолог ва тиббий психологлар, балки тиббиётнинг турли соҳасида фаолият кўрсатувчи врачлар, ҳатто ҳамширалар ҳам воқиф бўлишлари керак. Умумий амалиёт врачлари истерик бузилишларни чин касалликлардан ажрата олишлари мақсадга мувофиқдир. Айтиб ўтилганидек, истерик неврознинг барча аломатлари сохтадир. Бемор атрофдагиларга: “Менга эътибор бермаганингиздан ана шу аҳволга тушиб қолдим. Мени ҳеч ким даволай олмаяпти. Дардим жуда оғир, врачлар айби билан бедаво дардга чалиндим», деб зорланади.
       Давоси. Агар беморнинг илтимоси бажарилса ёки унинг нияти амалга ошса, у албатта тузалиб кетади. Бироқ бу услуб кейинчалик унда истерик характер янада кучлироқ намоён бўлишига ва худбинлик шаклланишига олиб келиши мумкин. Чунки истерик бузилишлар негизида ўз мақсадига эришиш ётади. Истерик белгиларни бартараф этишни ўта қисқа муддат ичида олиб бориш керак. Даволаш муолажалари қанча чўзилса, ижобий натижага эришиш шунча қийинлашади. Бемор тўла тузалгандан сўнг ҳам оилавий ва бошқа можароларга дуч келганида касаллик белгилари яна пайдо бўлаверади. Истерик бемор врач ва табибга энг кўп қатнайдиганлар сирасига киради. Тузалиб кетгандан сўнг ҳам бироз вақт ўтгач, унда «Врач йўқлиги синдроми» қўзғаб, яна ўзи даволаган врач қабулига ташриф буюради. Бу синдром ҳақида “Асаб ва руҳият” китобида батафсил маълумот берилган. Бундай ҳолларда беморга қўлланилган аввалги даволаш усулини ўзгартиришга тўғри келади. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича