Ид ёки инстинктлар
З. Фрейднинг фикрича, эволюциянинг дастлабки босқичида ўзини ҳимоя қилиш ва овқат излаш инстинкти одамнинг хулқ-атворини белгилаб берган. Шу билан параллел ҳолда ёки бироздан сўнг уларга сексуал инстинкт қўшилган. Бу инстинктларни Фрейд «Ид» деб атаган. «Ид» онгда акс этмайди. У онг остида жойлашган, тўғрироғи, онг остига тиқиштирилган. «Ид» қониқиш принципларига асосланиб фаолият кўрсатади. Бу ерда жинсий қониқиш алоҳида ўрин тутади.
Дастлаб Фрейд барча инстинктлар ичида сексуал инстинктга катта урғу беради ва одамнинг хатти-ҳаракатларини сексуал қониқмаслик билан боғлайди. Унинг фикрича, айнан ушбу инстинкт одамнинг хулқ-атворини туғилганидан буён бошқариб келади. З.Фрейд қондирилмаган ҳис-туйғу ёки жинсий майлнинг руҳий қуввати онг остида тўпланиб боради ва ўз ифодасини топишга уринади, деб фикр юритади. Шунинг учун ҳам уни пансексуализмда айблашади.
«Ид» доимо «Мен» ва «Супер-мен» билан муросасиз жанг олиб боради, чунки улар «Ид»ни тинимсиз назорат қилишга интилади. «Ид» кучли энергияга эга бўлса-да, «Мен» уни онг остидан сузиб чиқишига йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам «Ид» тажовузкордир.
«Мен» назоратни тўла қўлга олгунга қадар инстинктлар гўёки одамнинг ҳаёт тарзини, яъни хулқ-атворини белгилаб берган. «Мен» ривожланиши одамнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва унинг хулқ-атворини назорат остига олди. Ўша пайтда ҳам, ҳозирда ҳам психоаналитиклар «Ид» – бу одамнинг ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манба деб ҳисоблашади.
«Ид» ўзгармас, «Мен» эса ўзгариб, ривожланиб боради. Одам бошқа жонзотлардан ақл-заковат, яъни онгнинг борлиги билан фарқ қилади. Демак, онг – бу «Мен» демакдир. Агар одам фақат «Ид»га бўйсуниб яшаганида эди, унинг ҳаёт тарзи ҳайвонларникига ўхшаб қоларди. Ваҳоланки, одам фаолияти онгли жараёндир ва у ўз хатти-ҳаракатларида ҳам, асосан онгга таянади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat. 4-nashr., T.; 2019., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича