ИНСУЛЬТДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ
Бош мияда қон айланишининг ўткир бузилишига инсульт деб айтилади. Инсультда нафақат неврологик бузилишлар (гемипарез, гемианестезия), балки нейропсихологик (афазия, апраксия, агнозия) ва психоэмоционал (невроз, депрессия, хавотир, фобия) бузилишлар ҳам кўп учрайди. Инсультдан кейин беморнинг психологияси турли даражада ўзгаради: баъзи беморлар апатия ва депрессияга тушиб қолса, бошқа бирларида кучли хавотир ва агрессив ҳолатлар пайдо бўлади. Масалан, кечагина соғлом юрган одамнинг бир неча соат ичида тўсатдан тилдан қолиши ва фалажлик туфайли тўшакка михланиб ётиши ҳар бир инсон учун кучли психологик зарбадир.
Мия инсультида кузатиладиган патологик ўзгаришлар ушбу касаллик бош миянинг қайси ярим шарида ва миянинг қайси соҳасида ривожланганига ҳамда инсульт даврига боғлиқ. Мия инсультининг деярли 70 % бош мия ташқи юзасининг катта бир қисмини қон билан таъминловчи a. cerebri media соҳасида кузатилади. Ушбу артерия ҳаракат, сезги ва нутқ марказларини қон билан таъминлайди. Шунинг учун ҳам бу артерияда қон айланишининг ўткир бузилиши оёқ-қўллар фалажлиги (гемипарез, монопарез), тананинг бир томонида сезги (гемианестезия, моноанестезия) ва нутқ бузилишлари (мотор ва сенсор афазиялар) билан намоён бўлади.
Агар инсульт бош миянинг чап ярим шарида (ЧЯШ) ривожланса, тананинг ўнг томонидаги гемипарез ва гемианестезия афазиялар билан биргаликда намоён бўлади. Ўнг ярим шарда (ЎЯШ) кузатилган инсульт эса тананинг чап томонида гемипарез ва гемианестезияларни юзага келтиради, бироқ нутқ бузилмайди. Нутқ бузилиши ўнақайларда ЧЯШ, чапақайларда ЎЯШ, амбидекстрларда эса иккала ярим шар зарарланганда ҳам кузатилади. Амбидекстрларда нутқ бузилиши ўнақайларга қараганда тезроқ тикланади (Ибодуллаев З.Р., 2005). Мия инсультида кузатиладиган психоэмоционал бузилишлар миянинг чап ва ўнг ярим шарлари зарарланганда турлича намоён бўлади.
Чап ярим шар инсультида беморлар психологияси. Оёқ-қўллардаги фалажликнинг нутқ бузилиши (мотор ва сенсор афазия) билан биргаликда намоён бўлиши бемор учун оғир психологик жароҳатдир. Инсульт сабабли нутқнинг тўсатдан бузилиши бемор психологиясини ўзгартириб юборади, у ёнидагилар гапини фақат товуш ҳолатида эшитади, маъносини англамайди, ўзи ҳам фикрини тушунтириб бера олмайди. Бунинг натижасида бемор жиззаки бўлиб қолади, яқинларини уришади, ҳадеб гапиришга уринади, бироқ фикрини тўғри баён қила олмай кийналиб кетади. Бошқалар сўзини тушунмасликка сенсор афазия деб айтилади. Баъзан бемор индамай ётади, ёнидагилар саволини тушунади-ю, бироқ жавоб бера олмайди, яъни гапира олмайди. Бу ҳолат мотор афазия учун хос.
Нутқ функцияси, одатда, фалажликларга қараганда олдинроқ тикланади, масалан, инсультнинг ўткир давридаёқ (21 кун ичида) нутқ тиклана бошлайди. Нутқ тикланиши инсульт тури, зарарланган жой ҳажми ва албатта даволаш жараёни қандай олиб борилишига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Агар инсульт узоқ пайтдан буён хафақон касаллиги, атеросклероз, қандли диабет ва юрак касалликлари билан оғриётган беморда кузатилса, нутқ тикланиши қийин кечади. Сурункали алкоголизмдан азият чекаётган беморда инсульт нутқ бузилиши, хулқ-атворнинг кескин ўзгаришлари билан намоён бўлади ва нутқ фаолияти кеч тикланади. Бундай беморлар билан мулоқот қилиш жуда қийин бўлиб, улар врач ва яқинларининг айтганларини бажармайди, тез уришиб кетади ёки йиғлайверади, овқат ейишдан бош тортади, тагини ҳўл қилиб қўяди. Уни парвариш қилишга (соч-соқолини олиш, чўмилтириш, тўшак-кўрпани тўғрилаб қўйиш) йўл қўймайди, даволаш муолажаларидан воз кечади. Табиийки, бундай беморларни даволаш ва парвариш қилиш анча қийинчиликлар туғдиради.
Нутқи бузилган одамнинг хулқ-атвори албатта ўзгаради. Чунки инсоннинг бирор бир фаолиятини нутқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Нутқсиз ҳеч қайси олий руҳий функция тўлақонли фаолият кўрсата олмайди. Нутқ стрессни олувчи восита ҳамдир. Нутқ орқали биз бошқалар билан дардлашамиз, ички кечинмаларимизни баён қиламиз. Бу эса ўзига яраша катарсис, яъни руҳий покланишни юзага келтиради. Нутқи ривожланмай қолган болани кўз олдингизга келтиринг. Бундай болалар характери кескин ўзгариб, уларни бошқариб бўлмай қолади ёки бола руҳан сўнади. Демак, нутқ характерни бошқарувчи восита ҳамдир. Шу боис ҳам нутқи тикланган боланинг хулқ-атвори ҳам яхшиланиб боради.
Инсульт ўтказган беморларда нутқ тиклангандан сўнг даволаш жараёнидаги баъзи қийинчиликлар бархам топади. Бемор энди ўз танасида кечаётган касаллик аломатларини яқинлари ва даволовчи врачга бемалол айтиб бера олади, унинг тавсиясини бажара бошлайди ва натижада даволаш жараёнида ижобий натижалар юз беради.
ЧЯШ инсультида психоэмоционал бузилишлар хавотирли-депрессив синдром кўринишида намоён бўлади. Хавотирли-депрессив бузилишларнинг мавжудлиги ЧЯШ ни ЎЯШ инсультида кузатиладиган психоэмоционал бузилишлардан фарқловчи симптомлардан биридир. Хавотир қандай кўринишда намоён бўлади?
ЧЯШ инсультида бемор ўзида рўй берган касаллик аломатларидан қаттиқ азият чекади, врачнинг ҳар бир ташрифида нутқи ва ҳаракат фаолиятининг тикланиб кетиш-кетмаслигидан хавотирга тушади, врачнинг ҳар бир сўзини илинч ва умид ила тинглайди, унинг тавсияларини сўзсиз бажаришга интилади, даволаш натижасида рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан хурсанд бўлади. Албатта, ЧЯШ инсульти учун хос бўлган хавотир билан кечувчи бундай симптомлар унинг тезроқ соғайиб кетишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам ЧЯШ инсультида бузилган ҳаракат функцияларининг қайта тикланиш ЎЯШ инсультига қараганда тезроқ кечади.
Ўнг ярим шар инсультида беморлар психологияси. Юқорида қайд қилинганидек, ЎЯШ инсультида тананинг чап томонида ҳаракат ва сезги бузилишлари кузатилади, яъни гемипарезлар, гемианестезиялар. Нутқ ва у билан боғлиқ бўлган аксарият олий руҳий функциялар (ўқиш, ёзиш) сақланиб қолади. Бунинг асосий сабаби – миянинг ўнг ярим шари нутқ учун масъул эмас (ўнақайларда). ЎЯШ, асосан, оптик-фазовий функциялар, аниқроғи, ўз танаси ва атроф-муҳитнинг (фазонинг) тузилиши ҳақида мияга келаётган таъсиротларни анализ ва синтез қилиш учун жавобгардир. Демак, ЎЯШ тана ва фазо тузилишини нотўғри қабул қилиш симптомларини юзага келтиради. Булар – анозогнозия, аутотопогнозия, псевдополимелия, оптик-фазовий агнозиялар. Бу белгилар умумлаштирилиб, тана схемаси бузилиши деб аталади.
Беморнинг боши ёки бир қўли катталашиб кетаётгандек, қўли ёки оёғи тананинг бошқа қисмларида жойлашгандек (аутотопогнозия), тананинг чап томони худди бировнинг танасидек, чап қўли ўзиники эмас, бировникидек ёки ёнида ғўла ётгандек туюлади. Баъзи ҳолларда беморнинг ярим фалажланган чап қўли уни бўғмоқчи бўлса, ўнг қўли эса бунга йўл қўймайди ва чап қўлни итариб юборади. Баъзан чап қўл худди кичик ҳайвон (мушук, олмахон, қуён) кўринишида беморга эркаланади ёки бемор ўнг қўли билан чап қўлини силайди. “Нимага бунақа қиляпсиз?” деса, у “Мушугимни эркалатяпман” дейди. Гўёки тана иккига бўлингану, унинг ҳар бир ярим томони ўзича фаолият кўрсатяпти.
Бемор инсульт оқибатида ўз танасида пайдо бўлган нуқсонларни (фалажликларни) инкор қилади, менинг оёқ-қўлларим ишлаяпти дейди. Бундай ҳолат анозогнозия деб аталади. Бемор фалажликлар сабабли бир неча кундан буён тўшакка михланиб қолган бўлса-да, “Мен ҳозиргина ҳожатхонага бориб келдим, туриб ҳовлида юрдим”, дейди. У кийинаётганида ҳам чап томонини тўла инкор қилади: кўйлагининг ўнг енгини, оёқ кийимининг ўнг томондагисини кияди, лагандаги овқатнинг (масалан, ошнинг) фақат ўнг томондагисини ейди, уйга кираётганда чап елкасини эшикка уриб киради. Соқол олаётганда юзининг чап томони қолиб кетади, тишини юваётганда фақат ўнг томонини ювади ва ҳ.к. Демак, чап томон бутунлай инкор қилинади, гўёки фазонинг чап томони йўқдек. Бемордаги бу ҳолат нафақат ўз танасига нисбатан, балки ташқи оламга нисбатан ҳам кузатилади. Бемор фазодаги нарсаларнинг ҳам бир томонини инкор қилади. Бундай бузилишлар ЎЯШ зарарланишида кўп кузатилгани боис нейропсихологияга “фазонинг бир томонини инкор қилиш” синдроми деган термин киритилган.
ЎЯШ инсульти учун айнан хос бўлган психоэмоционал бузилишлар –ўз касалига бўлган бефарқлик, ирода сўниши ва апатия. Агар ЧЯШ да депрессия кучли ифодаланган хавотир билан намоён бўлса, ЎЯШ инсультида депрессия апатия билан биргаликда намоён бўлади. Агар беморга жойингиздан турманг, сизга туриб юриш мумкин эмас, деса “Хўп бўлади”, деб жавоб беради-ю, барибир туриб юради, врач тавсиясига кўра вақтида бажариш лозим бўлган жисмоний машқларни бажармайди, фалажланган томондаги қўл-оёқлари қандай ҳолатда бўлса, шу ҳолатда ётаверади, бироз бўлса-да пайдо бўлган ҳаракатларни фаоллаштиришга уринмайди. “Ҳозир қаерда ётибсиз” деб сўралса, у “Мен шифохонада даволаяпман” деб жавоб беради ёки “Тошкентда даволаняпман”, дейди. Ваҳоланки, бу пайтда у ўз уйида ёки ўзи яшаётган вилоят шифохонасида даволанаётган бўлади.
Аксарият ҳолларда бемор жуда сўзамол, маслаҳатгўй бўлиб қолади, зарур бўлмаган масалалар устида сўз очади ва яқинлари ёки уни кўргани келган бегона одамларни соатлаб ёнида олиб ўтиради. Эртаси куни бемордан “Кеча ёнингизга ким келди”, деб сўралса, унинг кимлиги ва қачон келганини унутиб қўяди ёки “Бир ой олдин келди”, деб жавоб беради. Демак, ЎЯШ инсультида вақт ва маконни тўғри баҳолаш ҳам бузилади.
Баъзан бемор овқатланмоқчи бўлса, қошиқни соғлом қўли билан ҳам косага тўғри олиб бора олмайди, оғзини топа олмайди, овқатни ёқасига тўкиб юборади ва натижада овқат ейишдан бош тортади, унга ўз-ўзидан йиғи келади. Буни зўраки йиғи дейишади ва бу ҳолат арзимаган нарсага кулиш билан алмашиниб туради, яъни беморга салбий воқеалар ҳақида гапирсангиз, дарров йиғлаб юборади, бироз ҳазил қўшиб гапирсангиз, кулиб юборади. Бу ҳолат такрорий инсультлар учун хос, масалан, бир йил олдин ЧЯШ, яқинда эса ЎЯШ да кузатилган инсультларда зўраки йиғлаш ва кулиш симптомлари ривожланади.
Беморда ўз танасини идрок қилишнинг бузилиши атроф-муҳитни идрок қила олмаслик билан биргаликда намоён бўлади. Масалан, бемор уйдан чиқиб кетиб, ўз уйини тўғри топиб кела олмайди, кўчанинг бошқа томонига кетиб қолади, аввал таниш бўлган дўкон ёки бозор қайси томонда жойлашганлигини адаштиради. У вилоятлараро қатновчи автобус ҳайдовчиси бўлса-да, Самарқанд ёки Фарғона Тошкентга нисбатан қайси томонда жойлашганини чалкаштиради ва ҳ.к. Бундай ҳолатлар ҳар доим ҳам бўлавермайди, фақат ЎЯШ нинг катта қисмини эгаллаган инсультларда рўй беради.
Умумлаштириб айтадиган бўлсак, ЎЯШ инсультига хос психоэмоционал пассивлик ҳаракат функциялари тикланишига салбий таъсир этиб соғайиш даври чўзилишига сабабчи бўлади.
Инсультда психореабилитация. Инсульт ривожланган захоти бемор зудлик билан шифохонага ётқизилиши ва тиббий-психологик ёрдам касалликнинг дастлабки соатлариданоқ бошланиши керак. Бу ерда иккиланишга ҳеч қандай ўрин йўқ! «Беморни қўзғатмаслик керак, бирон соат уйда бўлсин, ҳозир мумкин эмас» қабилидаги гаплар ноўрин. Аксинча, инсульт ривожлангандан сўнг 3-6 соат ичида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам беморнинг тўла тузалиб кетишига, энди бошланаётган фалажликларнинг олдини олишга, қолаверса, беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга жуда катта имконият яратиб беради.
Одатда, 21 кунгача инсультнинг ўткир даври ҳисобланиб, бу вақтда бемор шифохонада даволанади. Касалликнинг ўткир даврида аксарият беморларнинг ҳуши турли даражада бузилган бўлиб, фалажликлар, нутқ ва хулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Бу даврда унга руҳий тинчлик ўта зарурдир! Шунинг учун беморни кўришга келаётганлар сонини кескин камайтириш лозим, унинг ёнида турмуш ўртоғи ёки фарзандларидан бири парвариш қилиш учун қолиши мумкин. Чунки ҳар қандай ташриф кечагина оёқ устида юрган, бугун эса тўшакка михланиб қолган беморга руҳий жароҳат етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар, айниқса, бирга ишлайдиганлар ва қўни-қўшнилар ташриф буюрганда рўй бериши эҳтимолдан холи эмас. Агар бемор “Танишларим мени кўргани келишяптими?” деб сўраса, унга “Албатта келишяпти, бироқ докторлар уларга рухсат беришмаяпти, бироз тузалганингиздан сўнг уларни ёнингизга қўйишади. Барча келиб кетаётганлар сизни тезроқ соғайиб кетсин дейишмоқда” қабилидаги сўзлар билан беморни тинчлантириш лозим. Акс ҳолда беморнинг “Нега улар мени кўргани келишмаяпти?” деб ортиқча ҳаяжонланиши беморнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Айниқса, нутқи бузилган беморлар ёнига келувчиларни нутқ тиклангунга қадар тўхтатиб туриш лозим. Нутқ эса аксарият ҳолларда 2-3 ҳафта ичида тиклана бошлайди. Даволаш муолажалари тўғри ва ўз вақтида олиб борилса, аввал беморнинг оёқларида ҳаракат пайдо бўлади, қўлнинг тикланиши эса бироз суст боради.
Бемор шифохонадан ҳар доим ҳам тузалиб чиқиб кетавермайди. Инсультда бузилган функциялар, одатда, бир йил мобайнида тикланади, вақт ўтган сайин бу жараён сустлашиб боради. Шунинг учун ҳам ушбу даврда нейропсихореабилитация усуллари ўта моҳирлик билан олиб борилиши керак. Афсуски, инсульт ўтказган беморда турли даражада ифодаланган ногиронлик кўрсаткичлари жуда юқори бўлиб, 80 фоизгача етади. Ҳеч қандай ўткир ривожланувчи касалликда ногиронлик бу даражада юқори эмас. Демак, бундай беморни нормал ҳаёт тизимига қайтариш лозим ва бу йўналишда бир қанча мутахассислар, яъни реабилитолог, невропатолог, нейропсихолог, психотерапевт, логопед ва терапевт иштирок этишади. Умумий амалиёт шифокори эса ушбу мутахассисларнинг кўригини таъминлайди ва уларнинг тавсияларига асосланиб, беморни кузатиб боради.
Йирик шаҳарларда реабилитация марказлари мавжуд бўлиб, инсультнинг тикланиш даврида даволашни ушбу марказларда давом эттириш мақсадга мувофиқ. Инсультнинг оғир турини ўтказган беморни ўз-ўзини эплай олиш, яъни овқатланиш, ювиниш, чўмилиш, соқол олиш, кийиниб-ечиниш, ҳожатхонага бориб келиш каби кундалик юмушларни мустақил равишда бажара оладиган ҳолатга келтириш нейропсихореабилитациянинг асосий вазифаларидан биридир. Инсульт енгил кечган ҳолатларда эса меҳнат қобилиятининг тикланиш даражасига қараб, беморни аввал ўзи фаолият кўрсатган касбга яна жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Инсульт ўтказган беморда меҳнатга лаёқатлилик даражасини аниқлаш зарур бўлади. Аксарият беморларга ногиронликнинг биринчи ёки иккинчи даражаси, енгил ҳолатларда эса учинчи даражали ногиронлик белгиланади.
Инсульт ўтказганларда кузатиладиган мушак-бўғим контрактуралари, айниқса, қўл панжалари ва тирсак бўғимида кучли ифодаланади. Бу табиийки, беморга ўзини эплаш билан боғлиқ бўлган юмушларни бажариш имкониятини чегаралайди. Бу муаммоларни бартараф этиш ёки олдини олиш учун турли жисмоний машқлар мавжуд. Мутахассислар тавсиясига кўра, бемор ушбу машқларни бажариши, фалажланган оёқ-қўлларга нуқтали уқалашлар олиши, физиотерапевтик муолажаларни ва спастик тонусни пасайтирувчи дориларни истеъмол қилиши зарур.
Нутқ бузилишларини коррекция қилишда логопедик муолажалар ўтказиш албатта ўта муҳим. Одатда касаллик сабабли пайдо бўлган нутқ ва хулқ-атвор бузилишларини нейропсихолог даволайди. Ушбу мутахассислар йўқ жойда нейропсихологик муолажаларни яхши тушунадиган невропатолог ўтказиши мумкин.
Инсульт ўтказган беморларни жамиятдан ва оилада бўладиган тадбирлардан чеккалаб ташлаш асло мумкин эмас. Акс ҳолда улар психологик изоляцияда қолишади. Беморни оилада ва маҳаллада режалаштирилаётган ишларга уларнинг имкон даражасига қараб жалб қилиш лозим. Акс ҳолда улар ўзларини оилага ҳам, жамиятга ҳам кераксиз деб ҳис қилиб, чуқур депрессияга тушиши мумкин. Баъзи ҳолларда касаллик сабабли иш жойини ва яқинларининг эътиборини йўқотган беморда ўз жонига қасд қилишлар ҳам рўй бериб туради. Уларнинг ҳаёт тажрибасидан маҳалла фаоллари, беморнинг яқин қариндошлари ва фарзандлари унумли фойдаланишлари лозим.
Шундай қилиб, инсульт ўтказган беморларни даволаш ва уларни одатий турмуш тарзига қайтариш узоқ давом этувчи мураккаб тиббий-психологик жараён бўлиб, унинг муваффақиятли тугаши ўтказилаётган муолажаларининг тўғри ва ўз вақтида олиб борилишига боғлиқ.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b.
©Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat. T.; 2019., 312b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича