ИНТРАКРАНИАЛ ГЕМАТОМАЛАР
Интракраниал гематомалар бош мия босилишига олиб келувчи сабаблар ичида етакчи ўринни эгаллайди. Интракраниал гематомалар клиникаси учун «ёруғлик даври» жуда хос. Бу даврда неврологик белгилар бўлмайди ёки енгил ифодаланган бўлади. Бу эса диагностик хатоликлар сабабчиси ҳамдир. Шу боис КЦЖ га учраган ҳар қандай бемор врач назоратига олинади.
Интракраниал гематома зарба пайтида артерия ёки веналар ёрилиши натижасида рўй беради. Гематома ҳажми зарба кучи ва қайси томир ёрилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ёрилган қон томир тешигида тромб ҳосил бўлиб ёпилмагунча гематома катталашаверади. Гематома шаклланишида қон ивишини таъминловчи система ҳолати ҳам аҳамиятлидир. Агар каттароқ томир ёрилса, оқаётган қон тўхтамасдан бош миянинг катта қисмини босиб қўйиб, ўлим билан тугаши мумкин.
Интракраниал гематома турлари. Локализацияси бўйича 3 хил гематома фарқланади:
- эпидурал – калла суяги билан қаттиқ парда орасида жойлашган;
- субдурал – қаттиқ ва арахноидал пардалар орасида жойлашган;
- интрацеребрал – мия паренхимаси ичида жойлашган.
Эпидурал гематомада “ёруғлик даври”, одатда, бир неча соат давом этади. Бундай гематомалар клиник симптомларсиз кечиши ва фақат КТ да аниқланиши ҳам мумкин. Айниқса, ҳажми 50 мл дан кам бўлган гематома мия эзилиши белгиларисиз намоён бўлади. Гематома катталашган сайин бош мияни боса бошлайди ва неврологик симптомлар пайдо бўлади. Қандай неврологик симптомлар юзага келиши бош миянинг қайси соҳаси эзилишига боғлиқ. Баъзида эпидурал гематома бошнинг бир томонида, мия эзилиши эса иккинчи томонда рўй беради. Шунинг учун аниқланган неврологик симптомлар гематома ҳисобига эмас, балки мия эзилиши сабабли кузатилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Субдурал гематома. Субдурал гематома қаттиқ парда тагида жойлашади ва мия пардаларини қон билан таъминловчи артериялар, ушбу соҳадан ўтувчи веналар ва қаттиқ парданинг веноз синуслари ёрилганида рўй беради. Эпидурал гематомадан фарқли ўлароқ субдурал гематома кенгроқ жойни эгаллайди. Чунки субдурал бўшлиқда тўсиқлар кам бўлади. Шунинг учун ҳам субдурал гематома биратўла бошнинг пешона, тепа ва энса бўлакларини эгаллаши мумкин.
Субдурал гематома, кўпинча, оғир КЦЖ да ривожланади ва деярли ҳар доим бош миянинг эзилиши билан биргаликда намоён бўлади. Демак, дастлаб пайдо бўлган неврологик симптомлар субдурал гематома сабабли эмас, балки мия эзилиши натижасида юзага келади. Кейинчалик гематома ҳам мияни боса бошлаши оқибатида қўшимча неврологик симптомлар пайдо бўлади ёки мавжуд симптомлар оғирлашади.
Кечишига қараб ўткир ва сурункали субдурал гематомалар фарқланади. Ўткир гематома, кўпинча, артериялар ёрилганда ривожланади ва бир неча соат ичида шаклланади. Қисқа муддатда катта ҳажмга етган гематома мияни боса бошлайди ва неврологик симптомлар тез ривожланади. Чакка соҳасида жойлашган субдурал гематома хавфлидир. Агар зудлик билан нейрохирургик ёрдам кўрсатилмаса, темпорал силжиш ривожланади ва мия устуни босилиб, беморнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Сурункали субдурал гематома, одатда, унча кучли бўлмаган шикастланишларда ривожланади ва кўпинча, қарияларда кузатилади. Эътиборсиз қолган калла суяги жароҳатлари (айниқса, енгил зарбалар) сурункали субдурал гематомалар шаклланишига олиб келади. Енгил жароҳатларда бемор ҳушини йўқотмаганлиги учун врачга мурожаат қилмайди. Орадан 3–4 ҳафта ўтгач, гематома ўрнига қон томирларга бой капсула шаклланади. Капсуланинг қон томирлари мўрт бўлади ва улар тез-тез ёрилиб туради. Бунинг натижасида капсула катталашиб, мияни боса бошлайди.
Неврологик симптомлар узоқ вақтгача пайдо бўлмай туради. Улар, одатда, 2–3 ой давом этган “ёруғлик даври” дан сўнг юзага келади. Дастлаб менингеал симптомлар, кейинчалик эса ўчоқли неврологик симптомлар вужудга келади. Неврологик симптомларнинг аста-секин ривожлана бошлаши худди секин ўсувчи ўсмаларни эслатади. Беморнинг доимо боши оғриб юради, аналгетиклар кам фойда беради. Баъзида субдурал гематома КТ қилинганда тасодифан аниқланиб қолади. Бош мия босилиб борган сайин бемор ҳушини йўқота боради ва сопор ҳолатига тушади.
Сурункали субдурал гематомалардан сўнг субдурал гигромалар шаклланади. Субдурал гигрома ичига суюқлик йиғилган ва капсула билан ўралган бўлади. Сурункали шаклланган капсула ичидаги қон сўрилгач, унинг ўрнига ликвор сизиб кира бошлайди ва унинг оқсили денатурацияга учрайди. Натижада капсула ичида қуюқ суюқлик пайдо бўлади. Унинг жигарранг тусда бўлиши суюқлик таркибига қон элементлари тушиши билан боғлиқ. Унда турли хил пигментлар ва фибрин толалари ҳам мавжуд. Гигрома аста-секин катталашиб, миянинг босилиши ва силжишига сабабчи бўлади. Субдурал гигрома, кўпинча, бошнинг тепа ва чекка бўлакларида жойлашади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича