Кардиоэмболик инсульт
Кардиоэмболик инсульт – юрак ичидан ажралиб чиққан эмболлар мия томирларига етиб бориб, уларни тиқиб қўйиши натижасида ривожланадиган инсульт. Шунинг учун ҳам ишемик инсультнинг бу тури кардиоэмболик инсульт деб аталади. Эмболлар манбаи – юракнинг чап клапанларида жойлашган тромблар. Бу тромблар юрак аритмиялари, айниқса, ҳилпилловчи аритмияда ўрнидан кўчади ва эмболлар ҳосил қилади. Юракда тромблар, асосан, бактериал эндокардит, АС, юракнинг сунъий клапани, юрак аритмиялари, миксома, миокард инфакти, юракда қон айланишни тўхтатиб қилинадиган хирургик операциялар ва кардиомиопатияларда пайдо бўлади.
Мия артерияларини тиқиб қўйган эмбол, кўп ҳолларда, фибринолизга учрайди ва қон айланиш яна тикланади. Агар эмбол парчаланмаса, артериянинг дистал қисмида перфузион босим тушиб кетади ва қон элементлари томир деворидан ташқарига сизиб чиқа бошлайди. Бунинг натижасида периваскуляр соҳада пердиапедез геморрагия ўчоқлари пайдо бўлади. Демак, эмболизация рўй берган артерия соҳасида ҳам ишемик, ҳам геморрагик инфаркт ривожланади. Бундай ҳолларда, одатда, аралаш инсульт атамаси қўлланилади. Эмболизация механизми бўйича рўй берган ишемик инсультда геморрагик инфаркт ривожланиш хавфи доимо юқори эканлигини эсда тутиш лозим. Кардиоэмболик инсульт ривожланишида энг хатарли омил – бу ҳилпилловчи аритмия. Йирик артериялар атеросклерози кардиоэмболик инсульт ривожланишида аҳамиятли эмас.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
© Z. Ibodullayev. Insult va koma. Qo`llanma. Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича