Катта мия (cerebrum)
Катта мия (cerebrum) ёки охирги мия (telencephalon) иккита катта яримшардан (hemispherium cerebri) иборат. Яримшарларнинг пўстлоқ (сortex cerebri, substantia grisea) ҳамда пўстлоғости қисми, яъни оқ моддаси (substantia alba) фарқланади. Substantia grisea ва substantia alba биргаликда pallium дейилади. Оқ модданинг чуқур қисмида жойлашган базал ганглиялар (ganglia basalis) ҳам катта яримшарлар таркибига киради. Катта мия бўшлиғи – бу ён қоринчалар (ventriculi lateralis).
Эслатма. Катта мияни (cerebrum) бош мия (encephalon) билан адаштирманг. Бош мия таркибига кўп тузилма, яъни катта мия, оралиқ мия, ўрта мия, кўприк, узунчоқ мия ва мияча киради.
Катта яримшарлар
Умумий тузилиши. Катта миянинг чап ва ўнг яримшарлари фарқланади. Уларни бир-биридан катта миянинг бўйлама тирқиши (fissura longitudinalis cerebri) ажратиб туради. Иккала яримшар ўртасида жойлашган қадоқсимон тана (corpus callosum) уларни ўзаро боғлаб туради. Қадоқсимон тана кўндаланг йўналишдаги комиссурал толалардан иборат.
Катта миянинг ташқи (конвекситал), ички (медиал) ва остки (базал) юзалари фарқланади. Ҳар бир яримшар қуйидаги 4 бўлакдан иборат: пешона (lobus frontalis), тепа (lobus parietalis), чакка (lobus temporalis), энса (lobus occipitalis) (10.1-расм).
Яримшарлар кулранг тусга эга пўстлоқ (cortex) билан қопланган. Пўстлоқда пушталар (gyri) ва эгатлар (sulci) жуда кўп. Шу боис ҳам у ғадир-будир. Чуқур ва доимий эгатлар яримшарларни бўлакларга ажратиб туради.
Яримшарларнинг ташқи (конвекситал) юзаси. Эгатлар ва пушталар топографиясини пешона, тепа, чакка, энса бўлаклари мисолида кўриб чиқамиз. (10.2-расм).
10.2-расм. Катта яримшарнинг латерал (конвекситал) юзаси
Пешона бўлаги (lobus frontalis). Бошқа бўлаклардан катта ҳисобланади. Пешона бўлагининг орқа чегарасини марказий эгат (sulcus centralis), пастки чегарасини латерал эгат (sulcus lateralis) ҳосил қилади. Марказий эгат (Роланд эгати) пешона бўлагини тепа бўлакдан ажратиб турса, латерал эгат (Сильвий эгати) уни чакка бўлагидан ажратиб туради.
Марказий эгатнинг олд қисмида вертикал йўналишда олдинги марказий пушта (gyrus centrаlis anterior) жойлашган. Ундан олдинда параллел тарзда олдинги марказий эгат (sulcus precentralis) ўтади. Ушбу эгатдан олдинга қараб кўндаланг йўналишда иккита пешона эгати мавжуд. Булар – устки пешона эгати (sulcus frontalis superior) ва пастки пешона эгати (sulcus frontalis inferior). Ушбу эгатлар пешона бўлагини устки, ўрта ва пастки пешона пушталарига (gyrus frontales superior, media et inferior) ажратади.
Пастки пешона пуштаси ичига қараб Сильвий эгатчасидан иккита кичик эгатча кириб кетган. Бунинг бири олдинги шохча (ramus anterior), иккинчиси кўтарилувчи шохча (ramus ascendens) деб номланган. Натижада gyrus frontalis inferior уч қисмга ажралиб қолган. Булар – орбитал, триангуляр, оперкуляр қисмлар. Ramus anterior дан олдинда орбитал қисм (pars orbitalis), ramus ascendens дан орқа томонда оперкуляр қисм (pars opercularis) жойлашган. Ramus anterior билан ramus ascendens ораси учбурчак шаклга эга бўлиб қолганлиги боис, уни учбурчак қисм (pars triangularis) деб аташади. Эслатиб ўтамиз, оперкуляр соҳа – бу Брок маркази.
Тепа бўлаги (lobus parietalis). Марказий эгатдан орқа томонда жойлашган. Sulcus centralis тепа бўлагининг олдинги, sulcus lateralis эса пастки чегарасини ҳосил қилади. Марказий эгат билан орқа марказий эгат (sulcus postcentrаlis) орасида орқа марказий пушта (gyrus postcentrаlis) жойлашган. Тепа бўлагида горизонтал жойлашиб ўтган эгат интрапариетал эгат (sulcus intraparietalis) номини олган. Бу эгат тепа бўлагини юқори (lobus parietalis superior) ва пастки (lobus parietalis inferior) париетал бўлакларга ажратади.
Пастки париетал бўлак ўз навбатида иккита пуштага бўлинган. Улардан бири – чегара усти пуштаси (gyrus supramarginalis), иккинчиси – бурчак пушта (gyrus angularis). Gyrus supramarginalis Силвий эгатининг орқа учини ўраб турса, gyrus angularis юқори чакка эгатининг орқа учини ёпиб туради.
Чакка бўлаги (lobus temporalis). Чакка бўлагини пешона ва тепа бўлакларидан Силвий эгати (sulcus lateralis Sylvii) ажратиб туради. Чакка бўлагининг ташқи юзасида устки (sulcus temporalis superior) ва пастки (sulcus temporalis inferior) эгатлар бор. Бу эгатлар чакка бўлагини уч пуштага ажратади. Булар – юқори, ўрта ва пастки чакка пушталари (gyri temporales superior, media et inferior). Юқори чакка пуштаси тагида, яъни латерал эгат тубида чакка бўлагининг кўндаланг пушталари (gyri temporаles transversi) яширинган. Бунга Гешл пушталари дейилади. Уларни бир-биридан кўндаланг эгатчалар (sulci temporаles transversi) ажратиб туради.
Энса бўлаги (lobus occipitalis). Энса бўлагининг ташқи (конвекситал) юзаси тепа ва чакка бўлаклари билан аниқ чегараларга эга эмас. Бу бўлакнинг эгатча ва пушталари ҳам доимий эмас.
Оролча (insula). Оролча ташки томондан кўринмайди. Чунки у Силвий эгати тубида жойлашган. Уни кўриш учун ушбу эгатни очиш керак. Ана шунда гулкарамга ўхшаш оролчага кўринади. (10.3-расм). Тепадан уни оперкуляр соҳа (operculum) томга ўхшаб ёпиб туради. Оролчанинг марказий эгатчаси (sulcus centralis insulae) уни олдинги (lobulus insulae anterior) ва орқа оролча бўлакларига (lobulus insulae posterior) ажратади. Оролчанинг олдинги қисми пешона бўлаги таркибига, орқа қисми – чакка бўлаги таркибига қиради. Оролчани ўраб турган айланасимон эгатча (sulcus circularis insulae) уни бошқа бўлаклардан чегаралаб туради. Оролчада доимий бўлмаган калта ва узун пуштачалар (gyri insulae breves et longus) ҳам мавжуд. Баъзи мутахассислар оролчани катта миянинг бешинчи бўлаги деб аташади.
Яримшарларнинг ички (медиал) юзаси. Медиал юзанинг марказий қисми пастида қадоқсимон тана эгати (sulcus corporis callosi) жойлашган (10.4 расм).
10.4-расм. Катта яримшарнинг медиал юзаси
Сorpus callosum устидан ўтувчи ушбу эгатнинг орқа томони равоқсимон бўлиб пастга тушиб боради ва гиппокамп эгатига (sulcus hippocampi) айланади.
Қадоқсимон тана эгатидан тепада белбоғ пушта (gyrus cinguli) мавжуд. Унинг юқорисидан бебоғ эгат (sulcus cinguli) ўтади. Ёйсимон шаклга эга ушбу эгат олд томондан corpus callosum тиззасини айланиб тушиб орқага қайтади. Белбоғ эгатдан белбоғ пушта ичига иккита эгатча йўналади. Булар – парацентрал эгатча (sulcus paracentralis) ва четки шохча (ramus marginalis). Ушбу иккала эгатча орасида жойлашган пуштага парацентрал бўлакча (lobulus paracentralis) дейилади. Lobulus paracentralis пешона бўлагига киради. Демак, sulcus paracentralis пешона ва тепа бўлаклари орасидаги чегарадир. Ramus marginalis нинг орқа томонида precuneus ётади.
Corpus callosum нинг орқа томонидан айланиб пастга тушаётган gyrus cinguli торайиб белбоғ пушта бўғзини (isthmus gyri cinguli) ҳосил қилади. Ушбу пушта олдинга қараб давом этади ва унга парагиппокампал пушта (gyrus parahippocampalis) дейилади. Белбоғ пушта, унинг бўғзи ва парагиппокампал пушта биргаликда гумбаз пушта (gyrus fornicаtus) деб айтилади.
Энса бўлагининг медиал юзасида иккита доимий эгатлар мавжуд. Булар – тепа-энса эгати (sulcus parietooccipitalis) ва пихсимон эгат (sulcus calcarinus). Ушбу иккала эгат орасида понасимон пушта (cuneus) ҳосил бўлган. Cuneus нинг олд томонида precuneus жойлашган. Демак, пона олди пуштаси sulcus parietooccipitalis билан ramus marginalis орасида ётади. Эслатиб ўтамиз, cuneus энса, precuneus эса тепа бўлаги таркибига киради. Улар орасидаги чегара – бу sulcus parietooccipitalis.
Пихсимон эгатдан пастда тилсимон пушта (gyrus linguаlis) жойлашган. Тилсимон пуштадан пастда коллатерал эгат (sulcus collateralis) ўтади. Денгиз оти эгати (sulcus hippocampi) ва sulcus collateralis орасида парагиппокампал пушта жойлашган. Унинг орқа томони тилсимон пуштага ўтса, олдинги томони тепага қайрилиб илмоқ (uncus) ҳосил қилади.
Яримшарларнинг пастки (базал) юзаси. Яримшарлар базал юзасининг олдинги қисми – пешона, ўрта қисми – чакка, орқа қисми – энса бўлакларига тўғри келади (10.5-расм).
10.5-расм. Катта яримшарнинг пастки юзаси
Fissura longitudinalis cerebri нинг иккала ён томонидан ҳидлов эгати (sulcus olfactorius) ўтади. Унда ҳидлов пиёзчаси ва ҳидлов тракти ётади. Орқароқда ҳидлов учбурчаги (trigonum olfacrorium) жойлашган. Fissura longitudinalis cerebri билан sulcus olfactorius орасида тўғри пушта (gyrus rectus) мавжуд. Ҳидлов эгатининг ташқи-ён томонида орбитал эгатчалар (sulci orbitаles) ва орбитал пушталар (gyri orbitales) жойлашган.
Яримшарларнинг базал қисмида яхши кўзга ташланадиган коллатерал эгатдан олдинда бурун эгати (sulcus rhinalis) бор. Унинг латерал қисмидан gyrus parahippocampalis ва uncus ўрин олган. Коллатерал эгатнинг латерал қисмида медиал энса-чакка пуштаси (gyrus occipitotemporalis medialis) жойлашган. Gyrus occipitotemporalis medialis билан gyrus occipitotemporalis lateralis ни бир-биридан энса-чакка эгати (sulcus occipitotemporalis) ажратиб туради.
Лимбик система. Катта миянинг медиал юзасида, яъни қадоқсимон тана ва таламус атрофида жойлашган тузилмалар лимбик система таркибига киради (10.6-расм).
Айланасимон бўлиб жойлашган ушбу тузилмалар Папес айланаси деб ҳам аталади ва эмоциянинг анатомик субстрати ҳисобланади. Булар пўстлоқнинг энг кекса тузилмалари бўлиб, белбоғ пушта, парагиппокампал пушта, гиппокамп, ҳидлов сўғони, тилсимон пушта, сўрғичсимон таналар (corpora mamillaria) ва бодомсимон тана (corpus amygdaloideum) дан иборат.
Функцияси. Лимбик система эмоционал реакциялар, мотивация, инстинктив ҳулқ-атвор, уйқу ва тетикликни координация қилади. Турли экстремал вазиятлар, яъни ҳавф-хатар, совуқ, қўрқув, очлик, чанқоқликда мослашув ва ҳимоя реакцияларини таъминлайди. Янги материалларни эсда олиб қолиш (гиппокамп), қисқа муддатли хотирани узоқ муддатли хотирага ўтказиш ва вегетатив функцияларни интеграция қилиш ҳам лимбик система фаолиятига киради.
Қадоқсимон тана. Сorpus callosum чап ва ўнг яримшарларни боғловчи зич жойлашган толалардан ташкил топган. Уларга комиссурал толалар дейилади. Қадоқсимон тананинг олдинги, ўрта ва орқа қисмлари фарқланади.
Чап ва ўнг томондаги пешона пўстлоғини боғловчи толалар қадоқсимон тананинг олдинги, яъни тизза қисмидан ўтади. Париетал пўстлоқни боғловчи толалар қадоқсимон тананинг марказий қисмидан ўтса, чакка ва энса бўлакларини боғлайдиган толалар унинг орқа қисмидан ўтади.
Катта яримшарлар пўстлоғи архитектоникаси
Катта яримшарлар пўстлоғининг морфологик тузилиши хусусиятларини ўрганувчи йўналиш пўстлоқ архитектоникаси деб юритилади. Пўстлоқда нейронлар жойлашувини ўрганишга пўстлоқ цитоархитектоникаси, пўстлоқда нерв толалари жойлашуви ва йўналишини тадқиқ қилувчи соҳага пўстлоқ миелоархитектоникаси дейилади.
Филогенетик (эволюцион) нуқтаи назардан пўстлоқнинг қадимги (аrchiocortex), кекса (paleocortex) ва янги (neocortex) соҳалари фарқланади. Тишсимон, тасмасимон ва парагиппокампал пушталар ҳамда гиппокамп архикортекс дейилади. Ундан кейинроқ пайдо бўлган, яъни белбоғ пушта, ҳидлов пуштаси ва унинг атрофидаги тузилмалар палеокортекс таркибига киради. Пўстлоқнинг латерал юзасида жойлашган қисмлари неокортекс деб аталади.
Пўстлоқ цитоархитектоникаси. Пўстлоқ (cortex cerebri) нерв ҳужайралари (нейронлар) ва глиал хужайралар (нейроглия) таналаридан иборат. Шу боис кулранг тусга эга. Пўстлоқда 14 млрд нейрон бор. Ёш ўтган сайин уларнинг сони камайиб боради. Бу табиий ҳол. Глиал ҳужайралар ундан деярли 10 баробар кўп, яъни 100–130 млрд. Пўстлоқ қалинлиги 2–5 мм. Пўстлоқда эгат ва пушталар кўплиги сабабли ғадир-будир тузилишга эга. Унинг умумий майдони 2000–2200 см2.
Пўстлоқ 6 қаватли тузилишга эга (10.7-расм). Булар:
1 – молекуляр қават (lamina molecularis);
2 – ташқи донадор қават (lamina granularis externa);
3 – ташқи пирамидал қават (lamina pyramidalis externa);
4 – ички донадор қават (lamina granularis interna);
5 – ички пирамидал қават (lamina pyramidalis interna);
6 – мультиформ ҳужайралар қавати (lamina multiformis).
Пўстлоқ миелоархитектоникаси. Пўстлоқнинг ҳар бир қаватида нейронлар ва глиал ҳужайралардан ташкари, турли томонларга йўналган нерв толалари ҳам мавжуд. Пўстлоқ ичидаёқ миелин парда билан қопланган ушбу толалар кулранг тусга эга ҳужайралар тўплами орасида тарам-тарам бўлиб оқ тусда кўзга ташланади. Ушбу манзарани оддий микроскоп остида кўриш мумкин. Бунга пўстлоқ миелоархитектоникаси дейилади.
Пўстлоқ майдонлари. Бродман майдонлари. 1909 йили немис неврологи К. Бродман катта яримшарлар пўстлоғини 11 ҳудуд ва 52 цитоархитектоник майдонга ажратди (10.1-жадвал ва 10.8-расмлар)
10.1-жадвал. Бродман бўйича пўстлоқ ҳудуди (regiones) ва майдонлари (areas)
№ | Пўстлоқ ҳудудлари (regiones) | Пўстлоқ майдонлари (areas) |
1 | Постцентрал (regio postcentralis) | 1, 2, 3, 43 |
2 | Прецентрал (regio precentralis) | 4, 6 |
3 | Фронтал (regio frontalis) | 8, 9, 10, 11, 12, 44, 45, 46, 47 |
4 | Инсуляр (regio insulalis) | 13, 14, 15, 16 |
5 | Париетал (regio parietalis) | 5, 7, 39, 40 |
6 | Темпорал (regio temporalis) | 20, 21, 22, 36, 37, 38, 41, 42, 52 |
7 | Оксипитал (regio occipitalis) | 17, 18, 19 |
8 | Цингуляр (regio cingularis) | 23, 24, 25, 31, 32, 33 |
9 | Ретросплениал (regio retrosplenialis) | 26, 29, 30 |
10 | Гиппокамп (regio hippocampi) | 27, 28, 34, 35, 48 |
11 | Олфакториал (regio olfactoria) | 51 |
Пўстлоқнинг бирламчи, иккиламчи ва учламчи майдонлари фарқланади (10.9-расм).
Бирламчи майдонлар. Проекцион типдаги хужайралардан иборат бўлиб, пўстлоқ марказларини периферия билан боғлайди. Масалан, олдинги ва орқа марказий пушталар, энса соҳасидаги кўрув маркази, чакка соҳасидаги эшитув маркази, унинг медиал юзасидаги ҳидлов ва таъм билиш марказлари бирламчи майдонларга киради. Буларга анализаторларнинг ядро марказлари дейилади. Барча бирламчи майдонлар соматотопик принцип асосида тавсифланади ва аниқ бир функцияни бажаришга ихтисослашган. Масалан, оптик сигналлар – 17, товуш сигналлари – 41, умумий сезги импульслари – 3, 2 ва 1-майдонларга келиб тушади. Ҳаракат билан боғлиқ импульслар эса 4-майдонда шаклланиб, сўнгра периферияга узатилади.
Иккиламчи майдонлар. Ушбу майдонлар бирламчи майдонлар ёнида жойлашган бўлиб, проекцион-ассоциатив ҳужайралардан иборат. Бирламчи майдонларга келиб тушган сигналлар иккиламчи майдонларга узатилади ва бу ерда мураккаб анализ ва синтез қилинади. Масалан, 17-майдон предметни кўради, бироқ нималигини танимайди, 18 ва 19-майдонлар эса предметни таниш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам 17-майдон зарарланса, кортикал кўрлик, 18 ва 19-майдонлар зарарланганда эса кўрув агнозияси ривожланади. Демак, 17-майдон кўриш, 18 ва 19-майдонлар эса кўрган нарсани таниш (билиш) учун масъул.
Учламчи майдонлар. Фақат ассоциатив нейронлардан иборат бўлиб, пўстлоқда бир неча анализаторлар билан чегарадош соҳаларда жойлашган. Учламчи майдонлар пўстлоқнинг деярли ярмини эгаллаган бўлиб, турли функционал системаларни бир-бири билан боғлаб туради. Учламчи майдонлар жойлашган соҳаларга пўстлоқнинг ассоциатив соҳалари ёки марказлари дейилади. Улар калта ўсимтали юлдузсимон хужайралардан иборат.
Ассоциатив соҳалар катта яримшарнинг олдинги ва орқа қисмларида мавжуд. Олдингиси пўстлоқнинг префронтал соҳасида, орқа томондагиси – чакка, тепа ва энса бўлаклари туташган жойда (ТРО – tempora-parieto-occipitalis) жойлашган. Ўта мураккаб интеллектуал операциялар айнан учламчи майдонларда амалга оширилади. Фақат инсон учун хос бўлган нутқ ва бошқа онгли жараёнлар ушбу ассоциатив марказлар фаолияти билан боғлиқ. Ҳайвонлар миясида учламчи майдон бўлмайди.
Ассоциатив, комиссурал ва проекцион йўллар
Катта яримшарларнинг ўтказувчи йўллари морфофункционал нуқтаи назардан қуйидаги турларга ажратилади:
- Ассоциатив йўллар – битта яримшарнинг турли соҳаларини ўзаро боғлайдиган йўллар
- Комиссурал йўллар – иккала яримшарни бир-бири билан боғловчи йўллар
- Проекцион йўллар – катта яримшарни пастки марказлар билан боғловчи йўллар (10.10-расм).
10.10-расм. Ассоциатив, комиссурал ва проeксион йўллар
Ички капсула
Ички капсула (capsula interna) – катта яримшарларнинг марказий қисмида ўта зич жойлашиб ўтган проекцион толалардан иборат тузилма. Ички капсула чап ва ўнг томонда бўлади (10.11-расм).
Ички капсуланинг қуйидаги 3 қисми фарқланади: олдинги сон (crus anterius), тизза (genu) ва орқа сон (crus posterius). Nucleus lentiformis билан caput nuclei caudate орасида олдинги сон, nucleus lentiformis билан thalamus орасида орқа сон жойлашган. Бу ерда ясмиқсимон ядро ички капсуланинг ташки (латерал) деворини ҳосил қилади. Иккала сон бурчак ҳосил қилиб бирлашган жойга ички капсуланинг тиззаси дейилади.
Ташқи капсула
Ташқи капсула (capsula externa) – қобиқ (putamen) ва тўсиқ (сlaustrum) орасида зич жойлашиб ўтган ассоциатив толалардан иборат нозик тузилма. Унинг ички деворини putamen, ташқи деворини claustrum ҳосил қилади.
Нурсимон тож
Ички капсуладан ўтувчи барча проекцион толалар, яъни афферент ва эфферент йўллар пўстлоқ яқинида нурга ўхшаб ёйилиб кетади ва бу ҳолат тожни эслатади. Ушбу радиал йўлларга ёрқин тож (corona radiata) дейилади (10.12-расм).
Радиал йўлларнинг оптик сигналларни ўтказувчи қисми энса томонга йўналиб кўрув тожини (radiatio optica), эшитув сигналларини ўтказувчи қисми чакка пушталарига йўналиб эшитув тожини (radiatio acustica) ҳосил қилади.
Катта мия зарарланиши симптомлари ва топик диагностикаси
Пешона бўлаги зарарланиши симптомлари
Олдинги марказий пушта зарарланса, қарама-қарши томонда гемипарез ёки гемиплегия ҳамда VII ва XII нервларнинг марказий фалажлиги ривожланади. Олдинги марказий пушта қўзғатилса, қарама-қарши томонда Жексон типидаги фокал мотор хуружлар кузатилади.
Ўрта пешона пуштасининг орқа қисми зарарланса, нигоҳ фалажлиги ривожланади. Бунда кўзларни қарама-қарши томонга буриш имконсиз бўлиб қолади (“бемор ўчоқ томонга қараб ётади”). Агар ушбу соҳа қўзғатилса, беморнинг боши ва кўзлари ўчоқдан қарама-қарши томонга буралиб тутқаноқ ҳуружлари кузатилади. Бунга адверсив типдаги ҳуружлар дейилади (“бемор ўчоқдан юзини ўгирди”). Агар патологик ўчоқ пастки пешона пуштасининг оперкуляр қисмини қўзғатса, оперкуляр гиперкинез ёки оперкуляр эпилепсия ривожланади.
Пастки пешона пуштасининг орқа қисми (Брок маркази) зарарланса, мотор афазия ривожланади. Бу синдромга Лурия бўйича эфферент мотор афазия дейилади. Афазия аксарият ҳолларда аграфия билан намоён бўлади. Шунингдек, премотор соҳа зарарланиши учун мотор (кинетик) апраксия, аграфия, амиостатик синдром, орал автоматизми ва ушлаб олиш рефлекслари хос.
Префронтал соҳа зарарланишида астазия-абазия (тик туролмаслик, юролмаслик) ва турли клиник кўринишдаги психик ўзгаришлар, яъни апатия ёки агрессия, депрессия ёки эйфория, акинезия ёки импульсив ҳаракатлар, пуэрилизм, диққат тарқоқлиги, хотира бузилиши, фикрлар карахтлиги ривожланади. Аксарият ҳолларда пешона психикаси апато-абулик синдром билан намоён бўлади. Абулия – ирода сўниши, дегани.
Тепа бўлаги зарарланиши симптомлари
Орқа марказий пушта тўла зарарланса, қарама-қарши томонда гемианестезия, қисман зарарланса, моноанестезия ривожланади. Унинг устки қисми зарарланса – оёқда, ўрта қисми зарарланса – тана ва қўлда, пастки қисми зарарланса – юзда сезги бузилишлари аниқланади. Бу соҳалар қўзғатилса, қарама-қарши томонда Жексон типидаги сенсор хуружлар рўй беради.
Юқори париетал пушта зарарланса, тана схемаси бузилиши (соматоагнозия) синдроми шаклланади. Анозогнозия, аутотопагнозия ва псевдополимелия ушбу синдромнинг асосий белгилари ҳисобланади. Анозогнозия – ўз касаллигини инкор қилиш. Масалан, бемор бир томони фалажланган бўлса-да, оёқ-қўлим ишлаяпти, дейди. Аутотопагнозия – ўз тана қисмларини танимаслик, қўли ва оёғининг қандай жойлашганини нотўғри айтиш. Бемор – “бу менинг қўлим эмас, бошқанинг қўли, ёнимдаги ёғоч, мушук ва ҳ.к.” деб айтади ва ўзи ҳам шунга ишонади. Псевдополимелия – ортиқча қўл ва оёқлари бордек туюлиши. Ушбу бузилишлар кўпроқ субдоминант, яъни ўнг яримшар зарарланиши учун хос.
Шунингдек, проприорецептив афферентация бузилиши сабабли қарама-қарши томондаги қўлда “афферент парез” ривожланади. Бунга Форстер синдроми дейилади.
Пастки париетал пушта зарарланса, астереогнозия (тактильная агнозия) оптик-фазовий агнозия, кинестетик (идеатор) апраксия, афферент мотор афазия, аграфия, алексия, бармоқлар агнозияси, акалькулия, ривожланади. Шу соҳадаги орқа адверсив майдон қўзғатилса, кўз ва бош қарама-қарши томонга буралиб эпилептик хуружлар рўй беради.
Чакка бўлаги зарарланиши симптомлари
Чакка бўлагининг Гешл пуштаси зарарланса, эшитув агнозияси ривожланади: бемор товушни англамайди, яъни товуш нимага тааллуқли эканлигини билмайди.
Юқори чакка пуштасиининг орқа қисми (чап яримшар) зарарланса, сенсор афазия (Вернике афазияси) ривожланади. Шунингдек, акустик-мнестик афазия ва амнестик афазия ҳам чап чакка бўлаги зарарланишида кузатилади. Бундай афазиялар вербал хотира бузилишлари билан биргаликда намоён бўлади. Ўнг яримшар зарарланса, амузия ривожланади. Амузия – мусиқал товушларни англай олмаслик, билмаслик. аутотопагнозия
Чакка бўлаги зарарланса турли тоифадаги психоэмоционал бузилишлар ҳам ривожланади. Булар “аввал кўрган ёки ҳеч қачон кўрмаганлик” феномени, қўрқув, хавотир, ваҳима, депрессия, булмия, дисфория, эйфория, сексуал фаоллик ошиши кузатилади.
Чакка бўлагининг латерал юзаси қўзғатилса, эпилептик хуружлар эшитув галлюцинацияси, медиобазал юзаси қўзғатилса, таъм ва ҳид билиш галлюцинацияси каби ауралар билан намоён бўлади. Мезотемпорал эпилепсия вегетатив-висцерал пароксизмларга бой бўлиб, кўп ҳолларда бош айланиб кетиши, сомноленция, тахикардия, нафас етишмовчилиги ва эпигастрал оғриқлар аура сифатида намоён бўлади.
Чакка бўлагидан энса бўлаги томон Грациоле тутами ўтганлиги боис, бу соҳа зарарланишида ёки қўзғалишида кўрув галлюцинацияси, микропсия, макропсия ва квадрант гемианопсиялар ҳам учрайди.
Гиппокамп зарарланса ёки қўзғалса, деярли ҳар доим эпилептик хуружлар рўй беради. Гиппокамп зарарланиши бирламчи хотира бузилишига ҳам олиб келади (Корсаков амнезияси).
Энса бўлаги зарарланиши симптомлари
Бирламчи кўрув маркази, яъни 17-майдон зарарланса, кортикал кўрлик кузатилади. Сuneus зарарланса, қарама-қарши томонда пастки квадрант гемианопсия, gyrus lingualis зарарланса, устки квадрант гемианопсия ривожланади. Оптик сигналларни мураккаб таҳлил қилувчи ассоциатив марказ, яъни 18, 19-майдонлар зарарланса, кўрув агнозияси ривожланади. Кўрув агнозияси – аввал таниш бўлган нарсаларни танимаслик.
Sulcus calcarinus соҳаси таъсирлантирилса, қарама-қарши томонда фотопсия ва кўрув галлюцинацияси кузатилади. Энса бўлагининг ташқи юзаси (парието-темпора-оксипитал чегара) таъсирлантирилса, мураккаб типдаги оптик галлюцинациялар пайдо бўлади. Шунингдек, метаморфопсия (нарсалар шакли эгри-бугри бўлиб кўриниши), микропсия (нарсалар кичик бўлиб кўриниши) ва макропсиялар (нарсалар катта бўлиб кўриниши), фотопсия (турли хил чарақлаган учқун ва юлдузчалар кўриниши) кузатилади. Оксипитопариетал чегара соҳаси зарарланса, алексия ва акалькулия ривожланади.
Эслатма: Нутқ билан боғлиқ функциялар, яъни вербал хотира, ёзиш, ҳисоб-китоб бузилиши доминант (чап) яримшар учун хос бўлса, тана схемаси бузилиши (анозогнозия, аутотопагнозия, псевдополимелия) оптик-фазовий конструкциялар, яъни чап-ўнг ва юқори-паст томонларни фарқлаш, турли хил геометрик фигуралар чизиш ва мусиқал товушларни англашнинг бузилиши субдоминант (ўнг) яримшар зарарланиши учун хос. Албатта, даставвал ўнақайлик, чапақайлик ва амбидекстрияни аниқлаб олиш ўта муҳим.
Ўнг яримшар зарарланиши симптомлари
Ўнақайларда ўнг яримшар зарарланиши учун хос бўлган симптомлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтамиз. Тана схемаси тузилиши бузилади (анозогнозия, аутотопагнозия, псевдополимелия), чап томони ўзиники эмас, бошқа бировникидек, ёнига ёғоч қўйилгандек ёки мушук ётгандек туюлади.
Ўнг яримшар зарарланишида нутқ бузилишлари кузатилмаса-да, нутқ интонацияси бузилади: нутқ монотон, ёқимсиз ва ифодасиз бўлиб қолади. Чунки ўнг яримшар сўз ва ибораларни чиройли қилиб ифодалашда муҳим аҳамият касб этади. Мусиқал товушларни англаш ва тушуниш ҳам бузилади.
Оптик-фазовий гнозис бузилади, яъни чап ва ўнг томонларни англаш ва фарқлаш издан чиқади. Бу ерда фазонинг чап томонини инкор қилиш синдроми алоҳида ўрин касб этади. Бунда шакли ва ҳажми қандай бўлишидан қатъий назар чап томон инкор қилинади: дарахт ёки катта уйнинг чап томонини кўрмайди, ликопчадаги бўтқанинг чап томонини емайди, юзининг чап томонида соқолини олмайди, кўйлакнинг чап елкасини ёки чап оёғига тапочкасини киймайди ва хатто Ж ҳарфининг чап томонини инкор қилади ва “Бу қандай ҳарф деб сўрасангиз, “К” ҳарфи деган жавоб оласиз.
Чап ва ўнг томонни фарқлай олмаслик, ўзининг ва бошқалар бармоқларини танимаслик, номини нотўғри айтиш (бармоқ агнозияси), санаш ва ҳисоб-китоб амалларини бажара олмаслик (акалькулия), ўқиш бузилиши (алексия) каби симптомлар мажмуаси бурчак пуштанинг локал зарарланиши учун жуда хос. Ушбу симптомлар мажмуасига Герстман синдроми дейилади.
Ўнг яримшар зарарланишида ўзига хос руҳий бузилишлар ҳам кузатилади. Беморда ўз касаллигига нисбатан танқидий фикр пасаяди, касаллик даражасини суст баҳолайди, соғлиғига эътиборсиз бўлади, масалан, инсульт бўлган беморга “ўрнингиздан туриш мумкин эмас, деса “Хўп бўлади” дейди-ю, врач чиқиб кетганидан кейин ўрнидан туришга ҳаракат қилади”, чап томони фалажланган бўлса-да, мен ҳозир туриб юриб келдим ёки кеча юрувдим дейди, енгил ҳазиллар қилади, эйфорияга берилади.
Лимбик система зарарланиши
Лимбик система зарарланиши психоэмоционал, вегетатив-висцерал ва хотира бузилишлари билан намоён бўлади. Булар – қўрқув, ваҳима, хавотир, ғазабноклик, тажовузкорлик, дисфория, депрессия, ҳиссий портлашлар, кучли тахикардия, бўғилиб кетиш, терга ботиш, бош айланиши, булимия, ҳолдан тойиш, хушдан кетишлар, эслаб қолиш бузилишларидир.
Қадоқсимон тана зарарланиши
Қадоқсимон тананинг олдинги, ўрта ва орқа қисмлари зарарланиши симптомлари бир-биридан фарқ қилади.
Олдинги қисми зарарланиши. Қадоқсимон тананинг олдинги қисмидан чап ва ўнг пешона бўлакларини ўзаро боғловчи комиссурал йўллар ўтганлиги боис, ушбу соҳа зарарланиши белгилари худди пешона синдромига ўхшайди. Булар – астазия-абазия, реципрок координация бузилиши, акинезия, чап қўл апраксияси, тажовузкорлик, апатия, абулия, хотира ва тафаккур бузилишлари. Кортиконуклеар йўллар зарарланиши сабабли псевдобулбар синдром (дисфагия, дизартрия, дисфония) ривожланади. Тос аъзолари сфинктери дисфункцияси ҳам аниқланади.
Ўрта қисми зарарланиши. Бу қисмидан иккал томондаги париетал пушталарни боғловчи йўллар ўтганлиги учун, бу соҳа зарарланганда юзага келадиган симптомлар париетал синдромга ўхшаб кетади. Булар тана схемаси бузилиши, чап қўл апраксияси, астереогнозия, оптик-фазовий бузилишлар, амнестик синдром, “аввал кўрганлик ва ҳеч қачон кўрмаганлик” феномени. Руҳий бузилишлар сустроқ ифодаланган бўлади.
Орқа қисми зарарланиши. Иккала энса бўлагини боғловчи ушбу соҳа зарарланишида кўрув агнозияси, акалькулия, алексия, дископия-дисграфия синдроми, яъни чап қўл билан ёза олмаслик ва ўнг қўл билан чиза олмаслик феномени.
Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
© Ибодуллаев энциклопeдияси
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича