Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси КОГНИТИВ-БИХЕВИОРАЛ ПСИХОТЕРАПИЯ

КОГНИТИВ-БИХЕВИОРАЛ ПСИХОТЕРАПИЯ


Когнитив-бихевиорал психотерапия – инсон фикри ва хулқ-атвори билан боғлиқ муаммоларини енгиб ўтиш учун ўзига баҳо бериш қобилияти, стратегияси  ва йўналишларини ўзгартиришга қаратилган психотерапевтик ёндашув. Бу йўналиш асосчиси америкалик психотерапевт А. Бек (1921 йил туғилган). Когнитив-бихевиорал психотерапия когнитив психотерапия (англ. sognitive therapy, 1967) негизида яратилди.  КБП 2 хил мактаб, яъни когнитив ва бихевиориал психотерапия негизида шаклланади:
    КБП да қуйидаги уч ҳолат фарқ қилади:
     1.    Когниция – маълумотни эсга олиш, хаёлида қайта ишлаш, аргументация қилиш ва англаб етиш каби тушунчалардан иборат.
     2.    Конация – мақсадга йўналтирилган ҳаракат, мотивация, инстинкт, хоҳиш ва ирода каби тушунчалардан иборат.
     3.    Аффект – ҳиссий реакциялар ва кайфиятдан иборат.
       КБП қуйидаги мақсад ва вазифалар ечимини излайди:
  1. Когнитив хатолар ва хулқ-атвор бузилишлар сабабини излаб топиш.
  2. Мияга ўрнашиб қолган патологик фикрлар ва шу сабабли юзага келган хулқ-атвор бузилишларини коррекция қилиш.
  3. Рецидив ҳолатларининг олдини олиш.
  4. Фармакотерапия самарасини ошириш.
  5. Ижтимоий-психологик муаммолар ечимини топиш.
Когнитив-бихевиорал терапия, асосан, обсессив-компулсив бузилишлар, хавотирли-фобик бузилишлар, миядан кетмайдиган фикрлар неврози,  хулқ-атвор бузилишлари, ипохондрик невроз, спорт тиббиётида кенг қўлланилади.
КБП авваламбор мияга ўрнашиб олиб, беморга азоб бераётган салбий фикрлар, яъни айбдорлик ҳисси, ўзини ўзи камситиш фикрларини бартараф этишга қаратилган. Бемор психотерапевтик муолажа техникасини мустақил бажаришни ўргангунга қадар психотерапевт назоратида бўлади.
Психотерапевтик муолажа техникаси. Беморнинг кўзлари юмуқ ҳолатда бўлади. Ундан миясига ўрнашиб қолган ёмон ўй-хаёлларнинг майда деталларигача диққатини қаратиш буюрилади. Ўша негатив тусдаги фикрлар аҳамиятлими, аҳамиятсизми, фарқи йўқ. Шу йўл билан барча ўй-хаёллар бир жойга жамланади. Ҳамма ёмон фикрлар мияда жамлангач, бемор бармоғи билан психологга ишора беради (масалан, кўрсаткич бармоғини кўтаради). 
Бемор ишора берган захоти психотерапевт дадил ва жарангдор овозда “ТЎХТАНГ” деб буйруқ беради. Сўнгра психолог бемордан ушбу сўздан кейин хаёлига нималар келганини сўрайди. Одатда, бу пайтда  беморнинг негатив фикрлари ўчади ва йўқолади. Агарда ижобий натижа бўлмаса, яъни миядан ёмон фикрлар кетмаса,  машқ бир неча бор қайтарилади. Ушбу машқ уйга вазифа қилиб ҳам берилади. Бемор ўзига ўзи буйруқ бериб шу машқни уйда ёлғиз такрорлаши мумкин. 
Психологик бўшлиқни тўлдириш техникаси. Мияга ўрнашиб қолган фикрларни ўчиришдан кейинги вазифа – негатив фикрлар ўрнини позитив фикрлар билан тўлдириш. Агар ушбу вазифа бажарилмаса, мияга яна негатив фикрлар қайтиб келаверади.  Фанда антиципатия деган тушунча бор. Антиципатия –  ваҳимали фикрларнинг яна қайтиб келишидан қўрқиш. Шу ҳолат кузатилмаслиги учун ҳар бир сеансда психологик бўшлиқни позитив фикрлар билан тўлдириб бориш зарур. Акс ҳолда бемор миядаги негатив фикрлар орқали “ўзи билан ўзи гаплашиб юраверади”. Бу ҳолат эса обсессияни кучайтиради ва бемор яна азобли ўй-хаёллар исканжасида қолади.
Психотерапевтик муолажадан сўнг беморга уй вазифаси берилади. Энди бемор ҳар куни ўзи билан ўзи фақат позитив фикрлар орқали гаплашиб юриши лозим. Психотерапевтик машқлардан аввал бемор билан “Позитив сухбат қуриш” сценарийсини тузади. Буни амалга ошириш учун турли хил роликлар ўйлаб топилади. Олинган натижаларга қараб, ушбу стсенарий бора-бора такомиллаштириб борилади.
       Психологик бўшлиқни тўлдириш методи Алберт Эллис томонидан ишлаб чиқилган схема бўйича амалга оширилади. Бу мақсадда АБК-методи қўлланилади. А – вазиятни юзага келтирган омил; В – автоматик пайдо бўлган хаёл; С – эмоционал жавоб реакцияси.
АВС билан ишлаш алгоритми: 1) муаммо ҳақида сўралади; 2) муаммони тарқатишга киришилади; 3) С ва А ларга баҳо берилади; 4) В билан С нинг ўзаро боғлиқлиги тушунтирилади; 5) В га баҳо берилади; 6) В билан С боғланади; 7) Беморнинг тушунганлик даражаси ўрганилади; 8) уйга вазифа берилади. 
Когнитив психотерапия тарафдорлари инсондаги барча муаммолар негатив фикрлаш сабабли келиб чиқади, деб ҳисоблашади.  Муаммо ташқи вазиятларни инсон томонидан қуйидаги схема бўйича интерпретация қилишидан бошланади: ташқи вазият (стимуллар) → когнитив система → интерпретация (хаёллар) → ҳиссиёт ёки хулқ-атвор. «Хаёлларимиз ҳиссиётимизда акс этади, ҳиссиётимиз хулқ-атворимизни ўзгартиради, хулқ-атворимиз бизнинг кимлигимизни кўрсатиб туради ва унга қараб ўзгалар бизга баҳо беришади”. 
“Муаммо бу дунё ёмонлигида эмас, биз уни қанчалар ёмон деб билишимизда”, деган эди А. Бек (1967). А. Бек бўйича когнитив-бихевиорал терапия – бу маълум бир тизимга асосланган фикрлаш ва хулқ-атворни ўзгартиришга қаратилган методлар мажмуаси. Ушбу метод асосида беморни тўғри фикрлаш ва шу аснода хулқ-атворини ўзгартиришга асосланган ўргатиш техникаси ётади.
Психотерапевт олдида турган асосий вазифалар: 1) социумда яшаш учун инсонга азоб берувчи автоматик фикрларни аниқлаш; 2) мижозга ушбу ўй-хаёллардан халос бўлиши зарурлигини тушунтириш; 3) беморни позитив фикрлар билан ишлашга ўргатиб, хулқ-атворини ижобий томонга ўзгартириш.
Автоматик фикрларни аниқлаш босқичлари:
  • Биринчи қадам. Бемор миясига ўрнашиб қолган, унга ҳар доим азоб берадиган ва унинг хулқ-атворини ўзгартириб юборган автоматик фикрларни излаб топиши ва бир жойга жамлай олиши керак. 
  • Иккинчи қадам. Автоматик фикрлар аниқлангандан сўнг бемор уларни психотерапевтга бирин-кетин овоз чиқариб айтиб бериши керак.
  • Учинчи қадам. Психотерапевт беморни диққат билан тинглайди, унинг ифодаланишига назар солади, беморнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатади ва азобли фикрлар даражасини қоғозга белгилаб боради.
Автоматик фикрлар – одамни ўзи билан ўзи гаплашиб юришига мажбур қиладиган ва тўсатдан пайдо бўладиган ўй-хаёллар. Автоматик фикрлар ҳар бир одамда мавжуд бўлиб, ушбу фикрларнинг азобли ёки азобсиз бўлиши уларнинг мазмун-моҳиятига боғлиқ. Агар сизга негатив фикрлар ўрнашиб олган бўлса, улар “миянгизни эговлайверади, ақлингизни чалғитаверади” ва оғир ҳис-туйғулар манбаига айланади. Бунинг оқибатида хулқ-атворингиз ўзгаради ва шунга муносиб равишда одамларнинг сизга нисбатан муносабати ўзгариб, занжирли реакция юзага келади. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича