КРАНИОСПИНАЛ ЎСМАЛАР


Краниоспинал ўсмалар – устки қисми орқа краниал чуқурча ичида, пастки қисми умуртқа канали ичида жойлашган ўсмалар. Бундай ўсмалар орқа краниал чуқурча тузилмаларини (узунчоқ мия, мияча) ва орқа миянинг юқори қисмини эгаллаган бўлади.
Мия устуни, IV қоринча, мияча, бульбар нервлар, бўйин сегментларининг орқа мия илдизчалари ва пардасидан ўсувчи ўсмалар краниоспинал ўсмалар шаклини олади. Булар, асосан, бирламчи ўсмалар, яъни глиома, менингиома, эпендимома, невринома, хондромалар. Шунингдек, краниоспинал соҳада иккиламчи ўсмалар ҳам учрайди. Булар бошқа аъзолардан тарқалган метастатик ўсмалардир.
Краниоспинал ўсмалар клиникаси унинг ўса бошлаган жойи, қайси томонга қараб ўсиши, хавфли ёки хавфсизлиги ҳамда ликвор йўлларига кўрсатган таъсирига кўп жиҳатдан боғлиқ. Орқа краниал чуқурчадан ўсган ўсмалар катта энса тешиги орқали пастга қараб йўналади ва умуртқа канали ичига ўсиб кириб, орқа мия ва унинг илдизчаларини эзиб (босиб) қўяди. Орқа миянинг устки қисмидан ўсган ўсмалар ҳам катта энса тешиги орқали калла суяги ичи томон ўсади ва узунчоқ миянинг пастки қисмини зарарлайди.
Краниоспинал ўсмалар, асосан, бульбар синдром, мияча симптомлари ва марказий тетраплегия (тетрапарез) билан намоён бўлади. Агар ўсма орқа краниал чуқурчанинг пастки қисмида ўса бошласа, аввал бульбар ва мияча симптомлари вужудга келади, кейин эса марказий тетрапарез ривожлана бошлайди. Шунингдек, ўтказувчи типда сезги бузилишлари кузатилади. Узунчоқ мияда жойлашган ҳаётий муҳим марказлар зарарланиши ҳисобига юрак уриши ва нафас олиш фаолияти ҳам бузилади. Бундай пайтларда беморнинг аҳволи оғирлашиб қолади.
Орқа миядан бошланувчи краниоспинал ўсмаларнинг аксарияти экстрамедулляр ўсмалардир. Умуртқа каналининг юқори қисмида жойлашган экстрамедулляр ўсмалар дастлаб краниосервикалгия, яъни бўйин-энса соҳасида радикуляр оғриқлар билан намоён бўлади. Чунки орқа миянинг C1-C3 сегментлари илдизчалари энса ва бўйин соҳаларини иннервасия қилади. Бу радикуляр оғриқлар елка ва қўлларга иррадиация беради. Кейинчалик ўсма тўсиқ кам бўлган томон, яъни пастга ёки юқорига ўса бошлайди. Юқорига қараб ўсган ўсма узунчоқ миянинг пастки қисмидан чиқадиган бульбар нервларни ва узунчоқ миянинг ўзини зарарлайди. Бунинг натижасида бульбар синдром ривожланади. Ликвор йўллари окклюзияси ривожланса, гипертензион-гидроцефал синдром пайдо бўлади, Брунс синдроми шаклланади ва беморнинг аҳволи жуда оғирлашади. Бу пайтга келиб марказий тетраплегия, тетранестезия ривожланган ва тос аъзолари функцияси бузилган бўлади.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              ©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича