Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Ҳайз бузилишида аёллар психологияси

Ҳайз бузилишида аёллар психологияси


       Аёлларда ўткир ва сурункали стресслар аксарият ҳолларда ҳайз бузилишига олиб келади. Қизларда ҳайз кўришнинг барвақт келиши ҳаёт тарзининг кескин ўзгараётгани, руҳий ва жисмоний ривожланиш орасида номутаносиблик билан боғлиқ деб ҳисоблашади. Қизларда эрта сексуал ривожланиш сабабларидан бири очиқ матбуот ва интернетда интим ҳаётга боғлиқ маълумотларнинг кўпайиб бораётганига ҳам катта таъсир кўрсатади. 
       Ҳайз кўришнинг бузилиши билан кечувчи касалликлар ичида аменорея алоҳида ўрин тутади. Аменореяга оид дастлабки маълумотлар ва унинг руҳиятга боғлиқлиги Иккинчи жаҳон уруши даврида аниқланган. Иккинчи жаҳон урушида ҳаёти хавф остида қолган аёлларда ҳайз келишнинг узоқ вақтга йўқолиши кузатилган. Аменорея ва дисменорея ҳолатини кузатган ҳар бир гинеколог беморни тиббий психологга юбориши зарур. Чунки аменорея ривожланишида психоэмоционал стресс асосий омил ҳисобланган. 
      Стресс асри деб аталмиш ХХ асрда эса аменорея энг кўп учрайдиган патологик ҳолатлардан биридир. Айниқса, оиладаги доимий жанжаллар, фарзанд бўлмаслиги, ишдаги келишмовчиликлар ҳайз келишининг бузилишига сабаб бўлади. Хавотир билан кечувчи доимий руҳий-ҳиссий бузилишлар дисменорея ва аменореяни келтириб чиқаради.
       Ҳайз олди синдроми. Ҳайз келишидан олдин руҳий-ҳиссий, вегетатив, эндокрин ва соматик бузилишлар кузатилиши мумкин. Ушбу бузилишлар умумий вегетоневроз кўринишида намоён бўлиб, баъзи мутахассислар бу ҳолатни ҳайз келиши билан боғлашмайди. Демак, ҳайз олди синдроми деб аталмиш аффектив бузилишлар мавжудлигини врачлар доимо ёдда тутиши лозим. Ушбу белгилар ҳайз келгач ёки тугагандан сўнг ўтиб кетади. Психоневрологик белгиларга бой ҳайз олди синдроми аёл кишининг иш фаолияти, ўқиши ва шу каби фаол ҳаёт тарзини талаб қилувчи вазиятларга салбий таъсир кўрсатади. Бундай пайтларда у ўқиш ёки ишга боргиси келмайди, уй юмушларини ташлаб қўяди, ҳолсиз бўлиб ётади, апатияга тушади, ҳеч ким билан гаплашмай қўяди.  Баъзан врачлар эътиборидан ҳам четда қоладиган бу ҳолат оила аъзолари томонидан нотўғри қабул қилиниши ва турли хил оилавий можароларга сабаб бўлиши мумкин, яъни “ялқов келин синдроми”.
       Ҳайз олди синдромида яширин ётган руҳий-ҳиссий бузилишлар қўзғаши мумкин. Масалан, депрессияга мойил аёлларда депрессия, бош оғриғи безовта қилиб турадиган аёлларда бош оғриғи, юрак қон-томир касалликларига мойилларда кардиалгиялар, ошқозон-ичак системаси касалликларига мойил аёлларда гастроинтестинал бузилишлар кузатилади. Бош оғриқ билан келадиган синдромларда ҳайз мигрени алоҳида ўрин тутади. Бунда ҳайз яқинлашган сайин мигрен хуружлари кучаяди, ҳайз тугагандан сўнг ўтиб кетади. Шунингдек, ўз-ўзидан йиғлаш, фикрлар чалғиб кетиши, паришонхотирлик, хавотир, уйқучанлик, кардиофобия, кўкрак учида оғриқлар, электролитлар алмашинуви бузилиши ҳисобига қўл ва оёқнинг шишиши, қабзият, бўғимларда оғриқлар ва бошқа психосоматик бузилишлар кузатилади. Ҳайз олди синдроми фақат моносимптомлар масалан, бош айланиши билан ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунинг асл сабаби нейрорегулятор бузилишдир, буни баъзан шифокорлар камқонлик билан ҳам боғлашади.
       Тўғри йиғилган тиббий-психологик анамнез ва беморнинг шикоятлари хронологияси ҳайз олди синдромини аниқлашни осонлаштиради. Юқорида кўрсатиб ўтилган синдромлар ҳайз келишидан 5-6 кун олдин кучайиб, ҳайз бошланиши билан кескин камайиб боради ёки бутунлай ўтиб кетади. Айнан мана шу ҳолат ҳайз олди синдромини тўғри аниқлашга ёрдам беради.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
             ©asab.cc




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича