НЕЙРОРЕСПИРАТОР СИНДРОМ
Нейрореспиратор синдром (НРС) – асосан, нафас олиш ритми бузилиши билан намоён бўлувчи психовегетатив бузилишлар мажмуаси.
Этиологияси ва патогенези. НРС ни юзага келтирувчи асосий этиологик омиллар – булар ўткир ва сурункали стресслар, доимий хавотир ва депрессиядир. Айнан кучли психоэмоционал зўриқишлар нафас олиш ритмини дарров издан чиқаради ва нейрореспиратор синдром ривожланишига туртки бўлади. Чунки нафас олиш системаси худди юрак-қон томир системаси каби ҳиссий қўзғалишларга ўта сезгир. Шу боис ҳам НРС, асосан, нейронал марказларнинг сурункали қўзғалиши сабабли ривожланади. НРС жуда кам ҳолларда соматик ва эндокрин касалликлар, метаболик бузилишлар ва интоксикациялар сабабли юзага келади. Биз аввалги дарсликларимизда “гипервентиляцион синдром” атамасини қўллаганмиз. “Гипервентиляция” – нафас олишнинг тезлашуви, кучайиши деган маънони англатади ва касаллик моҳиятини тўла очиб бера олмайди. Биз “Нейрореспиратор синдром” атамасини қўллаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ваҳоланки, ушбу атамада ҳам нейронал, ҳам респиратор бузилишлар акс этган. Боз устига “нейрореспиратор синдром” атамаси ҳали тиббий адабиётлардан тўлиқ олиб ташланмаган.
Клиникаси. Нафас олиш ритмининг бузилиши, қўрқув ва хавотир, бош айланиши, синкопал ҳолатлар ва тетаник спазмлар НРС нинг асосий клиник симптомларидир. Нафас олиш бузилишлари нафас олишдан қониқмаслик, ҳаво (кислород) етишмаслиги, кўп эснаш, чуқур хўрсиниш каби белгилар билан намоён бўлади. Бемор ўпкасини ҳавога тўлдириш учун чуқур-чуқур нафас олади ва бу одатий ҳолга айланади. Бемор деярли ҳар доим ҳаво (кислород) етишмаётганидан шикоят қилади, ёқаси очиқ кийимлар кийиб юради, деразаларни очаверади. Агар бемор одамлар гавжум автобуслар, метро ва катта йиғилишлар ўтказиладиган залларга тушиб қолса, унинг нафас олиши янада қийинлашади, иложи борича тоза ҳавога чиқишга ҳаракат қилади. Шунингдек, психоэмоционал стресс (имтиҳон ёки одамлар олдида сўзга чиқиш) пайтида нафас бузилишлари кучаяди. Нафас етишмовчилигининг сурункали кўринишларида баъзан адашиб, бронхиал астма ташхиси ҳам қўйилади.
Аксарият беморларда бош айланиши (баъзида, бош оғриғи), кўп терлаш, юз ва оёқ-қўлларда парестезиялар, уйқу бузилиши, ҳушдан кетишлар, қўрқув ва хавотир каби симптомлар кузатилади. Шу ўринда синкопал бузилишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Улар енгил тарзда намоён бўлади: беморнинг кўз олди қоронғилашади, ҳолдан тойиб ўтириб қолади, боши айланиб бироз ҳушдан кетади. Бу пайтда умумий ички титроқ вужудга келади ва беморни тер босади. Яққол ифодаланган синкопал ҳолатлар, одатда, қаттиқ стресс (уруш-жанжаллар) пайтида рўй беради. Баъзида врачлар бу ҳолатни истерияга йўйишади. Бироқ у навбатдаги гипервентиляцион пароксизм бўлиши мумкин. НРС нафас олиш ритмининг бузилишидан ташқари яна бир қатор клиник симптомлар билан намоён бўлади.
Вегетатив марказлар дисфункцияси сабабли юрак-қон томир фаолияти ҳам бузилади. Юракнинг тез-тез уриши, “юракнинг бўғизга тиқилиб келиши”, юрак соҳасининг увишиши, оғриқлар, кўкрак қафасининг сиқиши кўп кузатилади. АҚБ ўзгаришлари беморнинг қайси вегетатив типга киришига боғлиқ. Агар у ваготоник бўлса, АҚБ гипервентиляцион хуружлар пайтида тушиб кетади, симпатикотоник бўлса, АҚБ ошади.
НРС клиникасида нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошиши алоҳида ўрин тутади. Бунинг натижасида мускуллар спазми, яъни тетаниялар (юн. tetanos – мускулларнинг тоник титраши ва спазми) пайдо бўлади. Титроқ билан намоён бўлувчи тоник спазмлар кўпинча қўлларнинг дистал қисмида кузатилади. Тоник спазмлар ва титрашлар пайтида беморнинг қўл панжалари тортишиб, «акушер қўли» симптоми пайдо бўлади, оёқ панжалари ҳам тортишиб, ичкарига ва пастга букилиб қолади. Тоник спазмлар ва титрашлар юз мускулларида ҳам кузатилади. Хвостек ва Труссо симптомлари аниқланади. Мускулларнинг тоник спазми ва титрашлари гипервентиляцион пароксизмлар пайтида вужудга келади ёки кучаяди. Улар тинч пайтда кузатилмаслиги ҳам мумкин.
Нейрореспиратор синдромда ошқозон-ичак системасида ҳам турли хил функционал бузилишлар аниқланади: кекириш, дисфагия, оғиз қуриши, қорин соҳасида нохуш сезгилар, оғриқлар, қабзият ва ҳ.к. Бемор ичаклар ғўриллашини сезиб туради, қорни кўпинча дам бўлади, иштаҳаси пасаяди. Шу ерда психоген ва бронхиал астманинг қиёсий белгиларини келтириб ўтамиз (1-жадвал).
1-жадвал. Психоген астма билан бронхиал астманинг қиёсий белгилари
Психоген астма | Бронхиал астма |
|
|
Бошқа психосоматик бузилишлар каби психоген астма ҳам унга эътибор ортиқча қаратилганда рўй беради ёки кучаяди. Психосоматик бузилишларга оид барча статистик маълумотлар ва бизнинг кузатувлар ҳам психоген астманинг аёлларда жуда кўп учрашини кўрсатади.
Бир профессор маъруза ўқиётган пайтида талабаларга нафас олишини назорат қилиб туришларини буюрган. Орадан 2-3 дақиқадан сўнг кимнинг нафас олиши қийинлашгани сўралганда, талабаларнинг ярми қўлини кўтарган. Талабалар нисбатан соғлом гуруҳга киради, демак, беморларда бундан ҳам кўп кўрсаткич кузатилиши табиий ҳол, албатта. Нафас олишни ҳадеб назорат қилиш психоген астма белгиларини кучайтиради холос.
Бўғилиб қолиш, нафас йўлларига бирор нарса тиқилиб қолгандек бўлиши, нафас олишнинг қийинлашиб бораётганлигидан шикоят қилиш, айниқса, ипохондрияда кўп кузатилади. Мабодо бу белгилар хуружлар билан намоён бўлса, адашиб бронхиал астма ташхиси ҳам қўйилиши мумкин.
Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўла олади.
Бизга 20 яшар Р. исмли йигитни кўрсатишди. У аллергология бўлимида «бронхиал астма» ташхиси билан даволаниб келарди. Бемор жуда озиб кетган, ҳар 30 дақиқада қўлидаги беротекни оғзига сепиб, нафас олишини осонлаштирарди. Бўғилишнинг ҳар 30 дақиқада пайдо бўлиб туриши бизнинг эътиборимизни тортди ва қўйилган ташхисга шубҳа уйғотди. Тиббий анамнези билан биргаликда, беморнинг психологик анамнези ҳам тўла ўрганиб чиқилди ва бўғилиш хуружлари психоген хусусиятга эга эканлиги аниқланди. Бемор болалик давридан нимжон бўлиб ўсган, тез-тез касалланиб турган. Оилада ягона фарзанд бўлганлиги боис ота-онаси боласининг ҳар бир хархашасига кўникиб яшаган, унинг айтгани-айтган бўлган. Боланинг ёшлигидан асаби бузилса, нафаси бўғилиб қолар экан. Бироқ унинг тиббий-психологик статуси текширилмасдан, унга болалик давридан буён «астма» ташхиси қўйилиб, даволаб келишган. Бора-бора хуружларни оддий дорилар билан тўхтатиш қийинлашади ва беморга гормонал дорилар (беротек) тавсия қилинади. Лекин бу дорини ҳам бемор доимо ишлатмаган (баъзан ойлаб). Бемор яна бир бор тажрибали аллергологга кўрсатилади ва «бронхиал астма» ташхиси инкор қилинади.
Беморнинг психологик статусини яхшилаб ўрганиб чиққандан сўнг психотерапияда кенг тарқалган «стресс терапия» усулини қўллашни маъқул топдик. Беморга «беротекка ўрганиб қолса, эркаклик функцияси сусайиши (бемор яқинда уйланиши керак эди) ва уйланган тақдирда ҳам бола бўлмаслиги мумкинлиги, шунинг учун ҳам бу дорини қандай бўлмасин бошқа дорига ўзгартириш зарурлигини» уқтирдик. Гап шундаки, беморга беротекни ёзган доктор «Мана шу дори сен учун асосий дори, бу астманинг ҳар қандай турида оғизга сепган заҳоти бўғилишни тўхтатади» деб айтган. Бу ерда шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бўғилишни беротекнинг кучи эмас, балки доктор айтган сўзлар («сенга фақат шу дори ёрдам беради») тўхтатган.
Бемор билан умумий тил топишгандан сўнг беротекни бошқа дорига ўзгартиришга уни кўндирдик ва оғизга сепса бўладиган идиш топиб, идишнинг ичига ҳеч қандай таъсирга эга бўлмаган эритма қуйдик. Беморда ҳар ярим соатда хуруж бўлиб туришини эътиборга олиб, ёнимизда икки соатга олиб қолдик (текшириш поликлиникада ўтказилаётганди). Беморда 2 соат ичида 4 марта «астма» хуружи кузатилди ва биз тавсия этган «дори» билан тўхтатилди. Шу йўсинда астманинг психоген хусусиятга эга эканлиги яна бир бор тасдиқланди.
Эндиги муаммо бу дорини ҳам умуман қўлламайдиган қилиш ва беморнинг фикридан «астма» сўзини олиб ташлаш эди. Бир-икки кундан сўнг беморни қабулга чақириб ҳол-аҳволини сўрадик. У ўзини жуда яхши ҳис қилаётганлигини ва бу дорининг номини сўради. Биз бу «тадқиқотимиз»ни узоқ давом эттириб бўлмаслигини, бемор ҳамма сирдан воқиф бўлиб қолса, унинг соғлиғига тузатиб бўлмас путур етказиб қўйишимиз мумкинлигини англадик. Беморга бу дорини яна бир ҳафта ишлатишини, ундан сўнг биз унга хуруж пайтида тилнинг тагига ташлаб сўриладиган таблетка беришимизни айтдик. Шунингдек, бу дорининг афзалликлари кўплиги, яъни ярим соат эмас, дастлабки куни бир соат, сўнгги куни 2 соат, қолган кунлари эса фақат кунига 3 маҳал ишлатса ҳам бўлишини тушунтирдик. Бемор бизнинг ҳар бир гапимизни яхшилаб тинглаб, тавсияларимизга, албатта, амал қилишини айтди. Натижа ўйлаганимиздек бўлиб чиқди. Кейинчалик бемор бутунлай «астма» касаллигидан халос бўлди.
Баъзан шундай ҳодисалар бўладики, беморда бўғилиш аниқ бир шароитларда юзага келади. Бундай пайтларда шароитни ўзгартириш бўғилишни камайтиради ёки бутунлай йўқотади.
Хоразм вилоятидан бизга Л. исмли 20 ёшли келинни маслаҳатга олиб келишади. Бемор турмушга чиққанидан сўнг уйида турмуш ўртоғи билан келишмай доимо жанжал чиқиб туради. Жанжал авжига чиққанда ёш эр-хотинлар бир-бирини бўғишгача боришган. Бора-бора ёш келинда турмуш ўртоғи ишдан қайтганидан сўнг бўғилиш хуружлари пайдо бўладиган ва тинчлантирадиган дори ичмагунча (фақат седуксен, унинг аналоги бўлган сибазон ёки диазепам берса, фойда бермайди) ёки турмуш ўртоғи уйдан чиқиб кетмагунча бўғилиш давом этаверадиган бўлади. Бемор барча даволаш усулларидан фойдаланган (шу жумладан, платсеботерапия, психотерапия) ва ҳар қандай янги таклиф этилган усулдан бош тортар эди. Бемор ёз ойларида текширилаётганди. Беморга онаси билан бир ойга дарё бўйига бориш, дориларни эса уйга ташлаб кетиш зарурлиги айтилди. Бу таклифимиз беморга маъқул тушди. Она-бола дарё бўйидаги уйлардан бирида ижарада яшашди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, беморнинг ҳолидан хабар олгани дарё бўйига унинг турмуш ўртоғи билан бордик. Беморда бўғилиш хуружлари дарё бўйига келган куниёқ тўхтаган эди. Беморнинг турмуш ўртоғига рафиқасидан хабар олгани дарё бўйига бориб туришни тайинладик. Шуниси эътиборлики, бўғилиш хуружлари эрини дарё бўйида кўрганда кузатилмади. Эр-хотинга тоза ҳавода кўпроқ бўлишни, бошқа жойларга сайр қилиб туришнинг руҳий саломатлик учун фойдаси катталигини уқтирдик.
Бу воқеада биз учун эътиборни қаратадиган нарса платсеботерапия ва психофармакотерапиянинг ёрдам бермаганлигидир. Ҳақиқатан ҳам илмий адабиётларда ипохондрик синдромларда седатив дорилар ҳамма вақт ҳам ёрдам беравермаслиги ҳақида ёзилган. Ипохондрияга олиб келган асосий омил йўқотилмас экан, уни даволаш ўта мушкул.
Психоген астманинг яна бир хусусияти шундан иборатки, бемор доимо ўзини чайқалаётгандек сезади: у худди ўзини транспортда, лифтда, самолётда кетаётгандек ҳис этади. Бундай беморлар метронинг эскалаторидан туша олмайдилар. Бизнинг назоратда турган бемор тунда ухлаб ётганида, худди ҳозир зилзила бўлаётгандек тез-тез уйғониб кетишини айтганди. Баъзан психоген бўғилишлар хуружи тўсатдан, қаттиқ қўрқувдан сўнг бошланади ва галлюцинациялар билан бирга кечади. Қуйида қизиқарли бир мисолни келтириб ўтамиз.
Бизнинг институтда ўқийдиган С. исмли талаба қиз кечқурун деразага қараб ётиб, қоронғида ниманингдир аксини кўради ва қўрқиб кетади. У кўзини юмса, кўзига ҳар хил нарсалар кўрина бошлайди: қора калхатлар учиб юради, ҳаммаёқ қоронғи, атрофни фақат қўрқинчли нарсалар ўраб олган. Бунинг натижасида нафас ололмай қийналади, бўғилади. Биз беморни ушбу симптомлар бошланган вақтдан икки кун ўтиб кузатдик (кечаси соат ўнда). Бемор чуқур депрессия ҳолатида бўлиб, бир хил оҳангда гапирарди, қаттиқ қўрққани кўзидан билиниб турарди. У воқеа худди тушида бўлаётгандек, мабодо ухлаб қолса, яна шунақа ёмон тушлар кўришдан қўрқишини айтди. Беморга гипнотерапия усулини қўлладик. Уни транс ҳолатига тушириб: «Ҳозир сен ширин уйқуга кетасан, туш кўрасан, тушингда мовий денгизни кўрасан, денгизга чарақлаган қуёш нурлари сочилиб, унинг юзидаги томчилар марвариддек товланиб туради. Қирғоқ эса бир-биридан гўзал гулларга бурканган, гулларнинг устида ранг-баранг капалаклар учиб юради. Сен денгизда дугонанг билан чўмиласан, тўйгунингча сузасан, денгиздан ҳеч чиққинг келмайди, сузишдан чарчаганингдан сўнг қирғоққа чиқиб, гуллар устида ётиб дам оласан. Атроф гўзал, бирорта қора нарса йўқ. Эрталаб енгил бўлиб, кўтаринки кайфиятда уйғонасан ва тушингда нималар кўрганингни менга айтиб берасан».
Эртаси куни эрталаб беморнинг олдига, ётоқхонага бордик. Бемор уйғонган ва ўзини яхши ҳис қиларди, бироқ уни яна уйқу босаётганди. Биз айтган вазият беморнинг тушида тўлалигича намоён бўлганди ва бу унга катта ҳузур бағишлаганини айтиб берди. У ҳатто тушидаги вазиятнинг кичик деталларигача батафсил баён этди. Ўзини жуда ҳам енгил ҳис қилаётгани ва яна ухлаб, худди шу тарздаги тушни кўришни хоҳлаётганлигини ҳам айтди.
Бу услубни машҳур немис гипнозчиси Н. Лефенвелд «тетиклик ҳолатидаги гипноз» деб атаган. Биз бу беморни даволашда олимнинг ушбу усулидан фойдаландик. Хонада беморнинг ўзидан ташқари отаси ва талабалар ҳам бўлишига қарамасдан, уни транс ҳолатига тушириш жуда осон кечди. Ҳаттоки унинг қандай туш кўриши ҳақидаги сўзлар бир марта айтилди, холос. Маълумки, чуқур депрессия пайтида транс ва гипнозга тушириш осон кечади.
Психоген астмада қуруқ йўтал ҳам кўп учрайди. «Йўтал шу даража узоқ давом этадики, — деб ёзган эди Ж.М.Шарко (1888), – бемор кун бўйи тинмайди, фақат овқат еб олиш учунгина йўталмай туради, холос». Психоген йўтал қуруқ бўлади ва балғам ажралиб чиқмайди. Бундай пайтларда беморнинг овози хириллаб қолади, гапира олмайди. Бироз суҳбатдан сўнг унинг овози яна очилиб, аста-секин касали ҳақида сўзлай бошлайди.
Ташхис қўйиш. Ташхис, асосан, клиник симптомларга таяниб қўйилади. Бу ерда беморнинг шикоятлари асосий ўрин тутади.
Давоси. Даволаш комплекс тарзда олиб борилади. Бунда асосий урғу беморга психотерапевтик таъсир кўрсатиш, тўғри нафас олиш кўникмасини шакллантириш ва минераллар бузилишни бартараф этишга қаратилади.
Психотерапевтик даволаш усуллари ва соғлом турмуш тарзи. Беморнинг ҳаёт тарзи ва иш шароитлари ўрганилади. НРС ривожланишига туртки бўлувчи асосий стресс омили психодиагностик усуллар ва тестлар ёрдамида аниқлаб олинади. Касаллик сабаби аниқлангач, психодинамик терапия ёрдамида бу бузилишлар коррекция қилинади. Психодинамик терапияни психоанализ усулларини чуқур биладиган мутахассис ўтказади. Бу ерда хатога йўл қўйиш турли ятропатияларни юзага келтириши мумкин. Бемор соғлом турмуш тарзига ўргатилади, чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ман этилади. Баъзида НРС ни юзага келтирган асосий сабаб бартараф қилинса, касаллик дарров орқага чекинади. Масалан, ўзига ёқмайдиган ишхонадан бўшади, эри ичкиликни ташлади, бетоб ётган боласи тузалиб кетди ва ҳ.к. Эрталаб ва кечқурун тоза ҳавода сайр қилиш, пиёда юриш каби енгил жисмоний машқларнинг фойдаси жуда катта. Аксарият ҳолларда бемор дори-дармонларсиз тузалиб кетади.
Фармакологик даволаш усуллари. Асосан, психотроп ва вегетотроп дорилар тавсия этилади. Бу дорилар қўрқув, хавотир ва депрессия аломатларини бартараф этади. Айниқса, анксиолитиклар ўта самаралидир. Амитриптилин, пароксетин, флувоксамин, велаксин каби дорилардан фойдаланиш мумкин. Амитриптилин кунига 50-75 мг дан тавсия этилади. Амитриптилиннинг дастлабки кунлари намоён бўладиган седатив таъсири гипервентиляцияни бартараф этишда жуда самарали ҳисобланади. Агар дорининг ножўя таъсирлари (оғиз қуриши, тахикардия) беморга ёқмаса, флувоксамин кунига 50-100 мг, пароксетин 20-40 мг, сертралин 50-100 мг, велаксин 75 мг миқдорда тавсия этилади. Антидепрессантлар билан даволаш, одатда, 2-4 ой мобайнида олиб борилади. Бемор тез тузалиб кетса, бу дориларни узоқ муддат беришга ҳожат йўқ.
Минераллар алмашинувини маромга келтириш ва нерв-мушак қўзғалувчанлигини пасайтириш мақсадида кальций ва магний препаратларини ичиш тавсия этилади. Бу мақсадда эргокальциферол (витамин D2) кунига 20000-40000 ХБ, кальций глицерофосфат ва кальций глюконат каби дорилар 1-2 ой мобайнида ичилади. Бемор таркибида кальций ва магний тузларини сақловчи ҳар қандай поливитаминларни (Магне В6) қабул қилиши мумкин. Магне В6 таркибида лактат магний ва пиридоксин бор. Бу дори нафақат мускуллар, балки нерв марказлари қўзғалишини ҳам пасайтиради, мускулларда минераллар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Магне В6 2 табл. кунига 3 маҳал ичилади.
Прогноз. Деярли ҳар доим яхши.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича