Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси НЕРВ СИСТЕМАСИ ФИЛОГЕНЕЗИ ВА ОНТОГЕНЕЗИ

НЕРВ СИСТЕМАСИ ФИЛОГЕНЕЗИ ВА ОНТОГЕНЕЗИ


Нерв системаси филогенези. Эволюция жараёнида нерв системаси ривожланиб, мураккаблашиб ва такомиллашиб борди. Оддий бир ҳужайрали организмдаги (амёбалар) ёлғиз ҳужайранинг ўзи сезги, ҳаракат, ҳазм қилиш ва ҳимоя функцияларини бажаради. Тирик тўқима қўзғалиш, яъни ташқи таъсирларга жавоб бериш хусусиятига эгадир. Филогенезда нерв ҳужайрала рининг пайдо бўлиши организм учун ташқи таъсирларни қабул қилиш, тўплаш ва тарқатиш имконини яратиб берди. Нерв ҳужайралари орасидаги боғланишларнинг пайдо бўлиши ва оддий нерв системаси шаклланиши организмни интеграциянинг янги босқичига кўтарди. 
        Оддий (примитив) нерв системасига эга жонзотларда қўзғалиш ҳужайралардан барча йўналишларда тарқалиши мумкин, гўё бу импульс барча ҳужайраларга тааллуқли бўлиб, маълум бир манзилга эга эмасдек. Шундай бўлса­да, ушбу импульслар организмдаги у ёки бу жараёнлар кечишида фаол иштирок этади. Лекин анализ ва синтез қилиш қобилияти ҳали уларда бўлмайди. Қабул қилувчи (афферент) ва узатувчи (эфферент) системалар пайдо бўлиши нерв системасининг мураккаблашиб, такомиллашиб боришига мезон яратди. Нерв тармоқлари чеккасида махсус рецепторлар пайдо бўлиб, ҳар бири фақат ўзига тегишли таъсирларни фарқлаб қабул қила бошлади. 
       Нерв ҳужайраларининг ихтисослашиб ва такомиллашиб бориши натижасида импульсларнинг фақат бир томонга йўналишини таъминлайдиган синапслар пайдо бўлди. Худди шу босқичда баъзи вазифаларни бажарувчи оддий «айлана» тузилмалар шаклланди. Кейинчалик эволюция мобайнида нерв тугунлари, яъни ганглиялар пайдо бўлиб, улар бир ёки бир нечта вазифани амалга ошира бошлади. Ганглияларнинг ишлаш услуби шундан иборатки, уларнинг ҳар бири танадаги маълум сегмент (соҳа) учун жавоб беради. 
        Нерв системасида мавжуд бўлган ганглиялар мажмуаси сезишнинг мураккаб турларини амалга ошира олади. Ганглияда ҳар қандай жараён гўёки аниқ бир дастурга эга. Эволюциянинг сўнгги даврларида нерв системаси ривожланиши бош мия фаоллашишининг устуворлиги билан кечди, сўнгра бош мия ярим шарлари пўстлоғи пайдо бўлди. Нерв системаси филогенезининг бу даври цефализация даври деб ҳам аталади. Сут эмизувчиларда нерв системаси янада такомиллашиб, бош мия катта ярим шарлар пўстлоғи ва уларни ўзаро боғловчи йўллар пайдо бўлди. Ички аъзолар ва системаларни нерв системаси марказлари билан боғлаб турувчи афферент ва эфферент йўллар шаклланди. Одамда катта ярим шарлар пўстлоғи, айниқса, пешона ва чакка бўлаклари ривожланиши юксак даражага етди. Ҳозирги кунда бош миянинг 78 % ини пўстлоқ ташкил қилиб, унинг 30  % пешона бўлагига тўғри келади.
       Эволюцион ривожланишнинг цефализация даврида бош мияда пайдо бўлган марказлар қуйи жойлашган тузилмаларни ўзига бўйсундира бошлади. Натижада бош мияда ҳаётий муҳим марказлар пайдо бўлиб, улар организмнинг турли­туман фаолиятини автоматик тарзда бошқара бошлади. Ушбу марказлараро алоқалар иерархик тарзда фаолият кўрсатади. Интегратив жараён ва бошқариш функциясининг вертикал услубда фаолият кўрсатиши муҳим аҳамиятга эга. Физиология фани ривожланишининг дастлабки даврида олий марказ қуйи марказга доимо тормозловчи таъсир кўрсатади, деган фикр мавжуд эди. Шунинг учун олий марказ зарарланганда қуйи марказ қўзғалади, гўёки улар фаоллашади, дейилган. Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. 
       Эволюцион жиҳатдан ёш марказ зарарланганда, кекса марказ фаоллашади, гўёки эволюцион жараён тескарисига давом этади. Бу назария диссоляция назарияси деб ном олган. Дарҳақиқат, юқори поғонада жойлашган марказлар зарарланганда, қуйи марказлар фаоллашганини кўрамиз. Бунга марказий ҳаракат нейрони зарарланганда, орқа миянинг олдинги шохида жойлашган периферик ҳаракат нейронларининг фаоллашувини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Аммо бу бузилишларнинг асл сабаби диссоляция ёки қуйи марказнинг юқори марказ “тутқунлигидан” озод бўлишида эмас. 
       Чунки олий марказ қуйи марказ фаолиятини фақат тормоз лабгина қолмасдан, балки фаоллаштиради ҳам. Қуйи марказ фаоллашуви компенсатор жараён нинг бир кўриниши сифатида қабул қилиниши ҳам керак. Нерв марказлари иерархиясида бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи асосий ўринни эгаллайди. Бутун организм ва функционал системалардан маълумотларнинг пўстлоққа оқиб келиши, уларнинг мураккаб анализ ва синтез қилиниши, ассоциатив йўлларнинг пайдо бўлиши олий нерв фаолиятининг асосий механизмларидан биридир.
Хўш, нерв системасининг онтогенезда ривожланиши қандай кечади ва бу жараёндаги бузилишлар руҳият шаклланишига қанчалик таъсир кўрсатади? 
         Нерв системаси онтогенези. Янги туғилган чақалоқ бош миясининг оғирлиги 400 г атрофида бўлиб, тана оғирлигининг 1/8 қисмини ташкил қилади. Гўдакда пўстлоқ эгатчалари яхши ривожланган, пушталари йирик­йирик. Лекин чуқурлиги ва баландлиги унча ривожланмаган бўлади. Тўққиз ойларга бориб, миянинг дастлабки оғирлиги икки баробар ошади. 2 ёшга бориб, бош миянинг оғирлиги бола туғилган давридагига қараганда бир неча баробар катталашади. Бош мия катталашуви, асосан, нерв толалари миелинлашуви ва туғилган заҳотиёқ бош мияда мавжуд бўлган 20 млрд. ҳужайранинг катталашуви ҳисобига кечади.
          Гўдакнинг мия тўқимаси ҳали такомиллашмаган бўлади. Пўстлоқ ҳужайралари, пўстлоғости тугунлари, пирамидал йўллар яхши ривожланмаган, кулранг ва оқ модда орасидаги алоқалар мукаммал бўлмайди. Гўдакнинг нерв ҳужайралари бош мия катта ярим шарлари юзасида ва оқ модда асосида тўпланиб жойлашади. Бош мия катталашган сайин нерв ҳужайралари пўстлоқ томонга силжийди. Бош мия қон томирлари ҳам ривожланиб, такомиллашиб боради. Гўдакда катта ярим шарлар пўстлоғининг энса қисми катта ёшдагиларникига қараганда йирикроқ бўлади. Бола ўсган сайин ярим шарлар пушталари, уларнинг шакли ва топографик жойлашуви ўзгариб боради. Айниқса, бу ўзгариш дастлабки беш йил мобайнида кузатилиб, 15­16 ёшларга бориб, пўстлоқ тузилиши катта ёшдагиларникидан деярли фарқ қилмайди. Ён қоринчалар болаларда нисбатан кенг ва катта бўлади. Гўдакларда иккала ярим шарни бирлаштириб турувчи қадоқсимон тана нозик ва қисқа бўлади. 
        Бола беш ёшга тўлгунга қадар қадоқсимон тана йўғонлашиб, узайиб боради. Йигирма ёшларда эса қадоқсимон тана тўла шаклланади. Янги туғилган чақалоқда мияча суст ривожланган бўлиб, узунчоқ шаклга эга, пушталари ва эгатчалари саёз, узунчоқ мия горизонтал жойлашган бўлади. Краниал нервлар мия асосида симметрик тарзда жойлашади. Чақалоқда орқа мия бош мияга қараганда морфологик жиҳатдан тугалланган тузилишга эга. Шунинг учун ҳам орқа мия гўдакда нисбатан яхши ривожланган. Гўдакнинг орқа мияси катта ёшдагиларга қараганда узунроқ бўлади. Кейинчалик орқа мия умуртқанинг ўсишига қараганда орқада қолади.
       Орқа миянинг ўсиши 20 ёшгача давом этади. Бу давр ичида унинг оғирлиги ҳам ошади. Чақалоқнинг периферик нерв системаси етарлича миелинлашмаган, нерв толалари сийрак бўлиб, нотекис тақсимланган. Миелинланиш жараёни турли нерв толаларида турлича кечади. Краниал нервлар миелинлашуви бир ёшга етиб тугалланади. Орқа миянинг нерв толалари миелинлашуви 2­3 ёшгача давом этади. Вегетатив нерв системаси чақалоқ туғилгандан бошлаб фаолият кўрсата бошлайди. 
       Эмбриогенезнинг дастлабки босқичларида нерв системасининг турли қисмларида аниқ такомиллашган мустаҳкам алоқалар пайдо бўладики, улар туғма ҳаётий муҳим функцияларнинг асосини ташкил қилади. Бу функциялар туғилгандан сўнг ҳаётга дастлабки мослашувни таъминлаб беради (масалан, нафас олиш, эмиш, юрак уриши ва ҳ.к.). Онтогенетик ривожланиш жараёнида одамнинг мияси кучли ўзгаришларга учрайди. Анатомик жиҳатдан олганда, янги туғилган чақалоқ мияси билан катта ёшдаги одам мияси бир­биридан анчагина фарқ қилади. Чунки индивидуал ривожланиш жараёнида ёш ўтган сайин мия тузилмалари етилиб боради. Ҳатто морфологик жиҳатдан етилган нерв системасида ҳали ривожланиши ёки қайта пайдо бўлиши зарур бўлган функционал системалар мавжуд. Бош мия эволюциясида иккита муҳим стратегик йўналиш бор. 
       Буларнинг биринчиси – келгусида яшаш шароитларига тайёр туриш. Бу йўналиш туғма, инстинктив реакцияларнинг катта тўпламидан иборат бўлиб, организм ҳаёт кечириши мобайнида ҳар қандай ҳодисаларга шай бўлиб туради. Булар – овқат, ҳимоя, кўпайиш механизмлари ва бошқалар. Организмни ҳамма нарсага ўргатиш шарт эмас. Зеро, у баъзи қобилиятларга туғилганидан эгадир. Агар биз хулқ­атвори гўёки автоматлашиб кетган ҳашаротлар дунёсидан сут эмизувчилар дунёсига бир назар ташласак, бошқача манзарага кўзимиз тушади, яъни хулқ­атворнинг туғма, инстинктив турлари мақсадга йўналтирилган, шахсий тажрибага асосланган хатти­ҳаракатларга қўшилиб кетганини кўрамиз. Сут эмизувчилар хатти­ҳаракатида изланиш, ўзи турган муҳитини топиш каби хусусиятларнинг шоҳиди бўламиз. 
      Ҳаёт кечиришнинг бундай тури учун такомиллашган мия кераклиги ўз­ўзидан аён, албатта. Аммо асосий гап бош мия ҳажмидагина эмас, балки унинг функциясида ҳамдир. Эволюциянинг иккинчи йўналиши – индивиднинг хатти­ҳаракатларига катта имкониятлар яратиб бериш. Бу эса бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ҳажмининг тўхтовсиз катталашуви билан параллел ҳолда кузатилди. Дунёни англаб бориш, ўрганиш жараёни, пўстлоқнинг маълумотлар билан тўлиб бориши болалик даврида яққол кўзга ташланади. Гўдаклик давридан етук ёшга етгунга қадар бўлган давр ҳар бир индивид учун узоқ бир масофадир. 
       Ҳеч нарсага эга бўлмаган гўдак кейинчалик кўп нарсаларни эгаллаб, ҳаётга мослашиб олади. Хўш, бу жараён қандай кечади? Нима қилса, хатоларга йўл қўйилмайди? Баъзи олимлар фикрича, ҳаммаси тарбияга боғлиқ. Гўдакнинг мияси гўёки ёзилмаган дафтарга ўхшайди. Дафтарнинг ташқи кўриниши бошқаларидан фарқ қилмаса­да, ҳар бир нусхаси ва саҳифасининг ўзига хос хусусиятлари бор. Битта варағига ёзилган матн иккинчисида ёзилганини мазмунан такрорламаслиги мумкин. Дафтарни қандай ёзув билан тўлдирсангиз, кейинчалик ўша ёзувни ўқийсиз, бошқасини эмас. Демак, оппоқ варақларни қандай тўлдириш, нима билан тўлдириш ўзимизга боғлиқ. Бола миясини тўғри маълумотлар билан бойитиб бориш ҳам физиологик жиҳатдан, ҳам психологик жиҳатдан жуда муҳимдир. Инсон мияси маълумотларни фақат «ўлик», «жонсиз» ҳолатда ўзида сақлайдиган дафтар эмас, балки уларни фаол қайта ишлаб, хулоса қиладиган мураккаб системадир.Боланинг баркамол ўсишига таъсир қилувчи сабаблар уни ўраб турган муҳитга албатта, боғлиқ. Боланинг олдида турган муаммолар ечимини тўғри топишга кўмаклашиш, унинг хулқ­атворини тўғри шакллантириб бориш катта аҳамиятга эгадир.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича