НООТРОПЛАР


“Ноотроп” атамаси 1972 йили пирацетамни кашф қилган олим К. Жиуржеа томонидан таклиф этилган. Шу йилдан бошлаб мнестик-интеллектуал функцияларни яхшиловчи дорилар ноотроплар деб юритила бошланди. Ноотропларнинг олий руҳий функцияларга ижобий таъсирини эътиборга олиб, улар психотроп дорилар гуруҳига киритилди. Кейинчалик янги ва янги ноотроп дорилар ишлаб чиқарилди ва уларнинг номланиши ҳам ўзгарди. Ноотропларнинг аксарияти ҳозирги кунда церебропротектор, нейропротектор, нейротроп дорилар деб ҳам аталади.
         Фармакологик хусусияти бўйича ноотроплар бошқа психотроп дорилардан фарқ қилади. Улар кучли ифодаланган седатив таъсирга эга эмас. Ноотроплар бош мияда нейронлараро ўтказувчанликни осонлаштиради, иккала ярим шар орасидаги функционал бузилишларни тиклайди, интегратив жараёнларни яхшилайди, ретикуляр формация фаолиятини кучайтиради. Шунингдек, бу дорилар марказий нейронлардаги энергетик жараёнларга, ишемияга учраган асаб тўқималарининг глюкоза ва кислород билан таъминланишига ижобий таъсир ўтказади. Ноотроплар марказий нейронлардаги бир қатор метаболик жараёнларни тезлаштиради. Бунинг натижасида интеллектуал ва мнестик функциялар фаоллашади.
       Ноотропларнинг антигипоксик ва  метаболик таъсири бу дориларни бош миянинг деярли барча касалликларида кенг қўллашга йўл очиб берди. Бу дориларнинг бош мияда қон айланишини яхшилаш хусусияти уларнинг иккиламчи таъсиридир. Ноотропларнинг яна бир ижобий хусусияти организмга салбий  таъсирининг пастлигида. 
        Ноотроплар бош мия нейронларига таъсири кучли, лекин спинал нейронларга таъсир кўрсатмайди. Шунинг учун ноотропларни орқа мия касалликларида тавсия қилиш бефойда. Ноотроплар антидепрессантларнинг таъсир кучини оширади. Шунинг учун ҳам уларни депрессияда қўшимча дори сифатида қўллаш мумкин. Соматовегетатив, невротик ва психосоматик синдромларда ҳам ноотроплардан фойдаланиш самарали натижа беради. Бу дорилар болаларда учрайдиган ақлий заифликни даволашда ҳам тавсия қилинади. 
Анксиолитик хусусиятга эга баъзи ноотроплар ва уларнинг қўлланилиши ҳақида тўхталиб ўтамиз.
  1. Фенибут гидрохлорид (γ-амин-β-фенил-ёғ кислотаси) – анксиолитик хусусиятга эга ноотроп дори.  Фармакологик таъсири: Кимёвий тузилиши бўйича фенибут ГАЁК нинг фенил унуми ҳамда фенилетиламин унуми ҳисобланади. Ушбу дори атипик нейролептиклар, транквилизаторлар, психостимуляторлар ва антипаркинсоник дорилар таъсирини кучайтирди. Фенибут психостимуляция қилувчи таъсирга ҳам эга. Кўрсатмалар: неврастения, невротик депрессия, апатия, қўрқув, хавотир ва уйқу бузилиши билан кечувчи касалликлар, болаларда диққат тарқоқлиги синдроми, тикоз гиперкинезлар, дудуқланиш, Меньер синдроми ва бошқа турдаги бош айланишлар, сурункали чарчаш синдроми, алкогол абстинент синдром. Тавсия этиш тартиби: Бир кунлик терапевтик дозаси 8 ёшгача бўлган болалар учун – 50-125 мг, катталар учун касаллик даражасига қараб 750-1000 мг. Ножўя таъсирлари: одатда, яхши қабул қилинади. Дозаси оширилса, ортиқча безовталик, жаҳлдорлик, кўнгил айниши, қусиш ва аллергик реакциялар кузатилади. Монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик (1 тирместр), лактация даври, 2 ёшгача бўлган давр, ошқозон-ичак яраси. Ишлаб чиқарилиши: таблетка – 250 мг. Бу дори ноофен номи билан ҳам ишлаб чиқарилади.
  2. Гопантен кислотаси (пантогам, гопантам) – седатив хусусиятга эга ноотроп дори. Фармакологик таъсири. Пантогамнинг кимёвий тузилиши унинг таркибида пантотен ҳамда гамма-амин-ёғ кислотаси мавжудлиги билан изоҳланади. Дорининг ноотроп, седатив ва антиконвульсив хусусиятлари унинг ГАЁК рецепторларига бевосита таъсир кўрсатиши билан боғлиқ. Пантогам церебрал метаболизмни яхшилайди, нейронларнинг гипоксияга чидамлигини оширади ва ортиқча қўзғалувчанлигини пасайтиради. Дорининг седатив хусусияти бирмунча стимулловчи таъсири билан биргаликда намоён бўлади. Шу боис бу дори ақлий зўриқишлар билан ишлайдиган вазиятларда руҳий ва жисмоний фаолликни ушлаб туради. Кўрсатмалари: болалар ва катталарда диққат ва хотира бузилишлари, олигофрения, деменция, эпилепсия, гиперактив синдром, гиперкинезлар, дудуқланиш, нейролептик синдром, знурез. Ножўя таъсирлари: уйқучанлик ёки уйқу қочиши, ортиқча безовталик, мускуллар холсизлиги, бош оғриғи, бош айланиши, аллергик реакциялар. Монелик қилувчи ҳолатлар: ҳомиладорлик (1 тримест), жигар ва буйрак етишмовчилиги. Тавсия қилиниши: Дори дозаси беморнинг ёши ва касаллик даражасига қараб белгиланади. Катталар учун бир кунлик терапевтик дозаси 500 мг дан 3-4 маҳал. Қабул қилиш давомийлиги – 3-6 ой. Овқатдан ярим соатдан сўнг ичишга буюрилади. Ишлаб чиқарилиши:   250 ва 500 мг ли таблетка, 100 мл флакон идишлар.  Эслатма: фенибут ва пантогам  бир-бирига синоним эмас.
  3. Пиритинол (энцефабол) – церебрал метаболизмни яхшиловчи психотроп хусусиятга эга ноотроп дори. Кўрсатмалар: олигофрения, деменция, турли этиологияли хотира ва диққат бузилишлари,  неврастения, психастения. Тавсия этилиши: чақалоқларга кунига 1 мл суспензия бир ой давомида эрталаб ичирилади; 2-3 ойдан ошган болаларга 2,5-5 мл (1/2 ва 1 чой қошиқ; 6 ойликдан 1 ёшгача бўлган болаларга 1/2-1 чой қошиқ суспензиядан кунига 1-3 маҳал (50 – 300 мг пиритинол). Шундай қилиб, ёш ошган сайин дорининг дозаси ҳам ошириб борилади.  Катталарга 2 чой қошиқдан кунига 3 маҳал (600 мг пиритинол) ичишга берилади. Дори овқат пайтида ёки овқатдан кейин ичилади. Даволаш давомийлиги касаллик даражасига боғлиқ бўлиб, 2-4 ойни ташкил қилади.  Орадан 3-4 ой ўтиб, беморнинг ҳолатига кўра дорини яна тавсия этиш мумкин. Перинатал энцефалопатияда даволаш давомийлиги 6 ойгача. Ножўя таъсирлари: психомотор қўзғалишлар, уйқу қочиши,  бош оғриғи, кўнгил айниши, жаҳлдорлик. Монелик қилувчи ҳолатлар: эпилепсия, психомотор қўзғалишлар. Ишлаб чиқарилиши: ҳажми 200 мл ли флакон.




Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича