ФЕБРИЛ ХУРУЖЛАР
Фебрил хуружлар – тана ҳарорати кўтарилган пайтда кузатилувчи тарқалган тутқаноқ хуружлар. Фебрил хуружлар 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Касаллик энг кўп учрайдиган давр – бу 1-2 ёшлар.
Эслатма. Фебрил хуружлар фақат тана ҳарорати ошган болаларда рўй беради. Агар тана ҳарорати кўтарилмаса, тутқаноқ хуружлари бўлмайди.
Тана ҳароратининг кўтарилиши, кўпинча, юқори нафас йўллари инфекцияси билан боғлиқ. Тана ҳароратини туширувчи дорилар қўлланилса, тутқаноқ хуружлари ҳам тўхтайди.
Фебрил хуружлар тоник-клоник хуружлар билан намоён бўладиган бирламчи-тарқалган эпилептик хуружлардир. Шундай бўлса-да, улар енгил кечадиган эпилептик хуружлар сирасига киради. Чунки бу касалликда прогноз деярли ҳар доим яхши. Фокал хуружлар унинг учун хос эмас. Фебрил хуружлар қанча эрта бошланса, шунча эрта йўқ бўлиб кетади. Бола ёши катталашган сайин фебрил хуружлар сони камайиб бораверади. Одатда, фебрил хуружлар бола 6 ёшга йетмасдан ўтиб кетади. Баъзида эпилептик статус ривожланиб боланинг ҳаёти хавф остида қолади.
Фебрил хуружлар кейинчалик бошқа эпилептик хуружларга ўтиши мумкинлиги ҳақида ягона фикр йўқ. Агар фебрил хуружлар кузатилаётган беморда бош миянинг структур ўзгаришлари ва неврологик бузилишлар аниқланса, авлодда эпилептик хуружлар билан касалланганлар бўлса, хуружлар такрор-такрор кузатилаверса, кейинчалик эпилепсиянинг бошқа турлари ривожланиши эҳтимоли бор. Бундай беморларда, кўпинча, гиппокамп склерози аниқланади. Уларда фебрил хуружлар Леннокс-Гасто синдромига ўтиб кетиши мумкин.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Epilepsiya. Qo`llanma., Toshkent, 2018., 128 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича