ФИДОЙИ ИНСОН


Ҳам инсонийлик фазилатлари, ҳам ҳақиқий устозга хос бўлган хислатларни ўзида мужассам этган бу шахс Мелс Қобуловдир. Мен айнан улар ҳақида ёзаётганимдан, китобхон бу инсонни невролог ёки нейропсихолог олим бўлса керак, деб ўйламасин. У онколог-хирург. Боз устига Мелс Қобулович Тошкентда эмас, балки Нукусда яшайди. Қорақалпоғистонда онкология йўналиши асосчиси ҳисобланади. Менинг бу инсон билан танишганимга ҳам кўп бўлмади. Бироқ бу киши буюк устоз, моҳир шифокор ва ўта оқил ташкилотчи сифатида менинг қалбимни эгаллаб олди.
       Нукусга неврология ва тиббий психология бўйича врачлар ва талабаларга маъруза ўқишга борганимда бу инсон ҳақида илиқ ва эҳтиросли сўзларни кўп эшитдим. Мелс Қобулов тиббиётдаги 50 йилдан ошиқ иш фаолиятида бирон маротаба “Мен чарчадим. Сизнинг касаллигингиз менга тааллуқли эмас ёки бошқа куни келинг” каби ибораларни ишлатмаган. Мелс Қобулов катта лавозимларда ишласа-да, ҳар доим ўта камтар бўлиб қолганлар. Мен уларнинг уйларида қисқа муддат меҳмон бўлдим. Етмиш тўрт ёшни қоралаган бу инсонни тинч қўймай қўнғироқлар бўлаверди. Буларнинг касбига алоқаси бўлмаган беморлар ҳам айнан Мелс Қобулов кўриб қўйишини истаб, унинг уйига ташриф буюришарди.
       Қадимдан шифокорни ёниб турган шамга ўхшатишган, у ёниб тугагунча атрофга нур таратиб туради. Бундай иборалар Мелс Қобуловга ўхшаган фидойи инсонлар учун яратилган. Инсонларга соғлиқ ва яхшилик улашишда ҳеч толманг, УСТОЗ.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича