Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси РУҲИЙ НОГИРОНЛАР. УЛАР КИМЛАР?

РУҲИЙ НОГИРОНЛАР. УЛАР КИМЛАР?


“Ногирон” сўзи қулоғимизга чалинса, дастлаб иккала кўзи кўр, қулоқлари кар ёки оёқ-қўли шол одамлар кўз олдимизга келади. Ҳа, улар жисмоний нуқсонлари туфайли ногирон бўлиб қолишган. Улар – жисмоний ногиронлар. Бироқ руҳий ногиронлик ҳам бўлади. Бундайларнинг иккала кўзи кўради, иккала қулоғи жуда яхши эшитади, оёқ-қўллари эса тиним билмайди. Бироқ шундай бўлса-да, улар ногирон! Бундайларни мен “Руҳий ногиронлар” деб атаган бўлур эдим. Уларнинг кўзи эмас, қалби кўр, қулоғи фақат панд-насиҳатларга кар, оёқ-қўллари эса фақат ўзи учун югуради, мияси эса фақат ўзини ўйлаш учун фикрлайди. Келинг, руҳий ногиронлар билан танишиб чиқайлик.
       Руҳий ногирон ота – биринчи бахтини очган ўз оиласи қолиб, бошқа оила қуришга бел боғлайди, зино ботқоғига ботади, кўзлари мўлтиллаб турган фарзандларини пулга, меҳрга зор қилиб, хушторини мол-мулкка буркаб ташлайди. Фарзандларини ота меҳрига зор қилиб, бошқаларга меҳр беради, оила бағрида бўлишдан кўра ўзга аёллар қўйнида яшашни хуш кўради, боласини театр ёки ҳайвонот боғига олиб боришга маблағи ва вақтини аяйди, лекин хуштори билан ўзга юртларда сайр қилиш учун ҳеч нарсадан тоймайди. Кексайиб қолган ота-онасидан хабар олиш у ёқда турсин, унинг ўзидан хабар олиб келган қиблагоҳига вақт ажрата олмайди, кези келса унга ақл ўргатади ва жеркиб ташлайди.
       Руҳий ногирон она – эрини бир пулга олмайдиган, фарзандлари олдида уни тап тортмай ҳақорат қиладиган, зебу зийнатга ружу қўйган, айшу ишратга берилиб, зино йўлига кириб қолган қалби кўр она. Бундайларда ўзи дунёга келтирган фарзандларига нисбатан на оналик туйғуси ва меҳр-оқибат, на шарм-ҳаё, на андишаю фаросат бор. Улар волидаи муҳтарама деган улуғ номга оғир доғ туширган, оилани жаннат эмас, дўзахга айлантирган, фарзандларини бир-бирига гиж-гижлаган ва оилада ғийбат ўчоғини яратганлардир. 
       Руҳий ногирон ўғил – қиблагоҳи бўлган отаси ёки волидаи муҳтарама онасига фақат ҳақоратли сўзлар билан муносабатда бўладиган, қўпол ва ўжар, иш буюрса кўчага қочадиган, ақл-фаросатдан орқада қолиб кетган, фақат яхши кийинишу, яхши еб-ичиш хаёли билан яшайдиган, фарзандлик бурчи нималигини билишни ҳам истамайдиган ўғил. Бундайларга Ота ўгитлари худди терговдек, Она панд-насиҳатлари эса бир чақага қиммат сафсатадек туюлади. Бундай ўғил учига чиққан эгоист бўлади, ўзи учун керак бўлган нарсага тоғни талқон қилади, ота чақириб иш буюрса энсаси қотади ва унга ақл ўргата бошлайди. Тагимдаги машина, устимдаги қиммат кийим-кечаклар, хонамдаги чиройли мебеллар, қимматбаҳо ноутбук ва смартфонлар ота-онамнинг кунни тунга улаб қилган меҳнатлари эвазига эмасми ахир деган хаёлдан асло йироқ ўғилдир у. Ўғлимга дабдабали тўйлар қиламан, орзу-умидларини битта қўймай амалга ошираман, деб умрининг ярмини ҳам яшаб улгурмасдан икки кунидан бири касал бўлиб қолган ота-онадан “Ҳолинг не?” деб сўрамайдиган ва хотини пинжига кириб олган фарзанддир у.
       Руҳий ногирон қиз – пардоз-андоздан боши чиқмайдиган, кийим-кечаклар шайдосига айланган, онаси билан ҳеч чиқишмайдиган ва унга ақл ўргатадиган, уй юмушларидан қочадиган, телефон қўлидан тушмайдиган, смслар қулига айланган таннозойим қиз. Сал нарсага хафа бўлиб, ҳозир ўзимни бир нарса қилиб қўяман, деб ота-онасининг юрагини тилка-пора қиладиган ва бундан ўзи ҳам роҳатланадиган, акасини сенсираб жеркиб ташлайдиган, кўчада оғзидан боди чиқиб шоди кирадиган, эркакча сўкишни удум қилиб олган, одобли қизларга хос бўлган фазилатлар, яъни ибо, ҳаё ва диёнатдан асар ҳам қолмаган такасалтанг қиз. 
       Руҳий ногирон келин – қайнона ва қайнота ҳурматини жойига қўя олмайдиган, келинлик бурчини асло унутган, чўрткесар ва шартаки қиз. У на ошхонада гўзал ошпаз, на сўзи ширин, на гапида маъно-мантиқ бор ва на салом-аликни жой-жойига қўя олади. Эрини ёки қайнота-қайнонани ишга ҳурмат билан кузатиб қўйиш ва уларни пешвоз чиқиб кутиб олишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, уйда доимо жанжалли вазият яратадиган, гап ташиш ботқоғига ботиб қуда-андачиликка путур етказадиган ва шу билан янги қурилган турмушни ўз қўллари билан яксон қиладиган келин.
       Руҳий ногирон талаба – ота-она қистови билан ўзи хоҳламаган ўқишга кирган, институтга ёқар-ёқмас келиб-кетадиган, орзу-умидлари поймол бўлган, келажакда ким бўлишини тасаввур ҳам қила олмайдиган, устоз доскага чиқарса ранглари оқариб, қўллари титраб, бутун баданини совуқ тер босиб кетадиган, ҳиссиётини жиловлай олмайдиган, ҳиссий портлашга тез бериладиган, тушкунликка тез-тез тушиб турадиган, руҳияти ўқишга киргунга қадар тимталанган бола. Одатда, бундай талаба эрмаги – қўл телефони, яъни смартфон. Смартфон унинг учун ҳам ота, ҳам она, ҳам устоз, ҳам ажралмас дўст, ҳам суюкли ёр, ҳам акаси, ҳам укаси, ҳам синглиси, ҳам дам олиш маскани, ҳам ўйингоҳи, ҳам илм маскани (чунки ҳар нарсага жавоб унинг ичида бор), қолаверса бутун-бир борлиғи. Бундай талаба отаси ёки онасидан жудо бўлса, вой мен қиблагоҳимдан ёки волидамдан ажралиб қолдим деб аюҳаннос солмайди, бироқ қўл телефонидан айрилса, ўзини томдан ташлаб жон беришга тайёр. Нима учун? Чунки юқорида мен тилга олган ҳамма нарсадан, яъни бутун-бир борлиғидан ажралади. Бундай йўқотишни руҳий ногирон талаба кўтара олмайди. 
       Руҳий ногирон болакай. Ҳа болагинам! Сен 10 ёшдасан, нақадар чиройли ва хушбичимсан, жисмингни кўриб кўз қувонади! Аммо... Аммо руҳий ногиронсан. Ёш ота-онанг сени шу куйга солди. Нега? Чунки уларнинг бири-бири билан уришмаган куни йўқ, ҳар икки куннинг бирида сени жеркиб ташламаган куни йўқ, “отангга ўхшамай ўл, онангга ўхша­май ўл”, “наслингга ўт тушсин”, “боланг билан қўшмозор бўл” каби сани ёшинг­га мос бўлмаган сўзлар билан руҳиятинг зарба олмаган кун йўқ. Дафтардек оппоқ покиза миянг кундан-кунга ҳақоратли сўзларга тўлиб бормоқда, мурғак ва беғубор қалбинг эса руҳий зарбаларга бардош бера олмай булғанмоқда. Ҳа, сен айбсиз айбдорсан. Сенинг чеҳранг сўниқ, мактабга хафа бўлиб борасан, бошқа болалардек шўх-шодон эмассан, яйраб кулмайсан, худди жодугар сеҳрлаб қўйгандек бошинг эгик, устозинг айтганлари қулоғингга кирмайди, чунки уйингдаги кечаги жанжал кун бўйи қулоқларинг остида даҳшатли жаранглайди. Беш баҳо олиб хурсанд бўлиб қайтсанг на отангдан мақтов эшитасан, на онангдан. Сени сўз билан эркалатиш у ёқда турсин, ҳатто “баракалла, болам” деб бошингни силашмайди, пешонангни ўпишмайди ёки бағрига тортиб қучиб қўймайди. Бор-йўғи 12 сония кетадиган ушбу ҳаракатларни қилишга уларнинг ақл-фаросати етишмайди. Чунки уларнинг ўзлари руҳий ногирон. Дилинг яралангани етмагандек ярим тундаги жанжалдан қўрқиб уйғониб, узоқ муддат тилдан ҳам қолдинг. Бахтли болалигинг ўғирланган. Ҳа, уни кўчадаги ўғрилар эмас, балким ақли ғўр, қалби кўр ёш ота-онанг ўғирлаган. Меҳр олмай улғайган бу мурғак қалбинг, катта бўлгач уни йўққа чиқарганларга қайдан меҳр олиб бераркин?! Агар улар қариб-қартайгач, Сендан меҳр истаб қолишса, балким бу муаммони “Қариялар уйлари” орқали ҳал қиларсан?! Йўқ, асло ундай қила кўрма! Бошқалар шундай қилса ҳам, Сен ундай қилма... 
       Руҳий ногирон раҳбар – жамоани фақат дўқ-пўписа билан бошқарадиган, ҳаммага китоб ўқинг деб, ўзи эса уни варақлаб ҳам кўрмайдиган, катталарга тавозе қилиб, кичикларга азоб бериб яшашни хуш кўрадиган муштумхўр шахс. Унинг тарихига бир назар солсанг институтга отасининг пулига кирган, курсдан-курсга пора билан ўтган ва деканнинг катта югурдаги бўлган шахсдир у. Бундай тоифа институтни тугатгач, ўз таржимаи ҳолини ўнта хато билан ёзиб катта давлат идораларига таниш-билиш орқали ишга кирган, институтда олмаган таълимни бир амаллаб ўша ерда ишлайдиган эски ходимдан ўрганиб олган, иқтидорли ёшларга кун бермайдиган, катта бир йўналишни ҳароб қилиб, боши берк кўчага киргизиб қўядиган амалдордир у. Бундайлар бемеҳр бўлишади, чунки болалигида меҳр кўришмаган, улар оиласини танишмайди, чунки оиласи ухлаб ётганда кеч тунда ишдан қайтишади, ўзи ухлаб ётганда оиласи уйдан чиқиб кетган бўлади, улар муштумхўр бўлишади, чунки катта кабинетларда ўзлари мушт еб туришади, ўта жоҳил бўлишади, чунки мияда илм йўқ, уларда асло ғоя бўлмайди, чунки мияда тафаккур йўқ ва ҳ.к. Ҳа! Бундай раҳбар бахти қаро инсондир ва у албатта руҳий ногирон. Бундай шахсни даволаб ҳам бўлмайди, чунки дардининг давоси йўқ, ундан қочиб қутулиб ҳам бўлмас. Бироқ кези келганда унинг ўзи қаёққа қочаркан... 


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича