ОНАМ ҲАҚИДА


Онам! Волидаи муҳтарамам! Ҳадислардаги «Жаннат оналар оёғи остида!», деган ҳикматни кўпчилигимиз ўқиганмиз. Диний китобларда ҳам дуонинг кучи ҳақида ўқиб ҳайратда қоламан. Оналар эътирофи ҳар қандай фарзандни сергаклантиради.  
Эсимни танибманки, онажонимнинг қўллари дуодан тушмаган, ҳатто оғир касал ётганларида ҳам қўлларини зўрға кўтариб бўлса-да, бизни дуо қилардилар. Менинг тиббиётни танлашимга ҳам онамнинг доимий бош оғриқлари сабаб бўлган. Кейин билсам, мигрень билан оғриган эканлар. 
Онам аввал боғчада, сўнгра отам ишлайдиган мактабда фаррош бўлиб ишлаганлар. Уйимиз шу қадар саранжом-саришта турар эдики, ҳатто катта боғ сатҳида ҳам пастга тушган битта барг турмасди. Якшанба куни уйимизда катта ҳашар бўларди. Биз кўпчилик бўлганимиз учун онам ҳаммамизга иш бўлиб берардилар, кўчадан тортиб молхонагача супуриб-сидириб, сувлар сепиб тозалаб қўярдик. 
     Онам ҳар куни янги соғилган сигир сутидан ширчой пишириб берардилар. Сарёғ қўшилган, нон тўғралган сут жудаям мазали бўларди. Эрта саҳардан Гулбаҳор опам билан (жойлари жаннатда бўлсин) тандирда нон ёпардилар. Хоразмча катта-катта нонлардан ташқари ҳар биримизга аталган турли ҳажмдаги кичик-кичик нонлар ҳам бўларди. Ноннинг катта-кичиклигига қараб биз қайси нон кимники эканлигини билиб олардик. Бу гаплар ҳозирги ёшларга эртакдек, бироз эриш ҳам туюлса керак. Ишонаверинг, бизнинг оилада худди шундай бўлган. Нонга акаларимиз қўл узатмасдан туриб, биз қўл узатмаганмиз. 
Онамнинг бош оғриқ хуружлари тутса, 2-3 кун ётиб қолардилар. Дарров турли хаёлларга бориб, “Мен ўлсам, отангга нима бўлади, сизларга ким қарайди”, дердилар кўзларига ёш олиб. 40 ёшдан сўнг бу оғриқлари камайиб, сўнгра ўтиб кетди. Онам колхозда ҳам ишлаганлар, пахта мавсумида ҳомиладор ҳолида пахта терганларини ўз кўзим билан кўрганман. Рак касалига дучор бўлиб узоқ ётиб қолган ва сўнгра ҳаётдан эрта кетган Гулбаҳор опам ва руҳий касалликка учраган укамнинг дарди отам каби онамга ҳам қаттиқ зарба бўлди. Онам қон босими хасталигига дучор бўлдилар. Улар ҳам узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг бу ёруғ дунёни тарк этдилар. Оллоҳимнинг амри шу экан. Волидамнинг ҳақига ҳар куни қўлим дуода. Жойингиз жаннатда бўлсин, онажоним!

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича