Обсессив-компулсив бузилишлар
Обсессив-компулсив бузилишлар КХТ-10 да F42 коди остида келтирилган.
Обсессия – инсонга азоб берувчи доимий шубҳа, қўрқув, ваҳима каби мияга ўрнашиб олган ёқимсиз фикрлар бўлиб, беморни ғайритабиий ҳаракатлар қилишга ундайдиган ҳолат. Обсессия сурункали кечувчи ва стереотип тарзда такрорланиб турувчи хусусиятга эга.
Бемор ёқимсиз фикр-хаёлларнинг барчасидан қутулишга интилади, даво чораларини излайди, лекин бу уринишлар кўпинча зое кетади. Бу ҳолатларга бемор танқидий нуқтаи назар билан қарайди, уларнинг асоссиз ва ғалати эканлигини тушунади, уларга бардош беришга интилади. Бироқ бу “шилқим” ғоялар унинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда пайдо бўлаверади. Бемор уларни мустақил равишда енга олмайди. Натижада компулсив ҳаракатлар шаклланади. Шунинг учун ҳам бу касалликда деярли ҳар доим аввал обсессия, сўнгра компулсия ривожланади.
Компулсия – обсессиядан қутулиш учун кетма-кет бажариладиган стереотип ҳаракатлар. Масалан, бемор қўлини ёки ўзи овқатланадиган идиш-товоқларни ҳадеб юваверади, устини қоқаверади, ваннага кирса тинмай чўмилади ва шу каби ҳаракатлар. Шу каби ҳаракатлар такрор ва такрор бўлавергани боис, ташқи томондан худди ритуал ҳаракатларга ўхшайди.
Бу ишлар беморнинг ўзига ёқмайди, жонига тегиб кетади, бироқ уни бундай ишларни бажаришга мажбурлайдиган мияга ўрнашиб олган ғоя – бу обсессиядир. Бундай беморлар доимо шубҳа билан яшайди. Масалан, уйидан чиқиб кетган заҳоти, унинг миясига эшикни қулфладимми, оловни ўчирдимми, сувни беркитдимми каби хаёллар келаверади. У уйига қайтиб киради, ҳаммаёқни кўздан кечиради, ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, тинчгина кўчага чиқиб кетади. Уйдан бироз узоқлашгандан сўнг ҳалиги фикрлар яна ёғилиб келади ва у яна уйига қайтади. Ҳаммаси жойида эканлигини кўриб, бемор сиқилиб кетганидан йиғлаб юборади ва кўчага чиқмай қўяди. Ўзида кечаётган бу аломатларга у албатта, танқидий кўз билан қарайди ва улардан қутулишни хоҳлайди, лекин бунинг иложини топа олмайди.
Баъзан беморни мантиқ жиҳатдан бир-бирига зид бўлган хаёллар чулғаб олади. Масалан, яқинлашиб келаётган машина тагига ўзини ташлаш истаги пайдо бўлади-ю, машина яқинлашганда бирдан қўрқиб кетиб, орқага тисарилади. Гоҳида беморнинг миясига ўзига ёки бошқа бировга пичоқ санчишдек фикрлар келади ва шу ишни қилиб қўймай деб, пичоққа яқин бормайди ёки уни беркитиб қўяди.
Давоси. Даволашда психотерапия, физиотерапия, рефлексотерапия, тинчлантирувчи дори воситалари ва гиёҳлардан кенг фойдаланилади. Баъзи ҳолларда яхши натижага эришиш бир неча ой ва ҳатто, бир қанча йилларгача чўзилиб кетади. Айниқса, ипохондрия билан намоён бўлувчи невроз ва психастенияни бартараф этиш анча мушкул. Ремиссия билан кузатиладиган ҳолатлар ҳам кўп кўзга ташланади, яъни бемор бир неча ой яхши бўлиб юради ва сўнг миядан кетмайдиган фикрлар яна пайдо бўлади. Неврастения ва истерик невроздан фарқли ўлароқ, миядан кетмайдиган фикрлар сурункали кечишга мойил. Невроз ташхиси қўйилган беморлар ўз вақтида даволанса, самарали натижа билан тузалиб кетишади. Аксарият беморлар тузалиб кетганидан сўнг ҳам хурсанд бўлиш ўрнига, яна ўша касаллик белгилари қачон пайдо бўлишини кутиб яшашади.
Невротик бузилишларда хавотир, фобия, обсессия, компулсия, астения ва депрессия ҳолатларининг алоҳида синдром сифатида яққол намоён бўлишини кўп кузатамиз. Масалан, депрессиянинг невротик бузилишлар ичида “бўртиб” туриши клиник таснифларда “Невротик депрессия” номли ташхисни алоҳида ажратиш зарурлигини кўрсатди. Албатта, эндоген депрессияга қараганда, невротик депрессия енгил кечади. Фобия ҳам бир нечта турларга бўлинади, КХТ-10 да улар ҳатто алоҳида рукнларда кўрсатилган (агарофобия – F40.0; социал фобия – F40.1; специфик фобия – F40.2). Худди шунингдек, хавотир, обсессия ва компулсив бузилишлар ҳам бир нечта рукнларга ажратилган. Бу синдромлар негизида психоген омиллар ётса-да (генетик омилларга ҳам катта урғу берилади), уларнинг ҳар бири невротик бузилишлар клиникасида яққол синдром сифатида бўртиб туради ва бундай ҳолатларда тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш услублари ҳам ўзгача.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича