Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ОБСЕССИЯ ВА КОМПУЛСИЯ НИМА?

ОБСЕССИЯ ВА КОМПУЛСИЯ НИМА?


Мияга фикрларнинг кетма-кет ёғилиб келаверишига обсессия деб айтилади. Улар беморнинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда қуйилиб келаверади. Бу хаёллар беморга оғир ботади, аслида ёқмайди ва улардан врач ёрдамисиз қутула олмайди. 
Масалан, бемор уйидан ташқарига чиққандан сўнг, уни эшикни қулфладимми, газни ўчирдимми, сувни беркитдимми каби хаёллар безовта қилаверади. У уйига қайтиб киради, ҳаммаёқни қайта текширади, ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилгач, тинчгина кўчага чиқиб кетади. Уйдан бир оз узоқлашгандан сўнг яна ҳалиги фикрлар ёғилиб келаверади ва яна уйига қайтиб киради. Сиқилиб кетганидан йиғлаб юборади, ҳеч қаёққа чиқмай қўяди. Ўзида кечаётган бу аломатларга, албатта, бемор танқидий кўз билан қарайди ва улардан қутулишни хоҳлайди, лекин ҳеч бунинг иложини топа олмайди. Баъзан беморда мантиқ жиҳатдан бир-бирига зид бўлган хаёллар пайдо бўлади. 
Масалан, яқинлашиб келаётган машина тагига ўзини ташлаш истаги пайдо бўлади-ю, машина яқинлашганда бирдан қўрқиб кетиб, орқага тисарилади. Баъзи беморларнинг миясига ўзига ёки бошқа бировга пичоқ санчиш каби фикрлар келади ва шу ишни қилиб қўймай деб пичоққа яқин боришмайди ёки уни беркитиб қўйишади.
Обсессиядан қутулиб бўладими? Обсессиялар ўз вақтида даволанганда албатта барҳам топади. Баъзи ҳолларда эса бир неча ой ва ҳатто бир қанча йилларгача чўзилиб кетиши мумкин. Баъзида бемор бир неча ой яхши бўлиб юради ва сўнг миядан кетмайдиган фикрлар яна пайдо бўлади. 
Невроз ва истериядан фарқли ўлароқ миядан кетмайдиган фикрлар сурункали кечишга мойил. Аксарият беморлар тузалиб кетганидан сўнг ҳам хурсанд бўлиш ўрнига, яна ўша касаллик белгилари қачон пайдо бўлишини кутиб яшашади. Бундай беморлар врачларни ҳам безор қилиб юборишади. Чунки улар “Врач мени яхши даволамади” деб арз қилиб юришади.
Обсессиялар кўпинча компулсиялар билан ҳам намоён бўлади. Компулсия – зарур бўлмаган ҳаракатларни кетма-кет қилавериш билан намоён бўладиган патологик ҳолат. Масалан, бемор қўлини ҳадеб юваверади, кийимидаги чангни қоқаверади, ҳатто врач текширувидан ҳам хавфсираб туради, ҳадеб душ қабул қилаверади, атрофдагилардан жирканади, улардан миқроб юқиб қолади деб қўрқиб юради ва ҳ.к.
Давоси қандай? Бундай беморларни тиббий психологлар, психо­неврологлар ва психиатрлар махсус дастур асосида даволашади. Даволаш муолажалари бир неча ойгача чўзилиши мумкинлиги ҳақида бемор огоҳлантирилади. Психотерапевтик муолажаларга албатта урғу берилиши керак.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича