ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИК: САБАБ ВА ОҚИБАТЛАР
Савол: Аввалги даврларга қараганда инсонлар маданиятли бўлиб бормоқда. Шундай бўлса-да, нима учун оилавий зўравонлик камайиш ўрнига кўпаймоқда?
Жавоб: Афсуски, шундай. Оилавий зўравонлик нафақат кам таъминланган, балки тўқ оилаларда ҳам етарлича учрамоқда. Баъзи оилаларда иқтисодий ночорлик ўзаро низолар ва кейинчалик оилавий зўравонликка сабабчи бўлаётган бўлса, бошқа бир оилаларда – бундай зўравонлик сабаби – тўқчилик бўлиб қолмоқда. Иккала ҳолатда ҳам асосий сабаб – маънавий қашшоқлик. Мен буни бошқача изоҳлай олмайман. Ўз келинига жинсий тажовуз қилишни ва ўз ўғли томонидан ўлдирилган отани қандай изоҳлаш мумкин. Ёки бўлмаса, ўз жигарбандини машина олиш учун пулга сотаётган онага қандай баҳо берса бўлади: Ҳаммасининг тагида маънавий қашшоқлик ётибди. Инсон маънавий қашшоқ бўлса, у тўқ оилада яшайдими ёки ночор оиладами, барибир бузуқ ишга қўл уради ва ваҳшийликка боради.
Савол: Баъзан яхшигина лавозимда ишлайдиган ва ҳатто таълим-тарбия масканларини бошқараётган шахслар оиласида ҳам шундай ачинарли вазиятларни кузатамиз. Уларнинг ўзи бундай ҳолатлар билан курашиш ўрнига... Ҳатто бунга сўз ожиз...
Жавоб: Сабаби ўша, яъни маънавий қашшоқлик. Катта амалдор дейлик мактаб, коллеж ёки институт раҳбари бўлиши мумкин, бироқ у маънавий қашшоқ бўлса, бундай ишларга қўл ураверади. Керак бўлса, оддий дурадгор ёки темирчининг оиласи барчага ибрат бўлиши мумкин. Маҳалла қўмитаси ёки мачитда одоб-ахлоқ ҳақида ваъзхонлик қилиб, ўзининг фарзандлари бузуқ йўлларга кириб кетганлар ҳам афсуски йўқ эмас. Илм бошқа, тарбия бошқа. Ўта илмли одам ҳам маънавий бузуқ бўлиши мумкин, ва аксинча. Тунги клубларга бир назар ташланг. У ерда кимнинг фарзандларини кўп кўрасиз. Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.
Савол: Оиладаги зўравонлик кўпроқ эркаклар томонидан амалга ошириладими ёки аёллар томонидан?
Жавоб: Кўпинча эркаклар томонидан. Албатта, бунинг асосий сабабчиси аёл киши бўлиши мумкин. Бу масалани бир томонлама ёритиш ўта мушкул. Чунки вазият ва сабаблар кўп. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзаро низолар зўравонлик билан тугалланмаслиги керак. Кўпинча, оилавий зўравонлик сабаби – бир-бирига бўйсунмаслик бўлади. Масалан, битта оилада шундай вазият рўй берган: Кеч тунда уйига ароқ ичиб ўта маст бўлиб қайтган эр хотинига жойимни ташлаб бер дейди. Эрини яна шу аҳволда кўрган хотин жаҳл билан “Ўзинг ташла” дейди сансираб. Маст эрнинг жаҳл отига миниб қўлига пичоқ олади ва “Ман санга нима деяпман, ўлгинг келяптими” дейди. Хотин бўлса “Ўлдирмоқчимисан, мана тиқ, тиқ пичоғингни” деб эрига яқинлашади. Маст эр жаҳл устида хотинининг қорнига пичоқ уради. Бу ерда эси бор хотин бу ишни қилмайди, балки эрининг айтганини қилиб, уни ширин гаплар билан ўрнига ётқизади.
Савол: Тажовузкорлик характерга ҳам боғлиқми?
Жавоб: Албатта, боғлиқ. Масалан, психология дарсликларида “Характер психологияси” деган катта боблар бор. Унда тажовузкорлик – характер бузилиши сифатида алоҳида кўрсатилади. Баъзи одамлар зўравонлик ва тажовузкорликка мойил бўлишади. Агар бундай шахсларда тиббий-психологик текширувлар ўтказсангиз, уларда психопатия аломатларини ҳам топасиз. Биз буни яширин психопатия деб атаймиз. Бундай шахслар маълум бир вазиятда портлайди ва зўравонликка қўл уриб қўйишади.
Савол: Оиладаги зўравонликдан энг кўп азият чекадиганлар, табиийки, болалар. Тўғрими? Уларни ўз ота-онасидан қандай асраш керак?
Жавоб: Ўта оғир савол. Ғарб давлатларида “Болаларни ўз ота-оналаридан ҳимоя қилиш жамиятлари” мавжуд. Бизда ҳам шунга ўхшаш жамият очилаяпти деб эшитдим. Йигирма йил олдин шу масала кўтарилса, ажабланардингиз. Ислом динига эътиқод қилувчи давлатда бундай жамиятнинг очилиши биз ота-оналар учун уят. Лекин нима ҳам қила оласиз. Бундай жамият керакка ўхшайди. Афсус...
Савол: Ота-онаси тарбиялай олмаган болани бундай марказлар тарбиялай оладими? Улар алмазада ва руҳий ногирон бўлиб ўсмайдими?
Жавоб: Мен марказий газеталардан бирига “Руҳий ногиронлар – улар кимлар” деган катта мақола берганман. Бу ҳақда радиода ҳам сўзловдим. Бу мақолани фейсбукка ҳам қўйгандим, жуда катта резонанс берди. Демак, муаммо ўта жиддий. Ота-она тирик бўла туриб, боланинг уйда ёки махсус интернатда тарбияланишига келадиган бўлсак, баъзида махсус интернатда тарбияланаётган болалар келажакда ҳаётнинг қадрини биладиган етук шахс бўлиб етишиши мумкин. Уйда ота-онанинг зулмида яшаб ёмон йўлга кириб қамоқхонага тушгандан кўра, болалар интернатида тарбиячилар назоратида катта бўлгани яхшими деган хаёлга бориб қолади киши. Интернатда ўсиб буюк шахс бўлиб етишганлар бунга мисол бўла олади. Бошқа илож йўқ.
Савол: Оиладаги зўравонликнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Жавоб: Буни мен осон йўлини айтаман. Иложи борича бола уйда кам бўлиши керак. Демоқчиманки, бола мактабдан кейин кунора спорт тўгарагига, кунора тил ўргатиш мактабларига қатнаши керак ёки мусиқа тўгаракларига. Бу масалани боланинг хоҳишидан келиб чиқиб амалга оширса бўлади. Турли тўгаракларга қатнаган бола уйга қўшимча вазифалар билан кириб келади, ота-онасини соғиниб кириб келади, қорни оч бўлиб кириб келади. Уйга келиб тўгаракдаги устозлари ва ўзига ўхшаган ўртоқлари олдида изза бўлмаслиги учун уйда дарс қилади ва ҳ.к. Мактабдан кейин турли тўгаракларга қатнамайдиган болалар эса куни билан уйда бўлади, бекорчи боланинг қайсидир қилиқлари отаси ёки онасига ёқмайди, иш буюрса қилмайди ва жанжал чиқади. “Болангиз айтганимни қилмаяпти” деб онаси отасига арз қилади ва жанжал чиқиши мумкин. Бу ҳолат ҳадеб такрорланаверса, бола тажанг бўлиб ўсади, кейинчалик оилавий зуғум ўтказишга сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун мактабдан кейин бола уйда эмас, турли хил тўгаракларда бўлгани маъқул. Кечқурун эса ота-она боласига ҳеч бўлмаганда ярим соат вақт ажратиб, унинг ютуқлари ва қийинчиликлари ҳақида суҳбатлашиши керак. Мен “12 ёш психологияси” деган мақоламда “Бола 12 ёшгача ота-онаси ва устози айтганини қилади, 12 ёшдан кейин эса ўз билганини” деб ёзган эдим. Мен бунинг сабаб ва оқибатларини ҳам батафсил баён қилганман. Бизнинг муқаддас диний китобларимизда ҳам бу ҳақда жиддий тавсиялар бор. Эътиборингиз учун раҳмат.
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича