Оиланинг уч тоифаси


Психологлар эр-хотин орасидаги муносабатларга қараб оиланинг 3 хил тоифасини ажратишган: “Она-ўғил”, “Ота-қиз” ва “Ака-сингил” тоифасидаги оилалар.
        1. “Она-ўғил” тоифасидаги оила. Бундай оилада аёл киши оилани бошқаришни деярли бутунлай қўлга олади, унинг ҳуқуқлари беқиёс бўлади, у хаттоки эркак киши бажариши лозим бўлган оила юмушларини ҳам ўзи қилади. Яъни у хотин эмас, балки она ролини ижро этади. Эрнинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бу ерда жуда кам ифодаланган бўлади, оилани бошқариш ишларига у деярли аралашмайди, яъни у оилада эр эмас, балки ўғил вазифасини ижро этади. Оилани бошқаришнинг бундай усули иккала томонни ҳам қониқтиради, яъни эр-хотин орасидаги муносабатлар шундай вазиятни юзага келтиради. Хотин эрини ўз ҳимоясига олади, уни бошқа эркаклардан асрайди, унга доимо маслаҳат бериб юради. Шунинг учун ҳам бундай оилаларни “она-ўғил” тоифасидаги оила деб қарашади. Бундай оилаларда сўнгги қарор хотин томонидан қабул қилинади, эри эса унинг айтганларини сўзсиз амалга оширади. 
     2. “Ота-қиз” тоифасидаги оила. Оиладаги барча юмушларни эркак киши бажаради, эрнинг ҳуқуқлари беқиёс бўлади, у ҳаттоки аёл киши бажариши лозим бўлган ишларга ҳам аралашаверади, хотинига қиз болага қарагандек муносабатда бўлади, яъни у эр эмас, балки ота вазифасини бажаради. Хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бу ерда жуда кам ифодаланган бўлади, оилани бошқариш жараёнига деярли у аралашмайди, аёл киши бажариши лозим бўлган ишларга ҳам эридан берухсат қўл урмайди, яъни у оилада она эмас, балки қиз вазифасини ижро этади. Оилани бошқаришнинг бундай усули иккала томонни ҳам қониқтиради, яъни эр-хотин орасидаги муносабатлар шундай вазиятни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам бундай оилаларни “ота-қиз” тоифасидаги оила деб аташади.
Психологик нуқтаи назардан олганда “она-ўғил”  ва  “ота-қиз” тоифасидаги оилада вояга етган фарзандларнинг ҳаёти кейинчалик хавф остида қолиши мумкин. Уларнинг кейинги тақдирини 2 хил вариантда ўрганиб чиқамиз:
      А) “Она-ўғил” тоифасидаги оилада вояга етган қиз “ота-қиз” тоифасидаги оилада вояга етган ўғилга турмушга чиқса, бу оила мустаҳкам бўлмаслиги бўлиши мумкин. Чунки қиз она ҳукмронлик қилган оилада катта бўлади. Қиз оилани онаси бошқаргандек бошқаришга, эрини ўзига бўйсундиришга интилса, йигит эса оилани худди отасидек бошқаришни истайди ва хотинини ўзига сўзсиз бўйсунишини талаб қилади. Табиийки, бунинг уддасидан чиқиш ўта мушкул бўлиб, тез-тез бўладиган уруш-жанжаллар сабабли оила барбод бўлиши мумкин.
       Б) “Она-ўғил” тоифасидаги оилада вояга етган ўғил “ота-қиз” тоифасидаги оилада улғайган қизга уйланди, дейлик. Бундай оиладан оила йўлбошчиси етишиб чиқиши жуда қийин, чунки ўғил ота онага бўйсуниб яшаган оилада катта бўлган, қиз эса  она отага бўйсуниб яшаган оилада вояга етган. Ушбу янги оилада йигит хотини йўлбошчи бўлишини хоҳласа, қиз эса аксинча, яъни эри йўлбошчи бўлишини хоҳлайди. Уларнинг ўзлари оилани мустақил бошқара олишмайди, бировларга қарам бўлиб яшашади, маслаҳат учун қиз отасининг олдига отланса, ўғил онасидан ёрдам сўрайди. Бу вазият узоқ давом этади, охир-оқибат улар оилани бошқаришни ўзлаштириб олишади.
       3. “Ака-сингил” тоифасидаги оила. Бундай оила психологик нуқтаи назардан олганда энг мақбул оиладир, чунки бу ерда  эр ва хотиннинг вазифалари  улар орасида тақсимланган бўлади: эр ўзи бажариши лозим бўлган вазифалар билан шуғулланади. Масалан, у оилани бошқаришнинг 60 % ни ўз қўлига олса, 40% юмушни хотинига қолдиради. Оила бўйича муҳим қарорларни қабул қилиш эркак кишининг  қўлида бўлади, у оиланинг йўлбошчиси ва ҳимоячиси бўлса, аёл киши эса унинг энг яқин маслакдоши бўлади. Демак, оилада эр ўзини худди ака сифатида, хотин эса сингил сифатида тутади. Бундай оилада аёл кишининг ҳам, эркак кишининг ҳам ҳуқуқлари сақланган бўлади, ота-она орасидаги бундай муносабатлар таъсири остида вояга етган ўғил аёл кишини, қиз эса эркак кишини хурмат қиладиган бўлиб ўсади. Бундай оила мустаҳкам бўлиб, унинг аъзоларини ҳамма хурмат қилади, уларнинг фарзандлари ҳам кейинчалик оила қуришса, ўзаро муносабатларини “ака-сингил” тоифасидаги оилага ўхшаб амалга оширишга  ҳаракат қилишади. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича