Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ОНГСИЗЛИК ВА ПСИХОАНАЛИЗ ТАЪЛИМОТИ

ОНГСИЗЛИК ВА ПСИХОАНАЛИЗ ТАЪЛИМОТИ


Фрейд яратган психонализ тўғрисидаги назария инсон руҳини бир муз тоғига қиёслайдики, гўё унинг устки, яъни олтидан бир қисми онг бўлса, сув остида кўринмай ётган олтидан беш қисми онг ости, яъни онгсизликдир (1-расм).
Психоанализ фани ўз олдига онгдан яшириниб ётган чуқур психологик жараёнларнинг сир-асрорини очишни мақсад қилиб қўяди ва шу йўл билан неврозни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганади. З.Фрейд «яшириниб» ётган психологик жараёнларни онгсиз жараёнлар деб атади. Рус психологлари бу ҳолатни турли атамалар билан таърифлашади: «бессознателное» (онгсизлик), «подсознателное» (онгостлилик), «подсознание» (онг ости).  Баъзи ўзбек психологлари “онгостлилик” деган атамани маъқул топишади. Адабиётшунослар эса “шуур” сўзи онг остини изоҳлайди деб ҳисоблашади.  Шундай қилиб, ҳанузгача фанда катта шов-шувларга сабаб бўлиб келаётган ва моҳияти тўлалигача ўрганилмаган ушбу ноаниқ психологик жараёнларнинг атамаси ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда. Уларнинг асл маъносини ўзгартирмаслик мақсадида биз «онгсизлик» атамасини маъқул топдик ва дарсликда ушбу атамадан фойдаланамиз.

З. Фрейд таъбири билан айтганда, онгдан сиқиб чиқарилган одамнинг табиий инстинктлари онг остида қўним топади. Онгсизлик туғма хусусият бўлиб, инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини ифодалаб туради. Онгсизликни психоанализ таълимоти ўрганади. Психоанализ таълимоти яратилишига, асосан, невроз келиб чиқишининг асл моҳиятини излаш ва бу касалликни даволашда ўша даврдаги мавжуд психотерапевтик усуллар кам самара бериши туртки бўлган. З. Фрейд неврознинг келиб чиқишини ўзи яратган психосексуал назарияга асосланиб тушунтириб берди.
З. Фрейд ўз кузатувларига асосланиб, руҳиятнинг янги моделини яратди. Унга асосан, бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 3 та психологик тузилма мавжуд. Булар – Ид, Эго ва Супер-Эго. «Ид» — бу инстинктлар. У онгдан холис. «Эго» — бу Мен. Унинг онги бор. «Супер-эго», яъни Супер-мен – бу одамни ўраб турган муҳит, жамият. У одамнинг хулқ-атворини «тепадан» назорат қилиб туради. Бу тушунчаларнинг ҳар бирига таъриф бериб чиқамиз.
Ид ёки инстинктлар. З. Фрейд фикрича, эволюциянинг дастлабки босқичида ўзини ҳимоя қилиш ва овқат излаш инстинкти одамнинг хулқ-атворини белгилаб берган. Шу билан параллел ҳолда ёки бироздан сўнг  уларга сексуал инстинкт қўшилган. Бу инстинктларни Фрейд «Ид» деб атаган.  «Ид» онгда акс этмайди. У онг остида жойлашган, тўғрироғи, онг остига тиқиштирилган. «Ид» қониқиш принципларига  асосланиб фаолият кўрсатади. Бу ерда жинсий қониқиш алоҳида ўрин тутади. 
Дастлаб Фрейд барча инстинктлар ичида сексуал инстинктга катта урғу беради ва одамнинг хатти-ҳаракатларини сексуал қониқмаслик билан боғлайди. Унинг фикрича, айнан ушбу инстинкт одамнинг хулқ-атворини туғилганидан буён бошқариб келади. З.Фрейд қондирилмаган ҳис-туйғу ёки жинсий майлнинг руҳий қуввати онг остида тўпланиб боради ва ўз ифодасини топишга уринади, деб  фикр юритади. Шунинг учун ҳам уни пансексуализмда айблашади. 
«Ид» доимо «Мен» ва «Супер-мен» билан муросасиз жанг олиб боради, чунки улар «Ид»ни тинимсиз назорат қилишга интилади. «Ид» кучли энергияга  эга бўлса-да, «Мен» уни онг остидан сузиб чиқишига йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам «Ид» тажовузкордир. 
«Мен» назоратни тўла қўлга олгунга қадар инстинктлар гўёки одамнинг ҳаёт тарзини, яъни хулқ-атворини белгилаб берган. «Мен» ривожланиши одамнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва унинг хулқ-атворини назорат остига олди. Ўша пайтда ҳам, ҳозирда ҳам психоаналитиклар «Ид» – бу одамнинг ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манба деб ҳисоблашади.
«Ид» ўзгармас, «Мен» эса ўзгариб, ривожланиб боради. Одам бошқа жонзотлардан ақл-заковат, яъни онгнинг борлиги билан фарқ қилади. Демак, онг –  бу «Мен» демакдир. Агар одам фақат «Ид»га бўйсуниб яшаганида эди, унинг ҳаёт тарзи ҳайвонларникига ўхшаб қоларди. Ваҳоланки, одам фаолияти онгли жараёндир ва у ўз хатти-ҳаракатларида ҳам, асосан онгга таянади. 
Психоаналитиклар одамни, аниқроғи, унинг руҳини тирик ҳужайрага ўхшатишади. Бунда ҳужайранинг ташқи пардаси «Мен» бўлса, унинг ички таркиби – «Ид». Ҳужайранинг ичида моддалар алмашинуви натижасида катта энергия тўпланади ва кучли энергияга эга бўлган «Ид» ташқарига ёриб чиққиси келади. Бунга эса ҳужайранинг ташқи пардаси, яъни «Мен» йўл қўймайди. Хўш унда «Супер-мен» нима? Маълумки, ҳужайралар тўплами тўқимани, тўқималар аъзоларни, аъзолар эса организмни ташкил қилади. Демак, «Супер-мен» – барча «Мен»лар йиғиндиси. Ҳужайра организмда ҳаёт кечиргани каби, организм ҳам ҳужайрасиз яшай олмайди. Организм – бу «Супер-мен». 
«Супер-мен» – бу жамият қонунлари, ахлоқ принциплари ва дин талаблари. «Супер-мен» «Мен» билан биргаликда сексуал хусусиятларга бой бўлган «Ид»ни назорат қилади. Бунинг натижасида улар орасидаги зиддиятлар кучаяди. З.Фрейднинг фикрига кўра, неврознинг келиб чиқишига «Супер-мен» ва «Мен» сабабчи. Психоаналитиклар неврозни психотерапевтик йўл билан даволашда айнан мана шу назоратни камайтириш ёки тўхтатишга ва шу йўл билан «Ид»ни онг доирасига сузиб чиқишига ёрдам беришади. Бунинг натижасида «Ид» тажовузкорлиги пасайиб, невроз белгилари чекинади.  З. Фрейд «Мен» ва «Ид» орасидаги муносабатларни чавандоз билан отнинг муносабатларига қиёслаб ҳам тушунтириб берган. Фрейдгача А.Шопенгауер худди шундай қиёслашни ирода ва тафаккур орасидаги муносабатларнинг таърифлаш учун ишлатган эди. Чавандоз отни ўзи бошқарса-да, фақат унинг қуввати ҳисобига ҳаракатланади. Керак пайтда чавандоз ўзанни қаттиқ ушлаб, отни тўхтатиши ва ўзи хоҳлаган томонга йўналтира олиши зарур, акс ҳолда у йиқилиб қаттиқ жароҳат олади ёки ҳалок бўлади. 
Баъзи вазиятларда қачон тўхташ ва қайси томонга юриш кераклигини чавандоз эмас, балки отнинг ўзи танлайди. Масалан, чавандоз ухлаб қолади, чарчайди ёки касалланади. «Мен» (чавандоз)нинг аҳволи «Ид» (от)нинг аҳволига қараганда анча хавотирли. Чунки «Мен» бир томондан атроф-муҳит, яъни ташқи оламнинг қонун-қоидаларига амал қилиши, иккинчи томондан кучли от («Ид»)ни бошқариши керак. «Мен» ҳам ташқи олам, яъни «Супер-мен»нинг талабларини, ҳам «Ид»нинг эҳтиёжларини қондириш учун доим хавотирда яшайди. Бу талабларни бажариш учун «Мен» доим сергак бўлиб туриши керак. Бу талаблар бажарилмаса, айбдорлик ҳисси айнан унинг бўйнига тушади. Демак, «Мен» доимо ўзини ҳимоя қилиш йўлларини излайди. З. Фрейд неврознинг келиб чиқишини ушбу зиддиятли муносабатлардан излаган.

 

2-расм. Психоаналитиклар «Мен», «Супер-мен» ва «Ид» орасидаги  муносабатларни қалтис жойда отни бошқариб бораётган чавандозга қиёслаган: Мен» – бу чавандоз, «Супер-мен» – атроф-муҳит, «Ид» – катта қувватга эга от.

Кейинчалик З. Фрейд яраланган ҳарбий хизматчиларда ҳам невроз ва истерия ҳолатларини кузатади. Бу касалликларни жинсий майл билан изоҳлаб бўлмасди, албатта. Шу боис у танқидга учрайди. Энди З.Фрейд онг остига қамалган ва қондирилмаган эҳтиёжларни бошқача йўл билан қондириш концепсияси устида бош қотиради. Сексуал инстинктни  унинг ўрнини боса оладиган бошқа бир фаолият билан алмаштириш  зарур. Фрейд “сублимация” иборасини қўллади. Бу дегани бир фаолият турини иккинчи фаолият тури билан алмаштириш, яъни эврилиш. У айтадики, невроздан қутулиш, яъни стрессни бартараф этиш учун сексуал эҳтиёжларни қондириш шарт эмас. Бунинг учун ахлоқ қонунларига зид келмайдиган фаолият билан шуғулланиш мумкин. Масалан, расм чизиш, сайрга чиқиш, спорт билан шуғулланиш, ижод қилиш ва ҳ.к. 
Психоаналитик йўл билан даволаш нимага асосланган? Оддийроқ қилиб айтганда, психоаналитик билан ёлғиз қолган мижоз ўзини эркин қўйиб, кўзларини ярим юмган ҳолда ётади ёки бемалол ўтиради ва хаёлига келган барча фикрларини оқизмай-томизмай сўзлаб беради. Бу ерда бирорта ҳам сир қолмаслиги ва бемор уялмаслиги керак. Маъноли сўзларми, маъносизми, бемор уларни психоаналитикка очиб ташлаши шарт. Акс ҳолда натижа бўлмайди. Ана  шундагина, З. Фрейд таъбири билан айтганда, руҳий покланиш, яъни «катарсис» рўй беради ва тузалиш жараёни жадал кечади. 
З. Фрейд фикрича, энг муҳими мазкур ассоциациялар онг томонидан бошқарилмаслиги керак ва бемор фикрини эркин ифодалаши зарур. Ана шундагина онг остига қамалган истак-хоҳишлар ва онг томонидан тақиқланган зиддиятли муаммолар ўз ечимини топади ва натижада невроз чекинади.
Фрейддан кейинги психоанализ. Зигмунд Фрейд таълимоти тарафдорлари ҳам, танқидчилари ҳам кўп бўлган. Унинг энг яқин сафдошлари ва шогирдлари бўлмиш Алфред Адлер ва Карл Густав Юнг унинг таълимотини аввалига қўллаб-қувватлашди, кейинчалик ундан қисман воз кечишди. Улар ўзларининг таълимотини яратишди. А. Адлер индивидуал психология, К.Г. Юнг эса аналитик психология таълимотини. Бу олимлар З. Фрейдни танқид қилишса-да, аслида улар танлаган йўналиш психоанализнинг давоми эди.
     А. Адлер фанга «етишмовчилик ҳисси» деган тушунчани киритди. Унинг фикрича, бу туйғу табиий ва туғма бўлиб, ҳар биримиз учун хос ва шахс ривожланишида катта аҳамиятга эга. А.Адлер фикрига кўра, ҳар бир инсон умри мобайнида ўзидаги ушбу етишмовчиликдан қутулиш учун бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга, уларнинг фаоллигини бостиришга интилиб яшайди. Бунинг учун у ўзидаги барча имкониятларни ишга солади ва жамиятда ўз ўрнини топишга интилади. А. Адлер бу жараённи компенсация ёки суперкомпенсация деб атади. Суперкомпенсация – бу етишмовчилик ҳиссига бўлган туғма реакцияларнинг ижтимоий бир кўринишидир. Адлер фикрича, ана шу туғма инстинктлар одамни атрофдагиларга тажовузкор қилиб қўяди. Демак, одамда невроз ривожланишининг олдини олиш учун ундаги етишмовчилик ҳиссини бартараф этиш зарур. Ваҳоланки, А.Адлер ҳам ўз таълимотида инсон руҳияти ривожланишида инстинктив реакцияларга урғу берган.
К.Г. Юнг таълимоти бироз бошқача эди. У «жамоа онгсизлиги» деган тушунчани таклиф этди. Юнг индивидуал онгсизлик ва жамоа онгсизлиги орасида аниқ бир чегара чизиғини ўтказди. Унинг фикрича, жамоа онгсизлиги индивидуал онгсизликдан фарқли ўлароқ, авлоддан авлодга узатилади ва «Мен» жамоа онгсизлиги таъсири остида ривожланади.
Юнгнинг фикрича, индивидуал онгсизлик одамнинг шахсий тажрибасида акс этади. Бу тажрибалар, албатта, қачонлардир онгда акс этган, лекин онгдан сиқиб чиқарилиши натижасида унут бўлиб кетган. Жамоа онгсизлиги — бу умуминсоний тажрибалар бўлиб, ҳар бир миллат ва элатлар учун хос, у ўтмишимизнинг яширинган хотира изларидир. У мифологияда, халқ достонларида, диний қарашларда акс этган бўлиб, ҳозирги замон кишиларининг онгида туш кўриш орқали намоён бўлиб туради. Юнг Фрейднинг сексуал назариясини тан олмади ва невроз ривожланишининг бошқа бир қанча сабабларини кўрсатиб, уларни исбот қилиб берди. Уларнинг ичида ижтимоий келишмовчиликлар, киши ҳаётидаги фожиали даврларни ҳам асосий омил сифатида кўрсатди.
З. Фрейд назариясини талқин ва танқид қилувчилар сафи яна кенгайиб борди. ХХ асрнинг 30-йиллари охирида неофрейдизм шакллана бошлади. Бу йўналишнинг энг кўзга кўринган тарафдорлари немис олими Эрих Фромм (1900–1980) ва америкалик олима аёл Карен Хорни (1885–1952) эди. 
Улар психоанализга социологик йўналишдаги таълимотларни киритишди. Бу таълимотлар ҳам психоанализни пансексуализмдан йироқлаштирди. Э. Фромм ва К. Хорни инстинктив жараёнларни инкор қилмаган ҳолда инсоннинг яшаш фаолиятида одамлар орасидаги муносабатларни устун қўйишди. 
Неофрейдизм тарафдорлари неврознинг келиб чиқиш сабабини қуйидагича талқин қилишади: одам боласи туғилгандан хавотирда яшайди, чунки унинг қаршисида адоватли дунё пайдо бўлади ва бу хавотир эътибор ва меҳрибонликнинг йўқлигидан кучайиб боради. Кейинчалик эса индивид ижтимоий омилларнинг қақшатқич зарбасига дуч келади ва жамиятда ёлғизланиб қолади, у ўзининг жамиятга нисбатан бегоналигини англайди. Демак, неофрейдистлар фикрича, жамият шахснинг синхрон ривожланишига тўсқинлик қилади. Шунинг учун ҳам неврознинг асосий сабабчиси жамиятдир ва айнан индивидни соғломлаштириш орқали жамиятни соғломлаштириш мумкин. 
Эрих Фромм шахс ривожланишида туғма омиллар аҳамиятини, яъни боланинг сексуал ривожланиши, Эдип комплекси ва жинсий муносабатларнинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатмасликни айтади. У ҳар бир одамдаги руҳий кечинмаларни ижтимоий муҳитга шўнғиб кетганлик, деб билди. Демак, сексуал инстинктлар шахсни шакллантирмас экан, балки шахснинг ўзи уларни белгилаб беради. 
Карен Хорни таълимотида ҳам ижтимоий омиллар аҳамияти юқори эканлигини кўриш мумкин. Жамиятга нисбатан муносабатига қараб 3 тоифа одам шаклланишини кўрсатиб ўтди: 1) одамларга интилувчилар, яъни меҳрибонлик изловчилар; 2) одамлардан йироқлашувчилар, яъни ёлғизликка интилувчилар; 3) одамларга қарши турувчилар, яъни ҳукмронликка интилувчилар. Ушбу хусусиятларнинг қай бири устун келишига қараб 3 хил невротик шахс шаклланади: 1) итоаткор, қандай бўлмасин, бошқаларнинг муҳаббати ва эътиборини қозонишни истовчи; 2) жамиятни ёқтирмай ундан йироқлашишга интилувчи; 3) давлатпараст ва одамлар устидан ҳукмронликка интилувчи. 
К. Хорни фикрича, бу реакцияларнинг барчаси инсонни қониқтирмайди, хавотир ҳеч қачон йўқолмайди, аксинча, борган сари кучайиб, янги ва янги келишмовчиликларни юзага келтираверади. Бу эса барибир одамда невроз ривожланишига мезон яратади. 
Шундай қилиб, К. Хорнининг невроз ҳақидаги таълимотини қуйидагича шарҳлаш мумкин: невроз куртаклари бола туғилгандан сўнгги хавотирдан бошланади ва адоватли дунё билан курашиб ҳаёт кечиради. Бунинг натижасида юқорида қайд қилинган учта ҳимоя стратегияси ишлаб чиқилади.
Демак, хулоса шуки, невроздан қутулиш қийин. Биз ушбу бобни пессимистик руҳда тугаллаш ниятимиз йўқ. Албатта, Фрейд яратган  психоанализ назарияси ва ундан кейинги таълимотлар невроз ривожланиши сабабларини жуда яхши кўрсатиб берган ва албатта бунга қарши психодинамик терапия ҳам ишлаб чиқилган. 
Бугунги кунда психоанализ асосида яна янги йўналишлар пайдо бўлди. Биз шу ерда ўз концепсиямизни ҳам илгари сурмоқчи эдик (З. Ибодуллаев, 2009). Ўйлаймизки, бизнинг концепсия невроз профилактикаси учун ҳам, давоси учун ҳам ва оғир асоратларини тўхтатиш учун ҳам хизмат қилади. Неврозни юзага келтирувчи қандайдир воқеа рўй берса, “Шундай бўлиши керак эди”, деб хитоб қилиш ва шу ҳолатга яна тушмаслик учун “Шундай бўлмаслиги мумкин эди” деб хитоб қилиш зарур. Бу бизга нима беради? Каттами, кичикми кўнгилсиз воқеа рўй берганида “шундай бўлиши керак эди”, деб хитоб қилиниши ўша одам учун вазиятни тўғри баҳолаш ва унинг илк сабабларини англаш учун ёрдам берса, “шундай бўлмаслиги мумкин эди”, деб хитоб қилиниши, шу ва шу каби ҳолатларга яна тушмаслик учун индивидуал стратегия ишлаб чиқишга ёрдам беради. Биз илгари сураётган ушбу концепсия невротик бузилишлар ҳали авж олиб кетмасдан уни бартараф этишга жуда катта имконият яратиб беради ва бунинг учун психоаналитик шарт бўлмаслиги мумкин. Бунда беморнинг ўзи психоаналитик ролини ўтайди. Бунинг учун ушбу иккала иборани нафақат хитоб қилиш, балки унга амал қилиш ҳам керак. Бу эса осон. Бир неча йиллардан буён биз ўзимиз ишлаб чиққан ушбу концепсияни юзлаб беморларда қўллаганмиз ва деярли ҳар доим ижобий натижа олганмиз Бу концепсия ҳар қандай саволга жавоб топади ва ҳар қандай жумбоқнинг ечимини топиб бера олади. 
Биз беморлар билан психоаналитик суҳбат ўтказаётганда ушбу иккала иборага қандай амал қилишни тушунтирамиз, изоҳлаб берамиз. Ушбу услуб нафақат невроз, депрессия, хавотир ва стрессни энди куртак отган заҳоти бартараф этишда, балки ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини ҳам олдини олишда қўл келмоқда.
       Неврознинг илк сабаблари ва моҳиятини ўрганишни бошлаган невролог олим Зигмунд Фрейд, кейинчалик машҳур психоаналитик ва файласуф бўлиб етишди. Бугунги кунда унинг таълимоти тиббий ва ижтимоий фанларга чуқур кириб келган. Булар неврология, психиатрия, психология, сексология, фалсафа, бадиий санъат, этика, эстетика, адабиёт ва ҳ.к.

Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
              ©asab.cc)



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича