Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ

ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ


Онкологик касалликларда беморлар психологияси алоҳида эътиборни талаб қилади. Айниқса ўзида “рак” ташхисини эшитган заҳоти бемор руҳияти қаттиқ зарбага учрайди. Шунинг учун ҳам бу ташхис бемордан сир тутилади. Бироқ аксарият беморлар уларга қилинаётган нур терапияси, кимётерапия ёки ўрта тиббий ходимлар орқали касалликдан воқиф бўлишади. Бундай пайтларда бемордан турли хил психологик реакцияларни кутиш мумкин. Бири ўз жонига қасд қилиш хаёлига борса, бошқаси депрессияга тушади ёки бу ташхисга ишонмай қайта-қайта текширувлардан ўта бошлайди, яна бошқа бири аксинча, янада кучли ва матонатли бўлади, оила аъзолари даврасида кўпроқ вақт ўтказишга интилади. Шу ўринда ўзимиз гувоҳи бўлган бир воқеани келтириб ўтсак. Ушбу воқеада давосиз касаллик бутун бир бошли оилани нафақат ҳалокат ёқасидан сақлаб қолади, балки ундаги психологик муҳитни тубдан ўзгартириб юборади. 
Б. исмли катта амалдорнинг бир ўғли ва бир қизи бор эди. Қизи ақлли ва зукко, ўғли эса, аксинча, жуда такасалтанг бўлади. Чунки ярим тунда ишдан қайтадиган ота оила аъзолари даврасида деярли бўлмас эди. Бунинг оқибатида унинг А. исмли 14 яшар ўғли бетарбия ва ўта безори бўлиб улғаяди, онасига қулоқ солмайди, синглисига тинмай азоб бериб яшайди. Ҳатто акасининг зуғумига чидай олмай синглиси ўз жонига қасд қилади, бироқ ҳаёти сақлаб қолинади. Шундан сўнг она депрессия касалига дучор бўлади.  Ўғил ҳатто кўча безорилиги учун қисқа муддатга қамалиб ҳам чиқади. 
Шундай нотинч кунларнинг бирида отасида рак касаллигининг оғир тури аниқланади ва у ишдан кетади. Ҳаёт зарбаларига кўп учраган амалдор тушкунликка тушмайди, аксинча ўзида куч топиб, матонатли инсонга айланади. У энди бутун эътиборини оиласига қаратади: бор илм ва тажрибасини фарзандларига  бағишлайди, хотинини депрессиядан чиқариб олади, апато-абулик синдром даражасига тушиб қолган қизини ҳаётга қайтаради, ўғлининг қизиқишлари ва дунёқарашини зимдан ўрганиб (чунки ўз ўғлининг ички дунёсини билмасди), у билан дўст бўлиб олади. Авваллари отадан доимо қочадиган фарзанд энди отасини суҳбатига тўймайдиган, сирдош бўлиб қолади. Оиладаги психологик муҳит бир йил ичида ҳар ким ҳавас қилгудек даражада тикланади.
 Саратон ўпкага метастаз бериб, отанинг аҳволи оғирлашади. Ўтказилаётган нур терапияси ва кимётерапия туфайли унда мадор қолмайди. Оила иқтисодий қийинчиликда қолади, чунки бу оилада фақат ота ишларди. Улар ҳовлини сотиб, уч хонали уйга кўчиб ўтишади. Отанинг аҳволи оғирлашиб бораверади. Ўғил отага шу қадар боғланиб қоладики, хатто шифохонада ҳам унинг ёнидан жилмайди. Кундан кун озиб-тўзиб бораётган отани ўғли чўмилтирар, овқатига қарар, ёнида ўтириб, турли хил китоблар ўқиб берар эди. Она ва қиз ҳам меҳр билан касал отани парвариш қилишади. Ота оламдан кўз юмади. Бироқ  ўзидан  бахтли оила қолдириб кетди. У фарзандлари қалбининг тўридан жой олди. Бу воқеани менга сўзлаб берган А. исмли ушбу ўғил ҳозирда 2 фарзанднинг отаси ва яқинда катта  лавозимлардан бирида иш бошлади. Бироқ у ҳар бир сўзида мен учун энг асосийси – бу оилам, онам ва фарзандларим тарбияси, дер эди. 
Оила бошига тушган мусибат уларни бирлаштирди ва унда оғир дардга дучор бўлган отанинг роли жуда катта бўлди. Бу ерда биз оғир касалликка бўлган психологик реакция мутлақо ижобий кўринишда намоён бўлганининг гувоҳи бўлдик.  
Мабодо беморда хавфли ўсма аниқланса, бемор иложи борича унда бу касаллик борлигидан бехабар бўлиши керак. Бундай вазиятларда врач қандай йўл тутади? Одатда, «Сизда ҳақиқатан ҳам ўсма аниқланди, бироқ у хавфсиз, яъни ҳаётингизга хавф солмайди, уни даволаш мумкин», дейилади. Лекин  беморда ўсманинг хавфли тури борлигини врач унинг қариндошларига айтиши лозим. Гап шундаки, бемор эртами-кечми ўз касали ҳақида қариндошларидан билиб олади ёки бўлмаса шифокорларнинг хатти-ҳаракатидан, ўзаро мулоқотларидан сезиб қолади. Бу ерда, айниқса, ҳамширалар жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Чунки бемор баъзан алдов йўллари билан ҳамширалардан ҳақиқатни билиб олишга интилади ва бунинг уддасидан чиқади ҳам. Бунинг юридик жавобгарлиги борлигини ҳар бир тиббиёт ходими унутмаслиги керак. Юридик жавобгарлик турли кўринишда бўлиши мумкин: ишдан ҳайдалишдан тортиб, озодликдан маҳрум бўлишгача. Чунки ўзида хавфли касаллик борлигини билган бемор ўз жонига қасд қилиши мумкин. Баъзан бемор яқинларига хат ёзиб қолдиради ва ундан сирни кимдан билиб олганлигини кўрсатади. Баъзи ҳолларда бемор  ўз касали ҳақида беморлардан билиб олади. Шунинг учун ҳам шифокорлар бир беморнинг ташхисини бошқа беморга айтмаслиги керак. Сирни билган бемор даволаш ишларида катта қийинчиликлар туғдириши ёки шифохонани тарк этиши мумкин.
Одатда, сирдан воқиф бўлган беморда дастлаб руҳий карахтлик рўй беради, бу хабарни у ўлим ҳақида чиқарилган ҳукмдек қабул қилади. Нима қилишини билмай қолади, хаёлан ҳар хил режалар тузади, аниқ бир қарорга кела олмайди, докторлар хато қилмадимикан деб ўйлайди, қайта текширувлар ўтказилишини илтимос қилади. Бошқа мутахассислар ёки бошқа тиббий марказлар билан маслаҳатлашиб кўришни яқинларидан талаб қилади.
Биз тез суръатда ривожланаётган ахборот технологиялари асрида яшамоқдамиз, деярли ҳар бир инсонда интернетдан шу захоти фойдаланиш имконияти бор ва ҳар қандай маълумотга дарров эга бўлиш мумкин. Беморлар ҳам тиббий сайтларга кўп кирадиган бўлишган. Демак, тиббиёт ходимлари бу ерда сирни сақлашда ожизлик қилади. Иложи борича беморларга тиббиёт ходимлари учун мўлжалланган сайтларга кириш ўз касаллиги ҳақида нотўғри хулоса чиқаришга сабабчи бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилиши керак. Бу ерда талабалар ҳам эҳтиёт бўлишлари лозим, бемор улардан ҳам ўзига керакли маълумотларни билиб олиши қийин эмас. Талабалар беморларни кўргани кирганда, палатада дарслик ва ўқув қўлланмаларини қолдирмасликлари, уларни беморга бермасликлари керак. 
Қўлланилаётган диагностика ва даволаш усулларидан ҳам бемор ўз касалининг оғир-енгил даражасини билиб олиши мумкин. Масалан, кўпчилик нур билан даволаш усули асосан хавфли ўсмаларда кўп қўлланилиши ёки оғриқларни қолдириш учун наркотик аналгетиклар буюрилиши, озиб кетиш рак касаллиги учун хос эканлигини билади.  
Демак, онкологияда сир сақлаш ўта мураккаб масала. Бироқ бунинг уддасидан чиқишга интилиш ва бемор сирни билиб қолгандан сўнг врач қандай йўл тутишни ҳам  ўйлаб қўйиши керак. Одатда, сирдан воқиф бўлган беморларда реактив невроз ёки реактив психоз ривожланади. Бу ҳолатда, албатта, тиббий психолог ёрдамидан унумли фойдаланиш керак. 

Онкологик беморларда психоэмоционал бузилишлар 

Онкологик касалликларда реактив ҳолатлар, биринчи навбатда, хавотирли-депрессив синдром ривожланиши билан намоён бўлади. Шунингдек, ипохондрия, истерия, инсомния ва агрессив ҳолатлар юзага келиши ёки аксинча, беморда ўз касалига нисбатан бутунлай бефарқлик пайдо бўлиб, уларда апато-абулик синдром ривожланиши мумкин. Агар операция ёки бошқа даволаш муолажалари муваффақиятли ўтса, реактив невроз ва психоз белгилари ўз-ўзидан камая бошлайди.
Касаллик авж олиб, беморнинг аҳволи оғирлашаверса, руҳий бузилишлар кучайиб, турли хил галлютсинация, конфабуляция, псевдореминисценция, дереализация, деперсонализация ва делирийлар ривожланиши мумкин. Бу синдромлар ҳақида аввалги бобларда маълумотлар берганмиз. Улар кахексия ривожланган беморларда кўп кузатилади ва гоҳида ўткир кўринишда намоён бўлади. Касаллик кучайган пайтларда ступор ҳолатлари кузатилади.
Дейлик, бемор ўзида рак касали борлигини билиб қолди ва уни врачга айтди. Врач ушбу вазиятда қандай йўл тутиши керак? Таъкидлаш лозимки, кўпчилик давлатларда рак ташхиси қўйилгандан сўнг бемордан касаллик яширилмайди, унга даволаниш ва натижаларига оид барча маълумотлар берилади. Чунки бу касаллик сабабли юзага келадиган нафақат тиббий муаммолар, балки оила аъзолари ва иш жойи билан боғлиқ бир қатор юридик муаммоларни (масалан, ворислик масаласи) ҳам ҳал қилишга тўғри келади. Шу боис рак аниқланган беморга касаллик ҳақида маълумот беришни индивидуал тарзда ҳал қилиш лозим. Бунда беморнинг ёши, дунёқараши, оила ва жамиятда тутган ўрни ҳисобга олинади. Албатта, беморга ундаги касаллик тури ҳақидаги маълумот берилишидан олдин, унинг яқин оила аъзолари билан маслаҳатлашиб олинади. Агар оила аъзолари бунга қарши турса, сирни очмаган маъқул. 
Мабодо, хабарни эшитган бемор «Менда бундай касаллик йўқ, мен ишонмайман» деб, маълумотни инкор қилса, врач унинг фикрини маъқуллаши керак. Фақат хавфли ўсма барча текширувлар натижасида аниқланган тақдирдагина, уни беморнинг яқинларига айтиш мумкин. Чунки онкологик касалликлар диагностикасида йўл қўйилган хатолик оғир асоратлар ва жанжалларга сабаб бўлади. «Хавфли ўсма» ташхисининг сўнгги текширувларда хавфсиз бўлиб чиққани тиббий амалиётда учраб туради. Баъзан гистологик текширишларда ҳам хатога йўл қўйилади. Демак, текширувлар ўта аниқлик билан ўтказилиши зарур. 
Беморга касаллик ҳақида маълумот бермасликнинг салбий томонлари ҳам бор. Масалан, яқин орада тўйи режалаштирилган йигит ёки қизнинг ота-онасига фарзандининг касаллиги ҳақида деонтология ва этиканинг барча  қонун-қоидаларига  амал қилган ҳолда маълум қилиш зарур.  Касаллиги жиддий эканлигидан бехабар бемор белгиланган муддатда муолажаларга келмаслиги ва зарур дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилмаслиги ёки узоқ сафарга кетиши, зарарли физиотерапевтик муолажалар олиши мумкин. Шунингдек, ушбу касаллик билан ишлашга монелик қилувчи касб эгалари учувчи, поезд машинисти, ҳайдовчи ва шу кабилар ўзи ва бошқалар ҳаёти учун хавфли вазиятлар юзага келишига сабабчи бўлиб қолишини ҳам унутмаслик керак. Бундай вазиятлар жуда кўп ва улар врач томонидан эътиборга олиниши зарур. Беморга касаллик ҳақида хабар берилгандан сўнг унга даволашнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилади. Врач жуда устомонлик билан ҳар бир жумлани тўғри танлаган ҳолда бемор билан суҳбат ўтказиши зарур. Ушбу касаллик билан даволанган ва яхши натижалар кузатилган беморларни мисол келтириши ҳам фойдадан ҳоли эмас.
Обрў-эътиборга эга врач ишончли психологик усуллардан фойдаланган ҳолда ўта оғир онкологик  беморлар билан ҳам тил топиша олади ва уларга ўз фикрини бемалол сингдиради. Беморнинг фикри-зикри эса врач тавсияларини бажаришга қаратилган бўлади, ҳатто умрининг сўнгги кунларигача, аҳволи оғирлашган пайтда ҳам врач тавсияларидан воз кечмайдиган ва ҳаётга умид билан яшовчи беморлар кўп. Бемор билан бундай ҳамнафас бўлишга эришиш учун онколог ўта маҳоратли психолог бўлиши керак. 
Онкологик шифохоналарда психологик ёрдам фақат суҳбатдан иборат бўлибгина қолмасдан, бемор фикрини чалғитувчи барча имкониятлардан фойдаланиш зарур. Турли хил тадбирлар ўтказиб туриш ҳам психологик тарангликни камайтиради. Бир қанча беморларни йиққан ҳолда психологик суҳбатлар ўтказиш, машҳур врачлар ва тиббий психологлар билан учрашувлар ташкил қилиш ҳам фойдали. Юқорида айтиб ўтилганидек, нафақат беморнинг ўзига, балки унинг оила аъзоларига ҳам психологик ёрдам беришга тўғри келади. Агар улар билан психолог ва онкологлар шуғулланмаса, бемор ва уларнинг яқинлари «ракдан бутунлай халос қилишни» ваъда қилаётган табибларга ва псевдоврачларга мурожаат қилиб, тўғри даволаниш учун ўта зарур бўлган қимматли вақтни йўқотишади.   
Қуйидаги воқеа бунга яққол мисол бўлади.
Тиббиёт институтини тугатган ва ўсма касаллигининг дастлабки босқичларидаёқ махсус тиббий ёрдамдан воз кечиб, табибнинг тавсияси билан «рак касаллигини куйдириб йўқотиш учун» керосинни бурнига томизиб, шунингдек, оз-оздан ичиб юрган ва кейинчалик токсик энцефалопатия, кучли даражада ифодаланган галлюцинатор-иллюзор бузилишлар, делириялар ривожланган беморнинг уйига кўргани борганимда, унинг аҳволи ўта оғир эди. У ётган жойида алаҳсирар, рўпарасида турган осма укол осиб қўйилган кийим осгичга қараб, «Йўқотинглар уни, йўқотинглар уни», деб қўл силтарди. Мен «Ким у?» деб сўраганимда, «У табиб, табиб, у мени заҳарлади, йўқотинглар уни, йўқотинглар», деб бақирарди. Рафиқаси «Адаси, ҳозир сизга осма укол қўйишади, у табиб эмас, кийим осадиган нарса», деса ҳам, ҳадеб ҳозир айтган гапларини такрорлайверди. Рафиқасини гоҳ танир, гоҳ унинг ёнида йиғлаб ўтирган синглиси билан адаштирарди. «Хотинимни чақириб кел», деб унинг ўзига бақирарди. Рафиқаси йиғлаб: «Адаси, бу менман» деса, унга тикилиб қараб, маъносиз узуқ-юлуқ гапларни такрорлайверарди. У ёнидаги овқатга тикилиб қараб турди-да, уни итариб тўкиб юборди ва унга заҳар қўшилган деди. Томирдан қилинадиган дориларни аввал беморни ухлатиб қўйиб кейин юборишга тўғри келди ва даволанишни шу тарзда давом эттириш тавсия этилди. Энг ачинарлиси, энди 28 ёшга кирган бу йигитда ошқозон раки аниқланган эди, уни операция қилиб даволаса бўларди, у бошқа аъзоларга метастаз бермаган эди. Бир ўғил ва қизи бор бу беморнинг ўзи ҳам, рафиқаси ҳам шифокор эди (улар бирга ўқишган). Мени консултацияга олиб келган акаси ҳам врач. Айнан акаси табибда эмас, онкологларда даволанишни, операция қилдиришни қайта-қайта укасига уқтирган. Бироқ у врачларга ва акасининг сўзларига қулоқ солмай, табибда даволана бошлаган ва 6 ой ичида шу аҳволга тушган. Уни текширган бошқа врачлар ҳам заҳарланиш сабабли гепатит, нефрит, жигар ва буйрак етишмовчилиги, ретинопатия, артериал гипертония касалликларини аниқлашди. 6 ой ичида бир қанча касаллик пайдо бўлган. Яна бир ойдан сўнг бемор вафот этди. Фақат ракдан эмас, заҳарланиш асоратларидан! У яна неча йил яшаши мумкин эди.
Шуни унутмаслик керакки, ҳанузгача ракдан бутунлай халос қилувчи гиёҳ ёки дори ишлаб чиқилмаган. Бироқ замонавий даволаш усулларини қўллаб, беморни хавфли ўсманинг дастлабки босқичидаёқ, ушбу касалликдан бутунлай халос этиш мумкин. Бу ҳақда бемор ва унинг яқинларига тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Шифохоналарда бу ҳақда илмий-оммабоп деворий газеталар осиб қўйиш, кичик-кичик брошюралар тайёрлаш ҳам ўта муҳимдир.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
              © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича