МУЛОЙИМ ОЛИМ
У мактабда ўртамиёна ўқувчи эди. Бахтли тасодиф ила ўқишга кириб талаба бўлди. Ўта мулойим йигит бўлган, юзидан нур ёғилиб турган ва у ҳеч қачон “Йўқ” сўзини ишлатмаган. Институтда ўқиб юрган кезлари ҳар доим бир қўли кўксида бўлган. Шу боис бу талабани барча кафедра мудирлари яхши кўрар ва ўзига шогирд қилиб олишга интиларди. У нафақат кафедрада, ҳатто илмий лабораторияларда ҳам кексайиб қолган устозлари ўгитига амал қилиб “Хўп бўлади, Устоз! Сиз ҳар нарсани билгувчисиз” дейишни хуш кўрарди. Битта кафедра мудири бахтли экан, ушбу мулойим йигит унга насиб этди. Бир қўлида институт дипломи, иккинчи қўли кўксида бўлган ва юзидан нур ёғилиб турган янги шогирдига қараб устози: “Энди Сен олим бўлишинг керак, буни албатта амаллашинг лозим”. Мулойим йигит “Хўп бўлади, Устоз! Сиз ҳамма нарсани билгувчисиз” деди қўлини кўксига қўйиб.
Орадан 3-4 йил ўтиб мулойим шогирд номзодлик диссертасиясини ёқлаб, олим бўлди. Диссертацияни ҳимоя қилаётган пайтида ҳеч бир профессор уни кўнглини оғритгиси келмади. У ҳатто Илмий кенгаш аъзолари томонидан берилаётган саволларга ҳам “Хўп бўлади, Устозлар! Сизлар ҳар нарсани билгувчисизлар” деб жавоб берар ва қўли кўксидан тушмасди. Бир овоздан ҳимоядан ҳам ўтиб олди. Мулойим шогирд ҳимоядан сўнг декан муовини ҳамда кафедра мудири ёрдамчиси бўлди.
Бир куни Устоз уни ёнига чақириб: “Энди докторлик ишини бошлайсан” деди. “Хўп бўлади, Устоз! Сиз ҳар нарсани билгувчисиз” деди у, қўлини кўксига қўйиб. Орадан 10 йил ўтиб у фан доктори бўлди. Бу мулойим йигитни бир овоздан факултет декани лавозимига кўтаришди ва кафедрага мудир ҳам қилишди. Ўтган асрнинг сўнггида устози уни ёнига чақириб “Мана, ҳукуматимиз янги қарор қабул қилди. Энди лотин имлосида ёзамиз, биз ҳам ўз фикримизни билдиришимиз керак. Ўзбек имлоси худди инглиз имлоси каби бўлади. Зўр-а!” деди. “Албатта, Устоз! Сиз ҳар нарсани билгувчисиз” деди у мулойимгина кулиб ва дарров лотин алифбосини ёқлаб катта мақола ёзди.
Орадан йиллар ўтди. Мулойим олим Ректор бўлди ва ҳанузгача унинг юзидан ёғилиб турган нур сўнмаганди. Энди унинг битта эмас, иккита қўли кўксида эди. Кексайиб қолган Устози ўлими олдидан: “Мана, орадан 30 йил ҳам ўтибдики, бизнинг ёшлар на лотин алифбосида тўғри ёзади, на кириллда. Сиз ҳам ўз фикрингизни берсангиз?”. Мулойим олим ўйлаб ҳам ўтирмай: “Хўп бўлади, Устоз! Сиз ҳамма нарсани билгувчисиз” деди. У нима деб фикр беришни билмай кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. Устози ўша куни бу фоний дунёни тарк этди ва кирилл алифбосида унга васиятнома қолдириб кетибди. Унда шогирди бундан кейин қандай яшаши кераклиги ҳам ёзилган эди. Устозини тўғри англаган мулойим олим энди кирилл алифбосини ёқлаб катта мақола ёзди.
Кўп ўтмай мулойим олим бошқараётган илм даргоҳига катта делегасия ташриф буюрди. У иккала қўлини кўксига қўйиб делегасия аъзоларини тингларди. Ҳукумат аъзолари унга илм-фан соҳасида кўпдан-кўп маслаҳатлар беришди. Унинг юзларидан нур ёғилиб, мулойимлиги янада жўш уриб кетди ва “Ахборот”га интервю берди: “Биз қанчадан-қанча ишларни билмай юрган эканмиз, бизга ҳукуматимиз йўл харитасини чиройли қилиб чизиб-ясаб берди. Илм соҳасида ҳамма нарсани билгувчи даргоҳ – бу бизнинг Ҳукуматимиз! Биз энди нима қилишимизни англаб етдик...”.
Ахборотни тинглаб туриб ўтган асрнинг ўжар олимлари эсимга тушиб кетди ва уларга раҳмим келди. Нилс Бор, Резерфорд, Эйнтштейн, Петр Капица... Ахир улар ҳам бизнинг олимларга ўхшаб мулойим бўлишса бўларди-ку?! Барчаси ўжар ва гапга кирмас бўлишган. Охир-оқибат қувғинга учрашган. Нилс Бор қайси кимёвий элементни қайси пробиркага солишни ҳукумат аъзоларидан сўраса бўларди-ку? Шу ишни қилмагани учун немислар унинг гарданига автомат тирашган. Яхшиям отишмаган. Отишса нима бўларди? Нима ҳам бўларди? Менделев жадвалида битта кимёвий унсур кам бўларди. Бу билан осмон узилиб ерга тушармиди?! Резерфордчи? Ҳукумат билан маслаҳатлашганида атомни аллақачон парчалаган бўларди? Эйнштейн нисбийлик назариясини ҳукуматга нисбатан қўллагани учун қувғинда юрди. Петр Каписа шогирди Ландауни ҳимоя қиламан деб боши балога қолган... Фрейднинг психоанализи ўзининг бошига етиб, китоблари гулханда ёнди. Ахир ўша китобларни ҳукумат билан маслаҳатлашиб ёзса бўларди-ку?! Олим мулойим бўлиши керак! Фрейдни эса портретига қарашга одам қўрқади. Нур ёғилиш у ёқда турсин, юзидан заҳар томиб туради. Ким айтади уни психоанализ асосчиси деб. Эйнштейнга қанчадан-қанча давлатлар маслаҳат беришга ошиқди. У эса ўз билганидан қолмади. Охир-оқибат юртма-юрт сарсон-саргардон бўлиб юраверди. Ерда жой топа олмаганидан, бошқа галактикаларга интилди. Сахаровчи? Ўша пайтлари «Кремл сЪездлар» саройида инсон ҳуқуқлари ҳақида куйиниб сўзлаган бу ўжар олимни ҳимоя қилиш ўрнига мулойим олимлар мум тишлаб ўтиришган. Бечора исёнкор академикни трибунадан итариб тушириб баттар уй қамоғига тиқишган. Тўғри-да! Нима қиласан ўзгалар ҳимоясига отланиб? Ҳаммага ўхшаб мулойим олим бўлиб юрсангиз бўлмайдими? Барча ўжар олимлар ўжарлиги ўзларининг бошига етди. Агар улар ҳам мулойим олим бўлишганида, давлат билан маслаҳатлашиб илм қилишганида янада кўпроқ ютуқларга эришган бўлишармиди?! Эсиз Нобел мукофоти соҳиблари...
Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi
© asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича