Мияча
Мияча орқа краниал чуқурчада ётади. Миячадан тепада бош миянинг энса бўлаги, олд қисмида эса кўприк ва узунчоқ мия жойлашган. Миячани энса бўлагидан мияча чодири (tentorium cerebelli) ажратиб туради. Мияча икки яримшар (hemispherium cerebelli) ва уларни бирлаштириб турувчи чувалчангдан (vermis) иборат.
Миячанинг кулранг ва оқ моддаси фарқланади. Мияча яримшарлари ва чувалчангни юқоридан кулранг тусга эга мияча пўстлоғи (cortex cerebelli) қоплаб туради. Мияча пўстлоғи нейрон таналаридан, оқ моддаси эса нерв толаларидан иборат. Миячанинг оқ моддасида кулранг тусга эга чуқур жойлашган мияча ядролари (nuclei cerebelli) бор.
Мияча пўстлоғи 3 қаватдан иборат: 1-қават – молекуляр қават (юза қисми); 2-қават – ганглиоз қават (Пуркинье хужайралари); 3-қават – грануляр қават (7.1-расм).
Мияча ядролари. Миячанинг ички қисмида 4 жуфт ядро бор (7.2-расм).
Булар – ёпилғич ядро (nucl. fastigii), шарсимон ядро (nucl. globosus), пробкасимон ядро (nucl. emboliformis), тишсимон ядро (nucl. dentatus). Ёпилғич ядро vermis ёнида, қолган ядролар эса ундан чеккароқда жойлашган. Тана мувозанати ва координацияси учун vermis ва nucl. fastigii масъул бўлса, оёқ-қўллар мувозанати ва координацияси учун nucl. dentatus ва мияча яримшарлари масъул.
Мияча оёқчалари. Миячанинг қуйидаги 3 жуфт оёқчаси бор:
- Юқори оёқчалар (pedunculi cerebellares superiores) – ўрта мия томининг пластинкаси, яъни тўрттепалик билан боғлайди.
- Ўрта оёқчалар (pedunculi cerebellares medii) – кўприк билан боғлайди.
- Пастки оёқчалар (pedunculi cerebellares inferiores) – узунчоқ мия билан боғлайди.
- Флексиг тутами – орқа спиноцеребелляр йўл (tr.spinocerebellaris posterior).
- Говерс тутами – олдинги спиноцеребелляр йўл (tr.spinocerebellaris anterior).
- Вестибуло-церебeлляр йўл (tr. vestibulo-cerebellaris).
- Голл ва Бурдах ядроларидан миячага борувчи йўллар.
- Оливо-церебелляр йўл (tr. olivo-cerebellaris).
- Пешона-кўприк-мияча йўли (tr. fronto-ponto-cerebellaris).
- Энса-чакка-кўприк йўли (tr. occipito-temporo-pontinus).
Мияча ҳаракатлар координацияси ва мувозанати учун аҳамиятли бўлган барча турдаги сенсор системалардан афферент сигналлар олиб туради. Бундай специфик сигналлар кўрув, эшитув, вестибуляр аппарат ва проприорецепцияни таъминловчи тузилмалардан мияча ядроларига тушиб туради.
Афферент ва эфферент йўлларнинг коллектор боғланишлари туфайли барча турдаги ҳаракатлар координацияси ва синергияси бошқарилади, тана мувозанати ва мускуллар тонуси таъминланади. Ушбу функциялар онгсиз равишда рефлектор тарзда амалга оширилади. Юқори даражадаги аниқликда бажариладиган бундай синергик ҳаракатлар кўз олмалари мускулларидан тортиб, танадаги йирик мускулларгача тааллуқли. Бу жараёнда, албатта, вестибуляр аппарат бевосита иштирок этади. Чунки мияча ядролари вестибуляр ядролар билан мустаҳкам алоқаларга эга ва аксарият функцияларни биргаликда бажаришади.
Топик диагностикаси ва текшириш усуллари
Мияча зарарланганда ҳаракатлар координацияси ва мувозанати бузилади, мускуллар гипотонияси ривожланади, синергик ҳаракатларни амалга ошириш мумкин бўлмай қолади. Ушбу бузилишларни беморда кузатаётган ҳар бир талаба мияча патологияси ҳақида ўйлаб қолади. Чунки бундай симптомлар мияча зарарланиши учун жуда хос.
- Мияча чувалчанги зарарланса, статик атаксия ривожланади. Буни тана атаксияси деб ҳам аташади. Чунки чувалчанг тана мувозанати учун масъул. Статик атаксия беморни тик турғизиб текширилади. Бунга Ромберг синамаси дейилади. Ушбу синамани текшираётганда оёқ панжалари бир-бирига тегиб туриши, иккала қўл олдинга узатилиши ва бош тик ушлаб турилиши керак (7.3 (а)-расм).
Бу пайтда чайқалиб кетиш кузатилса, Ромберг синамаси мусбат, чайқалмай тўғри турса – манбий деб ёзилади. Бу синама дастлаб кўзлар очиқ ҳолатда, сўнгра юмуқ ҳолатда текширилади. Сенситив атаксиядан фарқли ўлароқ, мияча атаксиясида кўзларни юмуш атаксияни кучайтирмайди, яъни кўз очиқ ҳолатда бўлса ҳам, юмуқ ҳолатда бўлса ҳам бемор чайқалаверади. Сенситив атаксияда бемор орқага йиқилади (7.3 (б)-расм)
- Мияча яримшари зарарланса, бемор зарарланган томонга оғиб йиқилади. Чунки миячанинг ҳар бир яримшари ўзи томони учун жавоб беради. Бундай бемор қадам ташлаб юрганда зарарланган томонга оғиб кетаверади. Бунга динамик атаксия дейилади. Демак, тик турганда чайқалиб кетишга статик, юрганда чайқалиб кетишга динамик атаксия деб айтилади. Бемор йиқилиб кетмаслик учун қадамларни катта ташлаб, қўлларини ён томонларга ёйиб, деворни ушлаб олишга ҳаракат қилади. У гоҳ ўнг, гоҳ чап томонга чайқалиб кетади. Бу ҳолат худди маст одам юришини эслатади. Бармоқ-бурун синамаси, диодохокинез, товон-тизза синамаларини бажариш имконсиз бўлиб қолади.
Бу синама чап ва ўнг қўллар ёрдамида кетма-кет бажарилади. Сўнгра ундан кўзлари юмуқ ҳолатда шу синамани қайта бажариш сўралади. Мияча зарарланишида ушбу синама интенция билан бажарилади, яъни бурун учига яқинлашаётган бармоқ титрай бошлайди. Бу ҳолатга интенцион тремор дейилади. Миячанинг қайси яримшари зарарланса, интенцион тремор ўша томонда кузатилади.
- Диадохокинез синамаси. Бемордан иккала қўлни олдинга чўзиб кўзларни юмиш сўралади. Сўнгра иккала қўл панжасини бир пайтнинг ўзида ичкарига (супинация) ва ташқарига (пронация) кетма-кет буриш сўралади (7.5-расм).
Бу топшириқ тез-тез бажарилиши керак. Нормада бу ҳаракатлар симметрик тарзда бажарилади. Мияча зарарланган томонда пронация ва супинация ҳаракатлари секинлашади. Бунинг натижасида ушбу синама асимметрик тарзда намоён бўлади. Бу ҳолатга адиадохокинез деб айтилади.
- Дисметрия синамаси. Синалувчи болғачани бир қўли билан ушлаб туради. Иккинчи қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари билан эса ушбу болғачанинг кенг ва тор қисмларини галма-гал ушлаши лозим (7.6-расм).
Бу синама иккала қўлда ҳам кетма-кет текширилади. Соғлом одам бу синамани бемалол бажаради. Мияча касалликларида ушбу синамани бемор қўлларида титроқлар билан бажаради, қўлида болғача ўйнаб кетаверади, унинг кенг ва тор жойларини тўғри ушлай олмайди.
- Товон-тизза синамаси. Бемор горизонтал ҳолатда тепага қараб ётади. Ундан тепага кўтарилган бир оёғининг товони билан иккинчи оёғининг тиззасига тушиш сўралади. Сўнгра товонни болдирнинг устки юзаси бўйлаб пастга равон юргизиш талаб қилинади (7.7-расм).
Бу синама иккинчи оёқда ҳам шу тартибда текширилади. Соғлом одам бу синамани атаксиясиз бемалол бажаради. Мияча яримшари зарарланганда тиззага яқинлашаётган оёқ панжаси титраб кетади, товонни тизза устига тўғри тушира олмайди, болдир устида равон юргиза олмайди, яъни оёқ панжаси ён томонларга тушиб кетаверади. Агар шу ҳолат кузатилса, “товон-тизза синамаси атаксия билан бажарилди” деб хулоса ёзилади.
7. Нистагм. Мияча кўз олмалари ҳаракатларини ҳам координация қилади. Шу боис мияча зарарланишида нистагм кўп кузатилади. Кўз олмасининг ритмик тебранишларига нистагм деб айтилади. Нистагмни текшириш учун синалувчининг кўзларидан бироз узоқликда неврологик болғача ушлаб турилади. Ундан ушбу болғача учига қараб туриш сўралади. Сўнгра болғача чап ва ўнг томонга, тепага ва пастга юргизилади (7.8-расм).
Синалувчи болғачани кўзлари билан кузатади. Бу пайтда соғлом одамда кўз олмалари ҳеч қандай тебранишларсиз ҳаракатланади. Кўз олмаларини ён томонларга ҳаракатлантирганда кузатиладиган нистагмга горизонтал, тепага ва пастга ҳаракатлантирганда кузатиладиган нистагмга, вертикал нистагм деб айтилади. Кўз олмаларининг айланасимон ҳаракатлари билан намоён бўладиган ҳолатга ротатор нистагм дейилади. Нистагм туғма бўлиши мумкинлигини ҳам эсда тутинг.
- Скандирлашган нутқ. Мияча нутқ функциясини таъминлаб берувчи мускуллар координацияси учун жавоб беради. Шу боис ҳам биз унли ва ундош товушларни жой-жойига қўйиб равон сўзлаймиз. Мияча зарарланганда нутқ равонлиги ва силлиқлиги йўқолиб талаффуз бузилади. Бу ҳолат скандирлашган нутқ деб айтилади. Скандирлашган нутқни тасаввур қилиш учун маст одам нутқини кўз олдингизга келтиринг ёки оғзингизга ёнғоқ солиб сўзлашга ҳаракат қилинг.
- Хуснихат ўзгариши. Бармоқлар ҳаракати координацияси издан чиққанлиги боис, беморнинг ҳуснихат бузилади ва шакли ўзгарган катта-катта ҳарфлар билан ёзади. Бу ҳолатга мегалография дейилади (7.9-расм).
- Стюарт-Холмс симптоми. Бемор мушт қилинган бир қўлини кўкси ёнида букиб ушлаб туради ва бошини қарама-қарши томонга буради (7.10-расм).
- Спонтан пронация. Бемордан иккала қўлини олдинга чўзиб кафтларни юқорига қаратиб ушлаб туриш сўралади. Мияча яримшари зарарланган томонда қўл панжаси ичкарига ва бироз пастга буралади, яъни спонтан пронация рўй беради.
- Мускуллар гипотонияси. Чувалчанг зарарланса тананинг иккала томонида ҳам мускуллар гипотонияси кузатилади, мияча яримшари зарарланса, бу белги зарарланган томонда намоён бўлади.
- Интенцион тремор. Қўл ёки оёқларда мақсадга йўналтирган ҳаракатларни бажараётганда кузатиладиган треморга интенцион тремор дейилади. Бу симптом мияча патологияси учун жуда хос. Бармоқ-бурун ва товон-тизза синамаси ҳамда дисметрияни текшираётганда кузатиладиган треморни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Тинч ҳолатдаги треморга интенцион тремор деб бўлмайди. Масалан, паркинсонизм учун тинч ҳолатдаги тремор хос.
- Асинергия. Ҳаракатланиш мобайнида оёқ-қўллар ва гавдада синергик ҳаракатлар бўлмаслигига асинергия дейилади. Бабинский асинергиясини текшириш усулини келтириб ўтамиз. Бемордан қаттиқ жойда тепага қараб ёстиқсиз ётиш сўралади. Оёқлар ораси елка кенглигида очилган, қўллар кўкрак соҳасида бир-бирига Х-симон қилиб ўтказилган бўлади. Беморга оёқларни тиззада букмасдан гавдани олдинга букиш, яъни ўтиришга ҳаракат қилиш сўралади. Бу пайтда беморнинг иккала оёғи кўтарилиб кетади, яъни гавдани кўтаришдан олдин оёқлар кўтарилиб кетади (7.11-расм).
- Юришни бузилиши. Мияча зарарланишида бемор катта-катта қадам ташлаб гоҳ ўнг, гоҳо чап томонга чайқалиб юради, гоҳида орқага йиқилиб кетади. Шу боис “юриш синамаси” текширилаётганда беморни ёнида турган врач унинг йиқилиб кетишдан асраши керак (7.12-расм).
Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
© Ибодуллаев энциклопeдияси © asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича