Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси МЕНИНГ ҚАҲРАМОНИМ КИМ БЎЛГАН?

МЕНИНГ ҚАҲРАМОНИМ КИМ БЎЛГАН?


(“Ёш куч” журналига берилган интервю. 2016 йил, феврал)

       Савол. Зарифбой Ражабович! Мактабда ўқиб юрган даврингизда ким бўлишни хоҳлагансиз, қандай орзу-умидлар қилгансиз?
       Жавоб. Мен 10-12 ёшимда қурувчилик касбига жуда қизиқардим. Чиройли иморатлар қургим келарди. Чунки бизнинг бир қариндошимиз уйимизга ташриф буюрганида тўрт қаватли янги иморатлар тиклаётгани ҳақида тўлқинланиб гапирган. У қурувчилик ҳақида сўзлаганида ҳар биримизни ўзига ром қилиб қўярди. Ўша пайтлари намойиш этилаётган “Маҳаллада дув-дув гап” филмидаги янги қурилаётган иморатларни томоша қилиб, қурувчилик касбини орзу қилганман. Бир оз улғайгач, физика фани мени ўзига ром қилиб қўйди ва физик олим бўламан, деганман. Физика устозимиз жуда билимли инсон эдилар. Улар бутун олам тортишиш қонуни, атомларнинг парчаланиши, магнит майдонлари ҳақида жуда қизиқарли қилиб бизга дарс ўтардилар. Устоз, айниқса, Резерфорд ва Эйнштейн тажрибалари ҳақида кўп гапирардилар.
      Савол. Уйингизда қандай китоблар бўлган?
       Жавоб. Менинг отам тил ва адабиёт ўқитувчиси эди. Отам жуда чиройли мисраларни бир зумда тўқиб ташлардилар, бизларга эсдан чиқмайдиган ҳикоялар сўзлаб берардилар. Уйимизда жуда катта кутубхона бўлган. Уйимизга тўпланган журналларнинг ўзи бир хонага сиғмасди. Отам Ўзбекистонда чиқадиган деярли барча газета ва журналларга обуна бўларди. Почтачи бизнинг уйга келганидан сўнг халтаси бўшаб қоларди. Бизнинг уйда, ҳатто, 30-40 йиллик газеталар ҳам сақланиб турарди. “Гулхан”, “Фан ва турмуш”, “Шарқ юлдузи” журналларини роса мутолаа қилардим. Менга “Калила ва Димна” асари ёд бўлиб кетганди. 
      Савол. Нега тиббиётни танлагансиз? 
      Жавоб: Тиббиётга қизиқиб қолишимга онам сабабчи бўлганлар. Улар мигрен касаллигидан азият чекарди ва бош оғриқ хуружлари тез-тез қийнаб турарди. Эсимда, 8-синфда ўқиб юрган кезларим мактабдан уйга келсам, онам бош оғриқ хуружига чидолмай, бувимга суяниб ўтирибдилар. Бошларини рўмол билан қаттиқ боғлаб олганлар. Мени кўриб бағриларига тортдилар-да: “Болам, бу азобдан қачон қутуламан?” деб йиғлаб юбордилар. Юрагим эзилиб кетди. Ўша ондан бошлаб “Мен доктор бўлишим керак” деб ўз олдимга қатъий мақсад қўйганман. 
       Савол. Устоз, қаҳрамонларингиз ким бўлган?
        Жавоб. Менинг қаҳрамонларим ўзгариб турган. Масалан, қурувчи бўламан деган пайтларим қаҳрамоним ўша қурувчи қариндошимиз эди. Физикага қизиққан пайтларим Резерфорд ва Эйнштейнга маҳлиё бўлганман. Уларга ўхшаб кашфиётлар яратишни орзу қилганман. Тўғрисини айтсам, мен ўта хаёлпараст эдим. Ўша пайтлари расм ҳам чизардим, кичик шеърлар ҳам ёзардим. Оиламизда акам, мен ва икки укам яхши расм чизардик. Мен Эйнштейннинг расмини чизиб, хонамга осиб қўйганман. “Калила ва Димна”ни ўқиб, шунга ўхшаш ҳикоялар тўқиб, отамга сўзлаб берардим. Отамга ҳар томонлама ҳавасим келарди. Улар фикрлаш доираси жуда кенг, бироқ жуда содда одам бўлганлар. Тиббиёт институтига кирганимда академиклар Ўктам Орипов, Комилжон Зуфаров, Наби Мажидовга ҳавас қилганман. Улар менинг қаҳрамонларим эди.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича