Мен ва Супер-Мен
З. Фрейд ўз кузатувларига асосланиб, руҳиятнинг янги моделини яратди. Унга асосан, бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 3 та психологик тузилма мавжуд. Булар – Ид, Эго ва Супер-Эго. «Ид» — бу инстинктлар. У онгдан холис. «Эго» — бу Мен. Унинг онги бор. «Супер-эго», яъни Супер-мен – бу одамни ўраб турган муҳит, жамият. У одамнинг хулқ-атворини «тепадан» назорат қилиб туради. Бу тушунчаларнинг ҳар бирига таъриф бериб чиқамиз.
Ид ёки инстинктлар. З. Фрейднинг фикрича, эволюциянинг дастлабки босқичида ўзини ҳимоя қилиш ва овқат излаш инстинкти одамнинг хулқ-атворини белгилаб берган. Шу билан параллел ҳолда ёки бироздан сўнг уларга сексуал инстинкт қўшилган. Бу инстинктларни Фрейд «Ид» деб атаган. «Ид» онгда акс этмайди. У онг остида жойлашган, тўғрироғи, онг остига тиқиштирилган. «Ид» қониқиш принтсипларига асосланиб фаолият кўрсатади. Бу ерда жинсий қониқиш алоҳида ўрин тутади.
Дастлаб Фрейд барча инстинктлар ичида сексуал инстинктга катта урғу беради ва одамнинг хатти-ҳаракатларини сексуал қониқмаслик билан боғлайди. Унинг фикрича, айнан ушбу инстинкт одамнинг хулқ-атворини туғилганидан буён бошқариб келади. З.Фрейд қондирилмаган ҳис-туйғу ёки жинсий майлнинг руҳий қуввати онг остида тўпланиб боради ва ўз ифодасини топишга уринади, деб фикр юритади. Шунинг учун ҳам уни пансексуализмда айблашади.
«Ид» доимо «Мен» ва «Супер-мен» билан муросасиз жанг олиб боради, чунки улар «Ид»ни тинимсиз назорат қилишга интилади. «Ид» кучли энергияга эга бўлса-да, «Мен» уни онг остидан сузиб чиқишига йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам «Ид» тажовузкордир.
«Мен» назоратни тўла қўлга олгунга қадар инстинктлар гўёки одамнинг ҳаёт тарзини, яъни хулқ-атворини белгилаб берган. «Мен» ривожланиши одамнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва унинг хулқ-атворини назорат остига олди. Ўша пайтда ҳам, ҳозирда ҳам психоаналитиклар «Ид» – бу одамнинг ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манба деб ҳисоблашади.
«Ид» ўзгармас, «Мен» эса ўзгариб, ривожланиб боради. Одам бошқа жонзотлардан ақл-заковат, яъни онгнинг борлиги билан фарқ қилади. Демак, онг – бу «Мен» демакдир. Агар одам фақат «Ид»га бўйсуниб яшаганида эди, унинг ҳаёт тарзи ҳайвонларникига ўхшаб қоларди. Ваҳоланки, одам фаолияти онгли жараёндир ва у ўз хатти-ҳаракатларида ҳам, асосан онгга таянади.
Психоаналитиклар одамни, аниқроғи, унинг руҳини тирик ҳужайрага ўхшатишади. Бунда ҳужайранинг ташқи пардаси «Мен» бўлса, унинг ички таркиби – «Ид». Ҳужайранинг ичида моддалар алмашинуви натижасида катта энергия тўпланади ва кучли энергияга эга бўлган «Ид» ташқарига ёриб чиққиси келади. Бунга эса ҳужайранинг ташқи пардаси, яъни «Мен» йўл қўймайди. Хўш унда «Супер-мен» нима? Маълумки, ҳужайралар тўплами тўқимани, тўқималар аъзоларни, аъзолар эса организмни ташкил қилади. Демак, «Супер-мен» – барча «Мен»лар йиғиндиси. Ҳужайра организмда ҳаёт кечиргани каби, организм ҳам ҳужайрасиз яшай олмайди. Организм – бу «Супер-мен».
«Супер-мен» – бу жамият қонунлари, ахлоқ принциплари ва дин талаблари. «Супер-мен» «Мен» билан биргаликда сексуал хусусиятларга бой бўлган «Ид»ни назорат қилади. Бунинг натижасида улар орасидаги зиддиятлар кучаяди. З.Фрейднинг фикрига кўра, неврознинг келиб чиқишига «Супер-мен» ва «Мен» сабабчи. Психоаналитиклар неврозни психотерапевтик йўл билан даволашда айнан мана шу назоратни камайтириш ёки тўхтатишга ва шу йўл билан «Ид»ни онг доирасига сузиб чиқишига ёрдам беришади. Бунинг натижасида «Ид» тажовузкорлиги пасайиб, невроз белгилари чекинади. З. Фрейд «Мен» ва «Ид» орасидаги муносабатларни чавандоз билан отнинг муносабатларига қиёслаб ҳам тушунтириб берган. Фрейдгача А.Шопенгауер худди шундай қиёслашни ирода ва тафаккур орасидаги муносабатларнинг таърифлаш учун ишлатган эди.
Чавандоз отни ўзи бошқарса-да, фақат унинг қуввати ҳисобига ҳаракатланади. Керак пайтда чавандоз ўзанни қаттиқ ушлаб, отни тўхтатиши ва ўзи хоҳлаган томонга йўналтира олиши зарур, акс ҳолда у йиқилиб қаттиқ жароҳат олади ёки ҳалок бўлади. Баъзи вазиятларда қачон тўхташ ва қайси томонга юриш кераклигини чавандоз эмас, балки отнинг ўзи танлайди. Масалан, чавандоз ухлаб қолади, чарчайди ёки касалланади. «Мен» (чавандоз)нинг аҳволи «Ид» (от)нинг аҳволига қараганда анча хавотирли. Чунки «Мен» бир томондан атроф-муҳит, яъни ташқи оламнинг қонун-қоидаларига амал қилиши, иккинчи томондан кучли от («Ид»)ни бошқариши керак. «Мен» ҳам ташқи олам, яъни «Супер-мен»нинг талабларини, ҳам «Ид»нинг эҳтиёжларини қондириш учун доим хавотирда яшайди. Бу талабларни бажариш учун «Мен» доим сергак бўлиб туриши керак. Бу талаблар бажарилмаса, айбдорлик ҳисси айнан унинг бўйнига тушади. Демак, «Мен» доимо ўзини ҳимоя қилиш йўлларини излайди. З. Фрейд неврознинг келиб чиқишини ушбу зиддиятли муносабатлардан излаган.
2-расм. Психоаналитиклар «Мен», «Супер-мен» ва «Ид» орасидаги муносабатларни қалтис жойда отни бошқариб бораётган чавандозга қиёслаган: Мен» – бу чавандоз, «Супер-мен» – атроф-муҳит, «Ид» – катта қувватга эга от.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича