Менингит ва менингоэнцефалитларда беморлар психологияси
Менингит – бош мия пардаларининг ўткир юқумли-яллиғланиш касаллиги бўлиб, асосан ёшларда кўп кузатилади. Менингит аниқланган бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилади. Менингитнинг ўткир даврида руҳий бузилишлар ўткир психозлар кўринишида намоён бўлади. Булар – психомотор қўзғалишлар, галлюцинациялар, делириялар, психосенсор бузилишлар (умумий гиперестезия ва ҳ.к.). Галлюцинация ва делирия кўпинча касалликнинг ўткир даврида кузатилади ва улар менингит учун хос бўлган неврологик симптомлар билан биргаликда намоён бўлади. Менингитда кузатиладиган бош оғриқ ўта кучли ва чидаб бўлмас даражада бўлади, оғриқ кучидан бемор инграб бошини қўллари билан чангаллаб олади, кўзларини юмиб, чироқни ўчиришни ёки пардани ёпиб, хонани қоронғи қилишни, телевизор ва радионинг овозини ўчиришни, ҳатто чиқиллаб турган соатни хонадан олиб чиқиб кетишни талаб қилади. Бемор оғриқ кучидан тўлғаниб, оёқ-қўлларини букиб, ғужанак бўлиб олади. Чунки ҳар қандай ёруғлик ва шовқин беморнинг бош оғриғини кучайтириб юборади.
Менингитнинг ўткир даврида тутқаноқ хуружлари, психомотор ва психосенсор бузилишлар кўп кузатилади. Беморнинг танасига қўл тегизилса у сакраб тушади, тригеминал нуқталарни босиб текшираётганда юзини бужмайтириб бошини олиб қочади, текширувчининг қўлини итариб юборади, кўзини юмган ҳолда ҳар ёққа ўзини ташлайверади, бақиради, ўрнидан туриб кетишга ҳаракат қилади, атрофдагиларни танимайди, саволларга ноаниқ жавоб беради.
Психомотор қўзғалишлар кучли даражада ифодаланганда, беморни текшириш ва даволаш муолажаларини ўтказиш жуда мушкул. Тана ҳарорати юқори бўлганда кузатиладиган психотик бузилишлар кучли терлаш билан намоён бўлади. Ушбу бузилишларни бартараф этиш учун зудлик билан 2 мл валиум (реланиум, сибазон) ёки аналгин, димедрол ва новокаин эритмалари, пиполфен, аминазин каби дорилар томир ичига ёки мушак орасига юборилиши керак.
Делирия менингитнинг ўткир босқичида кўп учрайдиган руҳий бузилиш бўлиб, бунда беморнинг онги хиралашади. У ўз аҳволини чала бўлса-да англайди, бироқ атроф-муҳитда у билан содир бўлаётган ҳодисалар ва шифокорлар хатти-ҳаракатларини тўғри баҳолай олмайди. Қаерда ётгани, қачон бу ерга келиб қолгани ва тахминий вақтни айтиб бера олмайди. Делирияда кўрув ва эшитув галлюцинациялари кўп кузатилади. Бунда бемор гўё кўз олдида пайдо бўлаётган нарсаларни қўли билан ҳайдайди, яқинларини танимайди, йўқ одамларнинг исмини айтиб чақиради, қўрқиб бақириб юборади. Бундай ҳолатлар, айниқса, болаларда кўп учрайди.
Менингоэнцефалит – мия пардалари ва тўқимасининг биргаликда яллиғланиши. Менингоэнцефалит оғир касаллик бўлиб, менингитдан фарқли ўлароқ чуқур неврологик бузилишлар билан намоён бўлади, яъни монопарез, гемипарез, тетрапарезлар, гиперкинезлар ва ҳ.к.
Менингоэнцефалит ҳам болалар ва ўсмирларда кўп учрайди. Шунинг учун болалик ва ўсмирлик даврларида ўтказилган менингоэнцефалитларда нафақат неврологик, балки турли даражада ифодаланган нейропсихологик асоратлар ҳам қолади. Маълумки, болалик ва ўсмирлик даврида мураккаб функционал системалар ва олий руҳий функциялар шаклланади. Бош мияда кечадиган оғир касалликлар эса ушбу мураккаб механизмларни издан чиқаради, ривожланиш жараёни касаллик пайдо бўлган вақтдан бошлаб сустлашади. Менингоэнцефалит билан касалланган бола қанча ёш бўлса, у ақлий ривожланишдан шунча орқада қолиб боради. Вақт ўтган сайин бундай болаларда биологик ёш билан психологик ёш орасидаги фарқ катталашиб бораверади. Бунга йўл қўймаслик учун барча даволаш муолажаларини нейропсихологик муолажалар билан биргаликда олиб бориш зарур.
Менингоэнцефалитда кузатиладиган нейропсихологик бузилишлар патологик жараён бош миянинг қайси ярим шарида кетаётганига ҳам боғлиқ. Агар яллиғланиш жараёни кўпроқ ЧЯШ да жойлашса, болада ақлий ривожланишнинг кечикиши нутқ бузилишлари билан биргаликда намоён бўлади. Маълумки, боланинг тафаккури шаклланишида нутқнинг аҳамияти беқиёс. Кучли ифодаланган интеллектуал бузилишлар ЎЯШ зарарланганда кузатилмайди. Чунки бу ярим шар нутқ функциялари учун бевосита жавоб бермайди. Бироқ боладаги нейропсихологик бузилишлар апраксия, анозогнозия, аутотопогнозия ва хулқ-атвор бузилишлари кўринишида намоён бўлади.
Менингоэнцефалит ўтказган боланинг хулқ-атвори бошқариб бўлмайдиган даражада ўзгаради. Албатта, бу бузилишларнинг қай даражада ифодаланиши оёқ-қўллардаги фалажликлар даражасига ҳам боғлиқ. Одатда, чуқур фалажликлар хулқ-атворнинг оғир бузилишлари билан биргаликда намоён бўлади. Тетрапарезлар билан кузатиладиган менингоэнцефалитда, аксинча, бола ўта суст, нутқи бузилган, ақлий ривожланишдан орқада қолган ва тос аъзолари вазифалари бузилган бўлади. Бундай болалар доимий ёрдамга муҳтож бўлиб, одатда, узоқ яшамайдилар. Чунки тана ҳарорати кўтарилиши билан кечувчи касалликларда уларнинг аҳволи янада оғирлашиб қолади. Менингоэнцефалит ўтказган болаларда юрак фаолияти ҳам бузилади, одатда, брадикардия кўп кузатилади.
Фалажликларнинг узоқ давом этиши умуртқа поғонасида деформация, қўл ва оёқ бўғимларида контрактураларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Бу эса нейропсихореабилитация жараёнларини янада қийинлаштиради. Баъзан менингоэнцефалитда фалажлик тўла йўқолиб, болада нутқ ва хулқ-атвор бузилиши узоқ вақт сақланиб қолади. Режали тарзда олиб борилган даволаш натижасида бундай бузилишлар тўла барҳам топиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, менингоэнцефалит ўтказган болалар узоқ муддат махсус нейропсихологик реабилитацияга муҳтож бўлишади.
Энцефалит – бош мия тўқимаси яллиғланиши. Агар патологик жараён пўстлоғости тузилмаларида жойлашса, унда паллидар (паркинсонизм) ёки стриар (гиперкинезлар) синдром ривожланади. Бу ҳолат пўтлоғости энцефалити учун хос. Пўстлоғости тузилмалари ҳиссиёт шалланишида муҳим аҳамиятга эга. Бу соҳа патологияси, албатта, ҳиссиёт бузилишлари билан намоён бўлади. Масалан, боланинг бурун бўшлиқларида узоқ давом этувчи яллиғланиш жараёнлари кузатилса ва шу сабабли ҳидлов функцияси издан чиқса, боланинг хулқ-атвори бузилади, яъни унда гиперактив синдром шаклланади. Чунки ҳидлов нерви орқали пўстлоғости тузилмаларига келувчи импулслар ҳиссий реакциялар учун масъул бўлган Папес айланаси фаолияти учун ўта муҳим. Ҳушбўй ҳид кайфиятни кўтаришининг сабаби ҳам ана шунда.
Паллидар синдром билан намоён бўлувчи энцефалитда боланинг барча ихтиёрий ҳаракатлари сустлашади. Бундай беморлар секин гапиради (монотон нутқ), секин ҳаракатланади (брадикинезия), мимик мушаклар ҳаракати ҳам суст бўлиб (амимия, гипомимия), уларнинг ташқи қўриниши юзига ниқоб кийган одамни эслатади. Хатто кўз мушаклари ҳаракатлари ҳам сустлашади. Шу боис бундай беморлар бир нуқтага тикилиб туришади. Юзда ифодаланган бундай патологик белгилар болалар ва ўсмирлар учун хос бўлган қувноқлик ва шўхлик аломатларини бутунлай йўққа чиқаради, ҳиссий реакцияларни акс эттириб турувчи юз ва кўзлар гўёки қотиб қолади. Бундай болаларнинг ташқи кўриниши ва ҳаракатлари ёши катта одамни эслатади. Улар кам кулишади, кулсаям очилиб кулолмайди. Бунга қотиб қолган мимик мушаклар йўл қўймайди ва натижада кулмоқчи бўлган болада оғиз кўндалангига чўзилади холос. Буни “кўндаланг кулги” деб аташади.
Паллидар синдром учун ипохондрик бузилишлар жуда хос. Бемор сал нарсага хафа бўлаверади, сабабсиз йиғлаб юборади, ҳеч кимга ишонмайди, бир гапни ҳадеб такрорлайверади, қайсар бўлади. Беморнинг уйқуси ҳам бузилади, кечалари ухламай чиқади ёки тез-тез уйғонаверади. Кундузи эса уйқу босади. Шунингдек, хотира бузилиши, фикрлар карахтлиги, ҳиссий тўмтоқлик каби ҳолатлар кузатилади. Одатда, бундай беморларни даволаш бир неча ойга чўзилади. Ижобий натижа кузатилавермагач, беморда даволанишга бўлган ишонч йўқолади. Бундай пайтларда нейропсихолог (тиббий психолог) индивидуал психореабилитация дастури асосида беморни тинчлантириб, даволаш жараёни узоқ давом этиши мумкинлигини, бунинг учун сабр-тоқат ва иродали бўлиш кераклигини тушунтиради.
Пўстлоғости энцефалити гиперкинезлар билан ҳам намоён бўлади. Гиперкинезлар – тананинг турли жойларида кузатиладиган ихтиёрсиз ҳаракатлар. Булар ичида хорея алоҳида ўрин тутади. Хорея юз мушакларида кўп кузатилади. Бироқ хореик гиперкинезлар тез орада бўйин мушаклари ва қўл бармоқларига ҳам ўтиши мумкин. Хореик гиперкинезлар болаларда кўп учрайди ва бунинг сабаби ЛОР аъзолари инфекциялари, айниқс,а тонзиллитдир. Тонзиллит сабабли пайдо бўлган хореик гиперкинезлар, одатда, касаллик сабаби йўқотилгандан кейин ўтиб кетади. Пўстлоғости энтсефалитида эса ижобий натижага эришиш анча қийин.
Хореик гиперкинезлар бошланишидан бир неча ой илгари боланинг хулқ-атвори ўзгара бошлайди. Ота-она, ҳатто врачлар ҳам болада жиддий касаллик бошланаётганлигини дарров пайқашмайди ва унга “Гипердинамик синдром” деб ташхис қўйишади. Боланинг хулқ-атвори шу даражада ўзгарадики, уни мактабда ҳам, уйда ҳам тартибга чақиришаверади. Аммо танбеҳлар ёрдам бермайди. Бирон ойлардан кейин боланинг кўз атрофи мушакларида гиперкинезлар пайдо бўлади, бола кўзини юмиб очаверади, қошини қоқаверади. Кўзни юмиб-очувчи мушакларда бўладиган бундай гиперкинезлар блефароспазм деб аталади. Бундай болалар жойида ҳам тинч ўтира олмайди, овқатланаётган пайтда чойни ёки қошиқдаги овқатни тўкиб юборади, шошиб овқатланади. Шу сабабли улар ота-онасидан тез-тез дакки еб туришади. Юздаги гиперкинезлар ҳаяжонланганда кучаяди, тинчланганда камаяди, уйқу пайтида эса тўхтайди.
Гиперкинез кузатиладиган болалар нафақат уйда, балки кўчада ҳам доимо дакки эшитишлари мумкин. Тошкент метросида шундай қизиқ бир воқеа рўй берган. Юзида хореик гиперкинезлар бор Н. исмли 15 яшар йигит эрталаб метрога тушади. Вагонда унинг рўпарасига худди шу ёшлардаги хушрўй қиз онаси билан ўтириб қолади. Қиз ўта чиройли бўлганлиги боис Н. унга тикилиб қарайверади. Қиз ҳам унга кулиб қарайди. Ҳаяжонланганидан Н. нинг кўз атрофи мушакларида гиперкинезлар бошланади, яъни у қошини қоқиб, кўзини пирпиратаверади. Иккала ёш орасидаги бундай ғалати муносабатан жаҳли чиққан ва атрофдагилардан уялган она “Ёшгина бўлиб уялмайсанми?!” деб йигитнинг юзига бир шапалоқ туширади. Бола қаттиқ уялганидан кейинги бекатда вагондан тушиб кетади ва уйига келиб “Мени докторга олиб боринг”, деб жанжал кўтаради. Шу куни ушбу йигит онаси билан бизнинг қабулимизга келди. Кулгили бу вазиятнинг юзага келишига сабаб гиперкинезларнинг битта, яъни фақат ўнг кўзда бўлаётгани эди.
Шундай қилиб, бош мия ва унинг пардалари яллиғланиши касалликларида кузатиладиган психоэмоционал бузилишлар даволаш жараёнида нейропсихолог, яъни тиббий психологнинг доимий иштироки зарурлигини кўрсатади.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича