Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Менингитда хулқ-атвор бузилишлари

Менингитда хулқ-атвор бузилишлари


Менингит – бош мия пардаларининг ўткир юқумли-яллиғланиш касаллиги бўлиб, асосан ёшларда кўп кузатилади. Менингит аниқланган бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилади. Менингитнинг ўткир даврида руҳий бузилишлар ўткир психозлар кўринишида намоён бўлади. Булар – психомотор қўзғалишлар, галлюцинациялар, делириялар, психосенсор бузилишлар (умумий гиперестезия ва ҳ.к.). Галлюцинация ва делирия кўпинча касалликнинг ўткир даврида кузатилади ва улар менингит учун хос бўлган неврологик симптомлар билан биргаликда намоён бўлади. Менингитда кузатиладиган бош оғриқ ўта кучли ва чидаб бўлмас даражада бўлади, оғриқ кучидан бемор инграб бошини қўллари билан чангаллаб олади, кўзларини юмиб, чироқни ўчиришни ёки пардани ёпиб, хонани қоронғи қилишни, телевизор ва радионинг овозини ўчиришни, ҳатто чиқиллаб турган соатни хонадан олиб чиқиб кетишни талаб қилади. Бемор оғриқ кучидан тўлғаниб, оёқ-қўлларини букиб, ғужанак бўлиб олади. Чунки ҳар қандай ёруғлик ва шовқин беморнинг бош оғриғини кучайтириб юборади. 
        Менингитнинг ўткир даврида тутқаноқ хуружлари, психомотор ва психосенсор бузилишлар кўп кузатилади. Беморнинг танасига қўл тегизилса у сакраб тушади, тригеминал нуқталарни босиб текшираётганда юзини бужмайтириб бошини олиб қочади, текширувчининг қўлини итариб юборади, кўзини юмган ҳолда ҳар ёққа ўзини ташлайверади, бақиради, ўрнидан туриб кетишга ҳаракат қилади, атрофдагиларни танимайди, саволларга ноаниқ жавоб беради. 
        Психомотор қўзғалишлар кучли даражада ифодаланганда, беморни текшириш ва даволаш муолажаларини ўтказиш жуда мушкул. Тана ҳарорати юқори бўлганда кузатиладиган психотик бузилишлар кучли терлаш билан намоён бўлади. Ушбу бузилишларни бартараф этиш учун зудлик билан 2 мл валиум (реланиум, сибазон) ёки анальгин, димедрол ва новокаин эритмалари, пипольфен, аминазин каби дорилар томир ичига ёки мушак орасига юборилиши керак. 
       Делирия менингитнинг ўткир босқичида кўп учрайдиган руҳий бузилиш бўлиб, бунда беморнинг онги хиралашади. У ўз аҳволини чала бўлса-да англайди, бироқ атроф-муҳитда у билан содир бўлаётган ҳодисалар ва шифокорлар хатти-ҳаракатларини тўғри баҳолай олмайди. Қаерда ётгани, қачон бу ерга келиб қолгани ва тахминий вақтни айтиб бера олмайди. Делирияда кўрув ва эшитув галлюцинациялари кўп кузатилади. Бунда бемор гўё кўз олдида пайдо бўлаётган нарсаларни қўли билан ҳайдайди, яқинларини танимайди, йўқ одамларнинг исмини айтиб чақиради, қўрқиб бақириб юборади. Бундай ҳолатлар, айниқса, болаларда кўп учрайди. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©asab.cc



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича