Психомотор қўзғалишлар
Бош миянинг оғир касалликларида психомотор қўзғалишлар ҳам кузатилиб туради. Айниқса, пешона соҳаси зарарланишлари (гематома, ўсма, абсцесс)да кузатиладиган ҳушсиз ҳолатлар психомотор қўзғалишлар билан намоён бўлади. Чунки бош миянинг пешона соҳасида барча руҳий фаолиятларни бошқарадиган ва назорат қиладиган 3-функционал блок жойлашган. Префронтал эпилепсия ҳам психомотор қўзғалишлар билан бошланади. Шунингдек, умумий интоксикасия ва метаболик бузилишлар сабабли ривожланган ҳушсиз ҳолатлар ҳам психомотор қўзғалишлар билан кечади. Уремик, кетоасидотик, жигар, эклампсик комалар ва спиртли ичимликдан заҳарланишларда психомотор қўзғалишлар кўп кузатилади.
Тана ҳарорати кўтарилиши билан кечадиган касалликлар (менингит, зотилжам, сепсис) ҳам психомотор қўзғалишларни юзага келтиради. Айниқса, субарахноидал қон қуйилишлар ва йирингли менингитларда психомотор қўзғалишлар кучли бўлади. Демак, МНС нинг ортиқча қўзғалишига олиб келувчи ҳар қандай патологик омил сабабли ривожланган ҳушсиз ҳолатларда психомотор қўзғалишлар рўй беради. Албатта, бу ҳолат команинг бошланғич босқичлари учун хос.
Ҳушсиз ҳолатларда кузатиладиган психомотор қўзғалишлар ичида делирия алоҳида ўрин тутади. Делирия алаҳсираш, қичқириш, ўрнидан туриб кетиш, атрофдагиларга бақириш, кимнидир чақириш, бир гапни такрорлайвериш, кимгадир ташланиш ёки маъносиз қараш, устидаги чойшабларни отиб юбориш, уколларни суғуриб ташлаш каби ҳаракатлар билан намоён бўлади. Бемор нима қилаётганини ўзи англамайди. Агар бемор бу ҳолатдан чиқса, нима қилганларини эслай олмайди. Демак, делирия пайтида амнезия кузатилади. Албатта, делириоз қўзғалишларни истерик қўзғалишлардан фарқлай олиш зарур. Истерияда ҳам худди шундай ҳаракатлар бўлиши мумкин. Аммо бемор ўзига тан жароҳати етказадиган ҳолатни юзага келтирмайди, кароватдан пастга йиқилиб тушмайди, истерик ҳаракатлари маълум бир одамга қаратилган (масалан, эрига) бўлади. Агар ушбу одам унинг ёнидан чиқиб кетса, истерик ҳаракатлар тўхташи мумкин.
Делирия деярли ҳар доим команинг бошланғич босқичида рўй беради. Кейин эса бемор ҳушидан кета бошлайди ёки ўзига келади. Бемор бутунлай ҳушини йўқотмасдан намоён бўладиган ўткир интоксикацияларда делириоз ҳолат узоқ давом этиши мумкин. Делирия билан кузатилувчи кома болаларда кўп учрайди.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi ©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича