ЮЗДАГИ ОҒРИҚЛАР


Уч шохли нерв невралгияси. Асосий симптоми – бу бир неча сониядан 2 дақиқагача давом этувчи санчувчи оғриқлар. Уч шохли нерв невралгияси учун узоқ давом этадиган оғриқ хуружлари хос эмас. Оғриқ хуружлари ҳар гал зарарланган шохчалар соҳасида пайдо бўлади ва бу ҳолат уч шохли нерв невралгияси учун жуда хосдир. Оғриқ хуружлари тўсатдан юзага келади, кўпинча  кундуз куни рўй беради ва кунига 2-3 маротаба такрорланиб туради. Хуружлар йўқ пайтлари бемор ўзини соғлом одамдек ҳис қилади. Оғриқ хуружлари юзнинг бир томонида пайдо бўлади. Юзнинг икки томонида кузатиладиган оғриқлар уч шохли нерв невралгияси учун хос эмас. Агар уч шохли нервнинг 1-шохчаси зарарланса, оғриқ хуружлари пешона ва кўз соққаси соҳасида кузатилади. Оғриқ хуружи пайтида бемор кўзини чирт юмиб олади, кўзидан ёш чиқиб кетади, юзининг оғриётган қисмини кафти билан ёпиб олади ва ўша жойга иссиқ сочиқ ёки бошқа бир матони қўяди. Чунки иссиқ оғриқни оз бўлса-да камайтиради. Оғриётган жойда мускуллар титрай бошлайди, баъзида бу титрашлар оғриқ хуружидан олдин пайдо бўлади ва оғриқ ўтиб кетгунча сақланиб туради. Бундай титрашлар оғриқли тик деб ҳам аталади.

Ҳар доим эсда тутинг. Аксарият ҳолларда миячанинг юқори артерияси (a.cerebelli superior ) деформацияга учраб уч шохчли нерв илдизчасини босиб қўйиши – тригеминал невралгиянинг асосий сабабларидан биридир. Бу ҳолат нейрохирургик операция йўли билан бартараф этилади.


 

56 а-расм. Уч шохли нерв илдизчасини миячанинг юқори артерияси босиб қўйган.

56 б-расм. Нейрохирургик операция ёрдамида нерв билан артерия орасига махсус “ёстиқча” қўйилади.

  Атипик прозопалгиялар (юздаги атипик оғриқлар). Атипик прозопалгиялар – юзнинг бир ёки иккала томонида ҳам кузатиладиган доимий оғриқлар ва парестезиялар. Касаллик, асосан, 30-60 ёшларда учрайди. Аёлларда бу касаллик кўп учрайди. Атипик прозопалгиялар стоматологик операциялардан сўнг пайдо бўлади. Бундай оғриқлар, кўпинча, юқори ва пастки жағ тишларини ўзгартирган ва уларга протезлар қўйдирган одамларда кўп кузатилади. Атипик прозопалгия клиникаси краниал невралгия ёки невропатиялар клиникасига ўхшаса-да, объектив неврологик симптомлар (гиперестезия, гипестезия) аниқланмайди. Юзда триггер соҳалар ҳам бўлмайди. Стоматологик муолажалар ўтказилган жойлар чуқур текширилганда ҳам, ЭНМГ текширувлари ўтказилганда ҳам нервларда органик бузилишлар аниқланмайди. Оғриқ ва парестезиялар нафақат операция ўтказилган жойда, балки юзнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилади. Касаллик учун қисқа муддатли оғриқ хуружлари хос эмас, оғриқлар гоҳ зўрайиб, гоҳ камайиб туради. Атипик прозопалгия юзнинг идиопатик оғриқлари деб ҳам аталади.

Атипик прозопалгиянинг яна бир клиник тури – бу атипик одонталгия. Тиш олинган жойда узоқ вақт сақланадиган оғриқларга атипик одонталгия деб айтилади. Атипик одонталгияда ҳам объектив неврологик симптомлар аниқланмайди. Бу синдром тиш олдириб тиш қўйдирган беморларда ёки узоқ вақт давом этган стоматологик муолажаларда кўп кузатилади. Тишлар олинган жойда куйдирувчи ва бошқа тишларга иррадиация қилувчи оғриқлар бир ойгача, баъзида ундан ҳам кўп вақт сақланиб қолади. Аксарият беморларда оғриқлар овқатланаётган пайтда камаяди, руҳий-ҳиссий зўриқишларда, совуқда ёки юзига бирор нарса тегиб кетса кучаяди. Атипик одонталгия клиникаси дентал плексалгия клиникасига ўхшаб кетади, бироқ унга қараганда енгил кечади. 

Дентал плексалгия – юқори ва пастки жағларнинг нерв чигаллари таъсирлантирилганда кузатилади. Дентал плексалгиянинг асосий сабаби – юқори ва пастки жағ тишларида ўтказилган стоматологик муолажалардир. Оғриқлар вегетатив симптомлар билан биргаликда намоён бўлади, чунки бу ердаги нерв чигаллари вегетатив ганглиялар билан чамбарчас боғланган. Дентал плексалгияда юз соҳасида оғриқлар ва дизестезиялар пайдо бўлса-да, объектив неврологик симптомлар (гипестезия, гиперестезия) кузатилмайди. Дентал плексалгиялар, одатда, ойлаб давом этади, баъзида бир йилдан ошади. Узоқ давом этувчи оғриқлар реактив невротик бузилишларга олиб келади. Беморни тинчлантириш ва бу белгиларнинг вақтинчалик эканлигига уларни ишонтириш ўта муҳим. Агарда врач буни уддалай олса, касаллик 1-2 ой ичида ўтиб кетади.

Хортон синдроми (Чакка артериити). Чакка артерияси – ташқи уйқу артерияси (a.carotis externa) тармоқларидан биридир. Чакка артериити аутоиммун касаллик бўлиб, асосан, 50 ёшдан ошганларда учрайди. Чакка артериити клиникаси уч шохли нерв невралгиясига ўхшаб кетса-да, унинг фарқ қилувчи клиник ва параклиник белгилари кўпдир. Чакка артериитининг асосий белгиси ҳам чакка–пешона соҳасида учрайдиган кучли оғриқлар. Бироқ бу оғриқлар кўп ҳолларда иккала томонда учрайди. Сурункали кечувчи оғриқлар баъзида кучайиб, чидаб бўлмайдиган даражага етади. Оғриқлар кўпинча овқат чайнаганда зўраяди.

            Объектив текширувлар чакка артериясининг қалинлашгани ва қотишганини кўрсатади. Артерия жуда қотишган ҳолларда унинг уриши ҳам сезилмайди. Локал типдаги оғриқлар бошнинг бошқа соҳаларига ҳам тарқайди. Шунингдек, тана ҳарорати субфебрил даражагача ошади, кўп терлаш ва умумий ҳолсизлик кузатилади. Бемор тез чарчайдиган бўлиб қолади. Чакка артериити умумий аутоиммун касаллик бўлганлиги боис, тананинг бошқа артерияларида ҳам зарарланишлар аниқланади. Аксарият ҳолларда ички уйқу артерияси, аорта ва коронар артериялар зарарланиши ҳам кузатилади. Ретинал артериянинг зарарланиши кўришнинг сусайиши билан намоён бўлади. Шунингдек, кўрув нерви ва кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланиши ҳам учрайди. Қонда яллиғланиш реакциялари, яъни лейкоцитоз, ЭЧТ ва С-реактив оқсил миқдорининг ошиши кузатилади. Чакка артериити ташхисини қўйишда дуплексли сканирлаш ва каротид ангиография усули кенг қўлланилади. Ташхисга ойдинлик киритиш учун чакка артерияси биопсияси ҳам қилинади.

Хант синдроми (тиззасимон тугун невралгияси). Фаллопий канали ичида юз нерви ёнидан ўтаётган XIII нерв толалари (сезги ва вегетатив) ўз йўналишини ўзгартириб, тиззасимон тугунни (ganglion geniculi) ҳосил қилади. Тиззасимон тугун невралгияси турли вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Санчувчи ва куйдирувчи оғриқлар қулоқ супрасининг олдинги қисми, ташқи эшитув йўли, қаттиқ танглай, юқори жағ ва сўрғичсимон ўсимта соҳасида кузатилади. Кучли санчувчи оғриқлар тилнинг олдинги учдан икки қисмида таъм билишнинг бузилиши ва гиперсаливация билан намоён бўлади. Агарда тиззасимон тугун невралгиясини Herpes zoster вируси чақирса, куйдирувчи оғриқлар кузатилган жойларга герпетик тошмалар тошади. Буни Хант синдроми деб аташади. Баъзида юз нервининг енгил фалажлиги кузатилади. Вирус шу атрофда жойлашган бир нечта ганглияларни зарарласа, куйдиргувчи оғриқлар ва герпетик тошмалар юз, пешона, чакка, энса ва бўйин соҳаларига тарқайди, оғиздан сўлак оқиши кучаяди, нистагм ва бош айланиши пайдо бўлади. Герпетик невралгиянинг бу тури оғир кечади ва узоқ давом этади. 

Оғриқли офталмоплегия синдроми (Толос-Хант синдроми). Бу синдром каверноз синуснинг ташқи девори ва кўз косаси устки қисмининг гранулематоз яллиғланишларида ривожланади. Патологик жараён ушбу соҳадан ўтувчи бир қанча краниал нервлар, яъни кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар, уч шохли нервнинг биринчи тармоғи ва баъзида кўрув нервини қамраб олади. Деярли ҳар доим ички уйқу артериясининг симпатик чигаллари зарарланади. Касаллик кўз косасида “ўйиб олувчи”, куйдирувчи ва ачиштирувчи оғриқлар, офталмоплегия, экзофталм, амблиопия, Горнер синдроми, кўз тубининг димланиши билан намоён бўлади. Ушбу белгилар бир неча кун ёки ҳафта мобайнида кузатилиб туради ва сўнгра ремиссия даври бошланади. Бироқ баъзи неврологик симптомлар сақланиб қолади. Бир неча ойлар ёки йиллар давом этган ремиссиядан сўнг касаллик яна қўзғаши мумкин. МРТ, каротид ангиография ва орбитал венографияларда каверноз синус, кўз косаси тўқималари ва ички уйқу артериясининг каверноз қисмида гранулематоз яллиғланиш жараёнлари аниқланади. Касаллик патогенези яхши ўрганилмаган. Кортикостероидлар билан даволаш яхши самара беради. Шу боис оғриқли офталмоплегия синдромини аутоиммун касалликларнинг клиник бир кўриниши деб қарашади. Ушбу синдромга ўхшаш ҳолат каверноз синус ўсмалари, ички уйқу артерияси каверноз қисми аневризмаси ва базал пахименингитларда ҳам кузатилади. 

Сфеноидал ёриқ синдроми (Жакоб-Негри синдроми). Калла суяги бўшлиғидан юқори кўз ёриғи (сфеноидал ёриқ) орқали кўз косасига кирувчи III, IV ва VI нервлар ҳамда r. ophtalmicus нинг биргаликда зарарланишига сфеноидал ёриқ синдроми деб айтилади. Касаллик белгилари бир томонда кузатилади. Жакоб-Негри синдроми бурун-ҳалқум соҳасидан ўрта краниал чуқурчага ўсиб кирган ўсма ёки биратўла сфеноидал ёриқ соҳасида ўсган ўсмада, ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмасида пайдо бўлади. Ушбу синдромнинг асосий белгилари – зўрайиб борувчи офталмоплегия, экзофталм ва пешона соҳасида кузатилувчи тригеминал оғриқлар.

Жеферсон синдроми. Бу синдром ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмасида ривожланади. Унинг асосий белгилари – фронто-орбитал соҳада кучли оғриқ хуружлари, бошнинг бир томонида кучли шовқин, офталмоплегия ва экзофталм.

Гарсен синдроми. Бир неча краниал нервларнинг бир томонлама зарарланишига Гарсен синдроми деб айтилади. Краниал нервлар фақат бир томонда зарарлангани учун Гарсен синдроми гемикраниал полиневропатия номини ҳам олган. Иккинчи томондаги краниал нервлар зарарланмайди. Гарсен синдроми деярли доимо калла суягининг асосидан ўсган ўсмаларда ривожланади. Булар хондрома ёки хондросаркомалар бўлиб, улар бурун-ҳалқум соҳаси, понасимон суяк ёки чакка суяги пирамидасидан ўсади. Гарсен синдромида, албатта, ушбу суяклар деструкцияси ҳам кузатилади.

Юзнинг психоген оғриқлари. Ўткир ёки доимий руҳий зўриқишлардан сўнг юзда пайдо бўладиган оғриқларга психоген оғриқлар деб айтилади. Бундай оғриқлар, асосан, депрессия, неврастения ва истерияларда кузатилади. Ҳақиқий невралгиядан фарқли ўлароқ, психоген оғриқлар юзнинг иккала томонида ҳам учрайди, нерв йўллари бўйлаб иррадиация қилмайди, триггер соҳалар бўлмайди (юзнинг қайси соҳаси босилса ҳам оғрийверади). Бемор бир томондан оғриқни чидаб бўлмас даражада кучли деб ифодалайди, иккинчи томондан қачондан буён врачга учрашишга вақт топа олмаётганини айтади. Оғриқлар нафақат юзда, балки бошнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатилади. Невралгия билан касалланган бемор врач билан суҳбатда иложи борича кам гапиришга ҳаракат қилса, психоген оғриқларда бемор сўзамол бўлади, оғриқ тафсилотларини батафсил баён қилишга ҳаракат қилади. Кўп сўзлаш – невроз ва истерия учун хос аломатлардан бири.

Мелкерссон-Розентал синдроми. Этиологияси ноаниқ бўлмиш ушбу синдром кам учрайди ва юз нервининг кетма-кет келувчи икки томонлама зарарланиши билан кечади. Аввал бир томондаги, сўнгра иккинчи томондаги юз нерви зарарланади. Касаллик мимик мускуллар фалажлиги, юзда ангионевротик шиш, гранулематоз хейлит ва тил юзасининг ёрилиши билан кечади. Касаллик қайталанувчи хусусиятга эга. Юздаги оғриқлар суст бўлади.

Юздаги оғриқларни бартараф этиш

Юздаги оғриқлар, айниқса невралгияларни бартараф этишда карбамазепин (финлепсин, тегретол) асосий дори сифатида қўллаб келинмоқда. Ҳатто карбамазепиннинг тавсия этилиши невралгияни бошқа турдаги оғриқлар билан қиёслаш учун ҳам ёрдам беради. Чунки карбамазепин бошқа турдаги оғриқларга қараганда невралгияларни бартараф этишда жуда самаралидир.

 

2.28-жадвал

Невралгияда карбамазепинни тавсия этиш тартиби:

Даволаш кунлари

Дозаси

Неча маҳал берилиши

1-2

100

3

3-4

200

2

5-6

200

3

7-кундан бошлаб

200

4

 

Карбамазепин қабул қилинган куниёқ оғриқ камаймайди, балки 1-2 кундан сўнг камая боради. Дорининг дозаси маълум бир миқдорга етказилганда оғриқлар тўхтайди ёки кескин пасаяди. Шунга қараб унинг кундалик дозаси аниқлаб олинади ва 4-6 ҳафта мобайнида ушлаб турилади. Кўзланган натижага эришилгач дорининг дозаси аста-секин камайтириб борилади. Аксарият ҳолларда карбамазепинни узоқ вақт, яъни 6-12 ой мобайнида ичишга тўғри келади.

Карбамазепин бош айланиши, кўнгил айниши, атаксия, бош оғриғи, уйқучанлик ва терида аллергик тошмалар каби ножўя таъсирларга эга. Дорининг дозаси аста-секин ошириб борилганда, унинг ножўя таъсирлари кам кузатилади.

Карбамазепиндан ташқари қуйидаги дорилар тавсия этилади:

  • Габапентин 300-900 мг, окскарбамазепин 400-600 мг;
  • Клоназепам 1-2 мг, фенитоин 100-300 мг;
  • Волтарен 50-150 мг, ксефокам 8-16 мг, трамал 50-200 мг;
  • Амитриптилин 25-75 мг ёки флуоксетин 20-40 мг;
  • Нозепам 10-20 мг ёки санопакс 25-75 мг.

Герпетик невралгияларда зудлик билан антивирус дорилар тавсия этилади. Зовиракс 250 ёки 500 мг дозада 0,9 % ли 200 мл натрий хлор  ёки глюкозанинг 5 % ли эритмасига қўшиб венадан томчилатиб юборилади.  Зовиракс ушбу дозада кунига 2-3 маҳал венадан томчилатиб 5-7 кун мобайнида юборилади. Оғриқ хуружи кучайиб кетса, уни бартараф этиш учун 20 % ли 5 мл натрий оксибутират 0,9 % ли натрий хлор ёки 5 % ли глюкоза эритмасига қўшиб венадан томчилатиб юборишга тўғри келади.

Бошқа турдаги прозопалгияларда, масалан психоген этиологияли оғриқларда антидепрессантлар ва транквилизаторлардан фойдаланилади. Антидепрессантлардан амитриптилин 25 мг кунига 2-3 маҳал ёки флуоксетин (портал, прозак) 20 мг кунига 2-3 маҳал, транквилизаторлардан феназепам 0,5 мг ёки нозепам (тазепам, оксазепам) 10 мг кунига 1-2 маҳал буюрилади. Беморларни даволашда рефлектор терапия усуллари (игна билан даволаш, гидрокортизон фонофорези) ҳам кенг қўлланилади.

 

 



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича