Юздаги оғриқлар сабаби нима?
Юз соҳасидаги оғриқларнинг асосий сабаби – уч шохли нерв зарарланишидир. Бу ҳақда китобда маълумот бор. Бироқ ҳеч қайси нерв зарарланмаса ҳам стоматологик муолажалардан сўнг юзида, лунжида, милкида ва тилида пайдо бўлган оғриқларга шикоят қилиб юришади.
Айниқса, юз соҳасида кузатиладиган оғриқлар беморни жуда қийнаб қўяди. Унинг кучи турли даражада, оддий ачишишдан тортиб, кучли санчувчи оғриқлар кўринишида бўлади. Оғриқ иккала чакка, пешона, ияк соҳаларида кузатилади. Бундай беморда руҳий зўриқишлар кучайган ёки тезлашган сайин оғриқ ҳам кучайиб боради.
Юз соҳасидаги оғриқлар учун уларнинг овқат истеъмол қилаётган пайтда камайиши ёки йўқолиши хосдир. Бемор ҳар куни турли соҳадаги ёки турли даражадаги оғриқдан шикоят қилади. Руҳий сиқилишлар сабабли рўй берган оғриқларда оғриқ қолдирувчи дорилар эмас, балки тинчлантирувчи дорилар ёрдам беради. Баъзан тузалиб кетган бемор оғриқнинг кучайганидан шикоят қилиб, яна врачга мурожаат қилади. Бунинг сабаби, кўпинча уйдаги ва ишдаги можаролар ҳисобланади.
Тил соҳасида оғриқ билан хасталанган бир аёл бизнинг назоратимизда бўлган. Бемор даволаш курсини олиб кетганидан сўнг бир оз вақт ўтгач, оғриқнинг кучайганидан шикоят қилиб, яна қабулга келди. Гап шундаки, беморнинг турмуш ўртоғи ароқхўр бўлиб, уйида тез-тез жанжал бўлиб турган. Бунинг оқибатида бемор невроз касаллигига дучор бўлган. Натижада ҳар галги руҳий-ҳиссий зўриқишлар бу оғриқларни қўзғаб юборган.