Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Паренхиматоз қон қуйилиш

Паренхиматоз қон қуйилиш


Бошқа геморрагик инсултлар каби ҳушнинг йўқолиши билан ўткир бошланади ва ўчоқли неврологик симптомлар (гемиплегия, гемианестезия, афазия) дарров пайдо бўлади. Паренхиматоз қон қуйилиш чакка ва тепа соҳаларида кўп, пешона соҳасида кам учрайди. Гематоманинг ички капсулага нисбатан жойлашувига қараб медиал ва латерал гематомалар фарқланади. Зич жойлашган толалардан иборат бўлган ички капсула бу соҳага қуйилган қоннинг ён томонларга тарқалишига тўсқинлик қилади.
        Бу касалликда ИКГ, мия шиши ва дислокацион синдром тез ривожланади. Шунинг учун ҳам геморрагик инсултнинг бу тури узоқ давом этувчи комалар билан оғир кечади. Ўчоқли неврологик белгилар билан биргаликда, менингеал симптомлар ҳам вужудга келади. Менингеал симптомлар кучли мия шиши ва ИКГ ҳисобига ёки қоннинг субарахноидал бўшлиққа ўтганлиги сабабли пайдо бўлади. Буни аниқлаш диагностик ва прогностик аҳамиятга эга. Геморрагия бош мия катта ярим шарларининг катта қисмини ёки маълум бир соҳани эгаллаши мумкин. Интрацеребрал гематоманинг қай соҳада жойлашганига қараб, неврологик симптомлар турлича намоён бўлади.
         Бош миянинг пешона соҳасига қон қуйилса, пешона соҳаси ва кўз косасида бош оғриқ, нигоҳ фалажи (бемор ўчоқ томонга қараб ётади), мотор афазия (доминант ярим шар зарарланса), абулия, контралатерал гемипарез кузатилади. Тепа бўлаги геморрагиясида контралатерал гемианестезия, тана ва фазонинг бир томонини инкор қилиш синдроми, анозогнозия, енгил гемипарез ривожланади. Чакка бўлаги геморрагиясида Вернике афазияси (доминант ярим шар зарарланганда), гемианопсия кузатилади. Гематома катта бўлса, дислокацион синдром белгилари ҳам қўшилади. Энса бўлагига қон қуйилса, контралатерал гомоним гемианопсия ва кўрув агнозияси пайдо бўлади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi    
             © asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича