ПСИХОГЕН НЕВРАЛГИЯЛАР


Ҳар қандай психоген гиперестезиялар тананинг турли жойларида невралгияга ёки миалгияга ўхшаш оғриқлар беради. Айниқса, юз соҳасида кузатиладиган оғриқлар беморларни жуда қийнаб қўяди. Бу оғриқлар кучи турли даражада, оддий ачишишдан тортиб, кучли санчувчи оғриқларгача ривожланган бўлади. Оғриқ иккала чакка, пешона, ияк соҳаларида кузатилиши мумкин. Агар оғриқ тиш ва милк соҳасида кузатилса, гап психоген стоматалгия, тилда кузатилса, глоссалгия ҳақида сўз боради. Психоэмоционал зўриқишлар кучайган ёки тезлашган сайин оғриқ ҳам кучайиб, сурункали тус олади.
Юз соҳасидаги психоген оғриқ учун овқат еётган пайтда камайиши ёки йўқолиши хос. Тригеминал оғриқлардан фарқли ўлароқ, психоген оғриқлар V нерв иннервация қиладиган шохчалар соҳасига тўғри келмайди, аналгетиклар ёрдам бермайди. Тўғри олиб борилган психотерапия, плацеботерапия ва яхши танланган анксиолитик дорилар яхши самара беради. Баъзан тузалиб кетган бемор оғриқлар қайта қўзиганидан шикоят  қилиб, яна врачга мурожаат қилади. Бунинг сабаби, кўпинча уйдаги ва ишдаги можаролар бўлиб чиқади. 
Глоссалгия билан касалланган бир аёл бизнинг назоратимизда турган. Бемор даволаш курсини олганидан сўнг бироз вақт ўтгач, оғриқнинг кучайишидан шикоят қилиб яна олдимизга келди. Гап шундаки, беморнинг турмуш ўртоғи ароқхўр ва уйида тез-тез жанжал бўлиб туради. Бу беморда параллел тарзда кучли ифодаланган аффектив бузилишлар ҳам бор эди. Ҳар гал даволаниб тузаладиган бемор уйига боришдан безиб қолган эди. Биз ушбу беморни 2 йилдан сўнг учратиб қолганимизда, у дарддан бутунлай халос бўлгани ва энди докторларга қатнамаётганини айтди. Биз унинг оилавий аҳволини сўраганимизда шу нарса маълум бўлдики, эри алкоголизмдан миясига қон қуйилиб бир кунда ўлиб қолибди. Қизиғи шундаки, эрининг вафотидан бир ой ўтиб, бемордаги мавжуд психоемоционал бузилиш ва турли хил оғриқлар ўз-ўзидан барҳам топади. Нима учун шундай бўлди? Чунки ушбу бузилишларни юзага келтирувчи омил энди йўқ эди. Қўрқув, ипохондрия ва депрессия психоген невралгиянинг доимий ҳамроҳидир.
Психоген невралгиялар ичида қовурғалараро оғриқлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Айниқса, кўкрак қафасининг чап томонида жойлашган оғриқлар ҳар қандай беморни хавотирга солади. Чунки бу ерда юрак жойлашган.
Ёш укаси автомобил ҳалокатидан ўлган беморнинг юрак соҳасида санчувчи оғриқ пайдо бўлади. Бемор кардиологга мурожаат қилади. У беморни яхшилаб текшириб, кардиограмма қилиб, юраги соғлом эканлиги, қаттиқ сиқилганидан шу оғриқ пайдо бўлгани, тинчлантирувчи дорилар ичиш кераклиги ва невропатологга мурожаат қилишини тавсия этади. Невропатолог ҳам беморни обдан текшириб, тинчлантирувчи дорилар ёзиб беради ва психотерапевтик муолажалар ўтказади. Шунга қарамасдан, бемор икки ой ичида юрак соҳасидаги оғриқлардан 16 марта ЭКГ қилдирган ва бир неча бор «Тез ёрдам» машинасини чақирган.
Псевдорадикуляр синдром. Психоген хусусиятга эга бел оғриқлар кенг тарқалган бўлишига қарамасдан, улар ҳақида аниқ статистик маълумотлар йўқ. Бунинг сабаби, «психоген радикулалгия» ташхиси қўйилмаслигида ёки аниқланмаслигидадир. Ваҳоланки, ХVIII асрдаёқ «Орқа мия ипохондрияси» номи билан психоген хусусиятга эга бўлган белдаги оғриқлар ҳақида ёзиб қолдирилган. 
Психоген бел оғриқлар ҳам ниқобланган депрессиянинг клиник кўринишларидан биридир. Бу оғриқлар врачлар томонидан кўпинча «люмбаго», «люмбалгия», «люмбоишиалгия», «радикулит», «ишиас», «диск чурраси» каби ташхислар билан белгиланади. Ушбу ташхисларнинг қанчаси кейинчалик тасдиқланади ва қанчаси психоген хусусиятга эга бўлиб чиқади, бу аниқ эмас. Бунинг сабабларини қуйидагича изоҳлаш мумкин. Биринчидан, оғриқ йўқолгандан сўнг (одатда, 4-5 кун ўтиб) бемор врачга қатнамай қўяди. Иккинчидан, радикулитнинг ўткир даврида ҳамма вақт ҳам неврологик белгилар бўлавермайди. Учинчидан, бошқа психоген оғриқлардан фарқли ўлароқ, белдаги оғриқни ҳар қандай бемор «радикулит» деб қабул қилади ва бу касалликда қилинадиган чоралардан воқиф бўлади (ҳозир мен докторга борсам, новокаинли блокада қилади, белга иссиқ буюради, оғриқ қолдирувчи дори қилади). Албатта шу ва шунга ўхшаш муолажалардан сўнг бемор тузалиб кетади. Бундай пайтларда радикулитнинг ҳақиқий ёки психоген хусусиятга эга эканлигини аниқлаш врач учун ҳам анча мушкул. Чунки белида қаттиқ оғриқдан шикоят қилиб келган беморга ҳар қандай врач дарров ёрдам кўрсатишга ва уни оғриқдан тезроқ халос қилишга интилади. Буларнинг ҳаммаси оғриқ келиб чиқишининг асосий сабабини аниқлаш имконини пасайтиради.
Аксарият ҳолларда «Сурункали радикулитнинг зўрайиши» ташхиси қўйилган беморда неврологик анамнез билан психологик анамнез ҳам тўпланса, оғриқ пайдо бўлиши билан психоемоционал стресс орасида боғлиқлик топиш мумкин. Психоген радикулалгияга оғриқлар йилнинг маълум бир ойи ёки мавсумида (масалан, куз келиши билан) пайдо бўлиши хос. Бир бемор 6 йилдан буён мезон кирди дегунча белида оғриқ пайдо бўлишидан шикоят қилган. Лекин унда органик неврологик белгилар кузатилмаган. Бироқ психоген радикулалгиялар дастлаб ҳақиқий радикулит бўлган беморларда кўп учрашини эътиборга олиш лозим. Баъзан врач ўзи хоҳламаган ҳолда беморда ятропатияни юзага келтиради, яъни бемор радикулит билан хасталанади, даволанади ва врачдан «белни иссиқ тутиб юриш, оғир нарса кўтармаслик, оғриқ пайдо бўлганда, дарҳол докторга мурожаат қилиш» каби кўрсатмалар олади. Бу маслаҳатларга айниқса, неврастения ёки психоастенияга чалинган беморлар қаттиқ риоя қилади ва оқибатда уларда «кутиш синдроми» ривожланади. Бу эса  ипохондриянинг шаклланишига  олиб келади: бемор танасидаги ҳар қандай оғриққа, ҳатто бўғинларда кузатиладиган шақиллашларга ҳам ортиқча эътибор берадиган бўлиб қолади. 
Психоген радикулалгиялар ичида, айниқса, бўйин соҳасида жойлашган оғриқлар алоҳида эътибор талаб қилади. Одатда, бундай ҳолатларда невропатолог беморга бўйин умуртқаларини рентген қилишни тавсия этади. Ёши 30-40 дан ошган беморларда бўйин умуртқаларида остеохондрознинг дастлабки белгилари аниқланади ва бўйин соҳасидаги оғриқлар рентгендаги ўзгаришлар билан боғланади. Ваҳоланки, рентгенограммадаги ўзгаришлар ҳамма вақт ҳам касаллик белгилари билан мос келавермайди. Остеохондроз бир-икки ҳафтада тузаладиган касаллик эмас. Аммо бўйин соҳасидаги оғриқларни айнан «остеохондроз» билан боғлаган бемор психотерапевтик муолажалар ёки платсеботерапиядан сўнг бир ҳафта ичида тузалиб кетади. Бу ҳолат беморда психоген тсервикалгия борлигидан далолат беради. Албатта, умуртқаларда ўзгаришларсиз кечадиган ва фақат илдизчаларнинг ўзи яллиғланиши билан кузатиладиган ҳақиқий радикуляр оғриқлар бундан мустасно.
Шунингдек, бўйиндаги оғриқларнинг бош айланишлар билан бирга келиши ва бунинг устига рентгенда остеохондроз аниқланиши «бўйин остеохондрози сабабли ривожланган вертебробазилляр синдром» ташхисини қўйишга асос бўла олмайди. Ушбу ҳолат ниқобланган депрессиянинг бир клиник кўриниши бўлиши мумкин, холос. Буни исботлаш учун психологик анамнез йиғиш ва тўла клиник-параклиник текширувлар ўтказиш лозим. Фақат кучли ривожланган остеохондроз ёки умуртқа суяклари аномалияси, умуртқа артерияларини остеофитлар босиб туриши вертебробазиляр синдромни юзага келтириши мумкин. Бу ташхисни аниқлаш ёки тасдиқлаш учун битта МРТ ва допплерография текширувлари ўтказилади.



Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©asab.cc


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича