ПСИХОГЕН КАРДИАЛГИЯ ВА СЕНЕСТОПАТИЯЛАР
Кўкрак қафасининг чап томонидаги ҳар қандай сезгилар (увишиш, оғриқ) беморлар томонидан катта хавотирлик билан қабул қилинади. Негаки, бу ерда юрак жойлашган. Мабодо бошимиз оғриб қолса, бемалол аналгин ёки тситрамон ичиб ишга кетаверамиз (баъзан, ичмасдан ҳам), лекин юрак соҳасида оғриқ пайдо бўлса, дарров доктор чақирамиз, кардиограмма қилдирамиз, «Ҳаммаси жойида, юрагингиз бироз сиқилибди, холос» деган хулосани эшитганимиздан сўнггина тинчланамиз. Чунки кўпчилик учун «юрак» тушунчаси «ҳаёт» тушунчасининг синонимидир.
Юрак соҳасидаги оғриқлар, яъни кардиалгияларни келтириб чиқарувчи касалликларни 3 асосий гуруҳга ажратиш мумкин. Булар: 1) юрак касалликлари; 2) ниқобланган депрессия; 3) вертеброген ва миофатсиал синдромлар. Демак, кардиалгиянинг сабабини аниқлаш учун кардиологик текширувларнинг ўзи етарли эмас. Вертеброген касалликлар беморда невростатусни чуқурроқ ўрганишни, депрессия эса психологик анамнезни йиғиш лозимлигини тақозо этади.
Ривожланган давлатларнинг кардиология клиникаларига юрак соҳасидаги ўткир оғриқдан шикоят қилиб, «стенокардия» ёки «миокард инфаркти» ташхиси билан «тез ёрдам» машинасида олиб келинган беморларнинг деярли 70-80 % да ташхис тасдиқланмаган ва бу оғриқлар психоген хусусиятга эга бўлиб чиққан. Ўзбекистонда ҳам психоген кардиалгия ва аритмиялар бир неча йиллардан буён ўрганиб келинади (Р.Д. Қурбонов, А.И. Ходжаев, Т.О. Абдуллаев ва б.қ., 1988–2018). Ушбу мутахассислар фикрича, юрак соҳасидаги оғриқдан шикоят қилган ҳар қандай бемор нафақат кардиологик, балки психологик текширувлардан ҳам ўтиши лозим. Демак, бу иккала текширувнинг биргаликда олиб борилиши мақсадга мувофиқ.
Психоген кардиалгиялар кўпинча бошқа аффектив бузилишлар билан биргаликда кузатилади. Булар – ўлим қўрқуви, «юракка ҳаво етишмаслиги», унинг тез-тез ёки «тўхтаб-тўхтаб» уриши, «қизиб кетиши ёки музлаб қолиши», «томоққа тиқилиши» ва шу каби симптомлар. Психоген кардиалгияда бемор юрак соҳасидаги битта нуқтани бармоғи билан кўрсатади. Бу нуқта, одатда, юрак учига тўғри келади. Албатта оғриқлар кўчиб туриши мумкин. Шундай бир қизиқ воқеа рўй берган. Биз беморга “Сиздаги оғриқ психоген хусусиятга эга. Юрагингиз соғлом. ЭКГ ҳам яхши чиқди. Ҳақиқий стенокардияда оғриқ тўш суяги орқасида жойлашади, оғриқлар чап қўлга тарқалади, қон босим ҳам тушиб кетади”, деб беморни тинчитиб уйига қайтарганмиз. Кейинги гал бемор юрак соҳасидаги оғриқлар худди шу тарзда намоён бўлганини айтиб ёнимизга келди. Ҳақиқатан ҳам бемор оғриқни худда стенокардия оғриғи каби китобда ёзилганидек таърифлаб беради. Биз уни ЭКГ ҳам қилдирдик. Ёнимиздаги кардиологга ҳам кўрсатдик. Бироқ натижалар яхши эди. Нега беморда шундай оғриқ юзага келди? Чунки биз ўзимиз хоҳламаган ҳолда унда ятропатияни юзага келтирган эдик. Биз унга “Стенокардия йўқ, аслида унинг оғриғи мана бундай кўринишда бўлади” деганимиздан сўнг бемор “шу ростмикан” деб интернетга киради ва стенокардия учун хос бўлган оғриқларни ўқийди. Эртаси куни унинг юрак соҳасидаги оғриқлар худди китобда ёзилганидек намоён бўлади. Демак, интернет бемор учун ҳам, врчлар учун ҳам ўзига яраша қийинчиликлар туғдиради. Айниқса, беморларнинг тиббий сайтларга кўп мурожаат қилиши психоген ва психосоматик бузилишларнинг классик тарзда намоён бўлишини йўққа чиқариши мумкин.
Бемордаги органик касалликнинг субьектив симптомлари психосоматик синдромнинг субъектив симптомларига жуда ўхшаб кетиши мумкин. Бу эса органик ва функционал касалликлар орасида қиёсий ташхис ўтказишни мушкуллаштиради. Юқоридаги воқеа бунга яққол мисол бўла олади. Бу эса ҳар бир врачдан ўта зийракликни талаб қилади ва тиббий-психологик текшириш усуллардан воқиф бўлиш лозимлигини тақозо этади.
Юрак соҳасида жойлашган оғриқлар жуда кўп ҳолатларда психоген гиперестезиялар билан ҳам намоён бўлади. Бундай пайтларда кардиосенестопатик синдром ҳақида сўз боради. Ҳақиқий стенокардияда одатда, психоген гиперестезия кузатилмайди. Оғриқнинг орқа курак атрофига бериши «стенокардия» ташхисини тасдиқлаш ёки инкор қилишга асос бўла олади. Психоген кардиалгияларда юрак соҳасида бир нуқтада бошланган оғриқ кўкрак қафасининг ярмини эгаллаб олади, сўнг чап қўлга тарқайди ва бошнинг энса соҳасига ҳамда оёққа қараб йўналади, деб таърифлашади беморлар оғриқнинг йўналишини. Бу пайтда ҳаво етишмай қолади, бўғилади ва тил тагига ташланган нитроглитсерин ёрдам бермайди, тинчлантирувчи дорилар эса бемор аҳволини енгиллаштиради. Баъзан беморларни шифохонага олиб бориб, барча зарур текширувларни қилмагунча, юрак соҳасидаги оғриқ ўтиб кетмайди. Бемор кардиологик текширув хулосаларини интиқлик билан кутади, стенокардия ёки миокард инфаркти тасдиқланмагач, бемор хурсанд бўлиб, юрак соҳасидаги оғриқлар камайиб боради.
Психоген кардиалгиялар стенокардия ва миокард инфарктидан фарқли ўлароқ, узоқ давом этади ва нитратлардан сўнг, жисмоний зўриқишларни камайтиргандан сўнг ҳам ўтиб кетмайди. Айниқса, анамнезида узоқ йиллардан (20-30 ёшлигидан) буён юракдаги оғриқлардан шикоят қилиб юрадиган беморда кардиалгия, одатда, юрак ишемик касаллиги ҳисобига кузатилмайди. Психоген кардиалгияда ипохондрия ва фобия шаклланади: улар юрак уришини назорат қилиб юришади, ўлиб қолишдан қўрқишади (35 яшар аёл 5-6 ой ичида уйидагилар билан бир неча бор видолашган ва тинмай кардиологик текширувлардан ўтган).
Бўйин-кўкрак остеохондрозида юрак соҳасидаги оғриқлар бош ёки танани ён томонларга бурганда, эгилиб тик турганда, йўталганда ва қаттиқ аксирганда кучаяди. Умуртқа суяклари ва паравертебрал нуқталарни босганда, оғриқ кучаяди, зарарланган орқа мия илдизчалари иннервация қиладиган соҳаларда сезги бузилишлари (кўпинча, гипестезиялар) кузатилади. МРТ текшируви хулосаларига ҳам таяниш лозим.
Миофасциал оғриқлар кўкрак мушакларининг зарарланиши натижасида ривожланади. Бунда зарарланган мушаклар устини босганда, кучли оғриқлар пайдо бўлади ва ҳатто мушаклар бироз шишади ҳам. Триггер нуқталарга новокаинли блокада қилинганда оғриқ камаяди.
Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.
© Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
©asab.cc
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича